Қалби дарё инсон

Бутун олам тортишиш қонуни кўпдан маълум. Организмнинг ҳужайралардан тузилганлиги, спектрал анализ, турларнинг келиб чиқиши, энергиянинг бир турдан иккинчи турга айланиши ва сақланиши қонуни. Шундай шароитда тут, эман, сур ёғоч, пўпак, дўмбира, қўша тор, ипак ва инсон вужудининг ўзаро занжирбандлигини бировлар билади, бировлар билмайди.

Аслида ҳам тирик организмларнинг барчаси эт-тирноқ. Ипак инсон танасига сувдай сингиб кетади. Айтадиларки, оқ тут майизини еган одам қирқ йил хасталик юзини кўрмайди. Оқ тут ердаги захни камайтиради, тупроқдаги тузни ўзига тортиб олади. Унинг барги ипак, танаси дўмбира бўлади. Ипак эса капалакнинг, ипак қурти уруғининг ҳосиласи. Бу ҳосила бахшилар дўмбирасининг тори, қизларимизнинг экологик бебаҳо либоси, йигитларимизнинг беқасам тўни, юрак, буйрак, жигар ва бошқа инсон организмини биридан иккинчисига кўчиришда фойдаланиладиган  саломатлик посбонларининг энг ишончли ипи.

СУРАТДА: Устоз Тоштемир ТУРДИЕВ Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек ҚОСИМОВ билан.

Деновлик шоир Хушбоқ Раҳимнинг “Занжирбанд дунё ёхуд Тоштемир” асарида айтмоқчи бўлган мақсади битта:

У сирдош ва дарддош дўсти, Денов туман Маънавият-тарғибот бўлими раҳбари, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби, йигирмадан ортиқ китоблардан ташқари Хушбоқ бахши Мардонақул ўғлидан “Алпомиш” достонининг сурхондарёча вариантини ёзиб олиб, уни қайта-қайта нашр эттиришни уддалаган, ҳассос шоира Раъно Узоқованинг аллақаерларда сочилиб ётган шеърларини тўплаб китобхонларга тақдим этган тадқиқотчи, тиниб-тинчимас олимга “Занжирбанд дунё ёхуд Тоштемир” деб номланган асарини бағишлади. Достон қисм ё бобларга бўлинмаган, бироқ мазмуни бир-бирига мустаҳкам боғланиб кетган юзга яқин шеърлардан иборат.

Албатта, бу дунёда дўст кўп. Дўстлашган кўп. Лекин ҳамма шоирлар ҳам Хушбоқ Раҳим мисоли дўсти ҳақида шеърий дос­тон ёзмаган бўлиши мумкин. Сабаби, Президент Шавкат Мирзиёев сўзлари билан айт­ганимизда, “…ҳақиқий олимлик, ҳақиқий ижодкорлик — бу игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш. Буни билган одам билади, билмаган билиб олиши зарур”.

Ҳақиқий шоирлар шеър, достонни шунчаки эрмак учун, бировларга ёқиш учун, обрў орттириш ё бирор таъма илинжида, буюртма билан ёзмайди. Чунки шеър, достон муайян тайёргарлик, билим ва илмий изланишлар натижасида, беихтиёр қалбда қўзғаладиган ажиб исён, тартиблашган туйғулар туфайли туғиладиган ҳис-ҳаяжонларнинг кўнгилдаги қўшиғи. Бу қўшиқ мазмун-моҳиятини қай мақомда, қай даражада китобхонга етказиш муаллифларнинг маҳорати ва меҳнати даражасига мос ва муносиб бўлади.

Шоир Хушбоқ Раҳим юқоридаги асарини ёзиш учун узоқ йиллар тайёргарлик кўрди. Туман, вилоят, респуб­лика миқёсидаги газета ва журналларда мақолалар эълон қилди. Бизлар тадқиқот жараёнида “Шарқ зиё­­си” газетасида берилган Хушбоқ Раҳимнинг “Талабалик даври — тошдаги битик”, “Тоштемир Тош­темир-да…” деб номланган мақолаларидан фойдаландик. Уларда синчков китобхонлар дос­тон қаҳрамонининг ички ва ташқи қиёфаси билан муайян даражада танишади. Дос­тон Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта бир анжуманда айтган “…маънавият фидойиси Тоштемир Турдиев каби илм-фан намояндалари номларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир” сўзларини ёдга туширади.

Инсоннинг юраги жавоҳир тўла сандиққа ўхшайди. У ҳар кимнинг олдида очилаверадиган дастурхон эмас. Шу маънода Тоштемир Турдиевнинг гўдаклик ва болалигига алоқадор, лекин кимдир биладиган, кимдир билмайдиган икки воқеани айтсак, зора “тўқликка шўхлик” қилувчи баъзи бир ёшлар учун улар ибрат, сабоқ мактаби бўлар…

Достон қаҳрамони Тоштемир Турдиев 1942 йили Денов туманидаги Тўхтамиш қишлоғида туғилди. Момоси Ҳайитгул Алиқулова (1889-1957) чақалоққа тошдай-темирдай узоқ умр кўрсин, чидамли ва иродали бўлсин деб, “Тош­темир” исмини қўйди. Аммо у ойлик чақалоқлик пайтида отасидан айрилган эди. Урушга кетган  Турди Тўраев (1914-1943) немис-фашист газандаларига қарши жангларда вафот этди. Онаси Менганор Тўраева (1915-1952)дан эса 9 яшарлигида  ажралди. Акаси Аҳмад (1939) билан гўдак ҳолида Ҳайитгул кампирнинг қарамоғида қолди. Беэга, беқут, ҳувиллаган ҳовлида нима еб, нима ичиб кун кўрганини ҳеч ким эмас, ҳатто унинг ўзи ҳам билмасди. Лекин олти ёшида акаси Аҳмаднинг қабатида қишлоқдош­лари молини боққани, ҳар куни мол эгаларидан “Ошиҳалол” тилагани ёдида. “Ошиҳалол”. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига қараймиз: “Ҳалол меҳнати билан топилган овқат. Чўпон ёки подачининг меҳнати эвазига оладиган озиқ-овқат, нони”. Ошиҳалол. “Ошиҳалол” айтганларни ўйлаб, сизларни билмадим-у, менинг юрагимдан қуйидагилар ўтди”, — дейди асар муаллифи Хушбоқ Раҳим.

 

Ўтган лаҳза подалардай изга қайтмас,

Юрти бойнинг дастурхони ёпилмайди.

Ер юзида тариқдан кўп товламачи,

Кенг жаҳондан ошиҳалол топилмайди.

Йўқда бордай ёр-ёр айтган куйчи

                                            бобом:

— Ошиҳалол!

 

Ҳа, ошиҳалолнинг тагида меҳнат ва нон топиш заҳмати ётади. У яшаш учун оғир курашларнинг йўли. Айни тобда инсоният тарихи ошу нон, кийим-кечак, уй-жой ва маънавий эҳтиёжини қондириш учун оммавий курашлар тарихидир. Бу билан пода боқиш­лар, ошиҳалол билан кун ўтказишлар айб эмас, лекин болалик босқичига кўтарилмаган олти-етти ёшли гўдакнинг мол ҳайдаб, дала-даштда ярим ялангоёқ, кун бўйи юришлари қанчалар машаққатли эканини англаш, ҳис қилишнинг ўзи бўлмайди. Начора, осмон йироқ, ер қаттиқ:

 

Сигир, қўй чангитган кўча чангидан

Тўйинган кўкракда чангдан кўп нола.

“Ошиҳалол” тилаб ҳовлима-ҳовли

Сомондай сарғайган подачи бола.

Устоз Тоштемир Турдиевнинг ҳаёт йўли кўп­лаб ижодкорларни илҳомлантирган.

Жумладан, таниқли журналист, адиб Олим Тошбоев Тоштемир Турдиев ҳақидаги “Кўнгил одами” эссесида шундай ёзади:

“…Одамга туғилган еридан азиз нарса бўлмайди. Тўхтамиш — киндик қоним тўкилган жой. Бу қишлоқда, асосан, юз (жуз)лар яшайди. Кўп бўлмасаям тожик биродарларимиз билан қўнғирот оғайнилар ҳам бор. Олти ойлигимда отамиз урушга кетиб, қайтиб келмаган. Қора хатни бағрига босган онам бечора бошқа турмуш қилмади. 9-10 яшар пайтим онам ҳам вафот этди. Аҳмад акам билан момомиз, тоғаларимиз қўлида қолдик. Бизлар ота деган сўзни ишлатмаганмиз. Луғатимизда бундай сўз бўлмаган. Акам билан одамларнинг хизматини қилиб, қишлоқнинг молини боқиб катта бўлдик. “Ошиҳалол” деган гапларни эшитганмисиз? Сиз билан гап­лашаётган одам ошиҳалол олган. Ошиҳалолнинг қўшиқлари ёдимда бор.

Сурув-сурув қўй ҳайдаган бойлари кўп,

Уюрида бия билан тойлари кўп.

Ё Ҳиндикуш, ё Ҳимолай, ёки Помир,

Дарасидан шарқираган сойлари кўп.

Даралардан бўйлаб ўтган қўйчи

                                            бобом:

— Ошиҳалол!..

Момом бечора: “Олма, болам, керак эмас…” деб йиғлар эди. Кўнглим бузилиб: “Момо, мен ахир одамларнинг молини боқиб келдим”, дер эдим. Э-э, етимнинг кўрган куни қурсин! Тўхтамишдаги мактаб етти йиллик эди. Момом пиширган олтита нонни желагимнинг орқасига солиб, Хўжасоатдаги мактаб­­га борганман. Ўнинчи синфни Хўжасоатда битирдим. Бухорога ўқишга кетдим. Бир йил сиртдан ўқидим. Қишлоғимиздаги мактабда дарс бераман денг. Акам армиядан келгандан сўнг рухсат олиб, қайтадан кундузги бўлимга кирдим. Институтни битириб, қадрдон жойим — “Чағониён” газетасида ишладим. Кўп бесаранжом йигит бўлганман. Қарсиллатиб танқидий мақолалар, фельетонлар ёзар эдим”.

…Умр дарё каби шошқин деганлари ростдир. Йиллар ўтди. Тоштемир Турдиев ўсмирлик босқичига кўтарилди. У Иккинчи жаҳон урушидан сўнг урушда ҳалок бўлганлар фарзандлари учун ташкил этилган махсус мактабда ўқий бошлади. Мактаб Тўхтамиш қиш­лоғидан узоқ. Қолиб ўқийди. Уйга ҳафтасига бир марта келади. Уйдан мактабга беш дона момоси тандирда ёпган нондан олиб қайтиши шарт. Уйда эса ун бўлса, ўтин йўқ. Ўтин бўлса, ун…

Ҳар ҳафта нон учун бола Тоштемир Тўхтамиш қишлоғининг пасту баландидан чўпчак, яъни тандирда ёқиладиган майда хас-чўп, шох-шабба теради. Чўпчак ҳам анқонинг уруғи. Бир куни ноилож хўжалик боғи ҳудудига чўпчак териш учун ўтди. Етимликдан узоқ, йўқликка батамом бегона, кимсан, фалончи раҳбар уни кўриб қолди. От билан қувиб болани шунчалик қамчиладики, тасодифан Тоштемир жарга қуламаганда оқибати янада аянчли бўлиши мумкин эди. Бу воқеага 60 йилдан ошди. Бироқ ўша собиқ раҳбарнинг ёвуз жаҳли Тоштемир аканинг юрагидан, ўша қамчиларнинг аччиқ заҳри унинг суягидан ҳамон кетганича йўқ. Эсласа, беихтиёр уҳ тортади. Шоир Хушбоқ Раҳим эса дўс­тига тасалли бергандай ёзади:

СУРАТДА: Тоштемир ТУРДИЕВ рафиқаси Рисолатхон опа билан. 1980-йиллар.

Эзгулик қайтади, ёмонлик ҳам тез,

Муҳтожни қақшатган амалдор ҳам от.

Отларда не нуқсон, ғариб юракнинг

Қарғиши урдими?.. Ириб ўлди зот.

Ҳа, ўша муштумзўр кимса кунлардан бир кун бедаво дардга йўлиққан экан. Туман хас­тахонасида узоқ ётади. Тоштемир ака уни кўргани боради. Кўнглини кўтаради. Узоқ умр ва соғлиқ тилайди. “Яхшилик қил, дарёга от, балиқ билади, балиқ билмаса Холиқ билади”, қабилида иш тутади. Бу фазилат Тоштемир аканинг кечиримлилигидан, бағрикенглигидан, иймон ва маънавияти баландлигидан дарак.

Ўтган йили мустақиллигимизнинг 32 йиллиги сарҳисоб қилинди. Мамлакатимизда вилоят, туман кўп. Улардан қайси бирида неч­та Ўзбекистон Қаҳрамонлари чиқди. Аксарият туманларда ундайлардан битта ҳам йўқ. Денов туманида эса беш нафар Ўзбекистон Қаҳрамонлари бор. Деновда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор қизлар сони ҳам юқоридагидан кам эмас. Навбат кутаётган даъвогар қизларнинг сони бармоқлар сонидан кўп. Улар деновликлар жисмоний меҳнати, Тоштемир Турдиевга ўхшаш марду майдонлар маданияти ва маънавияти бутунлигининг рад этиш мумкин бўлмаган белгиларидан.

Чағониён тарихи “Турон”, Туркистон, Қанғ давлати, не-не шаҳарлар тарихидан қадимийроқ, кексароқ бўлса, кекса, лекин ёш эмас. Унга академик, тарих фанлари доктори Эдвард Ретвеладзе, тарих фанлари номзоди Баҳодир Турғунов, унинг устози академик Галина Пугаченкова ва бошқа қадимшунослар томонидан Денов ҳудудидаги тепалардан излаб топилган тарихий қадриятлар гувоҳ. Академик Э.Ретвеладзе бежиз “Денов 3-3,5 минг йиллик тарихга эга” деб ёзмаган эди. Энг муҳими, юқоридаги археолог меҳнати, аҳволидан кўз-қулоқ бўлган, улар билан ўрни келганда ёнма-ён турган, улар билан шомдан оппоқ тонггача суҳбатлар қурган, юрт тарихидан илмий далилларга ғуж-ғуж, мақтанса ва мақтаса арзийдиган асарлар ёзган туман раҳбарларидан бири бу — Тоштемир Турдиев бўлди.

Иш маънавияти бой, иймони бутун, билимдон устасидан қўрқади. Юрти учун ҳаёт-мамот жангларида жонини қурбон қилган ота фарзандининг фазилатлари айни шундай бўлди. Фазилат ҳам суяк суради, ген билан боғлиқ бўлар экан.

Ўтган йиллар давомида хизмат юзасидан мамлакатимизда бормаган вилоятим, кўрмаган туман ва кирмаган кўчам қолмаган. Айрим хўжаликлар дала шийпонининг эшиги неч­та, деразаси қайси томонга қараганлигигача ёдимда. Бироқ шунча йиллар орасида Деновдай маънавий жараён ва адабий муҳитга бирон марта бўлсин, тўқнаш келмаган эканман. Деновда Тоштемир Турдиев ишхонасига кирсангиз, дастлаб кўзингиз жавондаги жой-жойига териб қўйилган китоблар­­га, айниқса, узоқ-яқин босмахоналардан эндигина келтирилган турли китоб-қўлланмаларга тушади…

Хона деворининг китоб жавонига рўбарў томонида деновлик ижодкорлардан элликдан ортиғининг рангли расм ва исм-фамилиялари. Улардан бири шоир, бири ёзувчи, бири мусиқашунос. Улар орасида ўн ёшли қизчадан саксонни қоралаб қолган нуронийларгача бор. Тоштемир Турдиевнинг қўллари кўксида “Хуш келибсиз”, “Марҳамат, ўтиринг”. Саломдан кейин биринчи сўзлари таниш учун ҳам, нотаниш киши учун ҳам “Улуғим”. “Улуғим, келинг, марҳамат…”

Тоштемир Турдиев қабулхонасидаги маҳаллий ижодкорлар жой олган деворий китобат шунчаки кўргазма ёки расмият учун эмас. Ундагилар ҳам далада, ҳам мактабда ишлашади, ижод билан машғул бўлишади. Ёзган шеър, мақола, ҳикоялари Тоштемир Турдиевнинг назаридан ўтади. Маъқул кўрилганлари матбуотда эълон қилинади. Шу важдан бўлса керак, Тоштемир Турдиев қабулидан, айниқса, ёшларнинг қадами аримайди: “Бобо, азиз Устоз!..”

…Қўлимда Тошкентда 2015 йили “Мусиқа” нашриётида чоп этилган “Чағониён тараннуми” китоби. Ундан саксонга яқин деновлик ижодкорларнинг ижодидан намуналар жамланган. Улар орасида 2003 йилда Ҳазарбоғ хўжалигида туғилган Дурдона Маллаева билан худди шу йили Янги куч маҳалласида таваллуд топган Наргиза Норматованинг ҳам бир қатор шеърлари бор.

Наргиза Норматова “Устозим” шеърида:

Китоб тутқазиб менга

Зиё сочган устозим.

Қалбимизда мунаввар

Дунё очган устозим… —

деса, Д.Маллаева “Ватан” шеърида:

 

Ватан муқаддасдир,

Ватан улуғвор.

Айтинг, бундан олий

Қандай туйғу бор! —

деб ёзган.

“Чағониён тараннуми” тўпламидан муносиб жойни эгаллаган бу 12 ёшли қизалоқлар шеърларининг бадиий савияси, тарбиявий аҳамияти, уларнинг асарлари орқали ўз тенгдошларига ижобий таъсирлари кўлами бошқа масала. Лекин Тоштемир Турдиевни ўн икки ёшдан саксон ёшгача бўлган ижодкорларнинг бошини бир мақсадда бириктириши, уларнинг асарларини йиғиши, нашрга тайёрлаши, китоб шаклида муаллифлар қўлига тутқазиши осон иш эмас. Бу каби фидойилик, жонкуярлик, ёшларга меҳр Тоштемир Турдиевнинг қалби дарёлигини, инсонпарварлигини исботлайди. Деновликлар турмушининг моддий тўкин-сочинлиги учун, улар маънавий камолотининг етуклиги учун тинимсиз курашаётганини тасдиқлайди.

Қуйидаги битиклар эса иқтидорли ёзувчи Тўлқин Ҳайит қаламига мансуб. У эсселарининг бирида шундай ёзади:

“…Тоштемир Турдиевнинг адабиёт равнақига фидойилиги фақат юқоридагилар билан чекланмайди. Юқорида айтганимиздек, унинг сурхондарёлик шоира Раъно Узоқова ҳақидаги тадқиқотлари ниҳоятда салмоқли. Тоштемир Турдиев Раъно Узоқованинг адабий жамоатчилик назаридан яширин ижодий фаолиятини қайта тиклади. “Субҳидам қалдирғочи” деган китобни чоп эттирди. Раъно Узоқованинг қайлардадир гавҳар донасидай сочилиб ётган шеърларини излаб топиш, уларни тўплам шаклида чоп эттиришда фаоллик кўрсатди. Раъно Узоқова таваллудининг қутлуғ саналари нишонланишига бош-қош бўлди. Қатор илмий мақолалар ёзди.

Мен неча марта у киши билан учрашган бўлсам, ҳеч қачон ўзи ҳақида бирор мақола, кўрсатув ёхуд эшиттириш тайёрлаш фик­рини билдирган эмас, аксинча, ё Денов, ё Сурхон воҳасининг олис тарихи, улуғ донишмандлари ҳақида сўз очиб, улар тўғрисидаги бор ҳақиқатни халқимизга етказиш иштиёқида ёнган. Шу боис, бу одамга бўлган меҳрим ортиб борган ва сира камаймаган.

Ўша 1992 йилнинг август кунларидаги суҳбатлар ҳамон қулоғим остида мароқли, жуда жозибали ҳолда янграйдики, устоздан эшитган бу манбалар эса ҳеч кимни беэътибор қолдирмаган эди.

— Турон заминимиздан етишиб чиқиб, Юнонистонга бориб, энг зукко олимлар билан беллашган Анархассис бобомизнинг асл исми нима? Юнон донишманди Плутарх ўзининг “Етти донишманд зиёфати” китобида бу зот номини ҳурмат билан тилга олган бўлса, Афлотун уни “Етти донишманднинг бири” деб таъриф этган…

Суҳбатдошимнинг завқ билан сўзлаши ҳайқириб оқаётган улуғ Амударёнинг заррин шабадалари билан уйғунлашиб, қалбимга ўзгача ғурур ва ҳаяжон бахш этади. Ҳар бир фикр, манбани эътибор ва суюнч билан тинг­лаганим сайин олис мозий бутун диққатимни қамраб олади.

— “Шоҳнома”нинг 1003 байти қаерда ёзилганини биласизми?!

Тоштемир Турдиевнинг қуралай кўзларида фахр нурлари порлайди!

Хаёллар мозий томон елади.

Дақиқий! Сурхоннинг қадим шаҳри — Деновда яшаган шоир!

Суҳбатдошим:

“Бинобарин, қадим Чағониёнимиз туп­роғи, унинг кишилари тасаввуридаги паҳлавонлар шу маъвода “Шоҳнома”га кўчган бўлса, ажаб эмас!” —  дейди ифтихор ва ғурур билан.

Дақиқий — Муҳаммад Авфий Дақиқий, яъни “сўзда зукко, маънога ўта шиддат бергани учун уни Дақиқий аташган”.

Тазкиранавислар уни Марвазий Самарқандий, Тусий, Хиравий номи билан, Абу Райҳон Беруний эса “Балхий” деб атаган.

Суҳбатдошинг доно бўлса, маза қиласан!”

“…Бундан бир неча йил бурун Сурхондарёнинг маркази Термизда катта бир маданий анжуман бўлиб ўтгани ҳам кечагидек эсимда.  Бахши шоирлар фестивалида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқ достонларини авайлаб-асраш, бундай буюк мерос сарчашмаларидан элимизни, ёш авлодни кўпроқ баҳраманд этиш борасида сўз юритган Давлатимиз раҳбари деновлик Тоштемир Турдиев ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлигини эшитиб, юрагим чексиз ғурурга, севинчга тўлган эди!

Ҳа, Тоштемир ака шундай фахрланса арзийдиган зиёлилардан биридир. Катта олим, тиниб-тинчимас, куюнчак адибдир.

Яна кўп бор эшитганмиз: барча қалам аҳлининг меҳрини қозонган устоз уларга юқорида таъкидлаганимиздек бир гап айтади: “Мен ҳақимда бир сўз деманг, нимаики ёзсангиз, Денов ҳақида ёзинг, бизга фақат шу керак”.

Юртга меҳр, Ватанга муҳаббатдан бу!

Биласиз, Сурхон эли катта эл. Унда Деновнинг алоҳида ўрни бор. Бу жойни бежиз одамлар “кичик Бомбей” деб аташмаган-да.

Деновда эса кимлар ишламаган, кимлар келиб, кимлар кетмаган дейсиз. Тоштемир aкa баъзан ҳазил-чин аралаш бир гапни айтиб қоладилар: “Деновга бу гал келган раҳбар 16-си бўлади. Яхши ишласа, шу эл дарди билан яшаса, Денов уни бошига кўтаради, акси бўлса, ўзидан ўпкалайди”.

Бундай ўктамона гапни ҳамма ҳам айтмайди, айтолмайди!”.

Дарҳақиқат, шундай. Юртимизда, бугунимизда Устоз каби инсонлар билан замондош эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Суҳбатларнинг бирида сурхонлик таниқли ижодкорлардан бири у кишини “Сурхондарёнинг виждони”, дея атаган эди.  Назаримизда, бу эътирофларда муболағадан кўра ҳақиқат ва холислик мезони кўпроқ. Эл сув ичган ана шундай дарёдил инсонларнинг борига шукр дейсан!

Тоштемир Турдиев ҳамиша ўз меҳнатидан, эришган ютуқларидан завқланувчи ижодкор. Унинг табиатига мақтанчоқлик, нокамтарлик тубдан бегона. Тоштемир ака сувга тўқнаш келса кечиб, тоққа тўқнаш келса тешиб ўтади. Одамни таниб ва топиб гапиради, суҳбатдошига, лозим бўлса, тасалли ва кўтаринки кайфият улашади. Муҳими, 80 йиллик ҳаётининг аксарият қисмини у адабиёт, маърифат ва маънавиятга сарфлади. Йигирмадан ортиқ китоб, 200 дан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи бўлди.

…У ҳозирги кунда ҳам ҳаётини маънавиятимизга бағиш­лаган, эл-юртга, Алишер Навоий ҳазратларининг сўзи билан айтганда, халқ ғамига бахш этган инсон бўлгани учун қутлуғ ёшларда ҳам хизмат камарини ечгани йўқ. Бор бўлинг, узоқ йиллар нурли чеҳрангизни кўриб, олтиндан аъло ўгитларингизни эшитиш ҳаммамизга насиб этсин!

Фарҳод РАҲИМОВ,

техника фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − sixteen =