Асронлар шуъласи

Шерзод Комил ХАЛИЛ

Болаликнинг кўзларида дунё сирли туюлади. Йиллар ўтган сайин улғайиб, биз бу сирлардан мосуво бўлиб борамиз. Қалбу қўримизга маъно бахш этган, биз илғаб етмаган сирлар фалсафаси ўзининг мавжудлик шаклларини бой бериб, мистик оламимиздан ғойиб бўлади. Асронлар шуъласининг бу тахлит ғойиб бўлиши рационал ақлнинг онг сфераларимизда тўлиқ муваффақият қозониши билан боғлиқми ё бошқа ҳаётий омилларнинг акс-садоси борми бу ерда, амалий тажрибада буни кузатиш имконсиздек, назаримда. Ишдан кейин Москвадаги “Fox Pub” деразаси олдида Бразилиянинг бир финжон “Samba” кофесини ичганча, энди мен бу ҳақда ўйлаб, шом бўшлиғига тикиларканман, бугунги куннинг ҳам қуруқ ва ҳиссиз ўтганини ва илгари ҳар бир кунларим ниҳоятда жозибали бўлганлигини хотирим замиридан ўтказаман.

Йўқлик қаърига учиб кетган йиллар тарих наздида қариб борган сари негадир ардоқли ва жозибали кўринаверади. Ким билсин, балки у йилларда хотираларимиз қолгани учун шундай туюлармикан?! Бир кун келиб, бу йиллар ҳам қумга сингган сувдек хотираларга айланади. Ўшанда мен қандай ҳолатда бўламан (бўламанми ўзи?!), билмайман, аммо эрта бир кун ё умрнинг шомида бу кунларни ҳам, эҳтимол, ажиб бир орзиқиш билан эсларман?! Менга шундай туюладики, ҳар доим ҳам мавжуд кунларнинг бахтли дақиқалари қадрини англайвермайман. Бу кунлар ўтиб кетгандан кейин аччиқ надомат ва орзиқиш билан эслайман негадир. Ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси, атрофимиздаги одамлар, табиат, қушлар ва умуман, жамики борлиқ, биз яшаб турган оламимиз аслида қанчалар қадрли эканлигини ўз вақтида билганимизда эди, бу қадар мутакаббирлик ва шаккоклик қилмаган бўлар эдик. Бошқа томондан эса, бугунги бўлаётган аччиқ солномалар кўнглимизнинг ўтмишдаги ширин хотираларини ёдга тушириши билан бизни мавжудликнинг бешафқат экзистенциал оламидан бироз бўлса-да чалғитади. Батаҳқиқ, инсоният цивилизацияси энг юқори чўққига чиқиб борган сари тубга қулаш ваҳимаси ҳам кўнглимизнинг бир четида симиллаб тураверар экан. Бир ёқда урушлар ва геосиёсий хуружлар авж олган, этник миллатчилик ва империалистик даъволар яна уйғонган, коррупция, шовинизм, диний радикализм бош кўтарган, бошқа тарафда қолоқ мамлакатлар озиқ-овқат инқирози туфайли очарчилик арафасида турган, қурғоқчилик, иқлим ўзгаришлари, пандемиялар, диктаторларнинг чек билмаган ҳадлари ғулғула қилган, қуролланиш пойгаси давом этаётган ва тиранларнинг ядро уруши билан пўписа қилаётгани ҳар қандай рационал тафаккур эгасини нигилистик хаёллар томон етаклаб кетса ажаб эмас. Аммо умид энг сўнгги лаҳзагача мавжуд экан, оптимист бўлишга ўзимизда куч топишимиз керак. Бунга ўзимизни, атрофдагиларни, инсониятни ишонтиришимиз лозим. Сайёрамизни ямламай ютаётган рақобат иқтисодиёти ривожланган давлатлар учун моддий бойликларни кўпроқ ва яна кўпроқ жамғаришга ундаса, ривожланаётган ва қашшоқ мамлакатлар одамларига бу — кун кечириш ва тирик қолиш учун меҳнат қилиш, ишлаш ва яна ишлашни, яшаш ва маънавий ҳаёт ҳақидаги беозор дилеммаларга нисбатан ироник эртакларга нисбатан туғиладиган шубҳа туйғуси уйғотади.

Сирасини айтганда, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари билан учинчи дунё мамлакатлари ўртасида яшаш ва кун кўриш тубдан фарқланади. Бошқа тарафдан эса, яшаш ҳисси саноатлашган жамиятларда фаровонликнинг мавжудлиги шароитида ҳам вақт йўқлиги, иш билан боғлиқ муносабатлар ҳаётимиздаги соатларнинг жуда катта қисмини еб қўяётганлиги билан характерланса, қашшоқ мамлакатларда тирикчилик ташвишлари фаровонликка эришишга эмас, фақат кун кўриш ва очликдан ўлмаслик учун иш излаш, ишлаш ва бутун фаолиятни шу тақсимотга йўналтириш билан белгиланади. Хўш, бундай шароитда биз қачон яшаймиз?.. Орзу ва идеаллар ҳақида, санъат ва маданият ҳақида бир-биримиз билан қачон гаплашамиз?! Иш ва яна иш, ҳар куни иш, у нафақат вақтимизни ютади, соғлиғимизга путур етказади, одамлар билан илиқ муносабатларимизга чек қўяди, санъат ва фан билан шуғулланишга имкон қолдирмайди.

Иш туфайли биз бу ҳаётга келишимизнинг сабабчилари бўлган ота-оналаримизга эътибор қарата олмаймиз, оиламизга кам вақт ажратамиз, болаларимиз таълими ва тарбияси билан шуғулланишимизга етарли имкониятимиз бўлмайди. Иш туфайли биз севги ва дўстлик ришталаридан узоқлашамиз, ният ва орзуларимизни унутамиз, ижод фаолияти ва рационал фикрлаш қобилиятидан узиламиз ва яна шунга ўхшаш қанчадан-қанча ҳаётимизнинг маъноси бўлган жиҳатлардан мосуво бўламизки, бунинг ўрнини ҳеч қандай ишлаш эвазига келадиган моддий таъминот билан тўлдириб бўлмайди. Одамлар худди чумолилар каби ишхоналар деб аталадиган меҳнат лагерларига шошади, эртадан-кечгача бутун қувватларини сўриб олаётган вампир идораларга ижодий энергияларининг охирги томчисигача топшириб, оқшом қўнаётганда ҳориб-чориб фақатгина ухлаш ва эртанги ишга тайёр бўлишлари учунгина уйларига қайтишади. Ҳа, иш туфайли биз муаммоларимизни ҳал қилармиз, фаровонликка интилармиз, аммо бутун фаолиятимиз давомида ҳаётимизнинг маъносини ишга бағишлаш, меҳнатни инсон ҳаётининг мазмунига айлантириш ва шунга ишониш қалб ҳаловати учун қанчалар ишонарли ва адекват ҳисобланади?! Менда бу саволларга жавоб йўқ…

“Fox Pub”да шу каби ўйлар оғушида ўтирарканман, бироз очиққанимни сезаман. Чиройли официант қизга мексиканча бургер буюртма қиламан. Бу енгил ҳазм бўлувчи таом менга ёқади. Ошпазлар тез тайёр бўлувчи бу каби фастфудларни жуда хуштаъм қилиб тайёрлашади. Унда юмшоқ қиймаланган лаҳм мол гўшти, ҳақиқий инглизча чеддер пишлоғи, тузланган бодринг, саримсоқ ва райҳон аралаштирилган помидор салати, гуакамоле соуси ва майдаланган чили қалампири қўшилган бўлади. Аччиқроқ, аммо жуда ажойиб таъм. Ахир ҳаётнинг таъми ҳам шундай эмасми?! Унинг аччиқликлари қалбга азоб бераётган шу қуруқ ва ҳиссиз кунлар, хуштаъмликлари эса ўша ўтмишнинг биз бугун соғинадиган олис йилларига ўхшайди. Мен ўтмишнинг ўша ғаройиб тонгларини соғинаман — юлдузларнинг сирли шуъласи пушти осмон тоқига ботиб кетган, биллур бодроқ каби кўк шохида қолган охирги юлдуз — чўлпонга ҳайрат ва надомат билан тикилган болалик ва ёшликнинг тонгларини қўмсайман. Мен қуёшнинг чиқишини кутган, намозшом гулларининг гулбаргларини ёпиб олишини кузатган, майсазорларнинг сокин шовуллашини қалб қўри билан англайдиган поэзия ҳаётимнинг энг дилбар вақтлари бўлган дамларни соғинаман. Мактабдан кейин аввал лицейда, сўнг университетда ўқиган давримда, мен бутун вақтимни зоҳидона мискинлик ва эски китоблар ҳиди уфуриб турадиган кутубхоналарга бориб, ҳаёт ва одамлар ҳақидаги китобларни ўқишга бағишлардим. Севгилим билан ҳаётнинг гаштини суриб, паркларда айланиб юрардик, ишқнинг масрур лаҳзаларидан сармаст бўлиб, соатлаб суҳбатлашардик, ўта соддаликдай кўринадиган бу оташин дамларни энди соғинади одам. Пулим тугаганда, мен уйга хат ёзардим. Туғилган гўшам олис Исканага Тошкентдан узун мактублар юборардим. Пул учун ишлаш кераклигини, уни фақат ишлаб топиш мумкинлигини ўйламасдим ўшанда. Ахир бизнинг ёшлигимизда дунё бутунлай бошқача эди. У пайтлар ҳали бизнинг жамиятда мобиль телефонлар кириб келмаган, компьютерлар ҳаётимизнинг бир қисмига айланмаган, интернет дунёни эгалламаган, ҳамма нарса тош қотган сув рангидек содда ва табиий бўлган даврлар эди. Биз шундай замон ва маконда яшагандик. Ижтимоий тармоқлар ҳақида тасаввур бўлмаган, пластик карталар йўқ бўлган, электрон почта хизмати мавжуд бўлмаган пайтлар эди бизнинг давр. Ўзгаришлар жуда тез бостириб келди. Аввалига тоталитар тузум қулади. Маркс, Энгельс ва Лениннинг ёнма-ён бошлари акс этган портретлар ахлат қутиларга улоқтирилди. Мамлакатлар озодликка чиқди. Мустақилликнинг оғир ва саботли кунлари келди. Пул алмашди. Шунга қарамай, миллатлар тезда ўзини ўнглаб ола бошлади. Бозорлар Хитойнинг арзон ашқол-дашқоллари билан тўлиб-тошди. “Montana”, “Adidas”, “Salamandеr” каби брендлар урф бўла бошлади, кейинчалик бу каби бизнес брендларининг охири кўринмади. “Coca-Cola”, “Pepsi” ва алкоголь ичимликларнинг турфа навлари кириб келди, фильтрсиз оддий “Astra” сигаретини чекадиган жамият тамаки маҳсулотларининг хилма-хиллигидан боши гангиб қолди.

Ўша пайтларда магнитофон кассеталари урфдан қола бошлади. Маданият клубларига келиб кўрсатиладиган плёнкали оқ-қора тасвирли кинолардан путур кетиб, ранг тасвирли дисклар кириб келди. Киноклублар залнинг ичидан қамалиб кўрсатиладиган уятсиз фильмларни тарғиб қила бошлашди. Бу каби бошбошдоқликларнинг барчаси миллий саноат ривожланмаган учинчи дунё мамлакатларига хориждан импорт қилинди. Дунё шу тариқа кўз ўнгимизда сеҳрини йўқота борди. Кийиниш ва мода жуда тезлик билан ўзгариб борарди. Ўзгаришлар тўлқинининг бу тахлит оқимига кўникмаган одамлар шошиб қолди. Эски қадриятлар қадрсизланди, янгиларини эса тутиб қоладиган тутумларини англаб олиш осон бўлмади. Ғоялар ва мафкураларнинг плюралистик оқимлари миллий мафкурани яратишни тақозо қиларди, аммо яратилган мафкура ва мавжуд маънавият давр талотумлари ва ҳаёт оқимидан орқада қолиб кетди. Постсовет давлатларда демократия ва шарқона автократизм уйғунликда яшай бошлади, капиталистик муносабатлар эса ижтимоий ҳимояга муҳтож жамият қатламлари ҳаётида иқтисодий омилларни бирламчи позицияга айлантириб, маънавий дунёқарашни боши берк кўчага киритиб қўйди. Одамларни китобга жалб қилиш ва адабиётга қайтариш юзага келган барча тадрижий жараёнлардан кейин қандай контекстда ривожланишини бугун энди ҳеч ким айтиб бера олмайди. Истиқбол қандай бўлиши олдиндан айтилган футурологик башоратлар ҳар доим ҳам ўзини оқламаслигини ўтган йиллар давомида кўрдик. Ҳозирги сиёсий ва экологик дунёнинг эртаси ҳақида “Fox Pub”да мексиканча бургер истеъмол қилиб, “Samba” кофесини ичаётган одам — муҳожиротдаги мендек ёзувчи воқеликларнинг шундай тус олишини илгари ўйлаб кўрганмиди?! Ахир мен бутун умр Кьеркегор каби, асосан, ўз шаҳримдан чиқмасдан яшашни орзу қилардим. Тақдир эса менинг ҳаётимни бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди. Ўз ҳаётининг эртанги кунини кўра олмаган одам инсоният тақдирининг истиқбол ўзанларини қаердан ҳам билсин?..

Шу лаҳзаларда менга яқинроқ столга малласоч бир хушбичим рус қизи келиб ўтирди. Чиройли официант қиз эса ундан буюртма олиш учун ёнига борди. Қиз қисқичбақа ва авакадо қўшиб тайёрланадиган салат ва итальянча бургер буюртма қилди. Бу каби бургерда чеддер пишлоғи ўрнига моцарелла қўйишади, Ўрта Ер денгизи ҳавзасида машҳур бўлган руккола салати ва яна алламбалолар қўшишади. Малласоч қиз қандайдир нотаниш ичимлик ҳам айттирди, қулоқ солганим йўқ. Телефонимга келган аллақандай “SMS” хаёлимни бўлди, шекилли. Ҳа, дунё шундай ўзгариб кетди. Илгари ҳаммамиз мактублар ёзардик, кейин электрон почта чиқди. Натижада эски почта хизмати деярли таназзулга юз тутди. Почтага ҳожат қолмади деярли. Энди эса электрон почта ҳақида ҳам, эҳтимол, шундай дейиш мумкин. Улардан қулайи биз учун “SMS”лар экани аён бўлди. Аудио ва видео қўнғироқлар илгари биз учун янгиликдай туюлган “скайп”дан гаплашишга чек қўйди. Узун мактублардан кўра, одамлар иш кўплиги ва вақт танқислиги туфайли қисқа “SMS”ларни маъқул кўра бошлашди. Ахир қисқа “SMS”ларга бир назар солишнинг ўзи кифоя. Ўтмишни эслаб, умримнинг асронлари шуъласига хаёл шу тахлит тортиб кетаверар экан, энди менинг ҳам худди Мураками каби ўзимга ёзилган узун мактубларни ўқигим келади, аммо муҳожиротда уларни менга ҳеч ким ёзмайди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 9 =