Суд жараёнларини ёритишда журналист маҳорати

Жорий йилнинг 23-24 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Mercure Hotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетлари талабалари учун “ОАВда суд жараёнларини ёритишда нималарга эътибор бериш керак?” мавзусида талаба-журналистлар касбий маҳоратини оширишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” ННТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси доирасида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.

— Тренингдан кўзланган мақсад суд жараёнларини ёритишда журналист ва блогерларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолияти ёки муайян суд ишини ёритиш борасида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашишдир, — дейди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Акрамжон Фозилов.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга судлар фаолиятини профессионал тарзда ёритиб бера оладиган журналист кадрларга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ошди. Журналистларнинг айбсизлик презумпцияси тамойилини ҳисобга олган ҳолда суд жараёнларини сифатли ёритиши фуқаролар, тадбиркорлар, инвесторлар ва бошқа томонларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жамиятда адолат ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда суд-ҳуқуқ тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу сабабдан жамоатчилик эътибори ушбу ҳокимият институтига ҳар доим жуда юқори бўлган. Ўз навбатида бўлажак профессионал журналистлар суд-ҳуқуқ тизими ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини ва унинг фаолиятини ёритиш алоҳида ёндашувни талаб этишини ҳисобга олишлари муҳим.

Икки кунлик тренинг давомида иштирокчиларга Олий суд вакиллари ҳамда медиа-тренерлар томонидан суд жараёнларини ёритишнинг ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қилиш ва ахборот олиш ҳуқуқи ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ўртасидаги мувозанатни сақлаш масалалари, жамоатчилик эътиборини тортган суд ишлари бўйича маълумот тўплаш ва материалларни тайёрлаш усуллари, адвокатлар ва суд жараёни иштирокчилари билан суҳбат учун саволлар тайёрлаш қоидалари, ҳужжатлар ва суд қарорларини таҳлил қилиш, суд ишларини ёритишда очиқ маълумотларни излаш ва улардан тўғри фойдаланиш бўйича кўникмалар ўргатилди. Ахборот ва унинг манбаларини текширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, машғулотларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятини ёритиш амалиётининг таҳлили билан бир қаторда малакали ва тажрибали судьялар, мутахассис ҳамда медиа-тренерлар томонидан ахборот соҳасидаги қонунчилик, сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги масалаларига эътибор қаратилиб, иштирокчилар судлар фаолиятини масъулиятли ёритишнинг моҳияти ва асосий тушунчалари билан таништирилди.

Ҳа, икки кунлик тренинг нафақат билим олиш ва кўникмаларни ошириш, балки ўзаро фикр, тажриба ва ғоя алмашиш майдонига ҳам айланди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =