Таълимга эътибор — миллат келажагига эътибор
Дунё харитасида илгарилаб бораётган давлатлар билан чуқурроқ қизиқиб кўрсак, барчасида таълим, илм-фанга алоҳида эътибор берилаётгани билан боғлиқ умумийликни илғаш қийин эмас. Негаки, айнан бугун жамият ривожи ва истиқболида кўп жиҳатдан таълим асосий ўрин эгаллашини эътиборга олиш лозимлигини англашга интилиш мойиллиги кучайди. Айнан “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг биринчи йўналиши таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитиш сифатини ошириш орқали инсон капиталини ривожлантиришга қаратилганлиги ҳам Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти ва келажаги таълим-тарбияга йўналтирилган янги ёндашувлар билан янада уйғунлиги исботидир.
Шу ўринда Хоразм вилоятида ташкил қилинганига эндигина 3 йил тўлаётган Урганч давлат педагогика институтида қисқа вақт ичида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида юқоридаги фикрларнинг яна бир бор амалдаги ифодасини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 289-сонли Қарорига асосан, Урганч давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Урганч давлат педагогика институти ташкил этилди.
Педагог кадрлар мақомини ошириш, билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида юртимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар таълим тизимини ҳаракатлантирувчи асосий куч бўлган педагогларнинг касбий изланишига рағбат берди. Ўз келажагини шараф ва матонат тимсоли бўлган ЎҚИТУВЧИ касбида деб билган интилувчан ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида кадрларга бўлган юқори талаб янги таълим йўналишларини ва мутахассисликлар очилишини тақозо этади. Шу мақсадда бу йўналишдаги ўтган 2023-2024 ўқув йилидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Урганч давлат педагогика институтида факультет ва кафедралар тузилмалари янада кенгайтирилди. Мавжуд бўлган факультетлар сони (педагогика, филология ва тарих, аниқ ва амалий фанлар) тўрттага етказилди. Янги “Бошланғич таълим” факультети ҳамда унинг таркибида “Бошланғич таълим методикаси” ва “Умумий психология ва бошланғич таълим педагогикаси” кафедраси ташкил этилди.
Тўртта факультет негизидаги кафедралар сони 12 тага етказилди ва институтда 4 та факультет, 12 та кафедрадан иборат бошқарув тузилмаси ташкил этилди. Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида “Регистратор офиси” ташкил этилди.
2024-2025 ўқув йилидан Урганч давлат педагогика институтида 19 та кундузги, 9 та сиртқи бакалавриат йўналиши, 11 та магистратура мутахассисликлари фаолияти йўлга қўйилди. 2025 йил январь ойидан 7 та ихтисослашган йўналишлар бўйича 14 та таянч докторантурага квоталар ажратилиши режалаштирилган.
Юртбошимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор ва ишонч натижасида талабаларимиз юқори даражадаги танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этиб, олдингилар қаторида эътироф этилаётгани жуда қувончли.
Институт талабалари орасида 10 дан ортиқ халқаро тоифадаги спорт устаси, шунингдек, 40 га яқин республика, Осиё ва жаҳон чемпионлари бор.
Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Ниҳол” талабалар театр студияси, “Дуторчи қизлар” ансамбли, “Заковат” интеллектуал клуби, “Қўғирчоқ” театри, “Ibrat academy” клуби, “ҚВЗ” клуби ташкил этилган.
2023-2024 ўқув йилида институтда 130 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият юритдилар. Профессор-ўқитувчиларга яратилган шароитлар сабабли, улар томонидан ўтган бир ўқув йили давомида 105 та дарслик, монография ва ўқув қўлланмалар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашининг рухсат гувоҳномаси орқали чоп этилди.
“Таълим-тарбия назарияси ва методикаси” йўналиши бўйича илмий даражалар берувчи Илмий Кенгаш фаолияти йўлга қўйилди. Институт таркибида олий таълимдан кейинги таълим босқичида 7 та ихтисослик бўйича таянч докторантура ташкил этилди.
Бугунги кунда Урганч давлат педагогика институтида иккита илмий: “Урганч давлат педагогика институти ахборотномаси” ҳамда “Ўзбекистон олимларининг илмий-амалий тадқиқотлари” журналлари фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, институтнинг хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари ҳам кенг қулоч ёймоқда. Жумладан, хорижий олий таълим муассасалари билан 30 дан зиёд ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Хусусан, Хитойнинг Шинжон (Синьцзян) университети, Шеньси педагогика университети, Нанкин технологиялар институти, Ланджоу транспорт университети, Жанубий Кореянинг Донгшин университети, Туркия давлатининг Эге университети, Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой университети, Нежмиддин Эрбакан университетлари, Озарбайжоннинг Тиллар университети, Озарбайжон давлат педагогика университети, Озарбайжон университети, Озарбайжон қўшимча таълим маркази, Озарбайжон давлат маданият ва санъат университети, Озарбайжон марказий илмий кутубхонаси, Россиянинг Астрахань давлат университети, Новосибирск давлат техника университети, Қозон федерал университети, Доғистон давлат педагогика университети, Беларуснинг Гродно давлат университети, Иордания давлатининг Жадара университетлари билан ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, ўзаро ҳамжиҳатликда ишлар олиб борилмоқда.
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган “The 2023 UI Gryeyen Metrics World University Rankings” халқаро конференциясида Урганч давлат педагогика институти “The 2023 UI Gryeyen Metrics World University Rankings” ташкилоти ва “Times Higher Education” (“THE”) — университетларнинг халқаро рейтингини баҳолаш ташкилотлари аъзосига айланди.
Институтда ёшларга сифатли таълим бериш билан биргаликда тарбия бериш, уларни миллий урф-одатлар ва қадриятларга муҳаббат, ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Институтда ҳар бир байрамни ўзгача тараддуд ва янгиликлар билан нишонлаш анъанаси аллақачон урфга айланган. 2024 йил май ойида Хотира ва қадрлаш куни арафасида маърифатпарварлик намояндалари бўлган жадидларимиз сиймоси ва ҳикматли сўзларини ўзида жамлаган “Жадидлар боғи”нинг тантанали очилиш тадбирлари ўтказилган эди.
Бетакрор Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами нишонланган сурурли кунларда, шунингдек, 2024-2025 ўқув йили бошида Урганч давлат педагогика институти ҳудудида 7 қаватли 600 ўринга мўлжалланган талабалар турар-жойининг тантанали очилиши нафақат институт жамоасига, талабаларга, вилоятимиз ёшларига ўзгача байрам кайфияти бахш этди.
Талабалар турар-жойининг тантанали очилиш тадбирида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Отабек Маҳкамов, вилоят ҳокимлиги вакиллари, фаоллар, институт жамоаси ва талабалар қувонч, завқу шавқ билан иштирок этдилар.
Йилдан-йилга кенгайиб, бунёдкорлик ишларини амалга оширишга одатланган Урганч давлат педагогика институти жамоасининг келгуси йиллар учун ҳам режалари, мақсадлари жуда катта.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йилда Урганч давлат педагогика институтининг 1000 ўринга мўлжалланган 7 қаватли замонавий янги ўқув биносини қуриш ҳам мақсад қилиб қўйилган.
Ҳамжиҳатлик ва бирдамлик каби азалий ва гўзал қадриятлар макон тутган Янги Ўзбекистон педагогларини ҳеч бир ривожланган давлатлар ўқитувчиларидан кам бўлмаган даражада тарбиялашни ўз олдига мақсад қилган Урганч давлат педагогика институти жамоаси бугун катта марраларни мақсад қилган ҳолда янги ўқув йилига киришди.
Янгиланиш ва ислоҳотлар самара бериб, мактабларимизга иштиёқи баланд педагогларнинг янги авлоди кириб боришида Урганч давлат педагогика институти жамоаси ҳиссаси борлигидан ҳар дақиқада фахр ва ғурур туямиз.
Яна шуни ғурур билан таъкидлашни истардимки, муҳтарам Президентимиз томонидан таълим-тарбия сохасига давлат сиёсати даражасида эътибор, ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Куни кеча юртимизда кенг нишонланган 1-октябрь—Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табриги биз педагогларни ғоятда рухлантириб юборди. Президентимизнинг табригидаги қуйидаги сўзлар эса таълим ва тарбия жамиятимизда муқаддас ишга айланганлигининг исботидир:
“Кўҳна тарих, бугунги ҳаёт тажрибаси барча муаммоларнинг ечими, саволларнинг жавоби фақат ва фақат таълимда, камолот ва бахт эшикларининг калити таълим ва тарбияда эканидан далолат беради.
Барчамиз яхши тушунамизки, ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга етишда – жонажон Ўзбекистонимизни эркин ва фаровон, ҳар томонлама обод мамлакатга айлантиришда соҳа ривожини янги сифат босқичига кўтариш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.”
Таълимга, муаллимга берилаётган эътибор шак-шубҳасиз келажакка, миллат равнақига кўрсатилаётган улкан сармоядир. Унинг натижаси элимизни ёруғ манзилларга, юксак довонлар сари бошлайверади.
Феруза МАДРАҲИМОВА,
Урганч давлат педагогика институти ректори,
педагогика фанлари доктори.