Бедор кўнгил кашфиётлари

Чирчиқ давлат педагогика университетида гуманитар фанлар факультети ўзбек адабиётшунослиги кафедраси доценти, филология фанлари номзоди, ҳассос шоира Гуландом Тоғаеванинг “Ишқ ҳандасаси” китоби тақдимотига бағишланган “Ишқ элининг овозиман” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Кўтаринки руҳда ўтган адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Салим Ашур, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Зилола Хўжаниёзова, ва шоир Шодмонқул Салом сўзга чиқиб, Гуландом Тоғаеванинг ижоди, илмий-педагогик ва журналистик фаолияти хусусида сўз юритдилар.

Тадбир меҳмонларига университет ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Ғофуржон Муҳаммедов томонидан эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, мазкур олий таълим раҳбари Ғ.Муҳаммедовга гуманитар фанлар факультети декани, юридик фанлар номзоди, доцент Равшан Икрамов бошчилигида факультет жамоаси ва ижодий тўгарак номидан шеърий эсдалик совға тақдим этилди.

Ижодий учрашувда тўгарак аъзолари шоиранинг шеърларидан намуналарни ифодали ўқишди. Талабалар томонидан шоиранинг шеърларига куй басталанган қўшиқлар ижро этилди. Ватан, ота-она ва яқинларга бўлган муҳаббат туйғулари яна бир бор қалбларимизда нақш каби сайқалланди.

“Ишқ ҳандасаси” китобининг биринчи ўқувчиларидан бири сифатида сўзга чиқиб, қарийб 500 нафар кишининг муносабатини кузатдим. Анжумандагилар муболағасиз, саҳнада ўқилган шеърларни жон қулоғи билан тинглашди. Залдагиларнинг ҳар бирининг қалбида адабиётга меҳр бор. Шеъриятга, Гуландом Тоғаева ижодига шайдолик, ошиқлик бор. Китоб тақдимоти ҳақиқий адабиёт байрамига айланди.

Гуландом Тоғаева ҳақидаги фильмни барча қизиқиш билан томоша қилди. Собиқ иттифоқ даврида Гуландом Тоғаеванинг ўқувчилик йиллари ҳақида “Ўзкинохроника” ижодкорлари томонидан бир фильм ишланган ва у Москва телевидениесида намойиш этилган. Унда ўзбекистонлик ўқувчи қизнинг орзулари, сўзга шайдолиги, табиатга ошнолиги ҳикоя қилинган эди. Даврада иштирок этганлар — катта авлод вакиллари шу кинони кўриб, ўзларида адабиётга, шеъриятга қизиқиш бошланганини эътироф этдилар.

“Ишқ ҳандасаси” китоби адабиёт ихлосмандлари учун чин маънодаги ноёб туҳфа бўлди. Чунки шоиранинг китобга киритилган ҳар бир шеърида кўнгил бор, ҳайрат, ишқ, ошиқлик бор.

 

Ўргилай, ҳовучи дурларга тўла,

Қуёшга ҳамсоя деҳқонларингдан.

Тилло остонаси ойга ашула,

Қалдирғоч ин қурган айвонларингдан.

Севаман, шу сўзда жам бўлди дунё.

Шу сўз етишмаса кам бўлди дунё.

Юртим, табассуминг офтобдай иссиқ,

Бу офтоб олдида шам бўлди дунё!

 

Адабиёт анжуманида мана шундай гўзал мисраларни талабалар тўлиб-тошиб айтиб беришди. Бу шеърлар ҳар қандай ўқувчининг, ҳар қандай ёшдаги шеърият ихлосмандининг қалбига жўшқинлик солади. Ватанга бўлган муҳаббатни устувор этади. Бу мисралар руҳиятингизнинг узоқ пучмоқларида мудраб ётган туйғулар, ҳиссиётларни жонлантиради.

Янги нашрдан чиққан “Ишқ ҳандасаси” китобида ижодкорнинг турли даврларда ёзган шеърлари киритилган. Бу китобни олиб ўқисангиз, шоиранинг илк ижоди, шеъриятдаги юксалишларини биргина шу китоб орқали билиб оласиз. Бу китобни ўқиб, сиз… шоира билан бирга ойга ҳам учасиз, Сувайдога ҳам йўл оласиз. Демак, “Ишқ ҳандасаси” китобини олиш, ўқиш, уқиш қолди. Гуландом Тоғаева шеърларини мутолаа қилиб, кўнгилларингизга  ҳайрат, завқ оласиз, шеърият дунёсига ошно бўласиз.

Улжамол ХОННАЕВА,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

халқаро ва аудиовизуал журналистика

кафедраси катта ўқитувчиси,

“Олтин қалам” миллий

мукофоти совриндори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =