Ёнғин хавфини юзага келтирувчи ҳолатларга бефарқ бўлманг

Табиат олтин кузнинг гўзал манзараси оғушида… Йилнинг ушбу палласида юртимизнинг аксарият ҳудудларида ҳароратнинг кескин совиши кузатилади ва иситиш тармоқларидан фойдаланиш зарурати кучаяди. Таассуфки, ушбу мавсумда турли сабабларга кўра ёнғин хавфини юзага келтирувчи ҳолатлар ҳам кўпая бошлайди.
Бир неча йиллардан бери ҳар йили айнан қиш мавсуми арафасида мамлакатимизда ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилади.
Белгиланган тартибга кўра, жорий йилнинг 15 ноябрь — 15 декабрь кунлари республика ҳудудида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни ўтказиш белгиланган.
“Туркистон” санъат саройида ҳам мазкур ойлик доирасида турли тадбирлар ўтказилиб, ёнғин хавфсизлигига риоя қилишга доир тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундай тадбирларни ўтказиш жараёнида биринчи галда аҳолининг ёнғин хавфсизлиги масалаларида билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларда шахсий хавфсизлик маданиятини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фондини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ҳолга келтириш асосий мақсад қилиб олинган.
“Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”да ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини ташкиллаштиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куч ва воситалари, бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда кенг жамоатчилик сафарбар этилади.
Ишчи гуруҳлар томонидан барча туркумдаги объектларда, айниқса, кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, бозор, йирик савдо мажмуалари ва аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда кенг қамровли профилактик-огоҳлантирув тадбирлари кучайтирилади.
Маҳаллаларда “хонадонбай” тартибида ўтказилаётган профилактик тадбирларда аҳоли ўртасида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишлари янада жадаллаштирилади.
Мактабгача таълим ва барча турдаги таълим ташкилотларида катта гуруҳ тарбияланувчилари, ўқувчи ва талабалар билан ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмаси чақнашининг аянчли оқибатлари, ушбу фожиалардан сақланиш чораларини ўргатиш мақсадида мақсадли мусобақа ва викториналар, машғулотлар ва давра суҳбатлари ўтказилади.
Шунингдек, фуқаролардан хонадондаги электр, газ ва иссиқлик таъминоти қурилмаларини доимий назорат қилиб бориши ва улардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, хонани иситишда газ плитасидан фойдаланмаслик, ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслик ва уларга газ жиҳозларидан фойдаланишга рухсат бермаслик сўралади.
И.ХАЛИЛОВ,
“Туркистон” санъат саройи
ЁХТТЭБ бошлиғи, подполковник.