Филармониянинг янги биноси

Санъаткорлар учун қутлуғ туҳфа барпо этилди. Бу янгилик барча хоразмликларни мамнун қилди.

Куни кеча Урганч шаҳрида Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Янги бинони топшириш тантанасида вилоятдаги  фаол нуронийлар, маданият ва санъат намояндалари, бир гуруҳ ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов  қатнашиб, санъат аҳлини муборакбод этди. Мазкур даргоҳда камолга етган, серқирра истеъдод эгаларини жамлаган ижодий жамоанинг Хоразм қўшиқчилик ва рақс санъати ривожидаги улкан хизматлари эътироф этилди.

Филармонияда миллий санъатимиз дарғалари фаолият кўрсатган, ўзларининг бетакрор санъатидан халқимизни баҳраманд этган ноёб истеъдод эгалари етишиб чиққан. Ўзбекистон Халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар  Ватанимиз шуҳратини жаҳонга ёйганлар…

Бугунги кунда ҳам филармония жамоаси дунё бўйлаб гастролларда бўлиб, халқаро танловларда ғолиблик шукуҳини ҳис этиб, миллий санъатимизни намойиш қилишмоқда.

Янги кошонанинг муҳташам биноси шаҳар кўркига кўрк бағишлади. Бу ерда санъат аҳли ва ихлосмандлари учун барча қулай имкониятлар, шароитлар яратилган.

— Янги ва гўзал бинода санъаткорлар учун машғулот ўтайдиган заллар, репетиция хоналари, умуман, ҳар бир ижодкорнинг баракали фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилганлигидан мамнунмиз, — деди таниқли раққоса Гавҳархоним Матёқубова. — Янги бино Конституция куни арафасида воҳа санъат аҳлига муносиб туҳфа бўлди. Президентимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эъзоз ва ҳурмат, эътибордан бениҳоят мамнунмиз.

Ушбу маданият кошонасининг бунёд этилгани якунланаётган йилда нафақат санъат аҳлига, балки жамики санъатсевар Хоразм эли учун ҳам энг гўзал туҳфалардан бири бўлди.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =