Жанубий Кореяда ўтказилган нотиқлик танловида ўзбек қизи ғалаба қозонди
10 ёшли Зиннура Каримова ўзи ёзган “Ёсудаги мароқли саёҳат” мавзусидаги ҳикоясини икки тилда — ўзбек ва корейс тилларида сўзлаб берди.
Жанубий Кореянинг Квангжу шаҳридаги “Volgok” бошланғич мактаби 4-синф ўқувчиси, ёш ватандошимиз Зиннура Каримова Сеулда бўлиб ўтган 12-Миллий икки тилдаги нотиқлик мусобақасида олий мукофотни қўлга киритди.
Зиннура ушбу муваффақиятга эришиш учун бир қатор синовлардан ўтди. У дастлаб “Volgok” мактабида ўтказилган ички босқичда олтин медаль, кейинчалик Квангжу шаҳар таълим департаменти томонидан ташкил этилган ҳудудий босқичда кумуш медаль билан тақдирланган. Бу ютуқлар унга республика босқичида иштирок этиш имконини яратди.
Тайёргарлик жараёнида Зиннура ҳар куни бир неча соат ўзбек ва корейс тилларида нутқ машқлари билан шуғулланди. Бу нафақат унинг тиллараро билимларини оширди, балки саҳнада ишонч билан чиқиш қилишига ҳам ёрдам берди. Зиннура ўзи ёзган “Ёсудаги мароқли саёҳат” мавзусидаги ҳикоясини икки тилда — ўзбек ва корейс тилларида сўзлаб, ҳайъат аъзоларининг эътирофига сазовор бўлди.
Мусобақада 52 нафар турли маданиятларга мансуб ўқувчилар қатнашди, улар 16 тилда ўз ҳикояларини тақдим этдилар. 10 ёшли Зиннуранинг ҳар икки тилдаги ижодий чиқиши ва у билан бирга Сеулдаги тадбирда қатнашган бошқа иштирокчиларнинг мазмунли чиқишлари мусобақанинг халқаро аҳамиятини янада оширди.
Қайд этиш керакки, Зиннуранинг опаси Лазиза Каримова ҳам 2023 йилда бўлиб ўтган ушбу танловда муваффақиятли иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган эди. Лазиза ўз нутқида халқаро менежмент ва таржимонлик соҳаларида ривожланиш ниятини билдирган ва дунё миқёсида коммуникациянинг муҳимлигини таъкидлаган. Унинг нутқи нафақат шахсий ютуқ, балки тарихий аҳамиятга эга бўлиб, у мазкур танловда ўзбек тилида нутқ сўзлаган биринчи ўзбек қизи сифатида эътироф этилган эди.
Зиннура ва Лазиза Каримоваларнинг ғалабалари Квангжу шаҳри ва Чолланам-до провинциясининг тарихидаги илк йирик ютуқлардан бири сифатида қайд этилди. Улар ўзбек ва корейс тилларидаги муваффақиятлари билан нафақат ўз номларини, балки ўзбек маданиятини ҳам халқаро майдонда намойиш этдилар.
Ўзбекистонлик опа-сингилларнинг ютуқлари Кореянинг кўплаб интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларида ҳам кенг ёритилди.
“Дунё” АА,
Сеул шаҳри.