“Oltin qalamli jurnalistlar” китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг яна бир янги лойиҳаси — “Оltin qalamli jurnalistlar” китоби нашрдан чиқди. Ушбу китобга 50 нафарга яқин устоз журналистларнинг айни кунда матбуотимизда тобора камайиб кетаётган фельетон, очерк, журналистик суриштирув, эссе каби қатор журналистик жанрларда битилган энг сара материаллари киритилган.

Яқин кунларда тақдимоти ўтказилиши кутилаётган ушбу китобда, шунингдек, асосан марказий оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган, ҳозирги пайтда кексалик гаштини сураётган ўттиз нафардан зиёд устоз ижодкорларнинг маҳорат билан ёзилган энг сара материаллари ҳам ўрин олган.

Эътиборлиси, медиа соҳа бўйича таълим олаётган ёшлар мазкур китобга киритилган устоз журналистларнинг маҳорат билан ёзилган материалларини қайта-қайта ўқиш ва уқиш орқали ўзлари учун маҳорат манбасига эга бўлишлари мумкин.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур ижроси доирасида таҳририятларда, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшма ҳудудий бўлимлари қошида таниқли журналистларнинг бўлажак медиа соҳа вакиллари учун “Маҳорат мактаблари”, “Ёш журналистлар” тўгараклари ташкил этилган. Ушбу тўплам мазкур маҳорат мактаблари ва тўгаракларда таълим олаётган ёшлар учун ҳам керакли манба бўлади, — деди лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Х.Салимов.

Дарҳақиқат, журналистикада ўзига хос ижодий услубга эга бўлиш, доимий равишда касбий маҳоратни ўстириш муҳим саналади. “Оltin qalamli jurnalistlar” номи билан чоп этилган ушбу тўплам эса медиа соҳани танлаганлар, умуман, барча катта-кичик ижодкорларга зарур қимматли қўлланмадир.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 12 =