Уюшма кутубхонасига туҳфа

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига устоз журналист, таниқли адиб Маматқул Ҳазратқулов ташриф буюриб, Уюшма кутубхонасига ўзининг “Қизил ва яшил”, “Қирғоқсиз дарёлар” ҳамда “Варақсиз дафтар” номли китобларини туҳфа қилди.
“Қизил ва яшил” номли қисса ва ҳикоялар тўпламида ёзувчининг узоқ йиллар давомида ёзилган асарларидан намуналар саралаб чоп этилган. “Қирғоқсиз дарёлар” китобида адабиётимиз ва санъатимизнинг дарғалари ҳаёти ва ижоди, хулқининг ибратли жиҳатлари ҳақидаги эсселар ўрин олган.
Маматқул Ҳазратқуловнинг “Варақсиз дафтар” бадиий публицистик асарида эса мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари қаламга олинади.
Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган мазкур китоблар журналистика бўйича таълим олаётган ёшлар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди, дейиш мумкин.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг кутубхонаси бугунга келиб энг сара, энг ўқишли китоблар билан бойиб бормоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Ахборот хизмати.