“Ўткан кунлар” — қирғиз тилида

“Қодирий романлари бутун таркиби билан ўзига хос услубда ёзилган ўзбек романларидир, — деб ёзган эди академик Е.Э.Бертельс. — Дунёда бешта, яъни: француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди. Энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилик мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди…”. Дарҳақиқат, бу асар чоп этилгунга қадар нафақат ўзбек, балки умуман туркий халқлар адабиётида роман жанри мавжуд эмас, роман деб эълон қилинган айрим асарлар эса бу жанр талабларига тўғри келмас эди. Демак, А.Қодирий туркий романчиликни бошлаб берган адиб, “Ўткан кунлар” эса биринчи туркий романдир. 2025 йилда унинг китоб бўлиб чоп этилганига роса юз йил тўлади.
“Ўткан кунлар” чоп этилган пайтни эслаб, машҳур қозоқ адиби Мухтор Авезов: “Қодирий романлари гўё текис саҳро узра қад кўтарган баланд тоғ каби кўринарди, — деб ёзган эди. — Биз ёш чоғимизда Абдулла Қодирий романларини бош кўтармай ўқир, унинг характерларни шакллантиришига, инсоний эҳтирослар бўронини қалбларимизга кўчиришига, қаҳрамонларни меҳр билан тасвир этиш маҳоратига қойил қолар эдик…”
Шу орада ўтган юз йил давомида ўзбек сўз санъатида яратилган романлар бир неча юзлаб. Улар орасида жуда ажойиб, кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган асарлар анча. Аммо шунга қарамай, “Ўткан кунлар” романи бир бошқача. Бежиз эмаски, бир неча авлод китобхон унинг жозибасига мафтун бўлиб, шайдо бўлиб яшаб ўтаётир. Таъбир жоиз бўлса, мен бу романни ўзбек халқи маънавиятининг “паспорти” деб атар эдим — бизнинг бору йўғимиз, кулфату бахтимиз, яхшилигу ёмонлигимиз, қайғумиз, шодлигимиз, нодонлигу фалсафамиз… — бари шу романда, ундаги ҳаёт ичида.
Шунинг учун қайсидир ажнабий ёзувчи: “Мен ўзбек адабиётидан бирон асарни ўз она тилимга таржима қилмоқчиман, нима маслаҳат берасиз?” деб сўрайдиган бўлса, ҳаммамиз аввало “Ўткан кунлар”ни ўгиринг, деб тавсия қиламиз, ўша халқ китобхони шуни ўқиса-ю, бизнинг кимлигимизни, қандай эл эканимизни билиб олса экан, деймиз.
Лекин яхши асарларнинг катта бир айби шуки, уни бошқа тилга таржима қилиш қийин. Негаки, улар ўта миллий. Шу эл вакилигина англайдиган тушунчалар, урф-одатлар, ҳолатлар, ҳатто имо-ишоралар бисёр улар матнида. Бир мисол, асар журналда босилиб чиққач, мунаққид Сотти Ҳусайн Абдулла Қодирийни айблаб, асарда Кумушни иккинчи бор эрга бериш олдидан, онаси у билан маслаҳатлашиб, бу никоҳга розилигини сўраганини келтиради ва эрга беришда ўзбеклар қизининг розилигини сўрамайди, деб дашном беради. Абдулла Қодирий эса бунга жавобида, биринчи бор узатишда розилиги шарт эмас, чунки тажрибасиз. Бироқ иккинчи бор эрга тегишида раъйига қаралган, танқидчи ўртоқ бундан хабарсиз экан, деб изоҳлаб ўтади. Қодирий ўзбек удумларини ана шу даражада теран билган. Асар шундай ўта миллийлик руҳи билан суғорилган.
“Ўткан кунлар”, бир қараганда, саргузашт каби: Тошкентдаги обрўли хонадонлардан бирининг ёлғиз фарзанди Отабек хизматкор Ҳасанали билан Марғилонга савдо учун бориб, ўша ерда гўзал қиз — Кумушни кўриб қолади, унга уйланади. Аммо Кумушнинг ҳуснини эшитиб, унга етишолмай доғда қолган баттол Ҳомид Отабекни Қўқон хонлигига қарши киши, айғоқчи, деб туҳмат қилиб, икки бор дор остига қадар олиб боришга муваффақ бўлади. Ёлғони фош бўлгач, қочиб қутулади. Бошқа томондан, Отабекнинг ота-онаси ёлғиз фарзандлари Марғилонда қолиб кетишидан хавотирланиб, уни Тошкентдан яна уйлантиришади. Кумуш Тошкентга, Отабеклар хонадонига кўчиб келгач, уни кундоши Зайнаб заҳарлаб ўлдиради. Отабек эса Тошкентга бостириб келаётган чор босқинчиларига қарши жангда ҳалок бўлади.
Содда ўқувчи асарга ундаги сюжет воқеаларига қараб баҳо беради эмасми, асар 1922 йилда “Инқилоб” журналида чиққач, саводли одамларга ўқитиб эшитган тўпори кишилар асарни “Кумушнинг китоби” деб аташган. Ҳолбуки, Абдулла Қодирий учун Кумуш, Отабек, умуман, бу эски сюжетнинг ўзи ҳам фақат бир қолип бўлиб, адиб уни Отабекнинг отаси Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган мана бу ғояни китобхон сезмайгина “ютиб юбориши” учун тўқиган, асарнинг асл жавҳари эса қуйидаги сўзлардан иборат бўлиб, мутаржим уни қирғиз тилида ҳам мукаммал акс эттира олгани шоёни таҳсин:
— Мен өмүрүмдүн көбүнү бул элдин тынчтыгы жана бейпилдиги үчүн арнадым, бирок өзүмө мындан азаптан башка эч нерсе таппадым. Ынтымактын эмне экенин түшүнбөгөн, жалгыз өз кызыкчылыгы үчүн бири-бирин жеп, бири-бирине душман болгон мансапкор, дүйнөкор жана атак-даңкты жакшы көргөндөр Түркстандын жеринен жоголмоюнча, биз адам болушубузга акылым жетпей жатат…
Бугун Абдулла Қодирий асарлари кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ бўлса керак. Романлари бир неча бор экранлаштирилди, адиб номида давлат мукофоти таъсис этилди, уй-музейи очилди, Тошкентдаги метро станцияси, ижод мактаби, театр, кўплаб хиёбонлар, мактаблар адиб номида. “Ўткан кунлар” эса ўнлаб чет тилларга ўгирилган.
Атоқли адиб Пиримқул Қодиров: “Қозоқнинг улуғ прозаиги Мухтор Авезов Абдулла Қодирий асарларидан руҳланган. Мухтор Авезовдан эса Чингиз Айтматов маҳорат сирларини ўрганган. Биз, бугунги ўзбек ёзувчилари эса Чингиз Айтматовга ҳавас қилиб асар ёзамиз”, — дея эътироф этган эди. Туркий халқлар, уларнинг ижодкорлари бир-биридан ўрганиши, бир-бирини эътироф этиши нақадар ибратли!
Биз юқорида “Ўткан кунлар” романи руҳан ўта миллий эканини таъкидлаб ўтган эдик. Бундай асарларни миллийликни теран ҳис қилган ижодкор таржима қилгани яхши. Шунинг учун ҳатто арслонбоблик ёзувчи, ўзбек ва қирғиз тилларини мукаммал биладиган Улуғбек Абдусаломовнинг бу ишга қўл урганини уққанимда ҳам, очиғи, ҳатто бироз тараддудланиб қолганим рост. Лекин таржима матнини ўқиб кўргач, иккиланишларим тарқаб кетди — асарнинг мазмуни унда тўла ва тўлиқ акс этгани шубҳасиз. Эҳтимол, бу матн қирғиз тилининг лисоний-бадиий хусусиятларига кўра қай бир жиҳатдан оқсар, аммо яхши асарлар такрор-такрор таржима бўлади ва ҳар гал асарнинг ҳам, иккинчи тилнинг ҳам янги тароватлари очилаверади.
Ўзбекистонда 2022 йилда юз жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” антологияси нашр этилди (9 жилди — қирғиз адабиётидан таржималар), 2023 йилда эса Чингиз Айтматов асарларининг 10 жилдлиги, Султон Раевнинг ўн тўрт асарни ўз ичига олган “Тандалмалар”и ўзбек тилида босилди. Демак, қирғиз-ўзбек ва умуман, туркий тиллараро таржималар тобора кенг кўлам олаётир. Албатта, умид қиламизки, биргина “Манас” эпоси ўзбек тилига ҳозирга қадар тўққиз марта таржима қилинган экан, ўзбекнинг “Алпомиш”, “Гўрўғли” сингари юксак бадиий достонлари таржимаси ҳам яқин орада қирғиз ўқувчисининг китоб жавонидан жой олади. Бунга халқларимизнинг ўзаро аҳиллиги, мамлакатларимиз Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо эканлиги асос бўлади. Биз эса шу кунларда кўп жилдлик “Туркий эллар фольклори” антологиясини нашрга тайёрлашга киришдик…
Қаранг, бу янги даврда қиладиган хайрли ишларимиз қанчалар кўп!
“Ўткан кунлар” романи қирғиз ўқувчилари қўлига теккани 14 апрель куни Бишкекда катта тантана қилинди. 23 апрель куни эса Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Қанибек Иманалиев бош бўлган адиблар делегацияси иштирокида Тошкентда, Абдулла Қодирий ижод мактабида ушбу янги таржиманинг тақдимоти ўтказилади.
“Қардош халқларнинг ҳар бир асари шу халқларнинг ҳар бири тилига таржима қилинса, қандай олижаноб иш бўлар эди! — деб ёзган эди Максим Горький. — Ана шунда биз бир-биримизнинг миллий-маданий ўзига хосликларимизни янада яхшироқ билиб олган бўлар эдик…”
Насиб, ана шунда чинакам дўстлик қарор топади, ҳар бир элнинг маънавий дурдоналаридан бошқа халқлар ҳам баҳраманд бўлади.
“Ўткан кунлар” романи мутолааси билан қирғиз китобхон дўстларимизни муборакбод этишдан бахтиёрмиз.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос,
“Ўзбекистон-Қирғизистон”
дўстлик жамияти раиси.