Ёш рассомнинг Рига шаҳридаги илк кўргазмаси

Давлатимиз раҳбари томонидан айни пайтда юртимиз ёшларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ёшларнинг турли соҳаларда кўплаб ютуқларга эришаётгани бунинг яққол исботидир. Ҳозирда математика дейсизми, хорижий тил дейсизми ёки спортнинг турли йўналишларида ҳам келажагимиз эгалари илғор.
Ана шундай ёшлардан бири Аббос Тўраев. У ҳали 20 ёш бўлишига қарамай, юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Болалигидан тасвирий санъат, рассомчиликка қизиқди. Уйининг деворларига турли хилдаги расмларни чизарди. Шу сабаб санъат мактабида ўқиди ва уни аъло баҳолар билан тамомлади. Ҳозирда Латвия пойтахти Рига шаҳридаги Амалий санъат университети талабаси.
Аббоснинг болаликдаги қизиқишлари катта мақсадларга айланди. Ҳозирда у турли хил ракурслардаги расмларни яратмоқда.
Мана шу расмлари орқали Рига шаҳридаги Креатив санъат марказида Аббос Тўраевнинг “Эврилишлар (Метаморфозалар)” номли шахсий кўргазмаси бўлди.
— Бу Рига шаҳридаги биринчи тақдимотим, – деди ёш рассом. — Болалик пайтларидан тасвирий санъатга меҳрим бўлакча. Шахсий кўргазмам бўлишини доим орзу қилардим. Яратганга шукрки, мана шу истагим ижобат бўлди. Бунда юртимизда биз ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар жуда асқотди, — деди ёш ижодкор А.Тўраев.
Юртимизда Аббос Тўраев каби мана шундай иқтидорли ёшлар кўп экан, шубҳа йўқки, келажакда Ўзбекистон бой меросини ўз асарларида тасвирлаб, она диёримизни дунёга танитишда улар асло бўш келишмайди.
Муҳаммадсодиқ Салимбой ўғли.