Порахўр ўринбосарлар

Нега коррупцион жиноятлар ортиб бормоқда?

Яхлит давлатга бирлашган жамият ичида бир-бирига тескари мақсадлар йўлидан бораётган тоифалар бўлишини тасаввур этишнинг ўзи чин ватанпарвар, халқпарвар қалблар учун жуда оғриқли.

“Улкан мақсадлар йўлида халқимиз бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилмоқда”, “Элимиз ягона ният йўлида бир-бирини қўллайди. Шундай бўлиб келган, бундан кейин ҳам…”, “Катта режаларни олдимизга қўйиб, юздан ортиқ миллат бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқдамиз!” — бу каби гаплар тилимиз, дилимизга шу қадар сингишиб кетганки, ярим-ёртисини эшитсак, бас, у ёғини айтиш шарт эмас, тушунамиз. Минбарларда, оммавий ахборот воситаларида, каттаю кичик расмий давраларда виқор, тантана, ифтихор билан айтилади бу сўзлар. Аммо ҳаётий далиллар гапимиз билан ишларимиз ҳар доим ҳам мутаносиб эмаслигини тез-тез таcдиқламоқда. Буни тан олмаслик жамият тараққиёти, жипслиги, маънавий ва мақсадлар бирлигини емираётган ижтимоий муаммоларнинг илдизлари чуқурлашиб, қўллари узайиб, асоратлари сурункалию хавфлига айланиб бориши учун айни қулай муҳит. Энг қизиғи ва ачинарлиси, юқоридаги каби гапларни ўрни келса-келмаса тантанавор айтадиганлар орасида сўзи билан иши еру осмонча йироқ, бир-бирига мутлақо тўғри келмайдиганлар кўпроқ учрайди.

“Қуруқ қошиқ оғиз йиртади”. Фикрларимиз кимларгадир “арзимас нарсадан ғавғо кўтариш” бўлиб туюлиши мумкин. Далиллар… Ижтимоий тармоқлар орқали ҳаммамизга ҳар куни оқиб келаётган xабарлардан айрим кўчирмалар (дарвоқе, уларни ўқиб, қабул қилишга этимиз ўлиб бораётгандек), энг янгиларидан бири:

“Учтепа туманининг аввал ҳам уч марта судланган ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси 30 минг доллар олган вақтида ушланди. У тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога юқори лавозимли танишлари орқали ер майдони олиб беришни ваъда қилган”.

Шундоқ ён-атрофдагилардан қай бири қишнинг ёғингарчиликлар кунида ўқувчи боласига 150 минг сўмга оёқ кийими олиб беришгаям имкон тополмаётган; бозор тўла мева-чева бўлган кундаям қай бир ҳомиладор эрининг чўнтаги аҳволига қараб кўнгли тусаган мевани бир донагина сўрашга-да ботинолмаётган; қай бир ота-она касал боласини авайлаб кўпроқ электр иситкичдан фойдаланиб қўйгани учун “энди тўловини нима қиламиз?” деб ташвишга ботган; ногирону нимжон, касалмандлигига қарамай, қай бир ориятли инсонлар ҳалол ризқ топиш учун бозорда арава судраган… (ҳаммаси кўз ўнгимизда!) кунларда, шу халқнинг нону тузини еганлардан бири нафси ўпқони учун 30 минг доллар беришга-ю, яна бири 30 минг доллар олишга ўғри мушуклардек шай бўлиб туришини қандай тушуниш, қандай тушунтириш мумкин?! Беихтиёр ёдга мавлоно Муқимийнинг “Мен заҳар ютсам, асалдир ўзгалар коми…” деган сатри тушди.

Ўтган йили “Андижон вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Ботиржон Ҳамраевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллангани; манбага кўра, унинг хонадонида ўтказилган тинтувлар пайти уйидан 3 миллион доллар (?!) топилгани; собиқ ўринбосар бюджет маблағларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича терговга чақиртирилгани” маълум қилинганди.

“Kun.uz”нинг 2024 йил 19 июлдан 9 октябргача (3 ой ичида) берган хабарларида шундай маълумотлар кетма-кетлиги давом этган:

“Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчисига қидирув эълон қилинди”.

“Сирдарёда ногирон боланинг онасидан тиббий хулоса учун пул олган шифокорга ҳукм ўқилди”.

“Даштобод темир йўл станцияси бошлиғи пора билан ушланган”.

“Қашқадарё ва Жиззахда пора олган экология ва қурилиш мутахассислари ушланди”.

“Самарқандда Жанубий кон бошқармаси мутасаддиси фуқароларни ишга олиш учун 5 минг доллар олганда ушланди”.

“Самарқандда ЙПХ ходимига пора бермоқчи бўлган ҳайдовчи қўлга олинди”.

“90 минг доллар билан ушланган Когон тумани прокурори 15 йилга қамалди”.

“Жиззахда маҳбуснинг жазосини енгиллаштириб бериш эвазига 10 минг доллар пора сўраган ИИБ мансабдорига ҳукм ўқилди”.

“Сирдарёда тадбиркордан 4 минг доллар олган солиқ ходимига ҳукм ўқилди”.

“Самарқандда кадастр ходими фуқаронинг уй-жойини ҳужжатлаштириб беришини айтиб, 1,5 минг доллар сўраган”.

“Сурхондарё вилоят суди судьяси пора билан қўлга тушгани айтилмоқда”.

“Наманганда пора билан “ўтириб чиқиб” оқланган ИИБ ходими яна қамалди”... — уҳ-ҳ… булар порахўрлик билан боғлиқ жиноий иш қўзғатилган ёки ҳукм ўқилган ҳолатлардан айримлари, холос.

…Ижтимоий тармоққа қўйилган бир постда яйдоқ куз даласида мухбирнинг саволларига жавоб берган қишлоқ аёлининг жавоблари сиртдан қараганда жуда мулойим, беозор. Яъни, мухбир сўрайди:

“— Кеча қандай овқат егандингиз?

— Пиява шўрва, — жилмайиб жавоб қайтаради аёл.

— Пиява… у қанақа овқат? — сўрайди ёш мухбир.

— Озгина ёққа пиёз қовурилиб, картошка солиб… агар бўлса…

— Гўшти борми?

— Гўшти… — худди бир ноўрин сўз ё ҳаракати ошкор бўлиб қолган каби ўнғайсизланиб яна жилмаяди аёл. — Йў-ўқ, гўшти йўқ… гўшт ололмаймиз…”

Айрим ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, турли идораларнинг раҳбарларию уларнинг муовинлари шунга ўхшаш ҳолатларни, суҳбатларни ижтимоий тармоқларда кузатишга вақту имконлари, ундан ҳам муҳимроғи, эҳтиёжлари бормикин? Аммо улар бунинг учун узоққа боришлари шарт эмас: қабулларига келганлар, қабулхоналарида ўтирганларни ўзларига юкланган масъулият даражасида тингласалар эди, мансабни учар гиламдек ҳис этиб, ҳаёт ҳам, мамот ҳам ер билан боғлиқ эканини унутиб қўймасмидилар? Ўшанда “Ховос тумани ҳокими ўринбосари 7 йилга қамалмасмиди?..”

Пора олиш жиноятлари кейинги йилларда юқори мансабдорлар ва айниқса, ҳокимларнинг ўринбосарлари билан боғлиқ юз бериши “тренд”га чиқди. Интернет тармоғини сал “силкитсанг”, бу фикрни далиллайдиган мисоллар тизилиб келади:

“Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ҳоким ўринбосаридан бири ўз хизмат хонасида маҳаллий масъулияти чекланган жамият иш юритувчисидан 400 долларни пора сифатида олган вақтда қўлга тушди”.

“Коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан, шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1 млн АҚШ долларини ўзининг ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланди”…

Қизиқ, “ўрик ўрикни кўриб ранг олибди”, дегандек, ҳоким ўринбосарлари орасида бир-бирларидан “тажриба” ўрганиб ёки “илҳомланиб” пора олиш пойгасига қўшилувчилар сафи кенгайяптими ёки иллатни палак оттираётган бошқа сабаблар ҳам бормикин? Бу савол кўпчиликни ўйлантиряпти, турли мулоҳазалар айтиляпти.

Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда пора билан қўлга тушганлар ҳақида ахборотлар ўқишгаям кўникиб кетдик. Ишчи ишчидан, кетмончи кетмончидан, кўча супурувчи кўча супурувчидан, боғбон боғбондан, ҳайдовчи ҳайдовчидан пора олганини эшитганмисиз? Йўқ. Порахўрлар — давлатнинг мансаб курсисига жойлашиб олганлар. Улар орасида барча соҳа ва тармоқ вакиллари бор. Прокурорлар, солиқ ва божхона ходимлари, ҳоким ўринбосарлари ва ҳокимият идоралари вакиллари…

Афсуски, ижтимоий иллатга айланиб бўлган бу “ов” ҳеч тугай демайди. Жамиятга тақдим этилаётган юқоридаги каби ҳолатлар халқ орасида: “Бизда пора, коррупция билан шуғулланмайдиган ташкилотнинг ўзи бормикин?” деган саволни қайта-қайта ўртага ташламоқда.

“Platforma.uz” ёзди:

“Нега бундай бўлди, бўляпти? Тушунишимизча, бизда коррупциянинг томири сув ичадиган чашмагача етиб борилмаётгандай. Фақат атрофдаги новдалар буталанаётгандай. Масалан, шу яқин йиллар ичида ўнлаб “замлар” пора билан қўлга тушди, ҳокимлар эса курсисида ўтирибди. Ёки бошқа ташкилотлардаям шундай…”

Шу ўринда ҳаммага маълум саволни такрорлаб қўймоқчимиз:

— Ўринбосарингиз, ходимингизнинг порахўрлиги далиллар билан исботланиб, халққа маълум қилиниб, эл ичида овоза бўлгандаям нега сиз индамайсиз? Ҳокимлигингиз, идорангиз, ташкилотингиз шаънига доғ бўлиб, халқнинг давлат идоралари вакилларига ишончини сусайтирган, обрў-эътиборини йўқотиши мумкин бўлган ва айни сиз масъул раҳбар бўлиб турган пайтда юз берган ножўя қилмишлар учун жавобгарлигингиз йўқми?

Шу ўринда яна бир маълумот: Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, ўткан бир йилда жами 5 минг 716 та коррупцияга оид жиноят аниқланган. Халқимизга яқин кўмакчи бўлади деб ташкил қилинган ва отнинг калласидай маош олаётган маҳаллаларда фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиларидан 309 таси жиноятга қўл урган.

Президентимиз катта-кичик амалдорларнинг ҳалол, халқни ўйлаб виждонан ишлаши учун имкониятлар яратиб бермоқда. Жумладан, бир пайтлардагидек, улар кам маош олишмайди. Оладиган ойликлари ҳозирги пайтда катта миқдорни ташкил этади. Аммо…

Муқаддас динимизда ҳам энг катта гуноҳ, қонунчилигимизда оғир жиноят деб тавсифланадиган порахўрлик, таъмагирлик, фирибгарлик нега кўпайиб бормоқда? Нима учун коррупцион жиноятлар ошиб кетяпти? Бюджетнинг, яъни халқнинг пулини ўмариш авжида. Бундай номаъқулчиликларни йўқ қилиш учун нима қилмоқ керак?

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + eleven =