Талаба-ёшлар учун янги имкониятлар

Ётоқхона ўзининг замонавий дизайни, кенг ва ёруғ хоналари, барча зарур шароитлари билан ажралиб туради. Унда талабалар учун ўқиш, компьютер хоналари, дам олиш масканлари, кутубхона хоналари мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир қаватда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ҳаммом ва ошхона мавжуд бўлиб, улар талабаларнинг кундалик эҳтиёжларини тўлиқ қондиради.
2024 йилда юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, таълим соҳасида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз берди. Биргина Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети мисолида олиб қарасак, 2024 йил университет учун ютуқлар ва натижаларга бой йил бўлди.
Бу ютуқлар бутун жамоамиз аъзоларининг фидокорона меҳнати ва биргаликдаги интилишлари натижасидир. Ўтган 2024 йилда университетимизда илм-фан, таълим ва тарбия соҳаларида сезиларли ютуқларга эришдик.
Хусусан, университетимиз талаба-ёшлари орасидан 2024-2025 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда атоқли давлат стипендиялари ва турли махсус стипендиялар танловларида 35 нафар талаба ғолибликни қўлга киритди. Бундан ташқари, 1 нафар талабамиз Зулфия номидаги давлат мукофоти, яна 1 нафари “Мард ўғлон”, яна 1 нафар талаба эса “Келажак бунёдкори” мукофоти билан тақдирланди. 2024 йилда Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган математика фани бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги II халқаро фан олимпиадасида ва университет талабалари учун халқаро очиқ математика олимпиадасида (Open Mathematical olympiad fo University students (OMUS-2024)) Қорақалпоқ давлат университети талабаларидан жами 10 нафари, жумладан, 3 нафар талаба олтин, 3 нафар талаба кумуш, 4 нафар талаба бронза медалини қўлга киритиб, университет иқтидорли талабалари жамоаси мазкур олимпиадаларда жамоавий ҳисобда фахрли биринчи ўринни эгаллади. 1 нафар талаба математика фани бўйича Қори Ниёзий номидаги республика фан олимпиадасида 3-ўрин соҳиби бўлди. Бундан ташқари, талаба-ёшларимиз 2024 йилда Осиё, Ўзбекистон миқёсидаги спорт мусобақаларида 32 та олтин, 19 та кумуш, 8 та бронза медалларини қўлга киритди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2025 “QS Asia University Rankings” учун эълон қилинган рейтингда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети топ-1000 таликдаги Осиёнинг энг кучли университетлари қаторидан жой олиб, унда ТОП 1000 талик рейтингда 633-ўринни эгаллади.
Шунингдек, университетимизда илмий салоҳият кўрсаткичини ошириш мақсадида 2024 йилда жами 3 та илмий даража берувчи Илмий кенгашлар тузилиб, бугунги кунда уларнинг сони 11 тага етди. Мазкур илмий кенгашларда 2024 йилнинг ўзида жами 76 тадан 8 та фан доктори (DSc) ва 68 та фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимоя қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, 2024 йил мобайнида университет профессор-ўқитувчилари томонидан “Scopus” ва “Web of Science” халқаро маълумотлар базаларидаги илмий журналларда жами 159 та мақола, хусусан, “Scopus” халқаро маълумотлар базаларидаги илмий журналларда 128 та мақола ва “Web of Science” халқаро маълумотлар базаларидаги илмий журналларда эса 31 та мақола, ОАК рўйхатидаги республика илмий журналларида 649 та, ОАК рўйхатидаги импакт фактори юқори бўлган бошқа хорижий илмий журналларда 588 та мақола, халқаро конференция материаллари тўпламларида 851 та тезис, республика конференция материаллари тўпламларида эса 1028 та тезис чоп этилди, шунингдек 94 та монография нашрдан чиқарилди.
Бу эса ўз навбатида муҳтарам Президентимизнинг таълим соҳасига қаратаётган эътибори ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериш, интеллектуал салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш борасида олиб бораётган ислоҳотларининг яққол натижасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим тизимини модернизация қилиш, унинг барча босқичларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги олий таълим муассасалари қуриш, замонавий ўқув-лаборатория базаларини яратиш, талабалар турар жойларини қуриш каби ишлар жадал давом этмоқда.
Ана шундай ташаббусларнинг давоми сифатида 2025 йилнинг бошланиши билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари учун яна бир қулайлик яратилди. Яъни янги замонавий типдаги 400 ўринга мўлжалланган ётоқхона фойдаланишга топширилди.
Ётоқхона ўзининг замонавий дизайни, кенг ва ёруғ хоналари, барча зарур шароитлари билан ажралиб туради. Унда талабалар учун ўқиш, компьютер хоналари, дам олиш масканлари, кутубхона хоналари мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир қаватда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ҳаммом ва ошхона мавжуд бўлиб, улар талабаларнинг кундалик эҳтиёжларини тўлиқ қондиради.
Ушбу янги ётоқхона нафақат талабалар учун яшаш шароитини яхшилаш, балки уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, таълим олиш учун қулай муҳит яратиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун ҳам кенг имкониятлар яратади. Шунингдек, ушбу ётоқхонада ташкил этилган замонавий маънавият хоналари талабаларнинг ўзаро мулоқот ва ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Шу билан бирга, 2025 йилда талабалар турар-жойи билан таъминлаш мақсадида Қорақалпоқ давлат университетида давлат-хусусий шериклик асосида яна 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар-жойи биноси фойдаланишга топширилади. Бу ўз навбатида талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражасини 50 фоизгача оширади.
Албатта, бу янгиланишлар муҳтарам Президентимиз олиб бораётган сиёсат, шунингдек, талаба-ёшларга бўлган ҳукуматимиз ғамхўрлиги, таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътиборнинг натижаси туфайлидир.
Мамлакатимизда олиб борилаётган таълим соҳасидаги ўзгаришлар замон талабларига жавоб бериб, ёш авлоднинг баркамол, билимли ва юксак маънавиятли бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, “Ёшлар — келажагимиз пойдевори”. Шу боис таълимга кўрсатилаётган эътибор келгусида мамлакатимиз тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ахмед РЕЙМОВ,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ
давлат университети ректори,
академик.