Озиқ-овқат хавфсизлиги ва кадрлар масаласи бугуннинг энг долзарб мавзусидир
Шу йилнинг 20 июнида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган ушбу йиғилишдан сўнг биз муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида олиб бораётган ишларимизни қайта кўриб чиқдик ва аниқланган муаммолар бўйича тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уларни амалга ошириб келмоқдамиз.
Йиғилишда муҳандисларнинг бугунги кунда ҳар соҳада ўрни муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасига эътибор берадиган бўлсак, ушбу соҳа долзарб бўлиб, у инсон саломатлигини таъминловчи муҳим омиллардан биридир.
Кейинги йилларда иқлимнинг кескин даражада ўзгариши, экологик вазиятнинг ёмонлашиши, дунё миқёсида демографик кўрсаткичларнинг ортиб бориши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва унинг хавфсизлигига бўлган талабларнинг-да тобора ортишига сабаб бўлмоқда. Бу, албатта, ушбу соҳадаги муҳандис кадрларнинг ҳар томонлама илмий салоҳиятини оширишни тақозо этади.
Бухоро муҳандислик-технология институтида “Озиқ-овқат маҳсулотлари технологияси ва сервис” кафедраси мавжуд бўлиб, унда 1000 га яқин талаба таҳсил олади. Кафедранинг илмий салоҳияти 81 фоизни ташкил қилади (фан доктори — 3 нафар (улардан 2 нафари профессор илмий унвонига эга), техника фанлари бўйича фалсафа докторлари — 15 нафар, катта ўқитувчилар — 5 нафар). Биз профессор-ўқитувчиларимиз малакасини жаҳон талаблари асосида ошириш мақсадида уларнинг халқаро лойиҳаларда иштирокини таъминламоқдамиз. Хусусан, озиқ-овқат соҳасидаги кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган “ECAMPUZ-ERASMUS-EDU” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳада Даниянинг Копенгаген университети, Испаниянинг Экстремадура университети ва республикамиздан бир қатор олий таълим муассасалари иштирок этмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 717,0 минг еврони ташкил этади. Мазкур лойиҳа доирасида 10 нафар талаба ва докторантлар озиқ-овқат маҳсулотларини таҳлил қилиш усуллари, озиқ-овқат микробиологияси ва озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат кимёси ва молекуляр гастрономия соҳаларида Испаниянинг Экстрамадура университетида ташкил этилган 2 ҳафталик ёзги тажриба тадбирларида иштирок этиб қайтишди. Айни дамда 2 нафар илмий тадқиқотчи Даниянинг Копенгаген университетида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича 3 ойлик стажировка ўтамоқда. Келгусида талаба, магистр ва докторантлардан иборат 5 кишилик гуруҳ ушбу соҳа бўйича 2 ҳафталик ёзги ўқув семинарида ва 1 нафар илмий изланувчимиз хорижда стажировка ўташи режалаштирилган.
Бундан ташқари, институтимизда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида “Ёшга боғлиқ касалликларнинг олдини олиш учун ун маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқиш” мавзусида 870 млн сўмлик лойиҳа, “Ёғлар ва зиғир уруғи асосида функционал хусусиятли композицион ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясини яратиш ва уларни мақсадли қўллаш” мавзусида 950 млн сўмлик лойиҳалар мавжуд. ГИЗ халқаро лойиҳаси доирасида Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети билан 2023-2024 йилларда умумий қиймати 200 000 евролик лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, ушбу олий таълим даргоҳи билан “2+2” ўқув дастури бўйича ҳамкорлик қилинди. Бундан ташқари, лойиҳага асосан, режада белгиланган биоиқтисодиёт, озиқ-овқат микробиологияси, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари, озиқ-овқат қўшимчалари, янги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сенсорли баҳолаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, озиқланиш физиологияси каби фанлар доирасида малака оширилди. Бир нафар профессор ўқитувчимиз ГИЗ лойиҳаси доирасида амалий тадқиқот бўйича танлов ғолиби бўлди.
Бундан ташқари, институтда “Бухоро вилоятида халқаро стандартлар талаблари асосида ўлчаш воситаларига метрологик хизмат кўрсатиш тизимини яратиш” амалий лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил этади. Бунда вилоят халқ хўжалиги тармоқларида экспортбоп маҳсулотлар, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга халқаро талаблар асосида кўмаклашилади ҳамда халқаро андозалар асосида аккредитланган лаборатория ташкил этилади.
Институтимиз докторантлари ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича бир қатор инновацион лойиҳаларни амалга оширяпти. Жумладан, 2,5 млрд сўмлик “Маҳаллий ўсимликлардан фойдаланиб, халқаро стандарт талаблари асосида доривор экологик қўшимчали нон ва кондитер маҳсулотлари олиш” лойиҳаси ҳамда “Мақсадли цукат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясини яратиш”, “Миллий унли маҳсулотлар технологиясида маҳаллий фитоқўшимчаларни қўллаш” каби лойиҳаларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, институтимизда барча йўналишларда дуал таълим йўлга қўйилмоқда. Ҳозирда 220 нафар талабамиз дуал таълим асосида ишлаб чиқариш корхоналарида таҳсил олишяпти. Уларнинг 31 нафарини кимё ва озиқ-овқат йўналиши талабалари ташкил этади.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистоннинг мустақиллигини, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлашнинг гарови ҳисобланади. Аҳоли турмуш фаровонлигини ва даражасини янада ошириш, халқимизни озиқ-овқат билан тўлақонли таъминлаш масалалари озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис мамлакатимизда озиқ-овқат дастурини амалга ошириш асосида озиқ-овқат хавфсизлигини ижобий юксалтириш назарий асосларини ва устувор йўналишларини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш зарурати мазкур тадқиқот мавзусининг долзарблигини белгилаб беради.
Садоқат СИДДИҚОВА,
Бухоро муҳандислик технология
институти ректори.