Туганмас хазина

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланиб келинаётган бой маданий ва маърифий мерос билан ёшларимизни, мутахассисларни, профессор-ўқитувчиларни яқиндан таништириш, уларга мазкур ресурслардан тадқиқот объекти сифатида фойдаланишларига кенг имкониятлар яратиб берилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чоп этилган “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журнали, Беҳбудийнинг маърифий, таълим-тарбияга оид, мусулмонларни маданий ва замонавий билим олишга ундовчи мақолалари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Китоб — бебаҳо бойлик. Кутубхоналар — туганмас хазина. Фойдаланганингиз сари қиммати ошса ошадики, асло камаймайди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг қўлёзмалар, ноёб ва алоҳида қийматга эга нашрлар фондида сақланиб келинаётган XIII-XIX асрларда яратилган нодир қўлёзмалар, китоблар, альбомлар, энциклопедиялар, луғатлар ҳам шунақа. Улар нафақат маҳаллий, балки Марказий Осиё мутахассислари томонидан бой фондлардан бири эканлиги эътироф этилган. Шу билан бир қаторда, фондда сақланаётган илк чоп этилган газета ва журналлар тадқиқотчилар томонидан қизиқиб ўрганиладиган манбалардан бири ҳисобланади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Авлоний, Фитрат, Чўлпоннинг ҳаётлик даврларида нашр қилинган асарлари улар меросини ўрганишда катта аҳамиятга эга.

Туркистон маърифатпарварларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатнинг кўзини очмоқ, уни асрий қуллик кишанларидан озод этмоқ йўлида “Самарқанд” газетасини, “Ойина” журналини нашр қилган. Уларда эълон қилинган мақолалари орқали Туркистон мусулмонларини дунё аҳли аъмолидан огоҳ этди, тараққиёт ва озодликнинг ёрқин йўлларини кўрсатиб берди. Туркистон маърифатпарварлари орасида биринчи бўлиб ўзбек тилида “Падаркуш” номли драма яратди ва ўзбек драматургиясининг пойдеворини қўйди. Ўша давр мактаблари орасида янгилик саналиб, кўпчиликнинг эътиборини қозонган усули жадид мактабларининг биринчи назариётчи ва амалиётчиларидан бўлди.

Миллий кутубхонада сақланаётган “Туркистон вилоятининг газети”нинг 1908 йилги 22 июнь сонида Беҳбудий имзоси билан “Об открытии мусульманской библиотеки-читальни — мутолаахона” деган мақола босилган. “Самарқандда умумий мутолаахона — библиотека, читальний очмоқ учун ўн икки нафар муҳтарам кишилар ила бирга 27 бобдан иборат бир дастур, устаф тузиб, жаноб баланд даражалик Самарқанд губернаторига топшуруб эдукки, иншоолло, қонуннома жамияти мустаҳкам бўлди”, деб ёзади Беҳбудий.

Шундай қилиб, Самарқандда очилган биринчи мусулмон кутубхонаси катта бир шижоат, завқ-шавқ билан ишлай бошлайди. Зиёхонанинг китоб фонди ўзига яраша бойиб боради. Дастлаб бой ва савдогарлар бу жойга Қуръони карим ва бошқа диний китоблардан совға қилади. Кутубхонага меҳри тушиб қолган Самарқанднинг бой-савдогарлари иона ва хайриялар қила бошлади. Беҳбудий имзоси билан бундай саховатпеша ва маърифатпарвар кишиларнинг узундан-узоқ рўйхати берилиб, олқишлар билан ёзиб борилди. 1908 йилнинг охирларига келиб, кутубхона ишлари яхши изга тушиб кетади. Буни биз “Туркистон вилоятининг газети”нинг 1909 йил, 15 январда “Самарқанд китобхона ва мутолаахонаи исломиясининг 1908-чи йил ҳисобномаси” сарлавҳали Беҳбудий мақоласи орқали биламиз.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланиб келинаётган бой маданий ва маърифий мерос билан ёшларимизни, мутахассисларни, профессор-ўқитувчиларни яқиндан таништириш, уларга мазкур ресурслардан тадқиқот объекти сифатида фойдаланишларига кенг имкониятлар яратиб берилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чоп этилган “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журнали, Беҳбудийнинг маърифий, таълим-тарбияга оид, мусулмонларни маданий ва замонавий билим олишга ундовчи мақолалари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Туркистон жадидларининг раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари асос солган ва муҳаррирлик қилган биринчи миллий, ҳафталик, суратли журнал — “Ойина” фондимизда сақланаётган нодир нашрлардан биридир. Бу журнал ўлка халқларининг фикрий уйғонишига катта ҳисса қўшди. Туркистон ва Бухородан ташқари, Зиё Саиднинг кўрсатишича, бу журнал “Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияга тарқалар эди”.

Журналнинг биринчи сони 1913 йилнинг 20 августида дунё юзини кўрган (ҳижрий йил ҳисобида 1331 йилнинг 1 шавволи). Б.Газаров ва К.Слиянов литографиясида босилган. Жами 68 та сон чиққан. Охирги сони 1915 йилнинг 15 июнида чоп қилинган. Унинг илк сонидан жой олган Беҳбудийнинг “Туркистон” сарлавҳали мақоласида ўлканинг географик, маъмурий тавсифи берилган. Аҳолиси, вилоятлари, уезд ва санжоқлари ҳақида ёзилган. Унинг “Шердор мадрасаси” сарлавҳали мақоласи эса Шердор мадрасасининг юзага келиш тарихи, бинонинг тархи ва архитектура жиҳатидан ўзига хосликлари ҳақида маълумот беради. “Икки эмас, тўрт тил лозим” деган машҳур мақоласида Маҳмудхўжа Беҳбудий туркистонликлар ижтимоий турмуш шароитларига кўра, тўрт тилни билишлари лозимлигини далиллар билан исботлаган. Шунингдек, Васфийнинг “Танбеҳ ва баёни воқеъ” деган мадраса ва мударрислар тўғрисидаги; Миллийнинг “Илтижо” деган миллат аҳволи ҳақидаги шеърлари; Фахриддин Рожийнинг “Оина чист?” — “Ойина” журналига тавсифий баёни ҳамда шеъри ўқувчиларда қизиқиш уйғотган. Саҳобалар касб ва тижоратга қандай муносабатда бўлишгани ҳақидаги мақола, Усмонли доктор Басим Умар пошонинг “Тутун” номли асаридан қисқартириб берилган “Тутун ёинки тамоку” деган парча, банкдан майда қарз олиш тартиби ва оқибатлари тўғрисидаги Маҳмудхўжанинг “Майда қарз” (Мелкий кредит) каби ижтимоий, иқтисодий, фанний, жуғрофий, адабий материаллар журналнинг қизиқарлилигини оширган.

“Ойина” журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи ва тил-адабиёт масалалари, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Айниқса, тил масаласи муҳаррирнинг ҳамиша диққат марказида турди. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билиш шарт деб ҳисобларди.

Беҳбудий адабий танқидга катта эътибор берди. Навоийдан кейинги бир неча асрлик сукунатдан сўнг бу соҳанинг хусусиятларини таъкидлаб, адабиётда тенгҳуқуқлилик масаласини ўртага қўйди. Журналнинг 1914 йил №27-сонида “Танқид сараламоқдур” деб номланган мақоласи чоп этилган.

Адибнинг барча тарихий-илмий мавзудаги мақолалари ўтмишга камоли эҳтиром ва эътиқод билан ёзилгани боисидан Учинчи Ренессанснинг маданий пойдевори тикланаётган бугунги кун учун жуда зарурдир.

Умида ТЕШАБОЕВА,

Алишер Навоий номидаги

Ўзбекистон Миллий

кутубхонаси директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =