Ҳайнанга боринг, ҳайрон қоласиз

Ҳайнан — Жануби-Шарқий Хитой денгизининг ўртасидаги, тоғлар, тепаликлар, ўрмон ва чангалзорлардан иборат қиш бўлмайдиган, ям-яшил, баҳаво, қирғоқлари олтин қумли мафтункор орол экан. Аэропортдан меҳмонхонагача ўттиз чақирим йўл босдик. Кўчадаги лотинча, ивритча, кириллча ҳарфга кўзим тушмади, деярли хитой ёзуви — иероглифда ёзилган.
Самолёт шиддат билан юқорилай бошлади. Иллюминатордан пастга қарадим-у юрагим орзиқди. Тунги Тошкент чироқлари қоп-қора само қўйнидаги ёрқин юлдузлар каби ястаниб ётарди. Унинг гўзаллигига қараб кўз тўймас, завқ-шавқ билан узоқ термилиб, жонажон шаҳримни яна бир бор яхши кўриб кетдим…
Ўзи, Тошкент халқаро аэропорти хизматчиларининг самимийлиги, дилкашлиги, ҳозиржавоблиги, текширувларни осонлаштиргани кайфиятимни кўтариб юборганди. Қолаверса, Тошкент — Санъя йўналиши бўйича учаётган самолётнинг биринчи йўловчилари биз эканмиз, олқишлар билан кузатиб қўйишди. Янги самолётнинг янги ўриндиқларида хушнуд ўтирар эканман, хаёлимда гўзал фикрлар чарх ура бошлади.
Хитой беш минг йиллик тарихга эга буюк мамлакат. Қоғозни биринчи бўлиб хитойликлар кашф этган. Хитой ёзуви, ҳарфлари-иероглифлар беш минг йил олдин кашф этилган ва беш минг йил давомида бирор марта ўзгартирилмаган (бизда-чи, кейинги юз йил ичида неча марта ўзгартирилган – буни санаш керак). Бугунги хитойлик беш минг йил аввал ота-бобоси нима ёзганини бемалол ўқий олади. Бунинг аҳамияти жуда катта. Беш минг йил давомида тўпланган маънавий бойлик, маънавий ёдгорликларга ворис бўлиш, бу хазинага эга бўлиш учун қўлингда калит туриши қандай улкан ва бебаҳо бахт, шараф!
Бир пайтлар Хитойда шоирларга катта эҳтиром билан қарашган. Ҳатто шеър ёзишни билмаганларни давлат хизматига олишмаган. Шоирларни сўз заргарлари, инсон туйғуларининг моҳир куйчиси, одамлар қалбининг билимдони, хитой тилини юксакка кўтарувчи, адолатпарвар, ватанпарвар кишилар дейишган. Сўзни яхши ҳис қилмаган, икки оғиз сўзни эплаб ёзолмаган, одамлар туйғуларини, изтиробларини билмаган одам давлат ишхонасида амалдор бўлиб ишлашга нолойиқ дея ҳисобланган. Шеърият танловлари ўтказилиб, ғолиб шоир амалдор этиб тайинланар экан. Ўнинчи асрдаёқ оммавий тарзда китоб чоп этган (Европа орадан 850 йил ўтиб, Иоан Гутенберг хатти-ҳаракатлари орқали китоб чоп этишга эришган).
* * *
Ҳайнан оролининг Санъя шаҳрига келиб қўнди. Димоғимга тоза ҳаво урилди. Тўйиб-тўйиб нафас ола бошладим. Бу оролнинг ҳавоси тозалик жиҳатидан бекорга Ер юзида иккинчи ўринда туради (биринчи ўринда Гавайи ороллари) дейишмас экан. Ўзбекистон самолёти биринчи марта тўғридан-тўғри Санъя шаҳрига келиб қўнгани шарофатига хитойликлар гулчамбарлар билан кутиб олди.
Чангалзорлар оралаб
Ҳайнан — Жануби-Шарқий Хитой денгизининг ўртасидаги, тоғлар, тепаликлар, ўрмон ва чангалзорлардан иборат қиш бўлмайдиган, ям-яшил, баҳаво, қирғоқлари олтин қумли мафтункор орол экан. Аэропортдан меҳмонхонагача ўттиз чақирим йўл босдик. Кўчадаги лотинча, ивритча, кириллча ҳарфга кўзим тушмади, деярли хитой ёзуви — иероглифда ёзилган. Онда-сонда рус тилидагиси чиқиб қолади. Оролга бир йилда дунёнинг олти қитъасидан 83 миллион сайёҳ ташриф буюради, уларга енгиллик бўлиши учун, лотин, кирилл ҳарфлари ишлатилиши керак эди, лекин хитойликлар ўз тилларини, ўз маданиятларини шу қадар қаттиқ ҳимоя қилишар эканки, бегона ҳарфларга ўрин қолдирмас экан. Ўзимизнинг кўчаларда эса… ўзингизга маълум.
Меҳмонхона ошхонасида овқатлар хитойча. Аммо атроф жуда гўзал. Кўча ғуж-ғуж дарахт, ял-ял товланган чаманзор, қип-қизил алвон гулларга бурканган, анвойи ҳидлари димоқни қитиқлайди. Шаҳар, уйлар, бинолар, кўчалар гулларга, дарахтларга, чечакларга қоришиб кетган, йигирма тўрт қават бинонинг тепасига қарасангиз, бино томида дарахтлар гуркираб ўсиб ётибди, йўлларга қарасангиз, йўлнинг ўртасидан қип-қизил гулзор ўтган, шаҳар маркази қаерда деб изласангиз, қирқ қаватли бино олдида қоялар қад ростлаб турган бўлади. Оромбахш хиёбонлар, тошқин дарёлар, кўм-кўк кўлларнинг сон-саноғи йўқ.
Табиат ва инсоннинг бу қадар чамбарчаслиги, уйғунлиги ҳавас уйғотди. Ҳайнан кичкина орол бўлишига қарамай, мингдан ошиқ юз ёшдан ошган инсон яшаркан. Бир қария онахон билан суҳбатлашсам, “Онамни кўришга кетяпман”, — деди. Ие, бу кампирнинг онаси ҳам бор экан, ўзи кекса бўлса, онасининг кўриниши қанақа экан, онаси неча ёшда экан, онасини бир кўриб, юз ёшли Зулайҳо ҳожи онамнинг саломини етказиб қўяй деб, таксига ўтириб, унинг онасини кўришга бордим, афсуски, онаси ўзининг онасини кўришга кетган экан. Аммо борганимга пушаймон бўлмадим. Шу баҳона, кекса онахон билан анча гурунглашдик. Кекса онахон табиат ҳақида қизиқ воқеани гапириб берди: Унинг айтишича, бир пайтлар Ҳайнанда овчилик ривожланган экан. Ҳайнан ўрмонларида, чангалзорларида бўри, тулки, айиқ, қоплон, кийик, йўлбарс, хуллас, ёввойи ҳайвонларнинг ҳамма тури бор экан.
Кекса онахон яна шундай ривоятни сўзлаб берди: Бир моҳир овчи бир кийикнинг изига тушибди. Кун бўйи ортидан қувибди. Ниҳоят, кийик боши берк дарага кириб қолибди. Қочишга йўл қолмабди. Овчи камонни чўзиб энди отаман деганда, кийик соҳибжамол қизга айланиб қолибди. Қиз шу қадар латофатли, шу қадар гўзал, шу қадар жозибадор эканки, овчи қизни бир кўргандаёқ ошиқи беқарор бўлибди. Қилаётган зулми учун қизнинг қаршисида тиз чўкиб кечирим сўрабди, ялиниб ёлворибди. Кунлар ўтиб, севги изҳор қилибди, хуллас, икки ёш тўй қилиб, бахтли яшабди. Шундан буён овчилар табиатни асраб авайлайдиган, табиатдаги жонзотларга меҳру муҳаббат билан қарайдиган бўлибди.
* * *
Ҳайнан кўчаларидаги таксилар электромобилларга алмаштирилган. Электромобиллар қувват олиш учун соатлаб турмайди. Қуввати тугадими, дарҳол автопаркка боради, уч дақиқада батареялар алмаштирилади, ишга чиқиб кетади. Олдиндан айтиб қўяй, хитойликларнинг ҳаммаси ҳам авлиё эмас, пайти келса, бирпасда пулингизни қоқиб олади. Бир таксига ер ости дўконига олиб бор, деган эдим, 50 юань сўради. Бу бизнинг пулга тахминан 80-90 минг сўм бўлади. “Хўп” дедим. Таксига ўтириб, нафасимни ростламасдан етиб келдик. Ер ости дўкони мен турган меҳмонхонадан бор-йўғи уч-тўрт чақирим жойда экан.
Ҳайнандаги ер ости дўкони эллик метр чуқурликда жойлашган, узунлиги тўрт километр, беш қаватдан иборат дўкон. Айланишга эринмасангиз бўлди, ҳамма нарса бор. Ёрлиқлардаги нархларга ишонманг, савдолашсангиз, ярим нархига олишингиз мумкин.
* * *
Ҳайнанликлар ҳиёбонларда мусиқани баланд қўйиб, эртадан кечгача жисмоний тарбия билан шуғулланадилар. Қатор турган одамларнинг сафига қўшилиб сиз ҳам жисмоний тарбия билан шуғулланишингиз, чарчаганингиздан кейин аста йўлингизга равона бўлишингиз мумкин.
Умуман олганда, хитойликлар дунёда энг қиммат нарса соғлиқ деб билар эканлар, соғлиқ улар учун доимо биринчи ўринда экан, қўша-қўша уй солиш, қимматбаҳо кийимлар кийиш, тилло-ю зарга бурканиш, гумбурлаган тўйлар қилиш, ҳашаматли машиналар олиш ҳамиша кейинги ўринларда турар экан. Бу ибратли биз учун.
“Сўнгги нафасгача илм оламиз”
Санъя шаҳридаги ўрта мактаблардан бирига бордим. Мактаб пештоқларига осиб қўйилган шиорларга кўзим тушди. “То тирик эканмиз, ўқиймиз, изланамиз, сўнгги нафасгача илм оламиз”. “Дарс қолдиргандан ўлган яхши, то танангда қувват бор экан, ўқи, танангда заррача мадор бўлса, ўқишга сарфла”. “Сен нафасингни ростлагунча, бир неча қадам ортда қолдириб кетишади, буни истамасанг, бор кучинг билан олдинга интил, дам олишга фурсат йўқ”.
Ўқув йили Хитойда биринчи сентябрдан бошланиб, болалар биринчи синфдан то ўн иккинчи синфгача ўқишар экан. Бир синфда элликтача бола ўқийди. Ўқувчилар деярли эртадан кечгача мактабда бўлишаркан. Биринчи синфдан олтинчи синфгача саккиз соат, олтинчи синфдан тўққизинчи синфгача ўн соат, тўққизинчи синфдан ўн иккинчи синфгача ўн икки соат дарс билан машғул экан. Уйга кетганда ҳаммасига уйда тайёрланиш учун қўшимча вазифа берилар экан. Ўқитувчининг ўқувчини уришига (таёқ билан қўлига) давлат томонидан рухсат берилган экан. Ёзги таътил бизга ўхшаб уч ой эмас, ўн кун атрофида экан…
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.): “Саёҳат қилинглар, саломат бўласизлар”, деганлар. Ёзганларимдан мақсад, сизларни сафарга, саёҳатга чорлашдир. Ўзимизнинг Бўстонлиқ, Кумушкон, Зомин, Эртош, Нанай, Хива, Бухоро, Самарқанд ҳам гўзал гўшалардан ҳисобланади. Дубай, Қатар, Истанбулга бориш ҳам анча арзонлашди. Саёҳатга чиқинг, ҳаво алмаштирасиз, дунёқарашингиз кенгаяди, ўз ҳикоянгизни яратасиз.
…Хитойликларнинг жуссалари кичкина, кийими оддий. Айтайлик, чўнтагида юз минг юань бўлса ҳам, футболка, кроссовка, пахталик шалпиллаган шимда юришади…
Хитой чойнинг ватани бўлишига қарамай, хитойликлар чой кўп ичмайди, аммо чойни кам ичишса ҳам жуда қимматбаҳо ичимлик ичаётгандай, кичкинагина чашкада тантана ва виқор билан ичишади. Агар уларнинг олдида чойга шакар қўшсангиз, ўзбекнинг олдида шўрвага мураббо қўшганингиздай гап экан.
Қизил ранг хитойликларнинг севимли ранги. Улар учун қизил ранг бахт, муҳаббат, омад тимсоли. Шунинг учун ҳар бир хитойликнинг хонадонида қизил шарлар, қизил аждарҳоларнинг суратлари, ясама тулумлари осиғлиқ туради. Биз болалигимизда таққан қизил галстукларни, пионер галстукларини хитойлик ўқувчилар ҳали-ҳамон тақишади. Қизлар никоҳ куни қизил либосларга, ҳашаматли қизил кўйлаг-у қизил чачвонларга бурканишади. Бизнинг тўй куни киядиган оқ либосларимизга, фаталаримизга кафанликка қарагандай қўрқув ва ваҳима билан қарашади.
Хитойликлар овқатни чапиллатиб ейди. Қанчалик қаттиқ чапиллатсангиз, демак, овқат шунчалик ширин. Индамай есангиз, демак, овқат бемаза бўлган, демак, ошпаз ношуд, индамай ейиш овқатнинг бемаза эканлигини индамай айтишдир, деб тушунадилар.
Савдо-сотиқда, ошхона, кафе, таксида доллар ишлатилмайди. Сизни ҳам ишлатишга қўймайди, доллар ҳеч жойда ўтмайди. Доллар фақат давлат банкларида юанга алмаштириб берилади.
Тарихий маълумот. Қоғоз пулнинг ватани Хитойдир. Бу ўлкада эрамиздан аввалги биринчи асрда қоғоз пул муомалага чиққан.
Хитойда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат қатъий йўлга қўйилган. Хитойлик аввал ота-онасининг ҳурматини жойига қўяди, еб-ичиради, кийинтиради, жами эҳтиёжини таъминлайди, сўнгра боласига қарайди, боласининг кўнглини овлайди. Бу қатъий қонун сифатида йўлга қўйилган.
Ҳақиқатан ҳам, хитойликлардан кўп нарсани ўргансак бўлар экан. 1949 йилда Хитой аҳолисининг 90 фоизи саводсиз, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмаган. Ҳозир-чи, улар интеллектуал салоҳият бўйича дунёда энг олдинги ўринларда туради. 1980 йилларда хитойлик ёзувчилар Тошкентга келиб, оғзи очилиб қолганлигини, кийим-кечак, озиқ-овқатларни сумкалари тўлганича олганлигини ўз кўзим билан кўрганман. Хитой кўз ўнгимизда, қирқ йил, эллик йил ичида дунёдаги энг қудратли, энг буюк, энг бой давлатлардан бирига айланди. Ривожланиш сирларини буюк давлатлардан ўрганайлик! Хитойликларнинг меҳнатсеварлигини, илмга, кашфиётларга, ривожланишга, тараққиётга чанқоқлигини ўрганайлик!
Жадид боболаримиз Европага илм ўрганишга, уларнинг тараққиёт сирларини ўзлаштиришга, ҳаётимизга татбиқ этишга уринишган. Қачонгача ўзимизни ўзимиз ёлғондан алқаб, биз ҳаммадан зўрмиз деб ўтирамиз?
…Ҳаш-паш дегунча саккиз кун ўтиб кетди. Мана, Ҳайнан билан хайрлашиш фурсати келди. Хайр, гўзал денгиз, мафтункор боғлар, чакалакзорлар! Хайр, хушҳаво сайилгоҳлар, осмонўпар бинолар! Хайр, буюк тараққиётга қадам қўйган Ҳайнан!
Самолётимиз Тошкент аэропортига қўнгач, йўловчилар чапак чалиб юборди. Тошкентнинг бўғиқ, чанг ҳавоси димоғимизга урилди.
Танишларимга хитой юанларидан, тангаларидан совға улашдим. Бунинг ирими бор. Кимда қайси давлатнинг пули бўлса, бу пул уни ўша мамлакат сари етаклайди. Мен ҳам яхши ниятда дўстларимнинг Хитойга боришлари учун чўнтакларига сафар уруғини қададим.
Бугунги кунда Хитойда қоғоз пул камдан-кам ишлатилади, туристлар ишлатмаса, ҳеч кимнинг қўлида пул кўрмайсиз. Ҳатто пластик карта кўрмайсиз, смартфонларда “QR код”лардан фойдаланиш эски усул. Хитойлик дўкондан озиқ-овқат ё кийим-кечак харид қилса, касса олдидаги махсус ускунанинг олдига боради, ускуна харидорнинг кўзи ё юзини суратга олиб, ҳисоб-рақамидан керакли суммани ечиб олади.
Хитой юанларининг ҳаммасида Мао Цзедуннинг сурати бор.
Тошкентга келганимдан кейин берилган биринчи савол, хусусан, Зулайҳо хожи онамнинг саволи: “нима единг, нима ичдинг, очқаб қолмадингми, улар қурт-қумурсқаларни ейишар экан” сингари саволлар бўлди. Ҳа, ҳақиқатан, улар товуқ панжасини, маймуннинг миясини, кўршапалак шашлигини, итни, чўчқани, гулни, илдизни, чигирткани, илонни, каламушни, сичқонни, хуллас, қимирлаган жонзот борки, ҳаммасини ер экан. Ҳатто, қалдирғоч инидан шўрва қилишар экан. Аммо шуни яхши билиш керакки, Ер юзидаги ҳар беш кишининг бири хитойлик, уларнинг сони Хитойнинг ўзида бир миллиард тўрт юз миллион бўлса, қолган мамлакатларда яшовчи яна олти юз миллионга яқин хитойликни қўшганда, жами икки миллиардга етади. Улар хитой таомларидан бошқасини яхши демайди, хитой таомлари дунёдаги энг яхши таом дейди. Нима ҳам дердик?!
Оила — муқаддас қўрғон
Хитой Таиланд, Бали, Вьетнамга ўхшамас экан. Севги тартиб-қоидалари қаттиқ назорат остида. Бу ерда, жилови бўш хитой аёлини учратмайсиз. Ҳатто, Хитой университетларида қизлар алоҳида ётоқхона биносида, ўғил болалар алоҳида ётоқ биносида яшашар, қизлар биносига бирор ўғил болани, ўғил болалар биносига бирор қиз болани киритмас экан.
Оила қурмоқчи бўлса, биздагидек келинникига совчи юборилар экан. Ота-онаси ёки қариндош-уруғлари бирор қизни тавсия этишар, йигит ва қиз авваллари бир-бирини кўрмаган бўлса ҳам, учрашганларидан кейин бир-бирига ёқса, оила қуриб кетишаверар экан. Албатта, агар севгани бўлса, севганига уйланар экан. Хитойликлар учун оила энг муқаддас қўрғон ҳисобланар, агар йигит ва қиз учрашса, шунчаки кўнгилхушлик учун эмас, оила қуриш учунгина учрашар экан.
Хитойликлар учун бола азиз, аммо ота-она ундан азиз. Ота-онага қарамаслик, ғамхўрлик қилмаслик, қаровсиз қолдириш, қариялар уйига топшириш, ташлаб кетиш энг катта шармандалик ҳисобланар экан. Бундай фарзанд жамоатчилик лаънатига дучор бўлар экан. Хитойда жамоатчиликнинг фикри жуда катта аҳамиятга эга, ҳатто ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Маълумки, Европада инсон бу шахс, унинг ўз дунёқараши, ўз фикри, ўзининг дахлсиз олами бор. Европалик мен биттаю битта яратилганман, ҳеч кимга ўхшамайман, ўхшашни истамайман, дейиши мумкин. Аммо хитойлик ундай демайди ва деёлмайди. Агар деса, у худбин ҳисобланади ва жазоланади, яккамоховга ўхшаб қолади. Хитойликлар жуда аҳил ва қаерга борса, дарҳол бирлашади, тўп-тўп бўлиб яшайди. Шу сабаб Америкада ҳам, Англияда ҳам, Россияда ҳам, қайси давлатга хитойлик борган бўлса, “Чайна таун” — Хитой кварталлари бор. Аслида, хитойлик деган миллат йўқ. Хитойлик дегани Хитой фуқароси дегани. Хитойда 206 тилда сўзлашувчи 56 хил миллат ва элат вакиллари яшайди ва шуларнинг ҳаммаси умумий маънода хитойлик дейилади. Хитойда беш юз-олти юз йилдан буён яшаётган ўзбеклар ҳам бор ва улар билан бемалол ўзбекча гаплашиш мумкин.
“Оғзимдан бол томиб, нега Хитойни мақтаяпман? Улардаги ақл бовар қилмас тараққиётни ўрганайлик, деяпман, холос. Қолаверса, Хитойнинг ўзида 60 фоиз ер майдони ўзлаштирилмасдан, одам оёғи етмасдан эгасиз, ёввойи ҳолатда ётибди. Ўнлаб осмонўпар бинолари бор шаҳарлар одам йўқлигидан ҳувиллаган, бўм-бўш. У ерда одам яшамайди. 22 миллион янги қурилган уй кимсасиз, бирор зот яшамайди, одам яшашига муҳтож. Яшайдиган одам йўқ. Қолаверса, Хитойда бир мақол бор: “Бошқалар сенга қандай муносабатда бўлишини хоҳласанг, сен уларга шундай муносабатда бўл”.
Албатта, Хитойда ҳам муаммолар тиқилиб ётибди. Масалан, Америка, Европа университетларини битираётган хитойлик вундеркиндларнинг ўнтадан саккизтаси Хитойга қайтиб бормаяпти. Мен шунчаки саёҳат таассуротларим билан ўртоқлашаяпман, холос.
Яна Хитойда ҳайратлантирган нарса, хитойликларга уч-тўрт оғиз хитойча сўз айтган эдим, мамнун бўлиб чапак чалишгани мени хурсанд қилди. Мана, ҳақиқий ватанпарварлик. Мана тилга эҳтиром, миллатга эҳтиром!
Юқорида айтганимиздек, улар таълимга жуда қаттиқ эътибор беришади. Университетга кириш учун битта жойга икки юзта бола имтиҳон топширади. Энг юқори балл олган болагина ўқишга қабул қилинади.
Кўрган-билганларимни баён қилдим, ўқиб уқинглар, дегим келди, холос.
Муҳаммад ИСМОИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.