Нур сочаётган юлдуз

Ниҳоят, Ҳиндистоннинг машҳур шаҳри Аграга етиб келдик. Бир вақтлар Бобурийлар сулоласининг пойтахти бўлган бу тарихий шаҳар Буюк Акбар номи билан тарихда ном қолдирган Бобурнинг набираси Шаҳаншоҳ Жалолиддин Акбар қурдирган Фатхпур Секрийдаги Қизил қалъа ва унинг авлоди Шоҳ Жаҳон барпо этган, етти мўъжизанинг бири сифатида дунёда донг таратган, муҳташам, улуғвор, Ҳиндистоннинг рамзи ва айни чоғда инсон ақлини лол қолдирадиган даражадаги маҳобатли обида — Тож Маҳал билан машҳурдир.

Мана, бир неча ўн йилдирки, мен ҳам Ҳиндистонга борсам, буюк ватандошимиз, шоҳ ва шоир, атоқли саркарда Бобур ва унинг авлодлари қурдирган меъморий обидаларни, хусусан, Тож Маҳални кўрсам, деган фикр миямни чулғаб олган эди.

Хаёлимда уни ўзимча тасаввур қилар, қалбимдаги интиқлик ҳисси ҳаяжонга айланиб, бир зумга бўлса ҳам мени тарк этмасди. Ниҳоят, тонг саҳарлаб сайрбонимиз Депек Шарма иштирокида йўлга тушдик. У йўл-йўлакай Бобур ва унинг авлодлари ҳақида завқ ва шавқ билан сўзлар, талаффузидан унинг ватандошларимизга, айниқса, Бобур ва Буюк Акбарга ҳурмати яққол сезилиб турарди. Унинг фикрича, Бобур дунёда тенгсиз шоҳ ва саркарда, Жалолиддин эса ҳиндларнинг буюк шоҳи. Шу сабабли унга Акбар номи берилган ва ҳозирги кунда ҳам унинг номига Буюк сўзи қўшиб айтилади. Ёши тахминан 30-35 ёшли бу ҳинд сайрбони тарихни ва рус тилини пухта билиши билан бизни қойил қолдирарди. Суҳбат гоҳида баҳсли мунозаралар билан тугар, сабаби, ҳозирда ҳам Ҳиндистонда Бобурийлар буюк мўғуллар деб нотўғри таърифланишида эди.

Биз кўзланган манзилга етиб келдик ва машинамиздан тушиб, бу ердаги қоидага кўра электромобилга чиқиб, Тож Маҳал меъморий ёдгорлиги томон юрдик.

Бу машҳур мақбара ҳақида кўп­лаб мақолалар ёзилган ва бундан кейин ҳам ўзининг табиий гўзаллиги билан жаҳон аҳлини ҳали-ҳануз лол қолдираётган муҳташам ёдгорлик ҳақида турлича фаразлар ҳамда илмий мақолалар ёзилишига асло шубҳа қилмайман. Чунки бу тарихий обида ҳар бир саёҳатчида ўзгача фикр, ўзгача таассурот уйғотиши шубҳасиз.

Тож Маҳал Бобурийлар сулоласининг вакили Шоҳ Жаҳон томонидан суюкли рафиқаси Аржуманд бону — Мумтоз Маҳал бегимга атаб қурдирилган. Айрим тарихий манбаларда қайд этилишича, унинг тарҳини чизишда шахсан Шоҳ Жаҳоннинг ўзи ҳам иштирок этган. Хаёлимда ғужғон ўйнаётган бу фикрларни бир зумга тўхтатиб, электромобилдан тушдик.

Мен боя айтганимдек, Тож Маҳални ўзгача тасаввур этар эдим. Хаёлимда у алоҳида мақбара, ҳеч қандай дарвозадан кирилмайди, деб ўйлардим. Янглишган эканман. Сайёҳлар оқими ортидан юрар эканман, бир неча бор текширишлардан ўтгандан сўнг маҳобатли дарвоза олдига етиб келдик. Маҳаллий аҳоли уни Дарвозаи Рауза деб атар экан. Уни бошқача айтганда, мақбарага кириш дарвозаси, деб аташ ўринли бўлса керак. Чунки Тож Маҳалга шу дарвоза орқали кирилади. Дарвоза олдида жуда катта яшил майдон бўлиб, унинг четида ярим айлана шаклидаги қатор иншоотлар қад ростлаган. Кўм-кўк майдонда 400 ёшли баньян дарахтлари сайёҳларга салом бергандек шохларини сал эгиб турарди. Сайрбоннинг айтишича, Тож Маҳални қуришда иштирок этган 20 мингга яқин киши шу биноларда яшаган. Дарвоза тепасининг олд ва орқа томонларида 11 тадан гумбазлар саф тортиб турарди. Бу эса муҳташам ёдгорлик неча йиллар давомида қуриб битказилганлигини англатар экан. Дарвозадан ичкарига кирар эканман, тўғрида мен кўришни неча йиллар орзу қилган Тож Маҳал ўзгача фусункор ҳолатда турарди. Ўз чиройини намойиш этиб турган бу мақбара оқ мармардан ишланган бўлиб, тўрт чеккасида соқчилардек турувчи ўнг томонга бироз қийшайган 42 метрлик тўртта минора. Ўртада эса келинчакдек товланиб турган оппоқ гумбазли Тож Маҳал!

Тўғрисини айтсам, унинг чиройини таърифлашга, гўзаллигини тараннум этишга сўз бойлигим етмайди. Дарвоза зиналари бўйлаб пастга тушар эканмиз, Тож Маҳал олдидаги қатор арчалар ўртасидаги 50 дан ошиқ фавворалар ўрнатилган ҳовузга кўзимиз тушди. Ҳовуз ёқалаб юрар эканман, Тож Маҳалнинг икки томонида мадраса (масжидлар) кўриниб турарди. Чап томонда подшоҳлар, ўнг томондаги масжидда эса ўша даврда оддий одамлар намоз ўқиган. Ҳозирги кунда ҳам фақат пешинда икки соатга масжидлар ишлаб турар, намозхонлар намоз ўқишига рухсат берилар экан. Бир кунда Тож Маҳални зиёрат қилгани ўрта ҳисобда 50-60 минг, кузда эса 100 мингга яқин сайёҳ келар экан. Тож Маҳал фақат оқ мармардан ишланган бўлиб, эрталаб пушти, кундузи оқ, кечки пайт олтин рангда товланиб тураркан. Тарихий обидани безатишда 28 хил қимматбаҳо тошлар (зумрад, ёқут, гавҳар ва ҳоказо) дан фойдаланилган. Тож Маҳални қуришда Эрон, Туркия, Туркис­тон ва дунёнинг жуда кўп бошқа давлатларидан усталар иштирок этган.

Тож Маҳал 1631 йилда Шоҳ Жаҳоннинг суюкли хотини Аржуманд бону — Мумтоз Маҳал бегим вафотидан 6 ой ўтгач, қурила бошланади ва 1653 йилда тўлиқ қуриб битказилади. Айрим манбаларда бундан камроқ йил (масалан, 15 йилга яқинроқ) ҳам кўрсатилган. Менимча, бу ҳам тўғри фикр бўлса керак. Бироқ унга сайқал бериш ишлари давом этган бўлиши табиий. Ривоятларда ёзилишича, ақлли ва доно, гўзалликда тенгсиз малика ўлими арафасида унга атаб тенгсиз обида қуришни васият қилган. Шоҳ Жаҳон суюкли рафиқасининг тилагини амалга оширган.

Аҳамиятлиси шундаки, бу тенгсиз мақбара тўрт томонидан ҳам бир хил кўринади. Мақбара ичида ўртада Мумтоз Маҳал бегим, ёнида эса Шоҳ Жаҳоннинг рамзий қабрлари (асосийси пастда) жойлашган. Аржуманд бону бегимнинг қабри кичикроқ, чап томонда жойлашган. Шоҳ Жаҳоннинг қабри каттароқ.

Шоҳ Жаҳон бу ерга кейинроқ, бино қурилиши тугаллангандан сўнг ўғли Аврангзеб томонидан дафн этилган. Шу сабабли ички симметрия бироз бузилган. Мақбара Жамна (Ямуна) дарёсининг ёнида барпо этилган.

Сайрбон Депек Шарманинг айтишига қараганда, мақбара асосини қизил ёғоч (ёки қовоқ дарахти) ташкил этади. У доимий равишда дарё сувидан озиқланиб туради. Шу сабабли ҳукумат дарё сувига ниҳоятда катта эътибор беради. Дарёнинг ўнг томонида қурилиши бош­ланган, яъни Шоҳ Жаҳон ўзига атаб қурдирмоқчи бўлган мақбаранинг асоси кўзга ташланади. Мақбара қурилиши Авранг­зеб даврида тўхтатиб қўйилган. Чунки Тож Маҳал қурилишига ҳаддан зиёд кўп маблағ сарфланган…

Ҳозирги кунда Ҳиндистоннинг фахрига айланган Бобур ва Бобурийлар қурдирган муҳташам саройлар, мақбара ва масжидлар қалбимда ички ғурур ҳамда авлодларимизга бўлган ҳурмат ҳиссини янада оширди ва биз Аградан Деҳли томон йўлга тушдик. Буюк аждодимиз Бобур ҳазратлари ўз ғазалларининг бирида шундай деган эдилар:

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки,

                                           бундин яхши йўқ,

Ким, дегайлар даҳр аро қолди

                                    фалондин яхшилиқ.

 

Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бори элга яхшилик қилган Бобур ва Бобурийлар нафақат бизнинг, балки дунёнинг фахрига айланган. Улар қурдирган обидалар эса башарият қалбида эзгуликка чорловчи маёқ сифатида нур таратиб тураверади.

Тож Маҳал эса самодаги энг ёруғ юлдуз каби нур сочиб тураверишига ишонаман. Зеро, Шоҳ Жаҳоннинг ўзи бу обида ҳақида шундай деган экан: “Ер юзидаги одам боласи буни бунёд этишга қодир эмас, бунинг шакли-шамойили осмондан туширилгандир”. Эдвард Лир деган инглиз арбобининг фикрини ҳам ўқиб кўринг-а: “Аҳли дунёни икки тоифага бўлиш мумкин, биринчиси Тож Маҳални кўрганлар, иккинчиси — кўрмаганлар” (А.Иброҳимов. “Бобурийлар мероси”).

Фикримча, буюк аждодимиз Бобурийлар томонидан қурилган ва Ҳиндистон рамзига айланган бу муҳташам обидага бундан ортиқ таъриф бўлмаса керак…

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =