Истеъмол маданияти

унга эга бўлиш учун тарбия оиладан бошланиши керак!
Миср пирамидаларининг бирида шундай ёзув бор экан:
“Одам истеъмол қиладиган овқатининг тўртдан бир қисми ҳисобига ўзи ҳаёт кечиради. Тўртдан уч қисми ҳисобига эса уни даволайдиган табиб кун кўради!”
Қадимда ҳам овқатланиш билан боғлиқ хасталиклар мавжуд бўлиб, бу ҳол бугунги давргача давом этаётгани аён. Лекин ҳақиқат шуки, ўтмишда одамлар мусаффо ҳаводан нафас олишган, доимий равишда жисмоний ҳаракат қилишган, бу эса ўз-ўзидан овқат ҳазмини тезлаштирган. Мутахассислар бот-бот огоҳлантирмоқда, эндиликда камҳаракатлилик ва экологик аҳволнинг ёмонлиги, шунингдек, организм мослашмаган егуликлар хилма-хиллиги тобора ортаётгани туфайли кўпинча ейилган таомнинг (айниқса, меъёрдан ортиқ истеъмол қилинганининг) ҳазми оғир кечиб, турли касалликларга сабаб бўлади.
Ўзимизга парвариш зарур
Аслида, ғалати феълимиз бор. Ҳовлимиздаги дарахт ва гулларни меҳр билан парваришлаймиз, куя тушмасин деб кийим-кечакларни авайлаб-асраймиз, қимматбаҳо буюмларга гард юқтирмасликка ҳаракат қиламиз. Лекин ўзимизга қолганда… шунчалик эътибор ҳамда вақт ажратмаймиз. Ахир бизнинг ҳам вужудимиз ва руҳиятимиз парваришга муҳтож. Узоқ умр кечиришни орзу қиларканмиз, ўз соғлиғимиз ҳақида қайғурмай туриб бунга эришиб бўлмайди, шундай эмасми?
Қадимги табиблар меъдани тозалаб туриш ва тез-тез қон олдиришни узоқ яшаш омили деб ҳисоблашган экан. Кўплаб алломалар масаланинг бошқа жиҳатига эътиборни қаратишган. Масалан, Аҳмад Дониш: “Овқатланиш қоидаларига амал қилган киши 120 йил яшайди”, дейди. Маҳатма Ганди эса 1000 хил касалликнинг 999 тасини тўғри овқатланиш орқали даволаш мумкинлигини айтади.
Тўғри овқатланиш, аслида, танамизга керакли куч-қувват ва зарур витаминларни етказиб берувчи таомларни танлашдан иборат. Нутрициология (овқатланиш ҳақидаги фан) мутахассисларининг таъкидлашларича, вужуддаги соғлом ҳужайраларни зарарловчи эркин радикалларнинг ишга тушишига шароит яратиб берувчи асосий омил сифатсиз егуликлар билан овқатланиш экан.
Биз кўпинча дўконга кирсак, пештахтанинг энг юқорисидан жой олган ярқироқ идишлардаги егуликларга маҳлиё бўламиз, ҳатто қиммат бўлса-да, харид қиламиз. Бундай қадоқланган маҳсулотларнинг организм учун нафи камроқ. Танани тўла қувват билан таъминлаш учун ўз тупроғимизда етиштирилган сархил мева-сабзавотлардан тайёрланган озиқ-овқатларни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали эканлиги маълум.
Истеъмол маданияти, аслида, саломатлигимиз учун хизмат қиладиган озиқ-овқатлар ҳақидаги билимга эга бўлишимиздир. Ана шундагина улардан оқилона фойдаланишимиз мумкин.
Озиқ-овқат маҳсулотларини сифат жиҳатдан тўғри танлай олишимиз зарур. Маълумки, консерваланган, денатурланган, рафинирланган, умуман, клетчаткаси (озиқ толалари) бўлмаган, минерал тузлари ва витаминлари кам егуликларни меъда яхши қабул қилмайди. Бизга четдан келтирилаётган кўплаб егуликлар қадоқланган идишлардаги рақамли белгилар алоҳида мазмунга эга эканлигини шу соҳа мутахассислари аниқлашган. Уларнинг айтишларича, хорижнинг йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компаниялари ва филиаллари айнан битта маҳсулотнинг учта тоифасини сотувга чиқаради. Яъни, биринчиси ички бозорда сотиш учун сифатли, иккинчиси ривожланган давлатларга экспорт қилиш учун юқори сифатли ва учинчиси ривожланаётган давлатларга сотиш учун паст сифатли маҳсулотлар чиқарилиб, айнан охирги тоифадаги маҳсулот таркибида инсон соғлиғига зарар етказувчи консервантлар (қўшилмалар) бор.
Нутрициологлар таъкидлашларига кўра, зарарли консервантлар “Е” ҳарфи ва уч хонали сон билан белгиланади. Уларни харид қилаётганда ҳарф ва рақамларига эътибор бериш муҳим. Масалан, Е-250 — қон босими бор бўлганда истеъмол қилиш мумкин эмас. Е-320 — таркибида холестерин кўп. Е-340, Е-453 ҳарф ва рақамлари эса ейилган овқатнинг ичакларга сўрилишини сусайтиришини билдиради.
Шундай экан, егуликларни танлаш ва истеъмол қилишда ҳушёр ва сергак бўлишимиз зарур. Негаки, бу саломатлигимиз учун жуда муҳим.
Таомларга оид тадқиқотлар
(Олим билан шу мавзуда суҳбат)
Бугунги тезкор даврда ҳамма қаергадир шошади: ишга, ўқишга ёки бирор хизматга… Вақтни тежаш мақсадида йўл-йўлакай овқатланиш ҳоллари кўп учрайди. Бунинг учун деярли барча бекатлар ёнида фаст-фудлар билан савдо қилувчи шохобчалар мавжуд. Уларнинг борлиги, албатта, яхши, чунки бир зумда нимадир еб олиб, яна йўлда давом этиш мумкин. Кўча таомлари ҳисобланган гамбургерлар, сендвич, пицца, хотдог кабилар, айниқса, ёшлар орасида жуда оммалашиб кетгач, тиниб-тинчимас олимлар уларнинг саломатликка фойда-зарарини тарозига солиш мақсадида бир қанча тадқиқотлар ўтказишибди. Суҳбатимиз чоғида биология фанлари доктори, профессор Шониёз Қурбоновга ўзимни қизиқтирган савол билан мурожаат этдик.
— Соғлом овқатланишга оид кўплаб мақолалар муаллифи сифатида бундай тадқиқотлар натижасидан хабардор бўлсангиз керак-а?
— Аслида, фаст-фуд маҳсулотларини истеъмол қилиш ёмон ҳолат эмас. Лекин ҳар нарсада меъёрни унутмаслик лозим. Буни қарангки, кўча таомларига ҳаддан ортиқ ружу қўйиш ўсмир ёшларда ринит (тумов) ва экземанинг юзага келишига сабабчи бўлиши аниқланган. Чунки уларга қўшилган ҳар хил моддалар баъзан аллерген вазифасини ўтайди. Яна бир жиҳати, фаст-фуд таомларнинг кўпчилигига ширин қайла қўшилади, лаззатли таъм берувчи қўшилмалари борлиги туфайли фаст-фудларнинг энергетик қиймати уч маротаба кўпаяди. Доимий равишда истеъмол қилинганда, бу таомлар семизликни келтириб чиқариши мумкин.
Тадқиқотлар давомида маълум бўлишича, биргина картошка-фри тайёрлашда соф картошкадан ташқари яна 18 хил модда қўшилади. Буларнинг ҳар бири ошқозон-ичаклар фаолиятига сезиларли даражада таъсир қилади. Тўйинган ёғ кислоталари (асосан, маргарин) қўшиб тайёрланаётган фаст-фуд егуликлар, биринчидан, қийин ҳазм бўлади, иккинчидан эса, улардаги маргарин юқори ҳароратда зарарли трансёғларга айланиб, танадаги ҳимоя функциясининг кучсизланишига олиб келади. Бундан ташқари, тайёрлаш жараёнида меъёрдан ортиқ туз ишлатилиши оқибатида фаст-фудлар организмдаги сув миқдорини камайтириб, артериал қон босими кўтарилишига сабаб бўлади, ўз навбатида юрак ва қон томир касалликлари юзага келади.
— Домла, яқинда илмий журналда ўқиб қолдим. Америкалик тиббиёт олимлари кунига икки стакан миқдорида газли сув ичадиган ўсмирларнинг буйраги жуда тез зарарланишини айтишибди. Биз тез-тез ичиб турадиган газли шарбатлар наҳотки шу даражада зиён келтирса?
— Айтишим жоиз, фаст-фуд таомлар билан биргаликда истеъмол қилинадиган газли шарбатларни (“Coca-Cola”, “Fanta”, “Pepsi” сингариларни) доимо ичиш ошқозон-ичак ва ҳазм аъзолари, ҳатто асаб тизимига анчагина зарар етказади. Эътибор қилинг, оддийгина “Coca-Cola” ичимлигининг бир стакан миқдордагисида 15 дона рафинадланган қанд ширинлигига тенг энергия бор бўлиб, у мунтазам ичилганда, организмда моддалар ва энергия алмашинуви издан чиқади. Шу боис газланган шарбатларни доимий равишда истеъмол қилишдан сақланиш керак. Кундалик овқатланиш давомида оддий тоза сув, кўк чой ва янги тайёрланган табиий шарбатлар ичиш анча фойдалироқ. Ёшларимиз шуни ҳам билишлари муҳимки, олиб борилган тадқиқотлардан сўнг Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд кўп ичиш саломатликка жиддий хавф солади, деган хулосага келди. Бўёқ, таъм, тўқлик ҳиссини берувчи моддалар қўшилгани эътиборга олинса, бундай ичимликлар зарарли маҳсулотларнинг “қора рўйхати”дан жой олган.
— Суҳбатларингизнинг бирида ёшларимизнинг турли пайтда йўл-йўлакай овқатланиб кетаверишлари оддий ҳолга айланиб қолаётгани ҳақида ташвишланиб гапирган эдингиз…
— Билишимиз керакки, овқатланаётганда таом ҳазм бўлиши ва моддалар алмашинуви жараёнлари бош мия орқали бошқарилади, ҳамма ички аъзолар миянинг “буйруғи” билан ишлайди. Юриб кетаётганда эса миянинг диққат-эътибори бехатар ва адашмай қадам босишга қаратилган бўлади. Шу учун йўл бўйи истеъмол қилинган овқатни ҳазм қилиш жараёнига бош мия “аралашуви” кечикади ва ейилган таомнинг фойдасидан кўра зарари ортади. Бундан ташқари, хотиржам ҳолда ва ўз вақтида овқатланмаслик ёки дўконлардаги тайёр қадоқланган мақсулотларни доимий истеъмол қилиш кўпинча камқонликни келтириб чиқариши аниқланган. Камқонлик (анемия) оқибатида ўсмирнинг зеҳни пасаяди, ўқишга ҳафсаласиз ёндашади, кўпинча ҳоли қурийди. Гастрит (ошқозон-ичак деворлари яллиғланиши) пайдо бўлиши ҳам нотўғри овқатланиш оқибатидир. Шундай экан, тўғри овқатланишни йўлга қўйиш орқали ўз соғлиғингизни тиклашингиз мумкин. Асосан, уйда тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш ва кўча таомларига ружу қўймаслик туфайли бунга эришса бўлади.
— Чет элда яшаб келган бир кишининг айтишича, қайсидир йили унинг тоби қочиб қолибди. Ўша ерлик дўхтирлар тиббий кўрикдан ўтказишгач: “Ичакларингизда дард бор, юрагингиз иши ҳам яхши эмас”, дейишибди. Сўнг рецепт ёзиб беришибди. Дорихонадан берилганларни уйига келиб очиб қараса, битта қутичадаги “юрак дориси” — ўн дона туршак, яна бирида “ичакларни даволовчи” ўн дона жийда бор экан! Домла, қаранг-а, хорижда жийдаю туршакларимиз дори ўрнида сотиларкан. Бизнинг бозорларда эса қоп-қоп жийдаю туршакларга деярли харидор йўқ. Бу хусусда Сиз нима дейсиз?
— Дўкондаги қадоқланган сунъий ширинликлардан кўра ўзимизнинг жийда ва туршакларимиз, майиз ва анжирқоқилар, ҳатто мевалардан тайёрланган шиннилар қувватлилик жиҳатдан кучли бўлиб, иммунитетни кўтаришга хизмат қилади. Нонжийда, қушжийда, чилонжийдалар камқонликда ҳам даво бўлишини ибн Сино айтиб кетган, бу мева ҳатто бўй ўсишини тезлаштириш хусусиятига эга. Туршак жигарни ҳам даволайди, кексаликда кўп учрайдиган атеросклерознинг олдини олади. Анжир қоқиси сутда қайнатиб ичилса, ўпка яллиғланишини тузатади. Айни қиш-кўклам ойларида турли мева қоқиларини қайнатиб, шакарсиз ичилса, улар витамин танқислигининг ўрнини тўлдиради. Шифоси беқиёс бундай мевақоқилар бозорларимизда кимёвий дорилар ҳамда сунъий витаминларга нисбатан анча арзон туради.
Ёғли овқат — “дард”ли овқат
Бирор жойимиз безовта қилиб, шифокор қабулида бўлсак, у дори-дармонлар ёзиб бергач, кўпинча: “Қовурилган овқатларни чеклаб, димлаб пиширилганини истеъмол қилиб туринг”, дейди. Нега шундай? Чунки қаттиқ қовурилган таомларнинг ҳазми оғир бўлиб, юрак ва жигар ишини қийинлаштиради. Бундан ташқари, юқори ҳароратда қовуриб тайёрланган барча маҳсулотларда организм учун хавфли ҳисобланган акриламид моддаси кўп миқдорда бўлиб, у турли хасталиклар юзага келишига имкон яратади. Буғда димлаб пиширилган таом эса, аксинча, тез ҳазм қилинади, витаминлари ҳам тўла сақланади.
Соҳа мутахассисларидан бири соғлом овқатланишга оид мақоласида: “Қизартириб қовурилган картошка жуда мазали, лекин энг ёмони ундаги ёғнинг танага сингиб, канцероген (ёмон сифатли) моддаларни юзага келтиришидир”, деган эди.
Телеканалларимизда “Ошхона қироллари”, “Бугун нима овқат?”, “Олов пазанда”, “Демак — емак” сингари анчагина кўрсатувлар мавжуд. Уларнинг кўпчилигида жизиллаган ёғда бирор хил таом пишириб кўрсатилади.
Аслида, кўрсатувни минглаб кишилар томоша қилади, уй бекалари улардан нималарнидир ўрганади ҳам. Шундай экан, умрни узайтириб, саломатликни тикловчи “тирик” маҳсулот ҳисобланган шолғом, беҳи, қовоқ, карам, турп, лавлаги, сабзи каби сервитамин сабзавотлардан таом ва салатлар тайёрлаш йўлга қўйилса… кўрсатув орқали кишиларимизга соғлом овқатланиш хусусидаги билимлар бериб борилган бўлур эди.
Кўпчилигимиз четдан келтирилаётган мева-сабзавотлардан харид қиламиз, озиқ-овқат дўконларида бундай маҳсулотлар қадоқланган ҳолда ялтироқ сувқоғозларга солиб қўйилгани боис кўзимизга оловдай кўринади. Аслида эса ўзимизнинг она еримизда деҳқонлар меҳнати билан етиштирилган ва бозорлардаги қоп-қанорларда думалаб ётадиган сабзавотларнинг танамизга фойдалилик даражаси пештахта юқорисида савлат тўкиб турган хорижий маҳсулотларникидан бир неча баравар ортиқроқ ва шу билан бирга арзон ҳамдир. Чунки ўзимизда етиштирилган махсулотларни неча асрларки, аждодларимиз ҳам истеъмол қилиб келишган, қолаверса, азалдан генларимиз уларга мослашган. Қувватлилиги жиҳатдан ҳатто гўшт ўрнини босадиган нўхат, ясмиқ (чечевица), маржумак (гречиха), ловия ҳам шулар қаторидадир.
Қадимги кишилар овқатланиш чоғида бир-икки хил егуликлар билан кифояланишган. Эндиликда эса мўл-кўллик бисёр, кундалик дастурхонга камида беш-олти хил ноз-неъматлар тортилади. Зиёфатлар ёки тўйларда янада хилма-хилликни кўрамиз. Шундай бўлса-да, ота-боболаримизнинг овқатланиш тартиби тўғри эканлигини бугунги олимлар исботлашмоқда. Чунки бир вақтнинг ўзида истеъмол қилинадиган турли таомлар таркиби ҳар хил бўлганлиги сабабли бир-бирининг ҳазм бўлишига халақит бераркан. Бу эса ўз-ўзидан меъда ва жигар фаолиятини сусайтиради, ҳазм иши учун ортиқча қон ҳайдагани боис юрак ҳам зўриқади. Шунингдек, оқсилли таомларни (масалан сут, тухум, гўштни) биргаликда ейиш турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин экан. Ваҳоланки, бу кун болалар боғчалари ёки мактаб ошхоналарида бундай егуликлар бир вақтнинг ўзида таом сифатида берилади.
Тиббиёт билимдони Буқрот “Ейилган таом дори ўрнига ўтсин” деган экан. Бунинг мазмуни шундайки, овқатланиш жараёнига фақат нафсни ором олдириш эмас, балки саломатлигимизни мустаҳкамловчи омил деб қарашимиз лозим. Истеъмол маданиятига амал қилсаккина биз узоқ йиллар дард кўрмасдан, соғ-омон яшашимиз мумкин бўлади.
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.