Йўлдаги аёл

Қачонки бетакрор шоира, ажойиб публицист, устоз ижодкор Зарифа опа Эралиева тўғрисида сўз кетса, энг аввало, Оҳангарону Ангрен ва Тошкент йўлида заминга меҳр ва одамийлик зиёсини таратиб, сўз гавҳарларидан маржонлар тизиб юрган жоннисор аёл кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Тошкент вилоятидаги матбуотчилар Зарифа Эралиевага бир сўз билан — “Опа” дея меҳр билан мурожаат қилади. Аслида ҳам шундай. Сўзнинг моҳир заргари бўлган бу аёл чиндан ҳам вилоят матбуотчиларининг меҳрибон опаси бўлиб улгурган.

Опа гўзал умр йўлини босиб ўтмоқда. Унинг гўзаллигига Зарифа Эралиева шеърияти янада фусункорлик бағишлаб турибди. Юқорида айтганимдек, бу инсон бетакрор шоира. Шоира шеърларидаги инжа туйғулар тараннуми шеърхоннинг шавқини оширади. Шеърдан-шеърга ўтар экансиз, яна ва яна, такрор ва такрор ўқигингиз, Зарифа Эралиеванинг шеърият гулзоридан кўпроқ баҳра олгингиз келади.

Шоиранинг шеърларини даврдан айро тасаввур этиш қийин. Ҳар бир шеърнинг ҳар бир байтида шоира даврдошларига мурожаат йўллаб, хитоб қилади. Айниқса, “Қўшиқ”, “Дарахтлар”, “Бахтдан фол кўрдилар”, “Келсам…”, “Бу тоғ”, “Ёлғиз аёл”, “Бир сўз”, “Бул сарой”, “Машойихлар айтмиш”, “Дунё”, “Ўқнинг дегани”, “Эй дил”, “Гул”, “Бу кеча”, “Отам айтган эди”, “Қишлоқ аёли”, “Қарз”, “Ажаб”, “Шукрона” сингари шеърларида бу яққол намоён бўлади. “Чорласа, оққушдай тизилиб келган” деган сатр билан бошланувчи ва синфдошларига аталган шеъри эса шоиранинг кўнгил торларидан тўкилган оҳанглардир. Айтиш мумкинки, кейинги йилларда ўзбек шеъриятида бундай ўзига хос шеър ёзилган эмас. Энг муҳими, шоиранинг даврдошлари барча замонлар ва маконлар учун умумийдир. Янги даврда дунё юзини кўрган “Улуғ кун” фахрияси эса ҳали адабиётшунослар тарафидан ўз эътирофини топганича йўқ.

Зарифа опанинг шеърлари бир муқова остида жам бўлмаган эса-да, ранж ила дунёга келган ва дунё юзини кўраётган нафис шеърияти оғизга тушган ардоқли шоира.

Мен бир куни бетакрор шоира Ҳалима Аҳмедовага Зарифа опанинг бир шеърини ўқиб бердим. Ҳалима опа тасанно ишорасидан сўнг шеърнинг муаллифини сўради. Зарифа опа эканлигини айтсам, “Оҳангаронлик шоирами?..”, деб эски хотиралар дафтарини варақлай кетди.

Зарифа Эралиеванинг шеъриятидан ташқари жуда гўзал публицистикаси ҳам бор. Опанинг бир неча ўн йиллик мақола ва очерклари қолиб, энг сўнгги бадиий-публицистик асарларига диққат қилсак. “Шарқ юлдузи” журналининг 2017 йилги сонида “Оқаётган дарё”, 2021 йилги сонида эса “Қуёшингни асра, осмон!” очерклари босилди. Гапнинг индаллоси, қарийб ўн йилдан бери ўндан зиёд босма нашрларни мунтазам кузатиб борувчи бир ижодкор сифатида айта оламанки, ўзбек матбуотида кейинги йилларда бундай халқчил бадиий-публицистик асарлар кам нашр этилган.

Чунки бу очеркларнинг ҳар иккисида ҳам жафокаш халқимиз фарзандларининг ҳаёти, турмуши, оғир кунлари, бошидан кечирган синовли дамлари ва кулиб боққан саодати рўйирост, ортиқча безак ва муболағаларсиз баён қилинади. Очеркларни ўқий туриб, сатрдан-сатрга, хат бошидан-хат бошига, бобдан-бобга ўтар экансиз, муаллифнинг нозик кўнгли ва сўзга нисбатан жуда эҳтиёткор эканлигига иқрор бўлиб борасиз.

Опа чуқур мулоҳаза юритиб, етти эмас, етмиш ўйлаб бир сўз айтиши яққол сезилиб туради. Сўзга нисбатан бу қадар эҳтиёткор муносабатда бўлувчи ижодкорлар камдан-кам бўлади, албатта. Очеркларни ўқиётиб, бир жилғага айланасиз-у, чўққидан денгиз сари илдамлаётган покиза сув каби тозарганингизни ҳис қилиб борасиз ва завқланасиз, шавқ туясиз. Табиийки, бу жараён юрагингизга ёруғлик бағишлайди.

Зарифа Эралиеванинг очеркларида яна тинчликнинг ранги ва оҳанги бор. Унинг ҳар бир асарида, айниқса, юксак савиядаги очеркларида тинчликка алоҳида урғу ва ўрин берилади. “Оқаётган дарё” очеркида тинчликнинг рангини тасвирлаганди. “Қуёшингни асра, осмон!”да эса тинчликнинг оҳангини кабутарлар хонишида баён этади. Кабутарнинг “ғулу-ғулу”лашидан закий ва синчков муаллиф тинчликнинг товушини инкишоф этади.

2020 йили Сардоба воқеалари ҳақида “Матонатли эл” номли йўл очеркини қоралагандим. Йўл очерки қаҳрамонларидан бири Зарифа опа эди. Кўпгина давраларда эътирофга сазовор бўлган биринчи мақолаларимнинг бири шу. Айтмоқчи бўлганим, бу очеркка опанинг назари, нафақат назари, балки қалами ҳам теккан. Яқинда қаламдош ва қадамдош дўстим Отабек Бакиров Шарқнинг биринчи қалдирғочи Тамарахоним ҳақидаги бир эссесини юбориб қолди. Ўқидим. Нимадир етишмаётганини ўзи ҳам сезган экан. Албатта, тажриба ва маҳорат. Лекин “Бунга Зарифа опанинг нигоҳи етишмаяпти”, деб очиқ айтдим.

Зарифа опа журналистлик фаолиятини ҳозирги “Оҳангарон ҳаёти – Жизнь Ахангарана” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Кейинчалик шу даргоҳда мухбир, “Тошкент ҳақиқати” газетасида мухбир, бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси ўринбосари вазифаларида меҳнат қилди. Узоқ йиллар Тошкент вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасига раҳбарлик қилди, вилоятда ахборот муҳити ва матбуот ривожи учун заҳмат чекди. Ҳозир ҳам эл-юрт юмушида қаламини ҳамроҳ қилиб, йўлда собит келмоқда. Мана, шу йўллар аро Зарифа опа ҳалоллик ва олижанобликни, ҳиммат ва меҳрибонликни, дилкашлик ва ростгўйликни, адолат ва ҳақиқатни шиори деб билди.

Мухлису шогирд, шогирду мухлиснинг айтаридан бир чимдим ушбу эди. Ишончим комил, йўлдаги аёл тўғрисида нафис анжуманларда, мақола ва очеркларда ҳали кўпу хўп айтилгай ва ёзилгай.

Отабек ИСРОИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 11 =