Дуо олсанг, ҳовучингга тўкилгай дур

Қувалик таниқли ишбилармон Муродил ҲАЙДАРОВ ҳақида сўз

“Оқ кўйлак”

“У кунлар жуда машаққатли эди. Йўқчилик ёмон. Қўли калталикнинг азоблари бор. Қорни тўйиб овқат емаган боланинг жовдираган кўзларига қараганмисиз?

Энди эсимни таниган болалик пайтимда ота-онамнинг яшашга алоҳида уйи ҳам бўлмаган. Ёзда қамишдан чайла қуриб яшардик. Ота-онам билан бирга лой кечиб, гувала юмалатиб, аранг бир хона, бир даҳлизли уй қургандик. Ўзингники кўзингга ой бўлиб кўринар экан. Пастаккина уйимиз гўё саройдек кўринарди.

Биринчи синфни тугатиб, иккинчи синфга ўтгандим. Ҳамма болалар биринчи сентябрда мактабга оқ кўйлак, қора шимда боришарди. Ёзги каникул тугаяпти-ю, фикру хаёлим оқ кўйлакда. Онамга оқ кўйлак олиб беришни сўраб кўз ёш ҳам қилиб олдим. Билмадим, ота-онам кимдандир қарз-ҳавола қилди, шекилли, пул топиб, оқ кўйлак олиб берди. Мендан бахтли бола йўқ эди ўша куни. Чунки биринчи синфни аъло баҳоларга битирсам-да, оқ кўйлагим йўқлиги алам қиларди. Ўзига тўқроқ синфдошларимнинг оталари чарм сумка ҳам олиб берган. Меники эса бўздан тикилган халта сумка эди. Ўзимча “ижод” қилиб, сиёҳга пахта теккизиб, бўз халтани бўядим. Жуда хурсандман. Оқ кўйлагимни кийиб, бўялган сумкамни елкамга осиб, чопқиллаб мактабга бордим. Аммо ўқишдан қайтаётганимда бирдан ёмғир ёғиб юборди. Уйга келиб қарасам, оқ кўйлагимга сиёҳ ўтиб кетибди. Орқаси кўм-кўк бўлиб қолибди. Жудаям хафа бўлиб кетдим. Ўксиниб-ўксиниб, ҳиқиллаб-ҳиқиллаб йиғлаб ухлаб қолибман. Туш кўрибман. Тушимда катта йигит бўлиб қолибман. Оқ кўйлак, қора шим, чиройли туфлида, қўлимда чамадон билан сафарга кетаётган эканман. Баланд бўйли, соч-соқоллари оппоқ чол менга дуо бераётган эмиш.

Уйғониб кетдим. Қарасам, онам бечора кўз ёшини рўмолининг четига артиб йиғлаб ўтирган экан. Бошимни силаб деди: “Хафа бўлма, ўғлим, сени Аллоҳдан тилаб олганмиз, бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Худо хоҳласа, ҳали бой бўлиб кетамиз, ўшанда жуда кўп оқ кўйлак олиб бераман”.

Яратганнинг марҳаматига шукур, тушимдаги мўйсафиднинг дуолари-ю онамнинг Аллоҳга илтижолари ижобат бўлиб, мана шундай кунлар насиб этди, — деди Муродил ака Ҳайдаров. — Невараларим оқ кўйлак кийиб мактабга кетаётганида орқаларидан ҳавас билан тикилиб қоламан. Борига шукур, шу кунларга етказганига шукур.

“Тилаб олган ўғил”

Отаси Муҳаммад ва онаси Турдихон оила қурган пайтларидаёқ Яратган уларни тақдир синовидан ўтказди. Анча йиллар сабр-тоқат қилиб фарзанд кутишди. Маҳаллий халқ орасида қадимдан азиз – авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш одат бўлган. Улуғ зотларнинг Худога яқинлигини билганлар уларнинг ҳурматидан Аллоҳдан ниятларини сўрашиб, дуо-илтижолар қилишган.

Ривоятларга қараганда, Қоровул ота Қувада яшаб ўтган авлиёлардан бўлган экан. Каркидон сув омборига туташган адирликнинг юқори жойида Қоровул ота мақбараси бўлган. Собиқ шўролар пайтида бундай қадамжолар коммунистик партиянинг динсиз-атеист югурдаклари томонидан атайлаб қаровсиз қолдирилган. Ҳатто қадамжоларни обод қилганларни жазолашган ҳам. Шундай бўлса-да, худонинг борлигига ишонган, иймон-эътиқоди мустаҳкам ҳамюртларимиз беркиниб, қимтиниб авлиёлар мақбараларини зиёрат қилаверишган.

Отаси Муҳаммад ака ва онаси Турдихон аялар кун-кун ора Қоровул ота мақбарасига бориб, Яратгандан фарзанд сўраб, чин қалбидан нола қилишган. Ва ниҳоят, саккиз йил деганда уларнинг оиласига ҳам қувонч нури киради. Паҳлавондек ўғил дунёга келади. Дилларимиз муродига етди дея, яхши ният билан фарзандига Муродил деб исм қўйишади.

Гарчи қўллари калта бўлса-да, тилаб олган бош фарзандини меҳр-шафқатга ташна қилмай ўстиришади…

Қоровул ота

Айтишларича, Қоровул ота мақбараси билан боғлиқ ҳайратланарли воқеа содир бўлган. 1966 йилнинг ёз ойларида сув тошқини бўлиб, Фарғона вилоятига катта зарар етганди. Ўшанда Қува тумани аҳолиси сув босишидан хавотирланиб кечаси ярим тунда Асака томонларга вақтинчалик кўчирилган экан. Эртаси куни ҳамма уй-жойларига қайтарилади. Жуда катта хавф билан бостириб келаётган сел Қоровул ота мақбарасига етганда ўз йўналишини бошқа томонга ўзгартириб юборибди. Мўъжизами ёки бахтли тасодифми, фақат Яратганга аён холос. Шу сабаб қуваликлар тошқиндан талафот кўришмаган. Бу воқеадан кейин маҳаллий аҳоли Қоровул ота мақбарасини яна ҳам кўпроқ зиёрат қиладиган бўлади.

Яхши амаллар қобил фарзандларга ота-онадан мерос қолар экан. Муродил акага ҳам муборак қадамжоларни зиёрат қилиш, уларнинг номларини улуғлаш фазилати ота-онасидан ўтган бўлса неажаб?!

У ўз ҳисобидан Қоровул ота мақбарасини тубдан қайтадан қурди. Юзлаб манзарали дарахтлар экди. Суғоришни йўлга қўйди. Авваллари қаровсизлик ва сувсизликдан қақраб ётган адирлик ён бағирлари кўркам ва обод масканга айланди. У нафақат Қува туманидаги, балки Фарғона вилоятининг бошқа ҳудудларидаги буюк алломалар, азиз-авлиёларнинг мақбаралари ва қадамжоларини обод қилишда ҳам ҳисса қўшган таниқли тадбиркорлардан бири.

Кейинги ўн йилда у одамлар қалбида ўзи учун инсонийлик ва эзгулик ҳайкалини қўйди, десак, ишонаверинг. Қува ҳудудидаги бир эмас, ўн эмас, йигирма тўртта қабристоннинг атрофларини деворлар билан ўраб ободонлаштирди. Ота-онаси абадий қўним топган қабристонни эса гўзал ҳиёбонга айлантириб қўйган.

Кўнгил иморатига дарз кетмасин

1994 йили Муродил Ҳайдаров ҳаж сафарига борди. Маккаи Мадинадек муқаддас жойларда ибодат амалларини бажариб қайтгач, одамларга қалбидаги раҳм-шафқат туйғулари яна ҳам кучайиб кетди. Бошини силайдиган отаси йўқ, онасидан бевақт айрилган меҳрга зор юзлаб етим-есирларга меҳрибонлик кўрсатиб, қўлларини ҳалоллаб, хатна тўйлари қилди. Кам таъминланган, уй-жойга муҳтож ёшларнинг никоҳ тўйларини ўтказиб, уйлар қуриб берди.

Муродил Ҳайдаров ишбилармонлар сафидаки, камбағалликка қарши курашишни сўзда эмас, амалда бажариб келаётир. Ишсиз юрган юзлаб маҳаллий ёшларга иш ўринлари яратмоқда ва яна ёрдам сўраб ҳузурига келган эҳтиёжманд кишиларга мунтазам саховат кўрсатиб келаётир.

— Одамларга ёрдам берсам, ўзим ҳам руҳий қувват оламан, — деди “Мирзакарим ота” масъулияти чекланган жамияти раиси Муродил ака. — Иссиқ жон, кутилмаганда кимдир оғир касалга учраб қолади. Бечоралар пули йўқ бўлса, кимга ҳам борарди, ёнимизга келишади-да. Хасталиклар азобини ўзим ҳам тортиб юраман. Аллоҳга шукур, коронавирус балосидан зўрға омон қолдим. Қанча танишларимиз ўтиб кетишди. Ёшим ҳам етмишдан ошди. Энди бу ёғига хасталиклар ортимиздан қувиб юравераркан-да…

— Муҳтож одамларга бунчалар саховат қилишлик неъмати сиз каби танланганлар ичидан танланганига насиб этади, — дея унга эҳтиром ила сўз қотаман. — Кимники Тангри ярлақаса, одамларнинг унга ҳожати тушадиган қилиб қўяди, деган гап бор. Сизга ҳам одамларнинг ҳожатини чиқариб юрадиган тақдир насиб этган экан, шунинг ўзи Яратганнинг инояти!

Бу гапларимдан Муродил аканинг чеҳраси ёришиб, миннатдорлик ила бош чайқади. Дарҳақиқат, одамларга яхшиликлар улашишни, Ҳотамитойдек инфоқ-эҳсонлар қилишни Аллоҳ таоло унинг пешонасига тақдир қалами билан битиб қўйган эканки, шундай эзгуликларни қилишга имкон ҳам бермоқда. Эҳсони кучли одамлар ҳаргиз касод бўлмас экан. Бу ҳикмат ҳақиқатини ҳиммати савлатига ярашиб турган қаҳрамонимиз мисолида ҳам кўриб турибмиз.

Муродил акада айрим инсонларгагина ҳос хислат бор. У иш фаолиятида адолатсизлик қурбонига айланганларга ҳам, ҳаёт сўқмоқларида адашганларга ҳам ёрдам бераверади. Йиқилганларни суяб қўяди. Ҳар қандай чопқир отнинг ҳам бир кун қоқилиши бор. Яхши инсонлар ҳам хато қилиб қўяди. Кўнгил иморатини тиклаб қўйишни у савоб деб билади.

Ёлғон шайтондандир

Муродил ҳожининг яна бир фазилати — ёлғон гапирмайди. Ёлғон сўзлайдиганларни жуда ёмон кўради.

— Ёлғон шайтон амалидан бўлган куфр иш бўлса-да, бу касалга йўлиққанлар кўпайиб бормоқда, — деди у. — Бугун замона зайли ҳам, одамлар феъли ҳам аввалгиларга ўхшамайди. Бу не кўргуликки, айрим одамлар ростдан узоқлашиб, ёлғонга яқинлашиб бораётир.

Муродил ака билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, бир аёл болаларини етаклаб келиб қолди. У тумандаги бозорлардан бирининг собиқ бошлиғининг хотини экан. Ноинсоф эри уларни қаровсиз ташлаб қўйгани, болалари оч қолганидан нолиб, ёрдам сўрагани келибди. Ойни этак билан ёпиб бўлармиди, бу аёл ёлғонларга алданиб, бевафо эрнинг тўртинчи хотини эканини билиб қолиб пешонасига уриб турибди…

Қонуний никоҳдан ўтмасдан, эр чиқди деб шаръий турмуш қуриб олганларнинг аҳволи шундай бўлади. Ота бўлиб оталик қилолмайдиган, эр бўлиб эрлик вазифасини бажара олмайдиган тайинсиз кишилар ҳам бор. Уларнинг қилмишлари оқибатида норасида гўдаклар оналари қўлида боқувчисиз қолиб, камбағал оилалар сони кўпаймоқда.

— Эркак кишининг белида белбоғи бўлиши керак. Айрим оталарнинг ўғил-қизларига гапи ўтмайди. Шу боис оилани оиладек муқаддас билмайдиган, никоҳ масъулиятини ҳис қилмайдиган, на қонун-қоидаларга, на мусулмончилик ахлоқ-одобига амал қилмайдиган ёшлар кўпайиб бормоқда, дея афсус билан сўйлади қаҳрамонимиз.

Ота — оила султони

Ота – оила султони, она – фарзандлар меҳрибони бўлолмас экан, жамиятдаги юқоридаги сингари иллатлар чуқур илдиз отаверади. Шукур дейман, фарзандларимиз неварали бўлишган эса-да юзимизга тик қарамайди. Дуоларимизни олиб, маслаҳатимиз билан иш бошлайдилар. Бизларнинг насиҳатларимиз, дуоларимиз уларга офият қўрғони бўлиб турибди, барака топишсин! Мен ҳаётда кўп бора кузатдим. Қайси ўғил-қиз ота-онасига сидқидилдан хизмат қилса, албатта, саодат топар экан. Яратганга шукур, ўзим ҳам шу йўлдан бордим, ота-онамнинг кўнглига қарадим, сира малолланмай хизматларини қилдим. Бугун ўғил-қизларимиз бизларнинг атрофимизда парвона. Бундан ҳам ортиқ бахт борми?

Муҳаммад отам раҳматли: “Ота-онанинг назарларига ва дуоларига доим ҳушёр бўлинглар, яхшиликни биринчи галда уларга қилинглар, бировнинг ҳақидан қўрқинглар, ёлғон гапирманглар”, деб айтарди.

Муродил ака онаси Турдихон ая вафот этмасидан аввалроқ хонадонига таклиф қилганди. Илоҳо, жойлари жаннатда бўлсин, муниса юзларидан нур ёғилиб турадиган ҳожи она шундай деганди:

— Шу кунларга етказганига, меҳрибон фарзандлар берганига Аллоҳга шукур. Умр ўтаверар экан, болам. Қанча-қанча машаққатларни бошдан кечирганмиз. Йўғида сабр, борида шукур қилдик. Катта фарзанд тўғри йўлдан борса, ота-онам дейдиган бўлса, кейингилари ҳам унга эргашар экан. Муродилжон ўғлимнинг инсофли ва сахийлиги, савдода қўли баракалилиги ҳам раҳматли отасиникига ўхшайди. Муҳаммад тоғангиз ҳам бирорта ножўя ишни кўрса, тез жаҳли чиқарди, бепарво ўтиб кетмасди. Фарзандларимга: “Кимнинг зурриёти эканингларни унутманглар”, деб эслатиб юраман. Умрларидан барака топишсин, бола-чақаларининг орзу-ҳавасини кўришсин!

Тоға ҳам улуғ зот

Халқимизда “жиян тоғасига тортади” деган ҳикмат бор. Тоғаларнинг жиянга, жиянларнинг тоғага меҳри бошқача бўлади. Муродил Ҳайдаровнинг пешонасига ҳам тоғасига тортишдек ширин тақдир битилган экан. Тоғаси раҳматли Иброҳим Каримов ўзининг халқпарварлиги билан мамлакатимизда юртдошларининг, Юртбошиларнинг назарига тушган ажойиб инсон эди. Тоғасига бажонидил ихлос қилиб, қилган хайрли амалларини давом эттириб, Муродил ака ҳам ном қозонди, элда азизу мукаррам бўлди.

Юртимизда азиз инсонлар номини ардоқлаш анъанага айланган. Бугунги кунда Қувадаги катта ва обод кўчалардан бири Иброҳим Каримов номи билан аталган. Бу табаррук инсонга эҳтиром ифодасидир.

“Ажаб саодат эрур, яхшилик бирла қолса от”

Муродил Ҳайдаровнинг қурилиш ва тадбиркорлик ишларида фарзанди Дилшод ҳам камарбаста бўлаётир.

Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ҳикояси:

Дунёда энг улуғ сўз бор. Бу — инсон деган ном. Жамики олам шу инсон учун яратилган. Шундай инсонлар ҳам борки, улар инсонларга инсонийлик қилиб яшашдек бахтли тақдир эгаларидир. Улар инсон деб аталган шарафли номни улуғлаб яшайди. Инсонийлик вазифасини адо қилишдек ноёб фазилат ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Муродил ака шундай азиз ва мўътабар киши. У бағри кенг, қўли очиқ, раҳмдил, хайр-эҳсони кучли, дилбар инсон. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, у яхшиларнинг яхшиси.

У санъатни тушунадиган, кўп ўқиган зиёли инсон. Кучли иродаси, холис фикри билан бошқалардан ажралиб туради.

Болалигимдан билганим шуки, Муродил ака катта омадлар келганда ҳам, оғир синовлар қаршисида ҳам ҳеч қачон ўзгармади. Ҳамманинг дуосини олиб, элнинг назарига тушди.

Унга ҳавасим келадиган яна бир хислати бор: Ўзбекистон деган муқаддас юртга, мамлакатимиз Президентига садоқатли инсонлардан бири. Қачон ҳузурида бўлсак, мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли ишлардан сўзлайди, Президентимиз маърузаларини тасвирга ёзиб олиб дўстларига кўрсатади. Давлатимиз сиёсати мазмун-моҳиятини, айтилган ҳикматлар мағзини ҳамсуҳбатларига тушунтирибгина қолмай, уларни эзгуликларга ундайди. Айниқса, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ногиронлар, камбағаллар, нуронийлар ва ёш оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни тўлиб-тошиб гапиради. Тадбиркорлар бениҳоят даражада қўллаб-қувватланаётганлигидан хурсандлигини яширмайди. Ҳар сафар кўришганимизда қандайдир янгилик қилган бўлади, янги корхоналар очиб, янги бинолар бунёд этганлигидан ғурурланади. Ўша ютуқлари билан бизни таништиради. Мени шундай бебаҳо инсон билан дўст қилганлиги учун Аллоҳга беҳисоб шукур.

У бир ишни бажаришга аҳд қилса, бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайди. Мақсадига эришгунгача ором билмайди.

Умар Хайёмдан бир байт бор:

 

Бир ғариб кўнглини

қила олсанг шод,

Яхшидур ер юзин қилгандан обод.

 

Бу Муродил акадек юзлаб ногирон ва беморларга, қалби мажруҳ бечораларга моддий ва маънавий ёрдам бераётган мард кишиларни яна ҳам яхшиликларга ундовчи ҳикматдир. Камина ҳам Муродил Ҳайдаров билан ҳамқишлоқман. Қуваликлар эса ана шундай ҳамюрти борлигидан фахрланишади.

Яхшилик

…Муродил Ҳайдаров билан суҳбатлашган чоғларда ҳаётнинг гоҳ ғамгин, гоҳ шодон манзаралари ёдга тушади. Умр йўлимиз тақдир имтиҳонларидан иборат. Хотираларнинг энг ёқимлиси — одамларга қилинган яхшиликлар ҳақидагиси, десак, хато бўлмас. Ҳар куни яхшилик қилиш керак, ҳеч бўлмаса, битта муҳтож одамга яхшилик қилиш лозим. Агарда моддий томондан кўмак қилишнинг иложи бўлмаса, яхши гап, яхши сўз, яхши амаллар билан одамларга яхшилик қилиш ҳам умрни безайди, дейдилар. Ахир ҳикматларда айтилганидек, яхшилик барча муроду мақсадларнинг калитидир. Бобомиз Мир Алишер Навоий таъбири билан  айтганда: “Ажаб саодат эрур, яхшилик бирла қолса от”.

Албатта, халқимизда “Яхшилик қил – дарёга ташла, билса балиқ билади, балиқ билмаса, Холиқ билади” деган гап бор. Шу маънода қаҳрамонимиз Муродил Ҳайдаров одамларга кўрсатадиган ёрдамлари, яхшиликлари ҳақида гапиришни хушламайди. Биз эса элу халқдан, ундан яхшилик кўрганлардан эшитганларимизни қоғозга туширдик, холос. Зеро, яхшиликнинг мукофоти ҳам яхшиликдир.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =