Гиёҳвандлик ва наркотик моддалар – инсоният кушандаси

Гиёҳвандлик ва наркотик моддалар истеъмоли инсоният учун энг жиддий ижтимоий ва тиббий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу иллат нафақат инсон соғлиғига, балки жамиятнинг иқтисодий, маънавий ва маданий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳванд моддалар деганда инсоннинг ақлий ёки жисмоний ҳолатига таъсир қиладиган, муваққат равишда эйфория ёки бошқа ўзгаришларни келтириб чиқарадиган моддалар тушунилади. Айни пайтда дунёда уларнинг 20 га яқин турлари тайёрланиб, истеъмол қилинмоқда.
Бугунги кунда, айниқса, ёшлар орасида кенг оммалашаётган синтетик гиёҳванд моддалар (спайс, синтетик каннабиноидлар, амфетаминлар ва бошқалар) замонавий гиёҳвандликнинг энг хавфли турларидан биридир. Бу моддалар кимёвий лабораторияларда ишлаб чиқарилади ва табиий гиёҳвандлик воситаларидан анча кучли таъсирга эга. Синтетик моддаларнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, улар интернет орқали ёки оддий маҳсулот қиёфасида тарқатилади. Улар жуда оз миқдорда истеъмол қилинса ҳам, кучли психоактив таъсир кўрсатади, бу кўпинча қайтмас соғлиқ муаммоларига дучор қилади. Синтетик гиёҳванд моддалар депрессия, паранойя, галлюцинация ва ҳатто кома ёки ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.
Синтетик моддаларга қарши курашишда жамиятда хабардорликни ошириш ва қонунчилик чораларини кучайтириш жуда муҳимдир. Гиёҳвандлик инсон организмининг барча тизимларига жиддий зарар етказади. Асаб, юрак-қон томир, нафас олиш тизимлари ҳамда жигар ва буйрак каби муҳим аъзолар фаолияти бузилади. Наркотик моддалар истеъмоли инсонни жисмоний ва руҳий жиҳатдан бутунлай заифлаштиради. Унинг оқибатида асаб тизими фаолияти бузилиб, депрессия ва стресс ҳолатлари пайдо бўлади, иммунитет тизими заифлашади, бу эса турли касалликларга олиб келади.
Афсуски, гиёҳвандлик моддалари кўплаб давлатларда ишлаб чиқарилади ва тарқатилади. БМТ Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC) маълумотларига кўра, гиёҳванд моддалар етиштириладиган асосий ҳудудлар сифатида Афғонистон, Колумбия, Перу, Боливия, Мексика, Марокаш, Мьянма, Лаос ва Таиланд каби давлатлар етакчилик қилмоқда. Ушбу давлатларда ишлаб чиқарилаётган гиёҳванд моддалар жаҳон бозорига чиқиб, турли мамлакатларда тарқалмоқда. Гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш учун халқаро ҳамкорлик ва қатъий чора-тадбирлар зарур. Жаҳонда гиёҳвандликка чалиниш ҳолатлари жуда кенг тарқалган. БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг 2023 йилги ҳисоботига кўра, дунёда 300 миллиондан ортиқ одам наркотик моддаларни истеъмол қилади. Уларнинг катта қисми ёшлардан иборат бўлиб, айниқса, 15-35 ёш оралиғидаги гуруҳга тегишлидир.
Ўзбекистонда эса 2024 йилдаги маълумотларга кўра, 7 мингдан ортиқ гиёҳванд шахслар рўйхатга олинган. Давлат томонидан гиёҳвандликка қарши курашиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан, реабилитация марказлари ташкил этилган ва таълим муассасаларида профилактика тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилган. Бу стратегия доирасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши қатъий назорат ўрнатиш, ёшлар орасида профилактик тадбирларни кучайтириш, даволаш ва реабилитация марказларини кенгайтириш, замонавий тиббий усулларни жорий этиш, оммавий ахборот воситалари орқали гиёҳвандликнинг зарарлари ҳақида кенг қамровли ахборот тарқатиш каби вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинган.
Муқаддас Ислом дини ҳам гиёҳвандлик ва наркотик моддалар истеъмолини қатъий тақиқлайди. Гиёҳвандлик инсоннинг ақл-заковатига ва соғлиғига жиддий зарар етказгани учун, у Исломда ҳаром қилинган. Шу боис гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқий ёки тиббий, балки диний нуқтаи назардан ҳам муҳим ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам ҳар қандай инсон соғлиғини заифлаштирадиган ва ақлга зарар келтирадиган моддалардан узоқ туриш тавсия этилган. Шу боис гиёҳвандликка қарши кураш нафақат ҳуқуқий ёки тиббий, балки диний нуқтаи назардан ҳам муҳим ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларни гиёҳванд моддалар таъсиридан ҳимоя қилиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим:
— мактаб ва олий таълим муассасаларида гиёҳвандликнинг зарари ҳақида ўқув дастурлари жорий қилиш, махсус маърузалар, тренинглар ва семинарлар ўтказиш;
— интернет ва ижтимоий тармоқларда доимий профилактик ахборот тарқатиб бориш;
— ёшларни спорт тўгараклари, мусиқий ва ижодий жамоаларга жалб этиш;
— ёшлар орасида мусобақалар ва ижодий танловлар ташкил қилиш;
— ота-оналар учун гиёҳвандликка қарши профилактика бўйича тренинглар ташкил қилиш;
— мактаб ва жамоат жойларида гиёҳвандликка оид таъсирлар юзасидан назоратни кучайтириш;
— ёшлар орасида наркотик моддалар тарқатилишини кузатиш ва профилактик чоралар кўриш;
— ёшлар учун бепул психологик маслаҳат хизматларини ташкил этиш;
— стресс ва руҳий қийинчиликларни енгиб ўтишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.
Гиёҳвандлик ва наркотик моддалар истеъмоли инсоният олдида турган энг катта хавфлардан биридир. Унга қарши самарали курашиш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши муҳим. Бу иллатни йўқ қилиш учун жамиятдаги барча қатламларни бирлаштирувчи чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Фақат шундагина соғлом ва барқарор жамиятни барпо этиш мумкин.
Алишер ИСОҚБОЕВ,
Наманган давлат педагогика институти
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича биринчи
проректори.