Фарғонада илк бор электр энергиясини сақлаш тизими ишга тушди

default

2024 йилнинг 13 декабрь санаси мамлакатимиз энергетика соҳасидаги тарихий кунга айланди: Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди ҳамда Бешариқ туманида қуввати 500 мегаватт қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасига старт берилди.

Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида Фарғона вилоятида барпо этилган қуввати 300 мегаваттлик йирик электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилиши тарихий воқеа бўлди. Унинг қуриб битказилишида хорижий компаниялар ва мутахассислар билан биргаликда Ўзбекистондаги компания ва унинг ишчилари ҳам жонбозлик кўрсатди. “VIVA Constructions” — шундай корхоналардан бири. Биз компания раҳбари Ҳумоюн АҲМАДЖОНОВни суҳбатга чорладик.

— Энергетика соҳасида янги қувватларнинг ишга туширилиши ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт берилиши катта янгилик бўлди. Ҳеч биримизга сир эмаски, яқин пайтларгача хонадонларимизда, ишхоналаримизда тез-тез чироқ ўчиши одат тусига кириб қолган эди. Бу ҳол электр энергияси билан таъминлашда муаммолар мавжудлигидан далолат эди. Шу жиҳатдан Фарғона вилоятида янги объект қурилишининг аҳамияти хусусида фикрларингизни билмоқчи эдик…

— Саволингиз ўринли. Аслида, бу манзара ҳатто шаҳарларга бегона эмасди. Шукрки, бу ҳолатлар барҳам топиб бормоқда. Янги электр қувватларининг ишга туширилиши юртимизда инсон қадрининг қадрланаётгани, ислоҳотлар инсонни рози қилиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, унинг бирламчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат олиб борилишининг исботидир. Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Хитойнинг “Чайна Энержи” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон туманида электр энергияси сақлаш тизими қурилиши лойиҳасига старт берган эди. Қисқа фурсат ичида Марказий Осиёда ягона бўлган электр энергиясини сақлаш иншооти Хитой Халқ Республикасининг “China Gezhouba Group Overseas Investmen Co.Ltd” компанияси ва маҳаллий ҳамкорлар томонидан тўғридан-тўғри 144 миллион долларлик хорижий инвестиция киритиш ҳисобига барпо этилди. Бу ерда электр энергиясини сақловчи, ҳар бирининг қуввати 2 МВт бўлган 193 та батарея ўрнатилди. Фарғона вилоятида қурилган электр энергияси сақлаш тизими ўзига хослиги билан ажралиб туради. Янги лойиҳа электр манбаига эҳтиёж камайган кундуз ва тунги пайтларда электр тармоғига уланиб, истеъмолдан ортиб қолган электр қувватини “омбор”га йиғади ва зарур бўлганда ўша “омбор”дан яна қайта тармоққа етказиб беради. Электр энергиясини батареяда сақлаш, айниқса, қишда қўл келади. Кундузи юклама паст бўлган вақтда тизимни қувватлантириб, юклама юқори бўлганда уни бўшатиб, тизимдаги балансни сақлашга ёрдам беради. Бу унинг асосий функцияларидан бири. Ҳисоб-китоб учун кунлик ўртача истеъмол 6 киловатт соат деб олсак, батарея сақлаш тизими кунига икки марта ишлаган ҳолда кунига 100 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан узлуксиз таъминлай олади. Бу жуда катта кўрсаткич. Шунингдек, турли ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам электр энергиясини тўлиқ етказиб бера олади.

— Албатта, Марказий Осиёда ягона бўлган бундай мураккаб лойиҳани рўёбга чиқариш осон бўлмагани аниқ. Ушбу жараёнга ҳам тўхталсангиз.

— Ўн икки гектар майдонга Хитойдан келтирилган замонавий батареялар ўрнатилган ушбу иншоот Марказий Осиёдаги энг йирик энергия сақлаш тизимига эга ҳамда сўнгги техника ва технологияларни жамлагани билан ажралиб туради. Аккумулятор станция қурилишининг асосий сабабларидан биттаси шу бўлдики, қувват йўқолганда мана шу аккумулятор станцияси томонидан ижтимоий соҳа объектлари, биринчи категория истеъмолчилари қувват билан таъминланади. Шунингдек, юқорида айтганимдек, мазкур иншоот турли ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам электр энергиясини узлуксиз етказиб бера олади. Энергия сақлаш тизими қурилишида ишни тўғри ташкил қилиш ва белгиланган муддатда сифатли бажариш мақсадида дунёнинг ривожланган давлатлари ҳамда юртимизнинг малакали мутахассислари жалб этилди. Лойиҳамизни жуда қисқа муддатда амалга оширдик.

— Лойиҳада Ўзбекистон томонидан “VIVA Constructions” компанияси вакиллари ва малакали мутахассислари ҳам фаол иштирок этди. Компания лойиҳани амалга оширишда қандай ишларни бажарди?

— Фарғона вилоятида қурилган ушбу лойиҳа халқаро атама билан “BESS” деб номланади. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “BESS” лойиҳасида 2024 йил апрель ойидан бошлаб “VIVA Constructions” компанияси ҳам фаол иштирок этди. Компаниямиз томонидан лойиҳа учун қурилиш майдони нуқталарини белгилаб олишдаги барча геодезик ишлар амалга оширилди. Геодезик ўлчовлардан келиб чиқиб, тоғ ён бағридаги унумсиз қир-адир майдонининг 12 гектар ҳудудида қурилиш майдони белгиланди. Ушбу қурилиш майдонида 46 минг куб метр ерни қазиш, тупроқларни ташиш, текислаш ишлари бажарилди. “BESS” қурилиш майдони билан магистрал йўлгача бўлган 4,5 км адирли жойлардан эни 6 метр, оғирлиги 150 тонналик махсус техникалар юришига мўлжалланган йўл барпо қилинди. “BESS” лойиҳаси учун 10 минг куб метр ҳар хил мақсаддаги бетон қуюв ишлари бажарилди. Ушбу лойиҳада:

  • 193 та ҳар бири (28 тонна) 2 МВт дан иборат электр энергиясини тўплайдиган батареялар;
  • 193 та инвертор — ўзгармас токни ўзгарувчан 220 V га мословчи қурилма;
  • 24 та ҳар бири (33 тонна) 35kVt лик трансформатор;
  • 2 та ҳар бири 193 тонналик асосий трансформаторлар ўрнатилди.

Лойиҳада фойдаланилган батарея, инвертор ва трансформаторларнинг ҳар бири учун алоҳида махсус бетон пойдеворлар қўйилди ва якунда лойиҳа асосида йиғиш ва ўрнатиш ишлари амалга оширилди. “BESS” ҳудуди 1 чақиримлик махсус мустаҳкам пойдеворга эга бўлган девор билан ўралди. “ВЕSS” тизимидаги кирувчи, чиқувчи ва захирадаги электр энергиясини кузатиб борадиган назорат биноси (55 м * 22 м * 8 м) қад кўтарди. Махсус уч қаватли 15 метр баландликдаги омборхона; ёнғин хавфсизлиги бошқарув биноси ва иккита ёпиқ сув сақлов ҳовузи қурилди. “BESS” ҳудудидаги оқова сувларнинг чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида канализация қуриш ишлари амалга оширилди. Электр манбаини тарқатиш станциясидан “BESS” ҳудудигача 11 км масофада юқори кучланишли электр сими — 39 та пўлат минора ўрнатиб тортиб келинди. “BESS” ҳудудидаги қурилмаларга табиат ҳодисалари зарар бермаслиги учун лойиҳада кўрсатилгандек чақмоқ уришига қарши ҳар бири ердан 32 метр баландликда бўлган 8 та металл минора ўрнатилди. 200 дона 3 метрлик пўлат қозиқлар ер остига қоқилди. Тоғ томондан келиши мумкин бўлган селни бошқа томонга йўналтирадиган 800 метрлик лотоклар ўрнатилди. Лойиҳа қурилишида жами 800 нафарга яқин ишчи-мутахассис ходимлар иш олиб борди. Биргина “VIVA Constructions” компаниясининг ўзида 400 га яқин маҳаллий ишчи-мутахассислар ишлагани ҳолда, Хитой, Туркия ва Ҳиндистондан ҳам етакчи мутахассислар жалб қилинди. “BESS” лойиҳасининг мураккаблигидан келиб чиқиб, 50 дан ошиқ ҳар хил турдаги махсус қурилиш техникалари иш олиб борди.

“VIVA Constructions” компаниясининг қурилиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган ноёб дастури “BESS” лойиҳасининг қисқа муддатда амалга ошишига жуда катта ҳисса қўшди. Жумладан, қурилиш материаллари, керакли жиҳозлар ва техникаларни ўз вақтида буюртма қилиш ва етказиб бериш ҳам автоматлашган дастур асосида амалга оширилди. Ишчи ходимларнинг иш ҳақи тўлиқ дастурлашган ҳолда бўлганлиги ва иш ҳақининг ўз вақтида берилиши қурилиш соҳасида янгича бурилиш бўлди ва бундан, айниқса, маҳаллий ишчи ходимлар жуда ҳам мамнун. Замонавий “BESS” каби лойиҳаларга “VIVA Constructions” ўзининг замонавий ечимлари билан 2025 йилда ҳам кўмак беришга тайёр.

— Яшил энергетиканинг табиат мусаффолигига эришиш ва яшил иқтисодиётдаги ўрни ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Янги аср бўсағасида қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича ҳам маълум саъй-ҳаракатлар қилинган. Бироқ мазкур жараён ниҳоятда секин ва тарқоқ ҳолда давом этиб, аксарият лойиҳалар, фикр-мулоҳазалар қоғозда қолиб кетаверди. Сабаби, узоқ вақтгача Ўзбекистонда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар борлиги, улар кенг қулоч ёзгани, янада аянчлиси, индустриал ривожланиш ҳамда иқтисодий ўсишимизга тўсқинлик қилаётгани юқори доирада очиқчасига айтилмади. Муаммони тан олиш учун, аввало, сиёсий ирода керак эди. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида вазият тубдан ўзгарди. Мамлакат электр энергияси тақчиллиги шароитида яшаётгани давлат даражасида тан олинди. Энергетика соҳасини модернизациялашга доир яхлит дастур ишлаб чиқишга киришилди.

Яна бир жиҳат. Қуёш ва шамол генерациясига ўтиш тегишли инфратузилмани яратишдан бошланади. Бу эса ҳазилакам иш эмас. “Яшил” энергетика жуда қиммат соҳа. 2017 йилгача Ўзбекистон ҳозиргидек дунёга очиқ мамлакат бўлмаган. Иқтисодиёт тармоқлари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинарди. Бундай шароитда йирик инфратузилмавий лойиҳалар учун хорижий ҳамкорларни жалб этиш, уларга қулай шартлар таклиф этиш мушкул эди. Яширишга не ҳожат, инвесторлар биз билан ишлашдан чўчиган. Эндиликда давлатимизнинг ўзи қайта тикланувчи энергия манбаларига маблағ тикаётган тадбиркорларни рағбатлантирмоқда. Ўзбекистонда фото ва гидроэлектр станциялари, шамол генераторларини қуриш учун солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бежиз эмаски, мазкур йўналишда эълон қилинаётган тендер танловларида доим ўнлаб хорижий компаниялар иштирок этиш истагини билдиради. Ҳозир ҳатто уй хўжаликларига ўз эҳтиёжи учун кичик гидроэлектр станциялари қуришга ва уни сотишга рухсат берилди. Демак, аҳолига узлуксиз энергия таъминоти кафолатланибгина қолмай, бундан даромад олиш имконияти ҳам яратилмоқда.

Асосийси, электр энергия қувватларини оширишга йўналтирилган лойиҳалар орқали атмосферага зарарли чиқинди газлар чиқарилиши ҳисобига ҳавонинг кескин ифлосланишининг олдини олиш борасида олган халқаро мажбуриятларимизни бажариш йўлида катта қадам ташладик. Боз устига, катта-катта маблағлар эвазига иш бошлаётган замонавий электр тармоқлари нафақат хонадонларимизни ёруғ, балки, кўнгилларимизни ҳам чароғон қилади. Одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиб, розилиги ортади. Мана, нима учун “яшил” энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратилмоқда? Қолаверса, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра ошириш, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтариш мақсад қилиб қўйилган. Беш йил ичида умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаётган эканмиз, бу улуғвор ниятларимизга эришиш учун бизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур.

Акбархон МАГДИЕВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =