Орзулар ушалган байрам

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни

Ҳарбий хизматнинг ўзига яраша жозибаси бор. Шу боисдан ҳам ҳар бир йигит болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қилади. Мен ҳам ёшлигимдан ҳарбий соҳани танлаган, доим ўзига ярашган ҳарбий либосда юрадиган тоғамга ҳавас қилиб, ойнаи жаҳон орқали намойиш этилган “Сардор”, “Остона”, “Жасур” каби кинофильмларни томоша қилиб, кўнглимда аскар бўлиш истаги уйғонганди. Албатта, ҳарбий бўлиш ҳам осон эмас. Бу ўз-ўзидан бўлавермайди. Ҳаёт йўлларимиз шундай бўлдики, бошқа соҳани танлашимга тўғри келди. Шунга қарамасдан, ҳозир ҳам ҳарбийларга ҳавас билан қарайман.

Кичик боладан ҳам: “Катта бўлганингда ким бўласан?” деб сўрасангиз, албатта, кўпчилик: “Ҳарбий бўлмоқчиман”, деб жавоб беради. Шу мақсад йўлида тинимсиз изланади, меҳнат қилади ва спорт билан шуғулланади. Шундай қилса, албатта, мақсадига эришади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда давлатимиз томонидан ҳар бир соҳада бўлгани каби ҳарбийларга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бу эътибор ва ғамхўрликларга ҳар йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни арафасида яна бир бор гувоҳ бўламиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячиларига табрик йўллайди. Табрикда Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийларнинг жасорат ва шижоати, мардлиги, Армия ва халқ бирлиги эътироф этилади. Эл-юртимиз кенг нишонлайдиган байрамда эса мард ўғлонлар жасорати шарафланади.

Маълумки, мустақиллик йилларида мудофаа тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасида аскарнинг жанговарлиги, тактик маҳорати мустаҳкамланиб, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди.

Бундан ташқари, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар тез суръатларда давом эттирилмоқда. Соҳага илғор технологиялар жорий этилмоқда. Буларнинг бари қудратли армиямизнинг нуфузини юксалтиришда асосий омил бўлишига ишончимиз комил.

Энг қувонарлиси, шу қутлуғ ва тантанали байрам арафасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун хонадонлар туҳфа қилинади.

Сирасини айтганда, юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилишда, ташқи ёвуз кучларга қарши курашда фидойилик ва жонбозлик кўрсатган мард ўғлонларга мукофотлар, унвонлар берилади. Ҳозирги кунда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг яққол намунасидир.

2000 йили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида террорчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган Хайриддин Холбоев, 2005 йилда Андижонда экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилган қўпорувчиликка қарши курашиб, қурбон бўлган Баҳром Жўраев, хизмат бурчини бажараётган вақтда мардларча ҳалок бўлган Улуғбек Барноевларни Ватан учун, мустақиллигимиз учун жон фидо қилган ҳақиқий мард йигитлар, деб айта оламиз.

Она Ватанимизни, жонажон халқимизни ҳимоя қилиш, керак бўлса, шу юрт учун, шу эл учун жонини фидо қилиш ҳар бир ҳақиқий ўғлоннинг асосий бурчлари ҳисобланади. Ахир тарихда қудратли салтанатлар бунёд этган ота-боболаримиз — Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик юрт учун, миллат учун, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун курашганлар. Уларнинг тимсолида чинакам инсоний жасоратни кўришимиз мумкин. Ҳозирда Ватанимиз сарҳадларини ҳушёр ва сергак туриб ҳимоя қилаётган, осмонимиз мусаффолигини таъминлаб бераётган ҳарбийларимиз улуғ саркарда бўлган аждодларимизнинг ишларини шараф билан давом эттирмоқдалар. Биз улар билан фахрланамиз.

Бугунги ёш авлоднинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтириш, уларни буюк аждодларимизнинг ишига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги Фармонига биноан “Темурбеклар мактаби”, 2023 йилдаги “Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей ташкил этилди. Буларнинг барчаси ёшларга яратиб берилаётган имкониятларнинг ёрқин исботи бўлиб, ҳозирданоқ ўз мевасини бермоқда.

Дарҳақиқат, йигитлар каби бугунги қизлар ҳам Ватан ҳимоясини шарафли бурч деб биладилар. Юрт ҳимоясига отланган қизлар орасида ҳар йили “Тўмарис издошлари” каби нуфузли танловлар ўтказилади. Бундай танлов ва баҳслар эл-юрт ҳимоясига отланган қизларнинг салоҳиятини янада оширади.

Маълумотларга қараганда, ўтган йилларда Мудофаа вазирлиги қўшинлари қатор халқаро ютуқларга эришди. Жумладан, АҚШнинг Миссисипи штатида ўтказилган “Энг илғор жангчи” мусобақасида аскар йигитларимиз фаол иштирок этиб, фахрли биринчи ўринга сазовор бўлишган бўлса, Буюк Британияда ўтказилган “Кембрия патрули” мусобақасида 44 давлатнинг 118 жамоаси ўртасида иккинчи ўринни қўлга киритишди. Санайверсангиз, ҳарбийларимиз эришган ютуқлар оз эмаслигига ишонч ҳосил қиласиз.

Мамлакатимизда бутун халқимиз томонидан Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари байрами тантанали тарзда нишонланаётган шу кунларда “Ўзбекистон ҳарбийлари — Ватанимиз посбонларига шон-шарафлар бўлсин!” деймиз.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =