Нега 6-хонани аввалдан банд қилишмоқда?

Газ таъминотида таъмирлаш ишлари бўлганлиги сабабли уйимизда уч кун газ бўлмади. Шу боис бирор емакхонага бориб овқатланишни лозим топдик. Қизим Гулистон шаҳрининг 4-мавзесида жойлашган “Шукран” (ошхона номини “Шукрона” деб қўйиш керакми деган таклифни ҳам бердик) номли миллий ва Европа таомлари ошхонасига боришни таклиф қилди.
Ошхонага кириб боришимиз билан ходимлар: “6-хонага киринглар”, дея таклиф беришди.
Кириб, ҳайратдан донг қотдим. Нега?
Ажабо! Хонанинг бутун деворларига газета ёпиштирилган. Қарасангиз, “Ишонч”, “Янги Сирдарё” ва яна бир қанча газеталарнинг ранг-баранг саҳифалари деворда “мени ўқи” деб турибди. Ростдан ҳам эгилиб-букилиб ўқишга тушиб кетдим. Орада кўпгина устоз журналистларнинг мақолалари зўр чиққан экан, деб уларнинг исм-шарифларини кўриб қувондим.
Официант йигит: “Опа, буюртма берасизларми?” дея бир-икки келиб кетди. Шу қадар берилиб кетганимдан: “Ҳозир, ҳозир чой-нон келтира туринг”, дердим-у яна ўқирдим. Қарасам, оила аъзоларим менинг мароқ билан хона айланаётганимга жим қараб ўтиришибди. Бир амаллаб газета саҳифаларидан кўзимни узиб, жойимга ўтирдим. Кейин таом буюртма бердик. Лекин жуда шошардим: бу хонани нега шундай безатди? Бу ғоя эгаси ким эканлигига жуда қизиқаётгандим. Шу сабабли ҳам овқатланиб бўлиб, ғоя муаллифини тезда топдим.
— Отам узоқ йиллар таълим соҳасида фаолият юритган ўқитувчи, — деди “Шукран” кафеси раҳбари Даврон Шукуров. — Болалигимиздан отамнинг газетани ҳурматлашини кўриб улғайдик. Улар нафақат ўқир, балки мақолалар ҳам ёзиб турардилар. Ҳатто Зоминдаги қатағон қурбонлари ҳақида ёзган мақолалари туфайли уларни оқлашга эришганлар. Ана шунда ёш бўлсам-да, сўз қудратини англаганман. Отамнинг газета ўқиши ҳамма фарзандларига дастуриламал бўлди, десам, ҳеч бир муболаға бўлмаса керак. Чунки биз ҳам отам каби газета ўқиб катта бўлдик. Шунинг учун шу 6-хона деворларини газета билан тўлдирдим. “Келган хўрандалар албатта ўқиб кўради”, деб ўйладим. Ҳозирги кунда бу хонанинг мижозлари бисёр. Шу сабабдан бир неча кун аввал хонани буюртма қилиб қўйиш лозим. Ўйлашимча, бу ҳам, аслида, бир тарғибот. Ахир газета маънавият ва маърифат ўчоғи. Уни тарғиб қилишдан, доимо ўқишдан завқланаман. Отам ўқиди, биз ҳам ўқиб улғайдик. Энди фарзандларимиз ҳам газета ўқиб улғайиши керак. Шунда келажак авлодимизда фикрли, ижодий қобилияти шаклланган инсонларни етиштириб, улғайтира оламиз.
Ҳа, орамизда маънавият ҳамда маърифат улашувчи зиёлилар қаторида Даврон ака каби тадбиркорларнинг борлиги қувонтиради. Уларнинг халқимиз маданияти юксалишида қилаётган беминнат хизматлари таҳсинга лойиқ. Жамиятда газета тарғиботига янгича ёндашувлар асосида ҳисса қўшаётган кишилар кўпаяверсин.
Хуршида НИШОНОВА,
“Янги Сирдарё” газетаси
бўлим муҳаррири.