Тақдир ёрлақаган одам

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Саломатлик” орденлари соҳиби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саидакрам ҲАСАНОВ ҳақида ҳикоя
Саидакрам ака Ҳасанов билан авваллари ҳам кўришган бўлсак-да, Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлайдиган бир укамизнинг тўйида яқиндан танишиш насиб этди. У устозларимиздан бири, одамларга саховату яхшиликлари билан ном қолдириб кетган, оқибатда ҳам, мурувватда ҳам ибрат бўлган, биз журналистларнинг қадрдони, раҳматли Муртазо ака Султоновнинг қўшниси ва яқин дўсти экан. Ўшанда Муртазо Султоновни ёд этиб ёзган мақоламдан хурсанд бўлган кишилардан бири ҳам Саидакрам ака бўлганди.
— Муртазо Султонов маҳалламиз фахри эди, — деб қўнғироқ қилганди Саидакрам ака. — “Оқибат мактаби” сарлавҳали мақолангиз ҳақиқий меҳр-оқибат ҳақида бўлибди. Маҳалладошларимиз, дўстларимиз ҳам ўқишди. Жуда савоб иш қилибсиз. Ҳаммамиз хурсанд бўлдик.
“Болангиз одобли, ўқишлари ҳам яхши” деган мақтовни эшитган ота қандай хурсанд бўлса, “мақолангизни ўқидим, яхши ёзибсиз, савобли иш қилибсиз”, дейишганида журналист сифатида мен ҳам шундай қувониб кетаман. Бошим еттинчи осмонга етгандек бўлади гўё.
Қадрдон акамиз бўлиб қолган Саидакрам Ҳасанов билан суҳбатлашиш учун Тошкентнинг “Ўзгидромет” чорраҳасида жойлашган хусусий тиббиёт муассасасида учрашдик. Келишилган вақтда “Lacetti” автомашинасини ҳайдаб келган Саидакрам акага қараб ҳайратимни яшира олмадим: “Қойил-э, шу ёшингизда ҳам автомашинани ўзингиз ҳайдайсизми? Кўз тегмасин. Бир дуо қилинг, бизга ҳам сизнинг ёшингизда шундай навқирон бўлиб юриш насиб этсин”, дедим. Саксон уч ёшдан ўтган киши, одатда, машина миниб юриш у ёқда турсин, ўзини зўрға эплайди. Соч-соқоли оқариб, мўйсафид бўлиб қолади.
— Эллик бир йилдан бери ҳайдовчиман, — деди у. — Рулда ўтиришнинг ҳам гашти бор, одамга енгил руҳ бағишлайди, қуч-қувват, ғайрат беради, ўзингизга ишониб, соғлом юрасиз. Аъзоларингиз доимо ҳаракатда бўлади.
— Моҳир ҳайдовчилик ҳам санъатдек бир гап-да ўзи.
— Шундай. Яхши ишлар одам боласининг баданидаги аъзолар иштирокида қилинади. Демак, инсон соғлом бўлсагина, киши савоб ишларга кўпроқ қодир бўлади.
Доктор танишларимдан бири айтганди. Томоғимизда муртак деган аъзо бор. Кичик тилнинг икки ёнида ҳам иккита муртак бўлади. Бу муртаклар кўз илғамайдиган сон-саноқсиз вирусларни димоғда ушлаб туриб, зарарсизлантириш вазифасини бажаради. Худди шу сингари инсон танасидаги ҳар бир аъзонинг ақл бовар қилмайдиган даражадаги мўъжизавий вазифаси бўлади.
Тиббиётда шундай сўзлар борки, улар ўзбекча айтилмаса ҳам, барчамиз тушунаверамиз. Қулоқ, бурун ва томоқ ҳамда унинг атрофидаги аъзолар касалликларини даволайдиган шифокорни “ЛОР врач” деймиз. Бугун ҳузурида суҳбатлашиб ўтирганим — Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ва II даражали “Саломатлик” орденлари соҳиби, Соғлиқни сақлаш аълочиси Саидакрам Ҳасанов номи ҳам тилга олинганида, “таниқли ЛОР врач” деган сўз қўшиб айтилади.
Саидакрам ака таниқли олим-шифокор бўлибгина қолмай, кўп китоб ўқийдиган, газета-журналлардан меҳрини узмаган зиёли инсон эканлиги учун ҳам бу кишига ихлосим ортган.
Кўплаб таниқли шоир, ёзувчи, журналистлар ижоди билан ҳам, ўзлари билан ҳам таниш экан. Иш столи устида Чўлпоннинг “Яна олдим созимни” деган китобига кўзим тушди.
— Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини ўн мартадан кўп ўқиганман, — деди устоз шифокор. — Тили жуда бой, ҳар ўқиганимда кўпроқ маъни оламан. Роман ёзишни ҳам қойиллатиб қўйган-да!
— Эркин Воҳидовни ҳам кўп ўқир экансиз?
— 1998 йил баҳори эди, — дея у ҳикоясини узоқроқ бошлади. — Телефоним жиринглаб қолди. “Мен Олий Мажлисдан бўламан”, деган овоз келди. Овозини бошқа бир қадрдон депутатникига ўхшатиб, унга гапириб кетибман. “Йўқ, мен Эркин Воҳидовман”, деди. “Шундай демайсизми? Сизни яхши биламан, ахир шеърларингизни ўқиб катта бўлганмиз-ку!” У набирасининг томоғини даволашга ёрдам беришимни илтимос қилди. Эртасига набирасини таниқли шоирнинг ўзи олиб келди. Муолажа кўнгилдагидек ўтди. Эркин ака хурсанд бўлиб, “ҳисобли дўст айрилмас” деб хизмат ҳақимизга нимадир бермоқчи бўлди.
Унамадим. “Сиз халқ шоирисиз, қанча шеъру ғазалларингизни ўқиймиз, қўшиқ қилиб айтилади. Эшитиб роҳат оламиз. Бу гапни сиз айтмадингиз, мен эшитмадим. Майли, илҳомингиз келганда, бизнинг клиникамизга осиб қўядиган тўрт қатор шеър ёзиб берсангиз”, дея илтимос қилдим. У киши хўп деди. Ваъдага вафони қаранг! Эртаси куни шеър келди:
Етса димоғингга муаттар ҳаво,
Кирса қулоғингга оҳанг, сўз, садо,
Ўтса томоғингдан луқмаи ҳалол,
Ҳаёт шукрини қил, дард кўрма асло.
Бу қулоқ, томоқ, бурунга бағишланган ажойиб мадҳ бўлганди. Мисраларни катта-катта ҳарфлар билан ёзиб, рамкага солиб, кираверишга осиб қўйганмиз. Бу гўзал мисраларни қаранг, неча йилларки, клиникада бўлганлар ўқиб, маънавий завқ олишмоқда, руҳлари кўтарилмоқда.
Клиникамизда Мирмуҳсин, Ўткир Ҳошимов каби бир қанча машҳур ижодкорлар ҳам даволанишган.
Китобга муҳаббат неъматини Тангри таоло ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Саидакрам акага илм-зиё, меҳнат, изланиш хислатлари саодат берди.
— Соҳам бўйича номзодлик диссертациясини тайёрлагач, илмий китобларни ўқиб, 1979 йили Москвага академик Николай Александрович Преображенскийни қидириб бордим, — деди ҳамсуҳбатим. — Илмий ишим билан танишиб чиққач, таниқли олим менга қизиқиб қолди. Рус тилини ҳам яхши билганим қўл келди. У билан яқин бўлиб кетдим. 1-Москва медицина институти (ҳозир академия бўлган) қулоқ, томоқ ва бурун бўлимида докторантурада таҳсил олдим. Кимсан, Ленин мукофоти лауреати, тиббиёт фанлари академиясида клиник институтлар бўйича раҳбар, академик Николай Преображенскийнинг шогирди бўлиб эмин-эркин, яйраб илм қилганман. Устозим Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эди. Мўъжиза туфайли икки марта асирликдан қочиб омон қолган, ҳақиқий қаҳрамон жангчи бўлган. Ўша вақтларда Тошкентдаги олимлар орасида ҳасадгўйлик, ичиқоралик кучли бўлгани боисидан ҳам Москвада хайрихоҳ олимлар даврасида чўққига интилган эркин қушдек парвоз қилдим. Докторлик илмий даражасини ёқладим. У пайтлари Москвада илмли олимларнинг қадр-қиммати баланд эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, улар “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган эдилар десак ҳам бўлади.
Ҳалоллик, виждонлилик, инсонлар саломатлиги учун умр лаҳзаларини фидо қилиш фазилатлари Саидакрам Ҳасановга обрў, эътибор, унвон, мартаба келтирди.
Тошкент — азим кент. Бу диёрда тўғри ҳам бор, ўғри ҳам бор. Ҳамон хайрихоҳ ёронлардан ҳасадгўй “қадрдон”лар кўп. Дунёда таниқли олим бўлиш жуда қийин, одам бўлиш эса унданам қийин. Бундайин икки иқбол — фақат Яратган Эгам суйган бандасининг бошига қўнадиган бахт қушидир.
— Сиз тақдир ёрлақаган одам экансиз, — дедим унга самимият билан. — Oтам раҳматли ўзи билган яхши инсонларни учратса, “қуш уясида кўрганини қилади” деб уларнинг ота-онасини эсларди…
— Отангиз айтган бу ҳикмат ҳақиқат эканини ўз ҳаётимда кўрдим, — деди у. — Адам раҳматли йигирма йилга яқин маҳалла раиси бўлиб ишлаган, обрўси баланд киши эди. Оч ҳам, тўқ ҳам ёнига маслаҳатга келишарди. Айниқса, бир воқеа ҳечам ёдимдан чиқмайди: Маҳалламиздаги бир киши (майли исмларини айтмайлик) оиласи ночорлигидан қизини турмушга узата олмай, икки нафар ўғли 10-12 ёшга кирса ҳам хатна қилдира олмай юрган экан. Одамлар у пайтлари ориятли бўлишган. Камбағаллигини яширишган, бировга оғирим тушмасин деб истиҳола қилишган.
Раҳматли Асқархўжа адам ўша маҳалладошимизнинг аҳволини сезиб қолиб, қизини турмушга узатишга бош-қош бўлиб, уйимизда ўғилларини суннат қилдириб берганди. Болаларни Тўлаган сўфи хатна қилган, Мулла Зокир ака қўлларини ушлаб турган эди. Ўшанда маҳалладошимиз йиғлаб туриб адамни дуо қилганди. Наманганлик Олим домла деган мачитимиз имоми адамнинг қўлларини олиб, “Етти ҳажнинг савоби муборак бўлсин!” деган эди. Аллоҳнинг “ким одамларга яхшилик қилиб кўзидан ёш чиқариб йиғлатса, етти ҳаж савобини бераман” деган ваъдаси бор дейишади. Саидакрам аканинг ҳикояси шу жойга етганда мен ҳам таъсирланиб кетдим…
— Ўзимнинг ҳаётимда ҳам шундай воқеалар кўп бўлган, — деди у. — Бир йили қорақалпоғистонлик ота ўғлини даволашга олиб келди. Димоғида ўсимта бор экан. Қўчқор Миразизов усулида ўсимтани олиш амалиётини ўтказдим. Отаси: “Ўғлимни ҳаётга қайтардингиз”, деб қоғозга ўралган пул узатди. Неча марта йўқ десам ҳам, “оласиз”, деди. Жудаям ўжар одам экан. Пулни қўлимга олиб, “Энди меники бўлди, тўғрими?” дедим. У бош ирғаб “ҳа”, деди. “Бу пул мендан сизга ёрдам. Ўғлингизни яхши овқатлар олиб бериб кучга киритинг”, деб ўзига қайтариб бердим. “Биттагина сигиримни сотиб, пулини олиб келгандим, раҳмат доктор, барака топинг, қўлингиз дард кўрмасин”, деб йиғлаб дуо қилганди.
Тожихон ойим раҳматли: “Одамларнинг қўлига қарамагин, юзига қарагин, болам”, деб тарбия берган. Қўлга қарамаганнинг юзи ёруғ бўлар экан. Аввало, Аллоҳнинг меҳрибончилиги, ота-онамиз, устозларимиз ва бемор инсонлар дуоси туфайли барака топдик. Худога шукур, қўлларимиз дард кўрмай, шу ёшимизда ҳам шифо талабидагиларга хизмат қилиб, дуо олиб юрибмиз.
Яхши олимга яхши устозлар йўлиқаверар экан! Тошкентда ҳам шундай бўлди. У таниқли олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Қўчқор Миразизовнинг назарига тушди. У устоз деб домласининг ўгитларига амал қилди. Даволашнинг Миразизов тадқиқ этган усулларидан фойдаланди. Ўзи ҳам илмий изланиб, устози изидан борди.
“Билганлар билан билмаганлар ҳар тўғрида тенг кела олмайдилар” деган гап бор. Билганлар деганда Саидакрам ака каби доно олимлар назарда тутилгандир. У “Қандли диабетли беморларнинг эшитиш аъзоси ҳолати” мавзусида докторлик ишини ёқлади. Олим эшитув физиологияси, унинг бузилиши ва шунга алоқадор касалликларни, овоз физиологияси, унинг ўзгариши ва бу ўзгаришларни келтириб чиқарган касалликларни, қулоқ оғир бўлиб қолиши, хусусан, карлик сабабларини аниқлаб, даволаш устида қимматли тадқиқотлар олиб борган. Айниқса, ўрта қулоқнинг ўткир ва сурункали яллиғланиши, унинг асоратларини аниқлаб, даволаш бўйича катта илмий-амалий тажрибаси юзлаб шогирдлари учун асосий дастур, қўлланма бўлиб хизмат қилаётир.
Таниқли шифокорнинг фарзандлари Улуғбек, Саиджамол ҳам ота изидан борди. Тўнғич ўғли Улуғбек Ҳасанов бугунги кунда тиббиёт фанлари доктори, профессор.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизнинг орзуимизни рўёбга чиқарди, — деди суҳбатдошим. — Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда “Қулоқ, томоқ, бурун ва бош-бўйин жарроҳлик маркази”ни очиб берди. Марказнинг очилиш маросимида Юртбошимиз ўғлим Улуғбекка қарата: “Отанг кўп ишларни қилди, энди сен давом эттирасан”, деб юксак ишонч билдирди.
Иккинчи ўғлим Саиджамол эса ҳозирги пайтда Австралиянинг Перт шаҳрида ЛОР врач, келиним эса умумий назариёт шифокори. Дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам оиламиз вакиллари ишимни давом эттираётганидан кўнглим ҳузурга тўлади.
Буни қарангки, Саидакрам қизи Умидахон асли касби иқтисодчи бўлса-да, бугунги кунда тиббиёт соҳасига меҳри тушиб, стоматология институтининг бешинчи курс талабаси экан. Набираларидан ҳам саккиз нафари шифокорлик соҳасини танлашибди. Ҳатто чеваралари ҳам шу йўлдан кетаётир.
— Илоҳо, кўз тегмасин, ҳавас қилдим, бизнинг зурриётлардан ҳам шундай илм аҳллари чиқишсин, — дедим домлага. Устоз дуо қилдилар.
Расм олиш учун у истиқомат қиладиган хонадонда бўлдик.
— Келинойингиз Светлана Бобожонова ҳам шифокор. Тиббиёт фанлари номзоди, таниқли эндокринолог олима, — деди Саидакрам ака. — 1967 йили турмуш қурганмиз. Узоқ йиллар Ички ишлар вазири бўлган, машҳур генерал Йўлдош Бобожоновнинг қизи бўлади. Тўйимизга Комилжон Отажонов келган. Насиб этса, Аллоҳ умр берса, икки йилдан сўнг турмуш қурганимизга 60 йил бўлади.
Опа: “Кўк чой дамлайми, қора чойми?” дея ўзбекона илтифот қилди.
Журналист эканимни, Саидакрам ака ҳақида нимадир ёзиш ҳаракатидалигимни билдириб, турмуш ўртоғи ҳақида ундан сўрадим.
— Салкам олтмиш йилдан бери бирга яшаймиз, ажойиб шифокор, ажойиб олим, ажойиб педагог, ажойиб ота, ажойиб турмуш ўртоқ, — деди Светлана опа.
— Таъриф ҳам ажойиб бўлди, — дедим кулиб.
Дарвоқе, суҳбатларнинг бирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, қадрдонимиз Шуҳрат Жабборов олим ҳақида шундай деган эди:
— Саидакрам ака мамлакатимизда отоларингология соҳасидаги катта сулоланинг асосчисидир. Тажрибали профессор инсон организмидаги аъзоларнинг бир-бирига алоқадорлиги хусусида кашфиётлар яратган. У киши намунали фаолияти билан хусусий тиббиётнинг позитив жиҳатларини амалда намоён этди. Ёшлари улғайганда ҳам илмий тадқиқотни давом эттирди. Бу фазилат олимнинг фидойилигини кўрсатади. Шу маънода Саидакрам Ҳасановга ўхшаган инсонлар замонамиз қаҳрамонлари десак хато бўлмас.
Қаҳрамонимизнинг укаси Абдураҳмон ака ҳам мамлакатимиздаги таниқли ЛОР шифокорларидан бири. У билан ҳам акасининг шифокорлик фаолияти, ҳаётидаги ибратли воқеалар ҳақида гаплашдик.
— Акам менга отам ўрнида ота, илмда устоз, — деди Абдураҳмон ака. — Ҳаётимда ибрат мактабим. Силаи раҳми кучли одам. Бизларнинг бошимизни қовуштириб юрадилар. Илоҳо, умрлари узоқ бўлсин.
— Умр ҳам, ризқ ҳам Яратган Эгам томонидан ўлчаб берилган, — деди Саидакрам ака. — Қариб қолдим, чарчадим демасдан ҳаракатда бўлиш керак. Киши ичмаса, чекмаса, одоб доирасида турмуш кечирса, албатта, соғлом бўлади. Эрталаблари келинойингиз билан шу ёшда ҳам уч-тўрт чақирим пиёда юрамиз.
…Қаҳрамонимиз билан дилдан суҳбатлашиб ўзимда ҳам бир ўктамлик, хушкайфият, ҳавас ҳисси янада ошганини сездим. Эл-юрт хизматида турли соҳаларда меҳнат қилиб юрган ана шундай улуғ инсонлар жуда кўп. Чиндан ҳам уларни замонамиз қаҳрамонлари десак арзийди. Лекин улар жуда камтар, сокин. Ҳеч қачон “Мана мен”, дея ўзларини кўз-кўз қилмайдилар. Изланиш, меҳнат қилиш, одамларга яхшилик қилиш — уларнинг фазилати.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.