Покистон бош вазири Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф 25 февраль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Икки мамлакат халқларини мустаҳкам тарихий алоқалар боғлаб турса, бугунги ривожланган даврдаги ҳамкорлик изчиллиги барқарор ва ишончли бўлади. Ўзбекистон ва Покистонни ана шундай ришталар бир-бирига эш қилади.
Бу ришталар эса Буюк ипак йўлининг умумий маданий анъаналари каби тарихий манбалардан қувват олади.
Покистон – Ватанимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган мамлакатлардан бири. Икки давлатнинг муштарак манфаатларга асосланган ҳамкорлиги йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.
Тошкент шаҳри халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.
Сўнг Покистон делегацияси “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Мажмуа билан қисқача танишув асносида Покистон делегацияси вакилларига бу ерда акс эттирилган сиймолар ва тарихий воқеалар мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 26 февраль куни бўлиб ўтади.
Бўлажак олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Саммит якунида Қўшма декларация ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.
ЎзА