Жаримасиз жамият қуриш мумкинми?

Тан оламан, мен эски давр одамиман. Балки дунёқарашимда ҳам шу жиҳат ўз таъсирига эга бўлса, ажабмас. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ўз ишларида фаол бўлганлари эсимда. У вақтда “темир кўзлар” йўқ эди. Одамий кўзлари бор инсонлар – “ГАИ”-“ДАН” ходимлари эдилар. Уларга адолатли гапни тушунтириш мумкин эди. Дейлик, бир машина юк туширяпти. Унинг ёнидан ўтиб кетиш мумкин эмас. Чизиқни, албатта, босасан. Юк тушириб бўлгунча кутишинг ёки орқага бир неча метр юриб, кейин чапга ўтиб кетишинг мумкин, буни “ДАН” ходимига кўрсатиб ёки оғзаки тушунтириш мумкин эди. Ҳозир бундай имконият йўқ. Чизиқни босдингми, тамом, жаримага гирифтор бўласан. Вазиятни тушунтиришга имконият йўқ. Қизиқ, камералар нега фақат сен йўл қўйган  “хатони” кўради, холос. Атрофидаги машиналар ҳаракати камера тасвирига нега туширилмайди. Бундай  “ақлли” кўзларни ким ихтиро қилган экан, билмадиму, улар ҳақиқий “уста” эканда-а?

Давлатнинг кучи етади, аммо бу ишга яна қўшимча нима учун “хусусий тадбиркор”ларни жалб қилган? Тушуниб етмайман. Ҳар қандай тадбиркор ўз маблағини оширишга ҳаракат қилади. Камера ўрнатувчи “хусусий тадбиркор” ҳам кўпроқ маблағ топиш томонида туради. Мен рақамларга эга эмасман, аммо биламанки, эски пайтлардаги “ДАН” ходимлари йўл ҳаракатидаги камчиликларни йўқотишда тарбия воситасидан кўпроқ фойдаланишган. Ҳамма нарсага жарима солаверишмаган. Улар даврида одамийлик билан бир қаторда жамиятининг қонун-қоидалари ҳукмрон эди. Ҳозир эса… камерага тушдингми, иш тугади. Айбдорсан. Бориб жаримангни тўлайвер. Шу билан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши камайди десалар, ишонманг, бу бўлмаган гап. Аксинча, қоида бузувчилар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жарималар ҳар бир ҳайдовчига ёпишиб олган. Йўқса, ҳеч бўлмаса битта ҳайдовчини кўрсатингчи, у бир йил давомида  бир марта ҳам жаримага тортилмаган бўлсин. Ҳа, қоида бузувчилар кўпайиб бормоқда. Бу аҳвол тугайдиган кун келадими? Ахир, фақат жазо доим ҳам одамни тўғри йўлга солмайди. Тарбия керак. Афсуски, тарбия деб жаримани кўрсатишмоқда. Бу – нотўғри. Балки мен ноҳақдирман. Айбдор деб ҳисобламанг, тузалишим мумкин, биргина сўз билан. Фақат меҳрли сўз билан. Шу боис, ўз фикримда қоламан: жазо ҳеч қачон одамни тарбия қилмаган, қилмайди ҳам! Бу тадбирлар вақтинчалик фойда бериши мумкин. Масалан, ота-она ўз фарзандига: “болам, сигарета  чекмагин, бу зиён,” дейди. Фарзанд “хўп” дейди-ю, кўчага чиқиши билан яна чўнтагидан сигаретани олиб тутатади. Унга жарима йўқ. Эҳтимол, шундай болаларнинг ота-онасига ҳам жарима солиш керакдир?

Ниятим — жамиятимиз жарималар мамлакатига эмас, тарбия биринчи ўринга чиққан жамиятга айлансин. Ўйлаб кўрайлик, энди уйқудан уйғонган болакайга “юзингни юв”, десангиз аввалига кўнмайди. Кейин ҳамманинг юзини юваётганини кўргач, у ҳам юз-қўлини ювадиган бўлади. Бу тарбия натижасидир. Келинглар, шу йўлга — тарбия қилиш йўлига ўтайлик.  Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар маҳаллаларга бориб суҳбатлар уюштиришсин. Яхши гап, адолатли тарбиявий таъсир ҳар қандай жаримадан кўпроқ самара беришига ишонаман.

Шахсан ўзим шу жарималар туфайли Миробод туман судига икки марта бордим. Судъя мени кечирди. У адолатли ҳукм чиқарди. Энди унинг кўзига кўринишга уяламан. Яна қоидани бузсам, жаримани тўлаганим яхшироқ. Биламан, барибир ўша чизиқни босаман, ўзим истамасам ҳам. Бунинг сабабларини ўрганадиган ташкилот борми? Билмайман, балки бордир. Улар адолатли фикр айтса, ёмон бўлмасди. “Дарча”да навбат туриб жарима пулини тўлаётганлар камаярмиди, деб ўйлайман…

Чекловлар кўпайгандан кўпаймоқда. Унинг ўрнига масъул ходимлар йўлларни қараб чиқишса, камчиликлар озаярмиди? Ўйилган йўл четлари, ўйдим-чуқурларга ким қарайди? Йўллардаги бундай носозликлар хусусий камералар  қўйилган жойларда кўпроқ  учрайди. Қаерга борманг, машинани қўйиш жойлари йўқ. Муаммо. Қайси кўчага қараманг,  “тўхтаб туриш мумкин эмас!” деган тақиқловчи белгилар! Тавба, атайлаб қилинганга ўхшайди.

Менингча, жаримага тортиш борасида хусусийлик бўлмаслиги керак. Чунки жаримадан тушадиган маблағлар давлатга тўлиқ ўтказилса, бюджет камомади камаяди-ку?  Тарбия масаласида Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар, Театр арбоблари, Тасвирий ойина каби ижодий уюшмаларнинг таъсирини кучайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Тўлқин МУҲИДДИН,

нафақадаги журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + fifteen =