Сайёр қабул — муаммолар ечими

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.

Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди.

Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топиш мақсадида Чуст туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан аниқ чора-тадбирлар асосида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан,  “Янгиер” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабул жараёнида мазкур маҳалланинг Иттифоқ кўчасида яшовчи бир гуруҳ аҳоли вакиллари Президентнинг тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, электр таъминотидаги муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам беришни сўрашган эди.

Аҳоли мурожаати юзасидан туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти ва тегишли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган ҳолда мурожаат ўрганиб чиқилиб, ҳамкорликда мазкур аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо ҳал қилиб берилди.

Маълум бўлишича, таянч устунлар бўлмаганлиги сабабли аҳоли ҳаёти учун хавфли бўлган турли хил дарахтларни кесиб, қўлбола усулда симёғочлар тайёрланиб, ундан фойдаланиб келинган.

Ҳозирда 20 дан ортиқ таянч устунлар ўрнатилиб, 1.3 км масофага электр тармоғи тортиб берилиб, аҳолига қулайлик яратилди.

Мухтасар айтганда, бугун ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмаяпти. Ўтказилаётган сайёр қабуллар муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шуҳратжон ДАВЛАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Чуст туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =