Сунъий интеллект: Инқилобми ёхуд инқироз?

Шиддатли рақамлашув таъсирида ҳаётимиз тобора ўзгариб бормоқда. Рақамли технологиялар аллақачон кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Телефон, ноутбук, планшет, ақлли соат, ақлли узук, ақлли кўзойнак дейсизми, улар каби техногаджетларнинг санаб адоғига етиш қийин. Мана, энди улар қаторига сунъий интеллектнинг турли дастурлари, чат-ботлари ҳам қўшилиб, кўпчиликни ўзига оҳанрабодек чорламоқда.

Шубҳасиз, нейротармоқларга асосланган сунъий интеллектнинг имкониятлари чексиз. У ҳар қандай вазиятда инсонга қимматли маслаҳатлар бера олади, зарур билимларни улашишдан чарчамайди. Керак бўлса, у шахсий шифокорингиз, руҳшуносингиз, устозингиз сифатида сизга кўмак беради. Унинг, айниқса, таълим бобидаги имкониятлари ниҳоятда чексиз бўлиб, бу соҳада инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

Сунъий интеллектни беминнат хусусий репетиторга ҳам қиёслаш ўринлидир. Исталган вақтда у билан биргаликда соатлаб шуғулланиб, билимларни бойитса бўлади. Уни таълимда қўллаш орқали шахсийлаштирилган, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашадиган таълим дастурларига эга бўлиш ҳам муаммо эмас. Негаки, сунъий интеллект ўқувчиларнинг ўзига хос эҳтиёж ва имкониятларини инобатга олган ҳолда, улар учун шахсий ўқув дастурларини яратиш имконига эга. Шунингдек, ўқувчиларнинг билимини баҳолашни автоматлаштириш (бу эса ўқитувчининг вақтини сезиларли тежайди), ўзлаштиришини башорат қилишда ҳам унинг беминнат ёрдамидан фойдаланса бўлади. Сунъий интеллект асосида ишловчи илова ва дастурлар орқали исталган тилни хоҳлаган вақтингизда ўргана оласиз.

Сунъий интеллект “таржимаи ҳоли”га бағишлаб ёзган китобида ўзининг таълим соҳасидаги ролига анча юқори баҳо беради: “Мен мактабда ўқитувчига таълимни ташкил қилишда яқиндан ёрдам бераман. Биз биргаликда ҳар бир ўқувчининг қизиқишлари, қобилияти ва ўзлаштириш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал режалар тузамиз. Мен ўқитувчини фойдали материаллар билан ҳам таъминлайман, ўқувчиларни янги ютуқларга илҳомлантирадиган интерактив топшириқ ва машқларни ишлаб чиқаман”.

Бугунги кунда таълимда сунъий идрок (СИ) воситаларидан фойдаланиш кўрсаткичлари ортиб бормоқда. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, юқори даромадли мамлакатларда ўрта мактаб ўқувчиларининг учдан икки қисмидан кўпроғи уйга вазифаларни бажариш учун генератив СИ воситаларидан фойдаланмоқда.

Сунъий идрокнинг таълим соҳасида яратадиган имкониятлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Шуниси аниқки, ундан тўғри фойдаланиш ҳар қандай устоз ва талаба учун чексиз имкониятлар эшигини очади. Аммо айни пайтда таълимда ундан, асосан, “ишни битириш учун” фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Талабалар ҳамиша уддабуронлиги ва ишнинг кўзини билиши билан ажралиб туради. Назорат ишлари-ю имтиҳонлардан “эсон-омон ўтиш” йўлларини топишда уларга етадигани йўқ. Замонавий технологиялар, телефон, интернет каби топилмалар сўнгги йилларда уларнинг ишини анча “енгиллаштиргани” ҳеч кимга сир эмас. Сунъий интеллект эса бу борада улар учун том маънода инқилобий янгилик бўлди, десак адашмаймиз. Чунки у ҳар қандай саволга бир неча сонияда жавоб топиб, иншо ва курс ишларини ҳам беминнат ёзиб бераяпти.

Муаммо шундаки, бугун аксарият толиби илмлар сунъий интеллектдан “фалон мавзудаги илмий адабиётларни топиб бер, мен уларни ўқиб-ўрганмоқчиман” деб сўрамайди, балки “фалон мавзуда иншо, таҳлил, курс иши ёзиб бер” деб талаб қилишга одатланган. Исталган профессор-ўқитувчидан: “Бугун талабалар сунъий интеллектдан қандай фойдаланаяпти?” деб сўрасангиз, асосан, салбий мазмундаги жавобни эшитасиз. Аксарият педагоглар охирги пайтларда назорат, курс ва диплом ишлари мавҳум, жонсиз матнлар ҳисобига ғайритабиий равишда семирганини таъкидлашмоқда. Зотан, сунъий интеллект воситасида ёзилган академик матн нуқсонларини пайқаш қийин эмас. Технологиянинг бундай суиистеъмол қилиниши натижасида таълимда жиддий аҳамиятга эга бўлган академик матннинг қадри тушиб кетмоқда.

Бинобарин, матн — энг муҳим ахборот манбаидир. Айнан матн илм-фан ривожининг асосий омили ҳисобланиб, кишига ўқиб-ўрганиш, билимларни эгаллаш имконини яратади. Технологик воситалар билим олишнинг анъанавий йўлларини қанчалик ўзгартирмасин, матн — ҳар қандай илмнинг асоси бўлиб қолаверади.

Ҳозирги пайтда биринчи галда каттароқ ҳажмли матнларга жиддий таҳдид пайдо бўлган. Таълим жараёнларида бунинг таъсири яққол сезилмоқда. Ялқов талаба ва ўқувчилар ўзларига берилган дарс вазифаларини шунчаки сунъий интеллект чат-ботларининг зиммасига юклаб қўймоқда. Афсуски, улар мавзуни конспект қилиш, илмий адабиётларни ўқиб, қимматли билимларни эгаллаш ва дунёқарашини шакллантиришни хаёлига ҳам келтирмайди.

Замонавий ўқувчи бугун исталган пайтда, исталган мавзуда сунъий интеллектга вазифа бериб, бир зумда унинг натижасини қабул қилиб олмоқда. Албатта, бунинг яхши томонлари ҳам бор, лекин оқибатда ёшлар ўзларининг энг асосий вазифаси — ўқиш, мустақил изланиб, билим олишдан йироқлашиб бормоқда. Уйга вазифани “ChatGPT” боти зиммасига юклаб, ўзи ёқтирган машғулот билан шуғулланиш ёки интернетда вақт ўтказиш кимга ҳам ёқмайди дейсиз!

Қизиғи, бундан атиги беш-ўн йил илгари “Google” дастурининг ёрдами билан диплом олишни эплаган уддабурон талабалар ўрнини эндиликда “ChatGPT эркатойи” бўлган технократ талабалар эгаллади. Таълимда ўта муҳим бўлган академик матнлар аллақачон сунъий интеллектнинг ўлжасига айланди. Профессор-ўқитувчиларнинг электрон почтасига юбориладиган аксарият назорат вазифаларидан тортиб, курс ва битирув-малакавий ишларигача сунъий интеллект ёрдамида тайёрланмоқда. Зийрак ўқувчи бундай матнлар билан танишганида сунъий интеллектнинг “дастхат”ини дарҳол пайқайди. Ҳиссиз, бир хил қолипли гаплар, мантиқий чалкашликлар билан тўла гап қурилмалари, лотин ва кирилл алифбосидаги ҳарфлар аралашиб кетган олақуроқ матнлар “мен сунъий онг маҳсулиман” деб баралла айтиб туради.

Таълимда сунъий интеллект алдаш хавфини оширади. Уддабурон ўқувчи ва талабалар доим илғор воситалардан фойдаланиш орқали академик ҳалоллик чораларини четлаб ўтишга интилади. Масалан, сунъий интеллектга асосланган плагиатни аниқлаш назорат тизимини одамнинг ёзиш услубига тақлид қиладиган илғорроқ дастурлар ёрдамида айланиб ўтиш мумкин. Таълим муассасалари бунинг олдини олиш учун ўзларининг дастур ва воситаларини доимий равишда янгилаб боришига тўғри келади.

Ўқув жараёнида сунъий интеллектга ҳаддан ташқари кўп мурожаат қилиш ўқувчининг когнитив хусусиятлари ва танқидий фикрлаш қобилиятининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Инсоннинг ўзлигини белгилайдиган фикрлаш кўникмасининг нейротармоққа топширилиши охир-оқибат қимматга тушиши аниқ. Олимларнинг аниқлашича, сунъий идрок технологияси одамларнинг фикр юритишига салбий таъсир кўрсатиш билан бирга, бирон ишнинг қай даражада тўғри бажарилганини баҳолашига ҳам халақит беради.

Сунъий идрок воситалари индивидуал ўрганиш ва маълумотларни самарали топишга имкон берса-да, унинг таълим соҳасидаги камчиликларини ҳам назардан қочирмаслик зарур. Ундан тўғри фойдаланилганда у ёшларнинг билим олишини осонлаштиради. Илм олиш игна билан қудуқ қазишдек ҳар доим машаққатли бўлган. Билим олиш ўрнига барча вазифани тўлиқ “автомат” зиммасига юклаб қўйиш эса инсофдан эмас. Бунинг олдини олиш учун таълим жараёнларида сунъий интеллектни ёшларнинг танқидий фикрлаши ва когнитив хусусиятларини ривожлантиришга мўлжалланган машғулотлар билан мувозанатлаштирган ҳолда қўллаш керак. Бунда танқидий фикрлаш машқларини ўз ичига олган ва ўқувчиларни сунъий интеллект воситаларига пассив таянишдан кўра, дарсларни чуқур ўрганишга ундайдиган шароитларни яратиш талаб этилади.

Юқорида айтганимиздек, сунъий идрок турли соҳаларда, айниқса, таълим тизимида улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Бироқ сўнгги вақтларда сунъий онг талабалар ўртасида мақсадга етишнинг, имтиҳонлардан манипуляция орқали ўтишнинг қулай воситасига айланиб қолаётгани анчинарлидир. Оқибатда академик ҳалоллик, ўз устида ишлаш, ўқиб-изланиш каби сифатлар жиддий хавф остида қолмоқда. Аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, яқин келажакда университетларда академик матнларнинг қадри буткул йўқолиб кетиши мумкин. Таълимда ижобий маънода инқилоб қилиши кутилган сунъий интеллект охир-оқибатда унинг инқирозига олиб келиши мумкинлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Воқеалар ривожи бундай хатарли тус олмаслиги учун ҳар бир олий ўқув юрти ва таълим муассасаси ўзларининг нейротармоққа қарши турувчи назорат дастури ҳамда тизимли чораларни ишлаб чиқиши керак бўлади. Шунда ҳам вазият ўнгланмаса, матнли назорат ишларини оғзаки имтиҳонлар билан алмаштиришдек кескин чораларни ҳам қўллаши мумкин. Нима бўлганда ҳам таълим сифатини сақлаш учун ортиқча вақт ва сарф-харажатларга сабаб бўладиган чораларга ҳам қўл урилишини истисно қилиб бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, фақатгина ҳаққоний билимлар жамият ривожига ҳисса қўшади. Сунъий интеллект ёрдамида ўзини оқилу доно қилиб кўрсатиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Чат-ботлар орқали диплом олган талабадан ҳам келажакда тайинли натижа кутиш бефойда. Шундай экан, ёшлар сунъий интеллектдан фойдаланиб илмни суиистеъмол қилиш ўрнига, вақт борида ўзининг устида қунт билан ишлаши зарур. Эрта-бир кун меҳнат бозорида иш берувчидан “Сиз “ChatGPT”сиз бир варақ ҳам қоралай олмас экансиз”, деган таънани эшитганида эса кеч бўлади.

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =