“Ҳеч қандай “тревога” мувозанатимни буза олмаган…”

Кексалар дуосига ҳеч эътибор берганмисиз? Аввало, юртга тинчлик, инсонлар орасига меҳр-оқибат, фарзандлар келажагига комиллик тилашади. Асрлар оша оғиздан оғизга ўтиб келаётган бундай ҳикматли дуолар замирида уруш ва очарчилик кўрган бобо-ю бувиларимиз нидоси мужассамдек. Шукрки, тинч замонда яшаяпмиз. Унинг ортида қанчадан қанча инсонларнинг саъй-ҳаракатлари, ҳарбий хизматчиларнинг бедор тунлари, кексаларимиз дуолари ётибди.

Подполковник Фарҳод Эгамёров ҳам юрт посбони бўлишдек шарафли касбга ота-онасининг қизиқиши ва дуолари сабаб кириб келган. Мана, салкам 20 йиллик фаолияти мобайнида бир қанча халқаро натижаларни забт этган Фарҳоджон бугунги кунда давлатимизнинг нуфузли унвонларидан бири – “Мардлик” орденига лойиқ кўрилди. Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилиб вояга етган қаҳрамонимизнинг ҳаёти ва фаолиятига тўхталмоқни жоиз билдик.

 

Шарафли касбга илк қадам

 

– Мактабда ўқиб юрган кезларим ҳарбий либосда юрган акаларимизга ҳавас қилганман. Ўшанда мен ҳам худди улардек бўлишни тасаввур қила олмасдим. Чунки ҳамма ҳам бундай шарафга лойиқ эмасдек туюлаверарди. Вақт ўтиб, мендаги иккиланишлар отамнинг қатъияти сабаб йўққа чиқди. Ўзимга бўлган ишонч ортганди. Ўз олдимга “Мен, албатта ҳарбий бўламан!” деган мақсадни қўйдим. 2006-йили Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантига айланганимда мендан кўра кўпроқ ота-онам хурсанд бўлган эди. 2010-йили билим юртининг ҳаво-десант қўшинларининг тактик қўмондонлиги факултетини аъло баҳоларга тугатиб, Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирига гуруҳ командири ўринбосари вазифасида хизматни бошладим.

 

Армия – бир жамоа

 

– Кичик офицерлик давримда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳамда Мудофаа вазирлиги миқёсида бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашдим. Бу иштироклар фаолиятим давомида катта тажриба тўплашимга асос бўлиб хизмат қилди. Айниқса, жамоавий мусобақалар бизни бирдамликда ҳаракат қилишимиз учун катта туртки бўлди. Эришилган ютуқлар ҳам, йўл қўйилган камчиликлар ҳам жамоаники.

 

Халқаро мусобақадаги шижоат

 

– Юртимиз ҳарбийлари 2019-йилдан буён Халқаро армия ўйинларида иштирок этиб келмоқда. Муваффақиятларимиз улкан. Мен эришилган натижалардан кўра, бошқа давлатларнинг бизга нисбатан муносабати ўзгарганига урғу бермоқчиман. 2019-йили Халқаро армия ўйинлари доирасида Россия Федерациясида бўлган нуфузли мусобақада “Тактик ўқчи” йўналишида бронза медални қўлга киритдик. Ўшанда Россиянинг “Звезда” телеканали мухбирлари мусобақа иштирокчиларидан интервю олар экан, бизга келганда, “Сизларнинг ҳарбий кийим русумларингиз халқаро майдондаги мусобақалар талабига мос эмас, узр”, дейишганди. Бу ҳолат жамоамизнинг руҳиятига салбий таъсир этган.

Шундан сўнг 2020-йили Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган Халқаро армия ўйинларида бошқача фондаги кийимда қатнашдик. Унда ҳам “тактик ўқчи” йўналишида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритдик. Шунда ҳатто рақиб жамоалар ҳам бир йил ичида юртимиз армиясида шунча ўзгаришлар бўлганидан ҳайратда эканини яширмаган. “Звезда” телеканали мухбирлари биринчилардан бўлиб бизнинг жамоамиз вакилларидан интервю олган эди…

 

Жанубий Кореядаги эътироф

 

– Корея Республикасининг Конгвандо провинсияси Инже шаҳрида Халқаро илмий-жанговар тайёргарлик мусобақаси ташкил қилинди. Унда жами 13 та жамоа, жумладан АҚШ, Австралия, Ўзбекистон ва Камбоджа давлатларидан 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этди. Мусобақа шартлари жуда мураккаб бўлиб, биз учун жой ҳам, шартлар ҳам бегона эди. Мусобақада ҳар бир жамоа тасодифий қуръа ташлаш орқали беллашувга киришарди. Баҳолаш жараёни иштирокчи гуруҳлар шартларни тўлиқ бажаргани, “омон қолиш” даражаси, жанговар ҳаракатларнинг қоидаларига риоя қилингани, жанговар ҳаракатлар тактик вазиятга мос келиши, ҳар томонлама таҳлил натижаларини хабардор қилиш орқали ўтказилди.

Мураккаб ва машаққатли мусобақадаги иштирокимиз аъло даражада якунланди. Кетма-кет икки (2023–2024) йил мобайнида пешқадамликни қўлдан бермадик. Бир жамоа бўлиб ҳаракатланганимиз, муносиб рақибларни ортда қолдиришимиз учун муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шу билан бирга, яккалик тартибида бўлиб ўтган энг илғор взвод командири номинациясида ҳам фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Корея Республикаси мудофаа вазири “Ўзбек аскарлари Ўзбекистон Президенти каби шижоатли, жасур ва энергияга бой экан”, деб таъкидлаган эди. Шунда ўзимизга бўлган ишончимиз янада ортди. Ўзбекистон ҳарбий хизматчиси эканимиздан ғурурландик. Биз орқали Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг номи тилга олинганида ота-онасига раҳмат олиб келган фарзанддек хурсанд бўлдик.

 

Онамни йиғлатган хушхабар

 

– Бир тадбирдан қайтаётганимизда телефоним жиринглади. Қарасам, бирга ўқиган курсдошим. Яшил тугмани босдим ва қулоғимга тутдим. Телефоннинг нариги томонидан менга табрик кела бошлади. Ҳайрон бўлдим.

“Мардик” орденига лойиқ кўрилибсан, табриклайман! Ҳозиргина Президент фармонини ўқидим. Унда сенинг ҳам исминг бор экан”. Касбим тақозоси билан бўладиган ҳар қандай “тревога” менинг ички мувозанатимни буза олмаган. Қанчалик совуққон бўлмайин, курсдошимнинг тақдирланганим ҳақидаги “тревога”си ички ҳиссиётларимни бир неча маротаба жунбишга келтирди. Ўша лаҳза ёнимда онам ҳам бор эди. Биринчи бўлиб хушхабарни эшитганча жимгина йиғлай бошлади.

Ватанни севиш, уни кўз қорачиғидек асраш барчамизнинг бурчимиз. Аммо ўз бурчингни адо этсанг-у, юртинг сени мукофотласа, билмадим, бу ҳолатни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Ўзбекистонда яшаётган
37 миллиондан ортиқ инсон тақдири ишончли қўлларда эканига амин бўлдим. Қилаётган амалларимизнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам жавобсиз ва эътиборсиз қолмас экан.

 

“Ватанпарвар” мухбири

Шерзод ШАРИПОВ ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 1 =