Ганжина

Қўшкўпирлик Раҳмон Машарипов хонадонига кириб борар эканман улуғ устоз, бир умр илм излаб, мозий билан тиллашган, раҳбарлик лавозимларида ишлаган, ёшларга тарих зарварақларини очишга кўмаклашган инсон билан илк учрашувим қай зайлда кечишини тасаввур қилолмасдим. Раҳмон ота саксон уч ёшни қоралаб қолган бўлса-да ҳали анча тетик, бардам, ҳар бир сўзидан доимо ҳақиқат уфуриб турувчи инсон экан. Қўшкўпир туман марказидаги “Гулзор” маҳалла ҳудудида жойлашган ҳовлиси саранжом-саришта, кираверишда даҳлизга иккита кресло қўйилган, биз шу ерда ўтириб узоқ суҳбатлашдик.

Ота узоқ йиллар Урганч давлат университетида, ўқитувчилар малакасини ошириш инс­титутида, вилоят халқ таълими бошқармасида раҳбар бўлиб ишлаган, қолаверса, тарих фанлари номзоди, Антик дунё халқаро академиясининг академиги, элликка яқин   рисола ва китоблари чоп қилинган, илм учун жонини фидо қилган инсон билан суҳбатлашиш анча мароқли эди. Раҳмон Машарипов уни йўқлаб келган инсонларга бирдай муомала қилар, кейин ўзи ташкил қилган, бир умр йиққан хазинаси — тарих музейи томон бош­лайди. Экскурсовод ҳам унинг ўзи. Уйининг тўртта хонаси – тарих музейи. Туман марказида — шаҳарда яшаб невара-чеваралардан орттириб, шу музейга хона ажратиб жойлаштирганига қойил қоласан киши. Тўртала хона ҳам тарихий ашёлар осори-атиқалар, китоблар, фотосуратлар, рисолалар билан лиқ тўла. Раҳмон ота музейни рамзий равишда “Тожмаҳал” деб номлаган.

—        Турмуш ўртоғим Ойбибининг оламдан ўтганига 20 йил бўлди. Ҳеч кимни умр йўлдошидан эрта айирмасин экан. Менга уни йўқотиш анча оғир бўлди. Шу сабаб хотирасига муҳаббатимиз рамзи сифатида тарих музейи ташкил қилиб уни “Тожмаҳал” деб номладим. Ҳар гал музей хоналарига кирар эканман унда Ойбибининг сиймосини кўргандай бўламан, — дейди Раҳмонберган ота кўзига ёш олиб.

Уй-музейга сиғмаган экспонатларнинг айримлари ташқари ҳовлидан ҳам жой олган. Туманда турли соҳаларда турли йилларда ишлаган инсонларнинг суратлари катта қилиб ишлатилиб осиғлиқ турибди. Хоразмнинг катта от араваси дейсизми, ўтган аср деҳқонларининг иш қуроллари дейсизми, темирчилик иш қуроллари дейсизми, бари-бари сизга тарихдан — мозийдан сўзлайди.

— Мана бу пирамидани   рамзий равишда Хоразм “пирамида”си деб атадим, — дейди устоз. Мана шу китоблар Хоразмнинг устунлари… Булар Ал-Хоразмий, Огаҳий, Феруз ёзган китоблар. Мана Қўшкўпир қалъасининг лойдан ишланган макети. Мана булар Қўшкўпир туманининг харитаси. Мана бу тол бешик онамнинг қўли теккан, менга энг азиз бўлган ашёлар, — дейди экспонатлар билан таништирар экан устоз.

Музейга тумандаги мактабларнинг тарих фанига қизиқувчи ўқувчилари келиб томоша қилиб,тарих ҳақидаги ўз билимларини бойитиб кетадилар. Музей доимо очиқ.

Умрини илмга, мозий тилсимларини очишга бағишлаган инсоннинг бу хайрли ишларини кўриб, беихтиёр ўйга толасан. Бир инсон эл учун, юрти учун шундай фидойилик билан жон куйдириб, керак бўлса айрим осори-атиқаларни катта пуллар эвазига сотиб олиб уй-музейга қўйиб, келажак авлод баҳраманд бўлсин учун қилган экан — мен-чи, ўзим келажак авлод учун нима қилдим деган   фикр, ўй-хаёлингиздан ўтар экан.

Раҳмон ака 1938 йили Қўшкўпир   қишлоғида таваллуд топган. 1956 йили ўрта мактабни, 1962 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультетини тамомлаган. Ўз меҳнат фаолиятини мактабда оддий ўқитувчиликдан бошлаган. Йигирма йиллар турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Тарих фанлари номзоди. Узоқ йиллар УрДУда талабаларга тарих фанидан дарс берди. Кафедра мудири, доцент, декан лавозимларида ишлаган. Раҳмон Машариповнинг 1998 йили “Ўзбекистон” нашриётида чоп қилинган “Мозий садолари ва сабоқлари” китоби Қўшкўпир тумани тарихига бағишланади.

Раҳмон Машарипов ҳали-ҳамон изланишда, тарихий китоблар ёзиш билан банд.

— Илм — қилни қирқ ёриш, — дейди устоз билан суҳбатлашсангиз. Тарих ёлғонни кечирмайди, унга аниқ илмий асосланган факт­лар керак. Шунинг учун шошмасдан изланиб, кейин бир хулосага келиш лозим. Ҳали қанча очилмаган тилсимлар ўз тақдиқотчиларини кутиб ётибди иним, шу тилсимларни очиб келгуси авлодга етказиш сиз ва бизнинг зиммамиздаги вазифадир, — дейди Раҳмон ота фахр билан.

Мақола сарлавҳасини Ганжина деб қўйдим. Чунки, Раҳмон Машарипов ташкил қилган тарих музейининг ўзи бебаҳо хазина ҳақиқий ганжинадир.

Болтабой Муҳаммад Қурбон,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + ten =