Кўчат экмоқ — савоб

Ўзбекистон халқ шоири Омон МАТЖОН ҳикмати
Бу воқеани халқимизнинг севимли шоири, раҳматли Омон Матжон айтган эди:
“Ўзимизнинг кўнглимиздаги кўчатлардан олиб келиб боғларимизни янгилаш керак бўлиб қолди. Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги боғдорчилик давлат хўжалигидан ўнта прицепли автомашиналарда турли хил мевали дарахт кўчатларини олиб келдик. Урганчдан то Хоразм чегарасигача йўл бўйларида шу дарахтлар бор.
1994 йил кузи эди. Дўстимиз Отажон Худойшукуровнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилаётган юбилей тўйи куни. Хоразмда тўйда, туғилган кунларда қўй ва бошқа совғалар олиб борилади. Бир оғайнимиз билан “Волга” машинасининг орқасида бир қанча кўчат боғламини олиб бордик. Эшикнинг олдида юзлаб одамлар турибди.
“Машинани орқаси билан дарвозага ҳайда”, дедим. Отажон ҳайрон бўлиб, баланд овозда укасига: “Ғофир, Омон аканг бир қўзичоқ олиб келганга ўхшайди, қара”, деди.
Кейин ўзи чиқиб кўчатни кўргач, хурсанд бўлиб, кўчатлар боғламини қучоқлаб, уйининг ичкари хоналарига олиб кириб кетди.
Қаранг, ўша кўчатлар дарахт бўлиб ўсиб турибди, Отажон эса… (ўша йили 22 декабрда Отажон Худойшукуров вафот этади).
“Кўчат экмоқ — савоб”, дея Омон Матжон ибратли ҳикоясини айтиб берган эди.
Гавҳар ДИЛМУРОДОВА
тайёрлади.