Либоснинг янгиси, дўстнинг эскиси яхши

(Чарос Яшаровнинг ҳаётий ҳикоялари)
Асакада Чарос Яшаров деган узоқ йиллик қадрдоним бор. Авваллари у билан тез-тез учрашиб, дилдан суҳбатлашиб турардик. Коронавирус балосидан кейин орамиздаги борди-келди анча сустлашса-да, оқибат узилмади. Кимга қандай, билмадим-у, мен учун эски қадрдонлар афзал. Ҳозир дўстлар қадри ҳам аввалгиларга ўхшамайди. Давлату амалинг бўлса, қариндошу уруғларинг зўр бўлса, атрофингда ҳамма парвонадек парвона бўлиб қолади.
Дўстимиз Чарос Яшаров эса бошқа тоифадан. У ой чиқса ойга, кун чиқса кунга боқадиганлардан эмас. Ҳаммага бирдай яхшилик қилишга одатланган, инфоқ-эҳсони кучли, зуваласи тўқ инсон. Ўз касбини қандай яхши биладиган мутахассис бўлса, инсон қалбини ҳам яхши тушунадиган суҳбатдош.
Асакага хизмат сафарига борганимда Чарос ака билан учрашдим. Чарос аканинг Шаҳрихонсой бўйидаги мўъжазгина дала ҳовлисининг файзи ҳам, таровати ҳам бошқача. Бу дала ҳовлида улуғ адиблар, машҳур санъаткорлар, давлат ва жамоат арбоблари, кўпни кўрган пиру бадавлат нуронийлар бўлишган. Аввалдан унга “Аллоҳ ўзи суйган бандаларининг ризқини улуғ қилади, ўзи суйган бандаларининг юмушларини мўл қилади, ўзи суйган бандаларининг нуқсонларини яширади” деган ҳадисни айтиб, “Сиз ҳам шундай инсонлар қаторига кирасиз”, деб юраман.
Чарос акадан эшитган ҳаётий ҳикоялардан бир шингил ёзиб олдим.
Сўзларида сеҳр бор эди…
Аллоҳ жойларини жаннатда қилсин, Раҳматқул отам ақл билан иш юритадиган, фаҳми ўткир сўз устаси бўлган. Давраларда одамларни ўзига қаратадиган, гап-сўзига ярашадиган савлати бор инсон эди.
Нафақат маҳалламиздагилар, ён-атрофдаги қишлоқлардан ҳам одамлар нима муаммоси бўлса, отамнинг ҳузурига келарди. Айниқса, эр-хотинми, қўни-қўшними, бир-бири билан уришиб қолишса, бизникига келишарди. Қўли юпқа, қийналиб қолганларга беминнат ёрдам берарди. Қўлидан келганча яхшилик қиларди, имкони бўлмаса, яхши гапирарди.
Ҳатто ақли камроқ болалар ҳам отамнинг олдидан кета олмай қолишарди. Отамиз уларнинг ҳам кўнглига йўл топиб, фикру хаёлини олиб, кулдириб юборардилар.
Раҳматли Раҳматқул дадам савлатли, дадил, назаркарда киши эди. Икки оғиз сўзи билан ҳар қандай одамни ўзига ром этадиган хислатли инсон эди. Англаб етганим шу бўлдики, мусулмон бандаси ислом динидан илм олса ва шу илмига амал қилса, ҳеч қачон кам бўлмас экан. Дадамни мадраса кўрган деб одамлар бошқача иззат-ҳурмат қилишарди. Ана шундай инсонларнинг фарзанду зурриётлари ҳам унинг измидан чиқмай, бошида кўтариб юрар экан. Ҳаётда бу ҳақиқатни дадамиз мисолида кўрдик.
Забардаст олимлар, шайхлар ва уламолар, ёзувчи-шоирлар, таниқли журналистлар, машҳур санъаткорлар, дасти узун тадбиркорлар даврасида бўлиб тураман. Шуларнинг қайсики бири Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилаётган бўлса, уларнинг юзлари файзли, сўзлари ўткир, умрлари баракали, ўзлари азиз-мукаррам бўлганини кўрдим.
Биласиз, Асакада азалдан аския ривожланган. Дадам замонида Асака шаҳри ҳам, темир йўл станцияси ҳам Ленинск деб аталарди. Темир йўл станцияси ёнидаги чойхонада оқсоқоллар, уруш қатнашчилари билан улфатчилик қилишарди. Улар ҳозиргиларга ўхшаб бировларнинг орқасидан ғийбат қилишмасди. Маданият билан, ширин ўхшатишлар айтиб аския қилишарди. Чойхоначи Сайдуллахон ака билан тўйларда, ҳар хил издиҳомларда сўзга чиқиб, одамлар қалбига қувонч бағишларди. Ғижжакчи санъаткор Ғуломжон Рўзибоев ҳам аскиянинг усталаридан эди.
Тўғриси, ҳозирги аскиячилар ҳам олдингиларга ўхшашмайди. Улар олдиндан тайёрланиб аския қилишади. Худди фонограммада қўшиқ айтгандек.
Дадамлар эса ҳеч қандай тайёргарликсиз, зукколик ва ҳозиржавоблик билан аския айтишарди. Улар ота-оналарни, ишқий муносабатларни, бачкана қилиқларни тилга олмайдиган маданиятли аскиячилар эди. Раҳматқул дадам Юсуфжон қизиқ, Зайнобиддин ва Мадаминжон қизиқ, Собир пичоқ, Амин бува, Ғойиб ота деб элда ном қозонган сўз усталари билан аския қиларди. Махсум Қозоқов, Ҳасанбой Султонов каби аскиячи дўстлари бўларди. Қиблагоҳим Йўлдош Охунбобоев билан ҳам аския қилганман деб эслаб юрарди. Уларнинг сўзларида сеҳр борга ўхшарди. Даврадагиларнинг ақлини шошириб, “ичагини узиб” қўйишарди.
Отангга не қилсанг, болангдан қайтар экан…
Бешинчи синфда ўқиганимда, Зиёд деган дўстим бор эди. У билан ҳовлимизда ўйнаб юрсак, қўшниникидан бақир-чақир овози чиқиб қолди. Деворга осилиб қарасам, Турсунбой ака отаси Абдуқодир бувани ётқизиб олиб муштлаётган экан. Хотини ҳам Абдуқодир бувани ойимсупурги билан уряпти. Кечқурун бўлган воқеани дадамга айтиб бердим. Дадам: “Турсунбойнинг ўғли борми?” деб сўради. Ҳа, икки яшар ўғли бор. “Ҳали кўрасан, шу бола катта бўлса, у ҳам отасини уради…”
Қўшничилик ҳурмати-да, ўзим раҳбар бўлиб ишлайдиган корхонага Турсунбой акани ва унинг ўғли Тоҳирни ишга олгандим. Бир куни ходимлардан бири ваҳима қилиб чақириб қолди: “Тоҳир узумнинг тагига ётқизволиб отаси Турсунбой акани тепиб уряпти, тезроқ бормасангиз, ўлдириб қўяди”.
Қайтар дунё экан. Орадан йигирма беш йил ўтиб, дадам раҳматлининг айтгани бўлди.
Отасини урганни боласи ҳам, худо ҳам урар экан. Турсунбой аканинг ҳам, ўғли Тоҳирнинг ҳам боғи кўкариб, гуркираб кетмади…
Осмонлардан бағрингиз кенг, онажон!
Ҳамма эрларга ҳам исломий умр йўлдоши насиб этавермас экан. Дадам уйланганида онам ўн олти ёшда бўлган экан. У пайтларда келин бўладиган қизлар балоғатга етмасиданоқ бувиларидан, оналаридан мусулмонча одобни ўрганишиб, қайнона-қайноталарининг ҳурматини жойига қўядиган, айниқса, эрига итоат қиладиган бўлиб тарбия олишган.
Раҳматли Табассумхон онам ҳам дадамнинг розилиги, биз ўғил-қизларининг бахти-иқболи учун бутун умрини бахш этган мўътабар аёл эди. Уйимизнинг ҳақиқий бекаси, файзу ҳаловати эди. Овозини баланд кўтармайдиган, мулойим ва хушмуомалали, меҳрибон она бўлган.
Оиламизга хотиржамлик, рўзғоримизга қут-барака ҳам онам туфайли эди, дея оламан. Оиламиздаги эркакларнинг топар-тутарлари яхши бўлса-да, мол-мулкимизни саранжом-саришта қилиш, авайлаб-асраш онамиз зиммасида бўлди. Унинг қўли баракали эди, покизаликни жуда яхши кўрарди. Уйда ўтирса-да, маҳалла-кўйда нима гаплигидан хабардор бўлиб, қийналган ва бемор аёлларга ҳар томонлама ёрдам бериб турарди. Ёш оналарга ҳатто алла айтишни, гўдакни қандай парвариш қилишни ўргатарди.
Ҳатто қўшни маҳаллалардаги аёллар ҳам онамдан маслаҳат сўраш учун бизникига келишарди. Қишлоқдош аёллар тўйдан олдин узатадиган қизларини бизникига олиб келиб, беш-олти кун онамга бериб кетишарди. Онам уларни турмушга, оилавий ҳаётга тайёрлаб берарди. Уйни қандай тутишни, мазали овқатлар тайёрлашни ўргатарди. Онам раҳматли бундай ишларни беминнат қиларди. Қўли очиқ сахий аёл бўлган. Келин бўладиган қизларнинг сепида у-бу камчилиги бўлса, ўша нарсаларни ҳам биз берган пулларга олиб берарди. Онамнинг панд-насиҳатларига амал қилиб, дуосини олганларнинг ҳаммаси бахтли ҳаёт кечириб, ували-жували бўлиб кетишди. Улар онамни худди туққан онасидек яхши кўришларини онамдан айрилиб, бошимга мусибат тушган куни билганман.
Онанинг қадри ўтганидан кейин билинар экан. Табассумхон онамнинг бағри осмонлардан ҳам кенг бўлган экан. Ёшим етмишга бораётган бўлса ҳам, турмуш синовлари олдида чорасиз қолган чоғларимда онамнинг ўрни жуда билинади.
Турмушида келишмовчилиги бор аёллар ҳам онамнинг ҳузурига келишарди. Дунёнинг ишларига ҳайрон қолардим: онасининг гапига қулоқ солмайдиган аёллар ҳам онамнинг айтганини қилишарди. Онамнинг йўл-йўриқларига амал қилгани учун қанча оилалар ажрашмай сақланиб қолганига гувоҳман.
Аллоҳ азиз қилган шундай ота-оналарнинг зурриёти бўлиб дунёга келганим учун Яратган эгамга беадад шукур қиламан. Гоҳида: “Уларга лойиқ ўғил бўлолдимми?” деб ўйланиб қоламан. Шундай пайтлари фарзандларимнинг “Сиз дунёдаги энг яхши отасиз” деганлари кўз ўнгимга келади, кўнглим таскин топгандай бўлади…
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ ёзиб олди.