Маматқул Ҳазратқулов китоблари тақдимоти

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан уюшма аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг “Қирғоқсиз дарёлар” ва “Варақсиз дафтар” номли бадиий публицистик асарлари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда фаол жамоатчилик вакиллари, марказий оммавий ахборот воситалари масъуллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тақдимотни олиб борган Уюшма раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида китобхонлик маданияти ва китоб тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада ижодкорларнинг ўрни, таниқли адиб Маматқул Ҳазратқуловнинг “Қирғоқсиз дарёлар”, “Варақсиз дафтар” китоблари мазмун-моҳияти ҳақида қисқача сўз юритди.
М.Ҳазратқуловнинг “Варақсиз дафтар” китобида муаллифнинг ўқувчилик даврларидан тортиб, салкам 60 йиллик ижодий меҳнат фаолиятига нисбатан виждон сарҳисоби, дейиш мумкин. “Қирғоқсиз дарёлар” китобида эса адабиётимиз ва санъатимизнинг дарғалари ҳаёти ва ижоди ҳақидаги эсселар-материаллар ўрин олган.
Сўзга чиққанлар томонидан Маматқул Ҳазратқулов забардаст адиб, моҳир журналист, сиёсат ва маданият арбоби деб таърифланди ва унинг “Варақсиз дафтар” асари ярим асрлик яқин тарихимизни қамраб олганлиги, истиқлолга эришиш даврининг барча мураккабликлари ва қийинчиликларини енгил ҳангомалар қатига сингдириб, бадиий талқин қилингани, шу тариқа ўқишли бир гўзал асар яратилганлиги эътироф этилди.
“Қирғоқсиз дарёлар” асарида муаллиф адабиёт ва санъатни қирғоқсиз дарёга менгзагани ва бу асарида адабиёт, санъат ва журналистикамиз дарғаларининг ҳаёти ва фаолиятини юксак бадиий маҳорат билан тасвирлагани таъкидланди.
Тақдимотда “Тафаккур” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали диктор Насиба Иброҳимова, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат, Уюшма Бошқаруви аъзоси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, адабиётшунос олим, профессор Нурбой Жабборов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулман Очил, устоз журналист Қобилбек Каримбеков, “Дунё ўзбеклари” интернет нашри бош муҳаррири Исмат Хушев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мазкур китоблар устоз журналистнинг кўп йиллик тажрибаларини ўзида мужассам этгани билан ҳам қадрлидир. Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ушбу китоблар журналистика соҳаси вакиллари ёхуд медиа йўналиши бўйича таълим олаётган йигит-қизларга муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади, дейиш мумкин.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Ахборот хизмати.