Ҳилол – тилла сарлавҳа

Николай ИЛЬИН

Николай Ильин 1950 йилда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида ўқиган. Тошкентдаги Республика рус тили ва адабиёти педагогика институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талабаларга сабоқ берган. Педагогика фанлари номзоди. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилади.

“Биринчи дафтар” (“Первая тетрадь”), “Дил торлари бўйлаб” (“По клавишам души”), “Вақт манзилларида” (“На кочевьях времен”), “Листва и корни” (“Япроқлар ва илдизлар”) каби шеърий тўпламлар муаллифи.

Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Паҳлавон Маҳмуд ғазал ва рубоийлари, Чўлпон, Усмон Носир, Миртемир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Сирожиддин Рауф, Нодир Жонузоқ, Хосият Рустамова, шунингдек, ўндан зиёд ёш шоирлар шеърларини рус тилига ўгирган.

Шу кунларда таниқли шоир ва таржимон Николай Ильин ўзининг қутлуғ ёшини қарши олмоқда. Муборак бўлсин!

Қуйида эътиборингизга шоир шеърларидан ўгирилган айрим таржималар ҳавола қилинмоқда.

 

МАНЗИЛ

Чақмоқ олов қилич ила

Тўлқинларни кесаётир.

Қирғоқларга сувлар сочиб,

Шўх шамоллар эсаётир.

 

Олисларда бир елкан бор,

Орзуларим елкани у.

Бўронларни ёриб ўтиб,

Оқ манзилга келгани шу.

 

ВАҚТ

Вақт ҳеч кимни этмайди эъзоз,

Кетмоқ энди кимларнинг гали?

Парвонадек рақс тушади ёз,

Саратон қўр солган маҳали.

 

Олтин кузнинг йўли кўп узоқ,

Япроқлар ҳам кирган шу йўлга,

Кетар экан ёздан жуфту тоқ;

 

Паттамизни тутаркан қўлга,

Ортга сурмас сафарни, бироқ

Рангпар гуллар сочар ўнг-сўлга.

 

ТОНГ

Тонг ўчирар кўк чироқларин,

Новвот каби эрир юлдузлар.

Тун ёқаси — ҳув йироқларда

Фош бўлади сирли кундузлар.

 

Коинотнинг қора учидан

Йўл тортади эгик каҳкашон.

Чиқиб келган само ичидан

Гўзалликка бўлсин шараф-шон.

 

ЁЗ ТУНИ

Янги ойнинг яроғида,

Булут — осмон япроғида,

Тоғнинг юксак қирғоғида,

Чўққининг бир бутоғида

Ярқирайди нур — лавҳа.

 

Қора китоб вароғида

Ҳилол — тилла сарлавҳа.

 

Нур аксланган қоғозларда,

Пар, пат тўзган парвозларда,

Вақтдан ўзган озғин ғозлар,

Ёзда, фақат ёзларда

Кун, ҳафта ой ва йиллар,

 

Сиғмай босма баёзларга,

Ҳаволарга ёйилар.

 

ҚИЁМ ЧОҒИ

Саҳар деган музофотда

Кенгдир само даргоҳи.

Тун кўчирган ҳисоботда

Офтоб — олам нигоҳи.

 

Қора рангни энгил-бошдан

Қоқиб ташлар ол ёғду.

Қиём чоғи ўт — қуёшдан

Фалак тикади ўрду…

 

МЕН — ХАЗОН ФАСЛИМАН

Осмон шафақланар, уфқлар алвон,

Япроқлар — соғинчнинг маъюс кўзлари.

Умримда сайр этар изтироб, армон,

Руҳимда ғариба фасл бўзлади.

Ҳаёт сафар учун тутқазди фармон.

 

Хазон чорбоғида бир баргман яшил —

Азал мусаввири киритган ромга.

Тирамоҳ суратлар тутар хилма-хил,

Олам бўйсунади мангу низомга.

 

Осмон шафақланар, уфқлар алвон,

Қийиқ япроқларда сирғалади нур.

Паришон руҳимда ҳаловат, ҳузур,

Сарғайган умрдан йўқ ҳадик, армон,

Мен — хазон фаслиман, куз менда зуҳур.

 

ОБОД ВА БАРБОД

Кўз-кўз этиб бисотин, ҳануз

Соғинч ганжин сочар ноябрь.

Саховатни ҳунар тутган куз

Йўл четида бешон, беқадр.

 

Тўзғимасдан ҳали хиёбон,

Соврулмасдан ҳали зеру зар,

Кетмасидан беному нишон,

Барглар юзмай беқанот, бепар,

Ё битмасдан куз деган асар,

 

Тўқнашади обод ва барбод,

Тўлғонади заррин сўлу соғ.

Юпун, ғариб, афтода ҳаёт —

Деворлари нураган чорбоғ.

 

СУНБУЛА

Сунбуланинг секин ишида

Сарғиш барглар учади қатор.

Кундузларнинг қисқаришида

Тирамоҳнинг узайиши бор.

 

Ёруғ онлар этади баён

Кузакнинг хўп пурмаъно хатин.

Тошга тортар бўм-бўш хиёбон

Сайёралар мувозанатин.

 

Сунбула, биз эски танишмиз,

Ранг-рўйингда би-ир ўзгариш бор.

Бошдан бошлаб яна ишимиз,

Бўламизми қадрдон дўст-ёр?!

 

ИЗҒИРИННИНГ БОҒИДА

Гулбарг узилди гулдан,

Ер-кўкдан келди совуқ.

Боғда куз солди довруқ,

Дарак ҳам йўқ булбулдан.

 

Боғ ўзи билан машғул,

Сезмайди жим исённи.

Шох-шабба — кўч-кўронни

Даштларга ҳайдар довул.

 

РАДДИЯ

Севгингни рад этса агар

Олам тор кўринади.

Ёрсизлик энди ҳар сафар

Сенга ёр кўринади.

 

Севгингни агар этса рад,

Яратганга бўлгунг яқин.

Ёлғизлик билмас асло ҳад,

Содиқ сирдош бўлар чақин.

 

ЯНА

Эҳтирослар совидими,

Севги ўтиб кетдими?

Ишқ кўйида девоналик

Поёнига етдими?

 

Энди тунлар кўзларимдан

Қочмайдими уйқулар?

Энди кунлар сўзимда нур

Сочмайдими туйғулар?

 

Юрагим ёнидан, ана,

Қуёшдек ўтиб кетар.

Баҳорнинг ранглари яна

Юз-кўзида акс этар…

 

ҲОСИЛ

Умрга нима бердим,

Нима олдим умрдан?

Балки қора кўмирдан

Оқ қўзиқорин тердим.

 

Куз кутади кўз ёйиб,

Қани умр хирмони?

Қор келди шошиб, тойиб,

Афсус — ҳосил ёмони.

Рус тилидан Салим АШУР таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 4 =