Ўғилнинг элчиси

ёхуд машҳур испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ҳақида нималарни биламиз?

“…Қирол элчилари Санта-Мария портидан кемага ўтириб, Италия қирғоқларидан сузиб, яъни Генуя, Пиза, Венеция шаҳарларини ортда қолдириб, Грециянинг Родос шаҳрига етиб келадилар. Родос шу оролдаги йирик порт эди. Ундан кейин Туркиянинг Трабзон портига бориш насиб этгач, йўлни қуруқликда давом эттирадилар. От билан Арзинжон, Султония, Кунё, Рай, Теҳрон, Нишопур, Балх сингари Шарқнинг машҳур шаҳарларига қадам қўядилар. Ниҳоят, бу манзилларни ортда қолдириб, Амудар­ёдан ўтадилар, табаррук замин — Кеш (Шаҳрисабз)ни ихлос билан тавоф қилиб, Оқсарой маҳобатидан ҳайратланиб, Самарқанд сари восил бўладилар. Шундай қилиб, улар 1404 йил сентябрда Самарқандга етиб келишади…”

Евроосиё ҳамкорлигини йўлга қўйиш тарихи узоқ замонларга бориб тақалади ва бу ҳаракат тараққиёт гуллаб-яшнаган Темурийлар ҳукмронлиги даврида юқори босқичга чиқди. Бунда элчиларнинг хизмати алоҳида бўлган. Айниқса, ҳозирги Испания давлатининг асоси бўлган Кастилия ва Леон қироллигидан ташриф буюрган Руй Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги миссиянинг фаолияти асрлар ўтса-да, жаҳон дипломатияси тарихида алоҳида ёрқин ҳодиса сифатида баҳоланади. Ростдан ҳам, Ер шарининг жуда узоқ нуқтасида жойлашган ва бориб-келиши йиллар давомида чўзилган бу сафар, умуман, маданиятлар тарихида алоҳида эътироф этишга арзийдиган воқелик бўлган.

Руй Гонсалес де Клавихо — ХIV-XV асрларда яшаб ўтган испан сайёҳи. У бизнинг тарихимизда Соҳибқирон Амир Темур саройига ташриф буюрган, Самарқандда қарийб олти ой яшаган, буюк бобокалонимиз билан кўришган ва унинг давлат тутуми ҳақида китоб ёзган мутафаккир сифатида қадрли. Унинг туғилган йили номаълум, 1412 йил 2 апрелда вафот этгани, Мадриддаги Авлиё Франциск монастирида дафн этилгани эса тарихдан маълум.

Руй Гонсалес де Клавихо ўша пайтда Леон ва Кастилия қироли бўлиб турган Энрике III (кўплаб бошқа нашрларда — Генрих) оиласига яқин бўлган бой камергерлар авлодидан бўлиб, яхши тарбия топган ва етарлича маълумотга эга шахс эди.

Унинг Самарқандга келиши ўзига хос тарихга эга.

Маълумки, 1402 йилда Болқон ярим оролида турк султони Йилдирим Боязид ва Турон ҳукмдори Соҳибқирон Амир Темур ўртасида мислсиз тўқнашув бўлиб ўтади ва Самарқанд қўшини ғалаба қозонади. Бу воқеа Европа тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. “Йилдирим” деб шуҳрат қозонган Боязид II шундай салоҳиятга эга эдики, унга қарши турадиган куч Ғарбда мавжуд эмас ва унинг бутун Европани мусаххар этиши деярли маълум бўлиб қолганди. Шундай куч қаршисида зир титраб турган ва ўзининг фожиали тақдирини кутиб яшаётган Европа учун Амир Темур беихтиёр халоскорга айланади ва унинг шахсига катта қизиқиш уйғонади. Ўз вақтида Анқара жангидан кўп ўтмай Энрике III (яъни баъзи манбаларда қайд қилинган Генрих III)нинг элчилари Пайо Гомес де Сотомайор ва Эрнан Санчес де Паласуэлос ташриф буюриб, Соҳибқиронни ғалаба билан табриклаган эди. Бунга жавобан Амир Темур ҳам Кастилияга Муҳаммад Кеший бошчилигида элчилар жўнатиб, қиролга ўз миннатдорчилигини билдирган, совға-саломлар қаторида асирликда бўлган Анжелика де Грес, Католина, Мария исмли насроний қизларни ҳам туҳфа сифатида юборганди. Ана шу ташрифга жавобан элчилар Кастилия қироли ўзининг ишончли одамлари Пелайхо де Сотомайор ва Эрнан Санчес де Паласуэлосларга Руй Гонсалес де Клавихони бош қилиб, Самарқандга жўнатади. Улар 1403 йил 22 май куни Кадис шаҳридан йўлга чиқишади.

Кадис бир минг бир юз йил олдин финикияликлар томонидан асос солинган қадимги порт шаҳар бўлиб, Буюк географик кашфиётлар даврида шу жойдан Америка қитъасига кемалар йўл олган эди. Унга яқин Палос-де-ла-Фронтера портидан кейинчалик Христофор Колумб йўлга чиққан ва шу сафари давомида жаҳоншумул кашфиётни амалга оширган, янги материкни кашф қилган эди. Қирол элчилари Санта-Мария портидан кемага ўтириб, Италия қирғоқларидан сузиб, яъни Генуя, Пиза, Венеция шаҳарларини ортда қолдириб, Грециянинг Родос шаҳрига етиб келадилар. Родос шу оролдаги йирик порт эди. Ундан кейин Туркиянинг Трабзон портига бориш насиб этгач, йўлни қуруқликда давом эттирадилар. От билан Арзинжон, Султония, Кунё, Рай, Теҳрон, Нишопур, Балх сингари Шарқнинг машҳур шаҳарларига қадам қўядилар. Ниҳоят, бу манзилларни ортда қолдириб, Амударёдан ўтадилар, табаррук замин — Кеш (Шаҳрисабз)ни ихлос билан тавоф қилиб, Оқсарой маҳобатидан ҳайратланиб, Самарқанд сари восил бўладилар. Шундай қилиб, улар 1404 йил сентябрда Самарқандга етиб келишади. Қарийб ўн беш ой давом этган сафар ажойиб таассуротларга бой бўлади. Кўрганларини Клавихо кундалик тариқасида қайд қилиб борган эди.

Эҳтимол, бу сафарнинг тафсилотлари ўша кунларда тилларда такрорланиб-такрорланиб, маълум вақт ўтгач, унутилиб кетган, аҳамияти ҳақида ҳам гап-сўзлар юзаки бўлар эди. Аслида, шундай ҳам бўлган. Руй Гонсалес де Клавихо Мадридга қайтиб келгач, орадан ўн кунлар ўтиб, қирол Энрике (Генрих) III га сафари юзасидан маълумот беради, қирол ўзининг топшириғи муваффақиятли бажарилганидан мамнун бўлади. У элчиларга Самарқанд салтанати юзасидан ишончли маълумотлар тўплашни қатъий топширган эди. Табиий, Ғарб ҳукмдорини ҳарбий салоҳият, қўшинлар тартиби сингари маълумотлардан ташқари, аҳолининг турмуш тарзи, яшаш шароити, урф-одатлари, қолаверса, еб-ичиши, кийиниши, расм-русумлар, умуман, ҳамма нарса бутун икир-чикиригача қизиқтирар эди. Нафсиламрини айтганда, кўҳна қитъа вакиллари ўша пайтдаги ҳаётимиздан улги олиб, буюк салоҳиятни юзага чиқарган омилларни ўз ҳаётларига жорий қилиш ниятида эдилар. Соҳибқирон давлатининг шон-шуҳрати уларни шу даражада мафтун этиб қўйган эди.

Ростдан, бу сафар тезда унутилиб кетиши мумкин эди, фақат “Қоғозда ёзилганларни болта билан ҳам чопиб бўлмайди”, деганларидек, Клавихо ҳазратнинг йўл хотиралари, унинг кундалиги бу тарихни абадиятга муҳрлади. Клавихо қиролга ҳисобот бериб чиққач, сафар натижалари юзасидан тадбирлар кўрила бошланганидан кўп ўтмай, 1407 йилда Генрих III вафот этади. Шундан кейин Клавихо ҳам саройни тарк этади ва умрининг охиригача мустақил ижод билан шуғулланади. Жумладан, Самарқанд сафари кундаликларини тартибга келтиради, уни тўлдиради, таҳрир қилади.

Клавихо бошчилигида сафар қатнашчилари ўтган манзиллар қадим-қадимдан маърифатли Ғарбни қизиқтириб келган. Бекорга “Нур — Шарқдандир” деган ибора пайдо бўлмаган ва кун ботиш кун чиқишга ҳайрат билан боқарди. Бу юрт, яъни Шарқ тавсифи Геродот солномаларидан тортиб Страбон, Плиний, Солик, Стефан Византийский, Исидор Савильский сингари олимларнинг тадқиқотларида турли нуқтаи назарлар билан акс эттирилган эди. Булардан ташқари, савдо, диний, дипломатик мақсадларда тинимсиз элчилар келиб-кетиб турарди. Плано Карпини, Рубрук, Марко Полодан бошланган бу ҳаракат асло тўхтамаган эди. Руй Гонсалес де Клавихонинг сафари ҳам, аслида, ана шу мисссияларнинг давоми эди.

Клавихо кундаликлари биринчи марта 1582 йилда ношир Араготе де Малина томонидан Севильяда нашр этилди. Бу 154 варақдан иборат, икки тарафига икки қатордан ёзилган қўлёзма яхши сақланганди. Жамоатчиликка эълон қилингач, катта шов-шув ва қизиқишга сазовор бўлди. Бу йилларга келиб, савдо-сотиқ ривожланаётган, Генуя, Венеция ва бошқа шаҳарлардан йўлга чиққан савдо карвонларининг қатнови кучаяётган эди. “Кундаликлар” фавқулодда эътиборни тортди ва унинг янги, тўлдирилган нашрлари ҳам пайдо бўлди. У “Самарқандга, Амир Темур саройига саёҳат” номи билан тарқалди.

“Кундаликлар”ни ўрганган тадқиқотчиларнинг хулосасига қараганда, унда муаллифнинг кайфияти, иштиёқи, ҳолати аниқ акс этганга ўхшайди. Баъзи саҳифаларида Гомер достонларига хос кўтаринкилик, ҳаяжон яққол бўртиб турса, баъзи саҳифаларида босиқ-вазмин тасвир, теран таҳлил устуворлик қилади. Айрим ўринларда қайтариқлар, ҳатто бир-бирини рад этадиган далиллар ёки бир маълумотнинг турли талқинлари учрайди. “Эҳтимол, Клавихо кўрганларини дастлаб юзаки қайд этиб борган, кейинчалик уларни тўлдирган бўлса керак”, дейди тадқиқотчилар. Булардан қатъи назар, Клавихо “Кундаликлар”и, аввало, муҳим тарихий сафарнинг солномаси сифатида қадрли эди. Қолаверса, ўзининг бадиий-тасвирий табиати билан испан адабиётида алоҳида воқеа ҳам бўлган. Ўша пайтда фантастик, хаёлий мавзулардан фарқ қилиб, аниқ ҳаётий воқеаларнинг олиб кирилиши адабиётда реализмнинг кучайишига кучли туртки бўлган.

Албатта, “Кундаликлар”нинг марказида Соҳибқирон Амир Темур ва унинг давлатида амал қилаётган тартибларнинг муфассал тасвири туради. Элчи қалам тебратар экан, тафсилотларни чуқур ва муфассал баён этиш билан бирга уларга холис ёндашувга интилади. Соҳибқиронни Темурбек (Тамурбек) деб атайди, ўз муносабатини эса эҳтиросларга берилмай, совуққонлик билан ифодалайди. Жумладан, ҳазрат Соҳибқирон ҳузуридаги илк учрашув (1404 йил 8 сентябрь, душанба куни рўй беради)да кўрганларини шундай баён этади:

“…Назаримда, улуғ амир худди ҳашаматли уй бўсағасида ўлтиргандай туюлди менга. У шоҳсупа устида ўлтирарди. Унинг олдидаги фаввора ичида қизил олмалар сузиб юрарди. Улуғ амир лўлаболишга ёнбошлаган ҳолда шойи кўрпача устида ўлтирарди. Подшоҳнинг эгнида гулсиз силлиқ шоҳи яктак, бошида узун телпак, телпакнинг тепасида қизил ёқут, жавоҳир ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган”. Шундан кейин қабул билан боғлиқ расм-русумларнинг батафсил баёни келтирилади: “Элчилар подшоҳни кўришлари заҳоти ўнг оёқларида тиз чўкиб, қўлларини кўксига қўйиб таъзим қилдилар. Кейин бир оз яқинлашиб, яна таъзим қилдилар, сўнг тиз чўкиб турдилар. Улуғ амир уларнинг ўринларидан туриб, яқинроқ келишларини айтди. Мулозим подшоҳга яқинроқ боришга истиҳола қилиб, элчиларнинг қўлларини қўйиб юборди”.

Соҳибқирон қароргоҳида амал қилган тартиблар тасвири ниҳоятда ёрқин: “Подшоҳ ёнида турган, унга энг яқин кишилар ҳисобланган Шамелик мирасса (Шоҳмалик мирза), Норадин мирасса (Шайх Нуриддин) деб аталган амирлар элчиларнинг қўлларидан олиб, подшоҳ ёнига келтириб, қатор қилиб тиз чўктириб қўйдилар…”. Самарқанд ҳукмдорининг саройида жорий қилинган тартиблар ўзига хос: “Улуғ амир элчиларга қўлидан ўпишга рухсат этмади, чунки уларда бундай одат йўқ. Улар иззатталаб кишилар бўлмаганлиги сабабли ҳатто улуғ амирнинг ҳам қўлидан ўпмайдилар. Шундан кейин подшоҳ элчиларга мурожаат қилиб: “Ўғлим қиролнинг аҳволи қандай, унинг ишлари жойидами?” деб сўради”.

Элчилар саволларга жавобан ўз фаолияти ҳақида тўла ахборот бергач, Соҳибқирон қабул маросимида тўпланган мулозим ва аслзодаларга мурожаат қилиб шундай дейди:

“Мана, дунёнинг у бурчагида яшовчи мавжуд фаранги қироллар орасида энг пешқадами — Испания қироли юборган элчилар! Испан халқи буюк халқ, мен ўғлим қиролни шарафлайман. Қирол сизларни совғасиз, фақат биргина мактуб билан юборганда ҳам мен ўғлимнинг аҳволи ва соғлиғини билиб, совға олгандай хурсанд бўлур эдим” (Профессор Очил Тоғаев таржимасидан).

Руй Гонсалес де Клавихо кўрганларини ана шундай иштиёқ билан акс эттиради ва бу хотираларни умрининг охиригача энг қимматли бойлик каби асрайди…

Соҳибқирон шавкатидан гувоҳлик берувчи бу сафар катта аҳамиятга эга бўлган ва ҳозир ҳам унинг қадр-қиммати жуда юксак. Мустақил юртимиз Европадаги бу қудратли давлат билан яқин маданий алоқалар олиб бормоқда…

Албатта, кейинги воқеалар кўпчиликни қизиқтириши аниқ. Шу ўринда бир воқеани эслаш ўринли. Менга Иттифоқ даврида масъул лавозимларда ишлаган Нуриддин Акрамович Муҳиддинов билан суҳбатлашиш ва шу асосда мақола ёзиш насиб этган эди (манба: “Юракдаги ёдгорлик”, “Соҳибқирон абадияти” китоби, 277-бет). Суҳбатда таниқли дипломат Клавихонинг кейинги ҳаёти ҳақида қизиқ маълумотларни айтиб берганди.

Клавихо саройдан кетгач, зоҳидона ҳаёт кечирган, Самарқанд сафаридан орттирган бисотларини катта сандиқда сақлаб, уни бошқаларга кўрсатмаган. Нарсалари орасида турли расмлар ҳам бўлгани айтилади ва у юзма-юз суҳбатлашган буюк зот Амир Темурнинг суратини чизган бўлиши ҳам мумкинлиги тахмин қилинади. Негаки, Клавихо ҳазрат Соҳибқирон билан бир неча марта учрашади, унинг Амир Темур билан араб тилида гаплашганлиги қайд қилинган, оилавий зиёфатларида қатнашиш ва ниҳоят, Конигилда ташкил қилинган машҳур тўйда иштирок этиш бахтига муяссар бўлади.

Шак-шубҳасиз, шундай табаррук зотнинг ҳар бир эътирофи, қайд ва ашёлари тарихимиз учун қадрли. Балки вақти келиб, ул зотнинг ҳаёти кечган масканларда махсус экспедиция уюштирилиб, яна кўплаб тафсилотлар қўлга киритилар. Ана шундай ёруғ орзу билан умид қилиб қоламиз.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × one =