Хоразмлик жадид педагог аёллар

Суратда: Хорижда таҳсил олган жадид аёллардан бири Марям Султонмуродова синглиси Гулчеҳра билан.
Инсоннинг камолотга етишишида оиладаги тарбиянинг, маҳалланинг жамиятдаги муҳитнинг ва табиийки мактабнинг роли каттадир. Миллатнинг маънан баркамоллигини, Ватаннинг тараққиётини мақсад қилган жамиятларда таълимга катта эътибор берилган ва бу жараёнда доимо янгиликлар татбиқ этилган.
Асли қрим-татар миллатига мансуб бўлган зиёли, педагог, жадидчилик ҳаракатининг кенг тарқалишига ҳисса қўшган жамоат арбоби Исмоил Гаспралининг мактаб, сўнгра матбуот соҳаси (“Таржимон” газетаси)ига олиб кирган янгилиги, кейинчалик Россия империяси ҳудудидаги туркийларни жипслаштирибгина қолмай, дунё тамаддуни асосида яшаш, улар билан бир сафда юриш учун бошланган ижтимоий-сиёсий жараёнга айланди.
Бу жараёнларнинг бошланиши эса Қримдаги Исмоил Гаспралининг таълим ислоҳотидан янги усул – жадид мактабидан бошланди. Озгина вақт ўтиб, ушбу жадид мактаблари Қозон, Уфа ва табиийки Ўрта Осиё ҳудудларида ҳам ташкил этила бошланди. Дастлаб, Исмоил Гаспралининг жадид мактаблари учун ўзи яратган дарслик, қўлланмалари ўқитилган бўлса, қисқа давр ичида Авлоний, Беҳбудий, Ибрат, Сўфизода, Ҳамза Ҳакимзода, Бобоохун Салимовларнинг ҳам ўзлари яшайдиган ҳудуд мактаблари учун ёзган дарсликлари пайдо бўлди. Табиийки ўлкада жадид мактаблари пайдо бўлган даврда унга нисбатан тўсиқлар ҳам юзага келди. Бу анъанавий эскича ўқитишга асосланган мактаблар, рус-тузем мактаблари рақобатчи сифатида фаолият кўрсатаётган таълимдаги жараёнлар эди. Шундай вазиятда маърифатга интилган халқ ишончини қозониш, рақобат муҳитида олдга интилиш учун тараққийпарвар педагогларга эҳтиёж катта эди. Шундай жараёнда халқ ичидан янги авлод педагоглари етишиб чиқди ва бу тарихнинг ёрқин саҳифаларидир.
Хусусан, Хоразмдаги жадид мактаблари педагоглари орасида уч нафар аёл ўқитувчи ҳам бор эдики, бу ўша давр учун чинакам жасорат эди.
Исмоил Гаспралининг “Таржимон” газетасидаги маълумотларга кўра, Ферузхон (1844-1910) ва Асфандиёрхон (1873-1918) Хоразмдаги жадид мактаблари ташкил этилишига хайрихоҳлик қилишган. 1898 йили Хивада оренбурглик Муҳаммад Вафо ва мулло Абдураҳмон афандилар томонидан усули савтия мактаби очилади. Бироқ марказ Хивада 1898 йилдаги биринчи жадид мактабига маҳаллий аҳолининг кўникиши қийин бўлди ва Янги Урганч шаҳрида икки педагог ўз фаолиятини йўлга қўйишди. Шу тарзда Хоразмда биринчи жадид мактаби 1898 йилда ташкил қилинган.
Иккинчи жадид мактаби эса хоннинг тараққийпарвар амалдори Мамат маҳрам томонидан Дешонқалъадаги уйида 1905 йилда ташкил этилади. Ўша йили бош вазир Исломхўжа ҳам жадид мактабига асос солади. Хивада дастлаб ташкил этилган усули савтия таълим масканлари “Мактаби Маҳрамия” (Мамат Маҳрамнинг мактаби), “Мактаби жадид” (Исломхўжанинг маблағига барпо этилган) дея номланган.
Ушбу Хивадаги икки ва Янги Урганчдаги жадид мактаблари педагогларининг юқори савиядаги билим беришлари, ўқитиш услуби, дарс жараёнлари аҳоли томонидан яхши кутиб олинади. Негаки, фарзандларини усули савтия асосида ўқитиш, бошқа мактабларга қараганда самарадорлигини кўрсатганди. Натижада аҳолида бўлган талаб боис 1907 йилда валиаҳд Асфандиёрнинг ўзи ҳам Хивада учинчи жадид мактабини ташкил қилади.
1907 йил 30 мартда “Таржимон” газетаси Асфандиёрнинг “Хива валиаҳди усули савтия мактаби очдириш учун Барудий мадрасасини тамомлаган икки муаллимни чақиртирди, 25 февралда келдилар, келишлари билан мактабда дарс бошлаганлари ҳақида”ги хабарини ҳам чоп қилган. Қозон шаҳридаги Олимжон Барудий мадрасасини битирган икки нафар педагог Хивада ўз фаолиятини бошлайди.
Ҳукмдор Ферузхон жамиятдаги барча соҳаларга нисбатан талабчан, қолаверса, ўзи хайрихоҳлик билан ижозат берган мактаблардаги жараённи кузатиб бораётганди. Уни жадид мактабларининг келажаги, ўқитувчиларнинг билим бериши, ўқувчиларнинг таълим олиши қизиқтирганидан имтиҳонга эътибор қаратади.
Натижада 1907 йилнинг 28 майида Асфандиёр ва Исломхўжа, 31 май куни қозикалон, мударрис, охунлар иштирокидаги имтиҳон ҳайъати ўқувчиларни синовдан ўтказишади. Яъни, Хивадаги дастлабки иккала мактабнинг 113 нафар талабаси ҳайъатга имтиҳон топширади ва ҳайратланарлиси ҳаммаси аъло баҳо олишади. Имтиҳон натижасидан руҳланган валиаҳд Асфандиёр, бош вазир Исломхўжа ва Қозикалон Салимохунлар ўзаро маслаҳатлашиб, Қозон шаҳридан ушбу мактаблар учун яна иккита ўқитувчи таклиф қилишга қарор қилишади. Шу билан бирга Хоразмда жадид мактабларини кўпайтириш, ўқув жиҳозлари, адабиётлари билан таъминлаш, улардаги таълим сифатини назорат қилиш учун Рамазон Муҳаммад Каримзодани мактаблар нозири қилиб тайинлашади.
Хоразмдаги таълим, умуман, жадидчилик бўйича жараёнлар Исмоил Гаспрали учун қувончли эди. Бошқа ҳудудларда тўсиқларга учраган мактаблар фаолияти Хоразмда истиқболли ҳолатда шаклланаётганди.
Қримдан бошланган жадид мактабларининг Хоразмда ташкил этилишини “Таржимон” газетасида доимо ёритиб, қўллаб-қувватлаб турган. 1908 йил 18 январида “Таржимон” газетасида “Хивада усули жадида мактаблари” номли мақола ёзган ва ундаги маълумотга кўра, “1898 йил декабрда Оренбургдан Mуҳаммад Рифо Карвонбоши билан муаллим Абдураҳмон афанди Хивага келиб бир ой турди. Таассуб кучлилигидан Урганчга кетди ва усули савтия мактаби очиб, бир йил бола ўқитди, вафот этди. Кейинроқ Mуҳаммад Маҳрам очган мактаб халқ тарафидан яхши қабул қилинди ва халқ 1907 йили валиаҳдга мурожаат қилди. Яна Mуҳаммад Рифо Карвонбоши воситасида Қозондан икки муаллим келтирди, мактаби маҳрамий ва мактаби жадидага муаллим қилиб тайинланди, бу мактабларга нозир тайинланди, май ойида имтиҳонлар бўлди. Валиаҳд буларни кўриб, Қозондан бир муаллим чақириб яна бир мактаб очди, келаётган май ойида рушдия мактаби очилади. Унинг соҳиби вазирлардан Исломхўжа, муаллими Aҳмад Нуриддин; “Таржимон”: валиаҳднинг маорифпарварлиги тарихга битилади”.
Шу каби Исмоил Гаспрали 1908 йилнинг 4 апрелида яна “Таржимон” газетасида мақола чоп қилган ва унга кўра, “ўтган йил Хива хони Қозондан икки муаллим чақириб, икки усули жадид мактаблари очган, муаллимлар Юсуф ва Ҳусайн афанди, 4-5 ой ўтгач имтиҳонлар бўлди, Ҳусайн афандининг мактаби яхши натижалар кўрсата олмади, уни ишдан бўшатди, янгидан Қозондан уч муаллим чақирилди, улар ишга жиддий киришдилар”.
Шу тарзда Исмоил Гаспрали Хоразмда жадидлари кўпаяётгани, уларни бевосита ҳукмдор, валиаҳд ва Исломхўжа сингари тараққийпарварлар қўллаб-қувватлаётганини эътироф этган ҳолда, “Таржимон” газетасининг 1909 йилги 40-сонида “мактабларнинг очилиши, кўпайиши лозим. Боқчасаройдан олинган дарс китоблари, Қозондан чақирилган муаллимлар Хивага энди тўғри келмайди, ярашмайди. Энди Хиванинг ўзидан муаллимлар етиштирмоқ керак ва Хивада чоп этиладиган алифболарни яратмоқ керак. Бунда ҳам ҳеч бир кимса зарар кўрмайди”, – дея стратегик вазифани қўяди.
Ана шу маълумотлардан маълум бўладики, Хоразмда жадид мактаблари очиш 1898 йилдан бошланган ва XX аср бошларига келиб нафақат Хива ва Янги Урганч, балки Гурлан, Қўнғирот, Хўжайли, Тўрткўл шаҳарларида ҳам янги усулдаги жадид мактаблари ташкил қилинган ва унинг битирувчилари орасидан вақт ўтиб, Хоразмдаги сиёсий жараёнларда фаол қатнашган Бекжон Раҳмон, Низомиддинохун, Иноятохун, Жуманиёз Оллақулиев, Иброҳим Оллақулиев, Қурбон Берегин, Карим Болтаев, Марям Султонмуродова сингари XX аср бошларидан то 1937 йилларгача фаол бўлган кўплаб намояндалар етишиб чиқди. Ана шу намояндаларнинг етишиб чиқишида, қолаверса, воҳа халқларининг юксак таълим-тарбия олишида фаолият кўрсатган жадид педагог аёллари ҳам бўлишган.
Улардан бири Комила Қўшаева эди. Хоразмдаги жадид мактабларида фаолият кўрсатган педагог аёл, жадид маърифатпарвари Ҳусайин Қўшаевнинг турмуш ўртоғи бўлган. Комила Қўшаева ўқувчиларга математика фани, Гаспралининг “Хожаи сибён”, Мунаввар Қорининг “Усули ҳисоб”, Саидрасул Азизийнинг “Устози аввал”, Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим” китобларидан сабоқ берган. 1904-1906 йилларда Хивадаги жадид мактабида, 1906 йилдан эса Янги Урганчдаги жадид мактабида ўқитувчилик фаолиятини давом эттирган. Комила Қўшаева ўқувчиларга сабоқ берибгина қолмай, Янги урганч шаҳридаги жадидларнинг мактабига раҳбарлик ҳам қилган. Асосан, қиз болалар таълим берадиган ушбу мактабда яна Марями Агишева, Зайнаб Сиддиқовалар ҳам фаолият кўрсатишганди.
Афсуски, Хоразмдаги биринчи жадид педагог аёл Комила Қўшаеванинг ҳаёти, фаолияти ва Хоразм таълим тараққиётига қўшган ҳиссаси тарих ва педагогика фанларида тадқиқ қилинмаган.
Комила Қўшаеванинг маслакдош ҳамкасбларидан яна бири Марям Агишева бўлиб, татар миллатига мансуб эди. Бош вазир Исломхўжа томонидан 1907 йилда Қозон шаҳридан таклиф қилинган. Марямхон Агишева Хива шаҳридаги жадидларнинг қизлар мактабида, сўнгра, Янги Урганч шаҳридаги жадид мактабида ўқитувчилик қилган.
Хоразмлик жадид педагог аёлларининг учинчиси Зайнаб Сиддиқова бўлиб, у ҳам Комила Қўшаева, Марямхон Агишевалар билан ҳамкорликда Янги Урганч шаҳридаги мактабда фаолият кўрсатган. Марям Агишева, Зайнаб Сиддиқовалар ўзбек тили ва адабиёти, рус тили фанларидан, Беҳбудийнинг “Рисолаи жуғрофияи Русий” (1905 йил), “Китобат ул-атфол” (1908 йил), “Амалиёти ислом” (1908 йил), “Тарихи ислом” (1909 йил) китоблари, Исҳоқхон Ибратнинг “Луғати ситтати алсина” дарслик, қўлланмалари асосида сабоқ беришган.
Ушбу учала жадид педагоглари янги усул мактаблари тугатила бошлаган 1920 йиллардан кейин совет мактабларида ўз фаолиятини давом эттиришган. Гарчи уларнинг ҳаёти, фаолияти тарих, педагогика фанларида тўлиқ ўрганилмаган бўлса-да, Комила Қўшаева, Марямхон Агишева, Зайнаб Сиддиқоваларнинг номлари Хоразм жадид педагог аёллари сифатида тарихдан жой олган.
Умид БЕКМУҲАММАД,
Сайёра САМАНДАР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари.