Авесто: Зардушт қўшиқлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 февраль — 1 март кунлари Хоразм вилоятида бўлганида, туризмни янада ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилиниши, жумладан, Урганч шаҳрида “Авесто” музейи очишни таклиф этди. Маълумки, “Авесто” узоқ аждодларимизнинг ижтимоий ҳаёти, маънавий дунёси ҳақида ноёб маълумотларни ўзида мужассам этган тарихий ёзма манба ҳисобланади. Демак, бу музей халқимиз тарихи ҳақидаги маълумотларни ўзида акс эттирадиган маърифат ўчоғи бўлади.

Филология фанлари номзоди, тарих фанлари доктори Мирсодиқ Исҳоқов “Авесто: Яшт китоби”ни, кейинчалик “Авесто: Зардушт “гоҳ”лари” китобини аслиятдан таржима қилган таниқли олим. Шу боис, ушбу мавзуда узоқ йиллар илмий тадқиқотлар олиб борган фидойи шарқшунос Мирсодиқ Исҳоқов билан авестошунослик мавзусида суҳбатлашдик.

— Зардуштийлик, унинг муқаддас китоби “Авесто” Марказий Осиё халқларининг минг йиллик тарихида муҳим ўрин тутади. Ушбу китобнинг яратилиш даврига аниқлик киритилганми?

— Албатта, Урганчда “Авесто” музейининг очилиши авестошунослар учун ҳам қувонарли тарихий ҳодиса. 2001 йилда “Авесто” китобининг 2700 йиллигини нишонлаганимиз ҳозиргидек ёдимда. Биз зардуштийлик диний таълимотини тизим сифатида, тайёр модель шаклида биламиз. Унинг келиб чиқиш тарихини мифологик оламдан — асотирлар, тарихий тафаккур қатламларидан излаш лозим. Заратуштра ўз даврида афсона-ривоятларни жамлаб, тартибга солиб, таълимот шаклига келтирган. Унинг ишини давом эттирган мубадлар (диндорлар) “Авесто”ни бойитиб борганлар. Дастлаб “Авесто” оғзаки тарзда шаклланган, унинг ёзилишига Заратуштранинг ўзи ҳам қарши чиққан. Агарда ёзилса, нимадир қўшилиб кетиши мумкин, деган қарашлар бўлган. Шунинг учун дастлабки даврда тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб келган. Умуман, тарихда муқаддас китобларга ўзгартириш киритиш қораланган. “Авесто” сўзининг ўзаги “сто” бўлиб, луғавий маъноси “ўрнатилган ўзгармас қонун-қоидалар, ҳаётнинг асосий йуриқномаси” демакдир. Бу китоб милоддан аввалги II минг йиллик ва I минг йилликнинг биринчи чорагида, бир неча юз йиллар давомида шаклланган. Тарихдан маълумки, “Авесто” дастлаб 30 та китоб бўлган, бизгача 4 та китоби сақланган, холос.

Зардуштийлик дини ўрта ва қуйи Амударё оқимида яратилди, шаклланди ва турли қаршиликларга қарамай, Ислом дини пайдо бўлгунча аждодларнинг турмуш тарзини белгиловчи асосий дин вазифасини ўтади.

— Юртимизда “Авесто” тилини биринчи бўлиб ўрганган олим сифатида “Авесто” алифбосига тўхталиб ўтсангиз.

— Назаримда, аввало, “Авесто” алифбосининг яратилиш эҳтиёжи ҳақида тўхталиш жоиз. Даврлар ўтган сайин “Авесто”нинг ўзгармас тили мунтазам ўзгариб, ривожланиб борувчи жонли тилдан ортда қола бошлаган. У дастлаб тахминан милоддан аввал VII асрда китоб ҳолига келтирилган ва Эрон подшолари хазинасида сақланган. Македониялик Александр ёқиб юборган “Авесто” қайси ёзувда эди, деган саволга ҳамон аниқлик киритилмаган. Айрим авестошунослар оромий ёзувида дейишади. Аммо оромий алифбосидаги 22 ҳарф мураккаб, оҳангга бой “Авесто”даги сўзларнинг талаффуз талабларига жавоб бермас эди. Қадимги Парфия подшолиги даврида ҳам “Авесто”ни китоб ҳолига келтиришга уринишган. Парфёний ёзуви ҳам оромий ёзувига асосланган 22 ҳарфдан иборат бўлган. Демак, бу алифбонинг ҳам имкониятлари чекланган эди. Ниҳоят, Мазда Ясна — зардуштийлик дини Эронга кириб бориб, Сосонийлар давлати динига айлангач, паҳлавий ёзувидаги 22 ҳарф асосида 51 ҳарфдан (48 ҳарф белгиси, 3 та қўшоқ белги) иборат дунёдаги энг мукаммал алифболардан бири — “Авесто” алифбоси яратилди. Унда 14 та унли, 37 ундош товуш бор. Унли товушларнинг кўплиги сабаби, масалан, “а” ҳарфининг 6 та варианти бўлган, қолган унлилар узун-қисқалигига қараб иккитадан белгиларда ифодаланган. Ундош товушлар ифодаланиши ҳам шу тартибда: “ш” ҳарфининг учта, “н” ҳарфининг тўртта, “т” ҳарфининг иккита шакли бор ва ҳоказо…

— Зардуштийлик таълимоти яралишининг туб илдизлари нималарда кўринади? Унинг аҳамияти қандай?

— Зардуштийлик ибтидоий диний тасаввурларни мифологик дунёқараш ва табиат ҳодисаларига боғланган босқичдан чин маънода яккахудолик босқичига ўтказган. Бошқача айтганда, Олий оқил зот Маздага сиғинувчиларнинг (Мазда Ясна) фалсафий-диний таълимоти сифатида тарихда чуқур из қолдирган, маънавий инқилоб ясаган. Бу таълимотни милоддан аввалги биринчи минг йиллик бошларида ўз давридан минг йиллар илгарилаб кетган, олам ягоналиги уни яратган зотнинг ягона бўлишини тақозо этишини англаб етган, бу ғояни инсониятга етказиш йўлида курашган Заратуштра яратган. Бу улуғ инсон борлиқнинг эзгу асосларини Маздага боғлаган. Ёвуз Ахриманнинг шайтоний ёлғонларига Мазда Ҳақиқатини қарши қўйган. Умуман, у Ёлғон ва ёвузликлар ибтидоси Ахриман жаҳолатидан Мазданинг Ҳақиқат оламини асрашни ҳар бир ҳақпараст инсоннинг бурчига айлантирди. Ўз навбатида, эзгу олам олдида шахс масъулияти ғояси илк бора илгари сурилди. Сидқидилдан қилинган эзгу савоб ишлар раҳмати охиратда қайтарилиши ғоясига асос солинди.

Заратуштра келтирган хушхабар, яъни пайғом кетидан эргашганлар пайғамбар номи билан фахрланиб, ўзларини зардуштий ёки маздаяснийлар деб атадилар. Зардуштийлар олами парвардигори Маздани улуғвор шарафга лойиқ зот деб, Аҳура сифати билан қўшиб, Аҳура Мазда, яъни буюк Мазда — Олий Ақлга мушарраф бўлган зот деб алқадилар.

Исломга қадар Аҳура Маздадан келган ваҳий сўзлар деб ҳисобланмиш “Авесто” эса, зардуштийларнинг муқаддас китоби сифатида ижтимоий, диний, маънавий ҳаётни англашда асосий манба бўлди.

— “Авесто” китоби ҳақида турлича тарихлар ёзилган…

— Дарҳақиқат, “Авесто” китобининг тақдири мураккаб кечган. Дастлаб бу китоб эллинлар маданиятини оламга ёйишни хомхаёл қилган македониялик Александр босқинига учради — ўтда ёқилди. Чунки Александр оламга ёйишни ўйлаган эллинлар маданияти “Авесто” маънавияти олдида рангсиз кўрингани босқинчилар ғазабини қўзғатганди. Гўё “Авесто” йўқ қилинса, юнон маданияти учун йўл очиладигандек кўринганди. Аммо “Авесто” туфайли эришилган маънавият аждодлар қалбидан ўчмаган. Александрдан кейин Парфия аршакийлар подшолиги даврида ҳукмдор Валахш “Авесто”ни мубадлар хотираси асосида тиклашга уринади. Аммо бу ҳаракат натижасида тикланган “Авесто” бизгача етиб келмаган. Бу ҳақда зардуштийларнинг ёзма манбаларида (“Денкард” китоби) маълумот бор. Милодий III асрда — Эрондаги Сосонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида зардуштийлик давлат дини даражасига кўтарилиши муносабати билан “Авесто”ни яна қайта тиклаш ҳаракати бошланди. Бир неча уринишлардан сўнг, ниҳоят подшо Хусрав I Ануширвон (531 — 579) даврида “Авесто” матнлари мубадлар хотирасида ва халқ орасида сақланиб қолган парчалар асосида 21 китобдан иборат ҳолида тикланди.

Абу Райҳон Беруний терига битилган “Авесто”ни 30 китоб деб ёзганди. Эронни истило қилганда, бу ердаги икки нусха “Авесто”ни оловга ташлаган Александрни юнонлар Зевснинг ўғли деб улуғлашган бўлса, у Мисрни босиб олгач, ўзини Аммоннинг ўғли деб эълон қилди. Маъбуд Аммоннинг бошида икки шохи бўлгани учун ҳунармандлар Александрга ҳам икки шохли дубулға ясаб беришган. “Искандарнинг шохи бор” деган гап шундан қолган бўлса ажаб эмас.

— Авестошунос олимлар орасида Заратуштрани биринчи шоир деб атайдиганлар ҳам бор. У Хоразм ҳудудида яшаган қабилаларнинг биридан чиққан деган қарашлар қанчалик тўғри? Аслида, Заратуштра ким бўлган?

— Зардуштийлик тарихининг ёзма манбаларида келтирилишича, худо Аҳура Мазда ўзининг яратувчи, холиқ, яккаю ягона худо эканини имонли зот Заратуштрага билдириб, уни пайғамбар этиб сайлаган. “Авесто”нинг “Ясна” китобининг 29-қўшиғида бу ҳақда Аҳура Мазда мажозий маънода “Чорванинг чўпонини сенларга тайин этдим. Бу Заратуштраки, у барчангизни ҳидоятга чорлайди” деган мазмунда хабар беради. Заратуштра қадимда Даитийа — Амударё бўйида яшаган Спитама уруғидан чиққан бўлиб, унинг қариндошлари Аҳура Маздага ҳам бошқа худолар қаторида, алоҳида ажратмай, сиғинишган. Улар орасида фақат Заратуштрагина Аҳура Маздага сиғинган ва унинг ўзга маъбуд ҳамда маъбудалардан юксак эканини эътироф этган. Ниҳоят, Заратуштра Аҳура Мазда назарига тушиб, унинг пайғоми (хушхабар)ни олгач, уларни оммага етказишдек илоҳий ваколатга мушарраф бўлган. Аммо жаҳолатга ботган омма унинг сўзларига ишонмайди ва қувғин қилишади. Заратуштра ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлади. У ўз динини ўн йилдан ортиқ тарғиб қилади. Ниҳоят, ўзга юртда — Бақтрияда, ҳоким Виштаспа, малика Хутаосйа, сарой аъёнларига Мазда дини моҳиятини тушунтиради.

Заратуштра исми “олтин туя етаклаган киши” маъносини англатади. Зардуштийлик атамаси эса, ўрта асрлардан бошлаб шартли равишда динга нисбатан ишлатила бошлаган. Аслида Заратуштра дини Мазда Яснадир, яъни Маздага, “Мутлақ оқил” зотга сиғиниш демакдир.

Заратуштра охир-оқибатда зимдан жоҳилият тарафдори бўлган, лекин ўзини маздапараст қиёфасида кўрсатиб юрган мунофиқ “сафдоши” Братарваҳш томонидан Балхда, ибодат чоғида ханжар уриб ўлдирилади.

— “Авесто”даги “гоҳ” тушунчасига ҳам аниқлик киритсангиз?

— “Гоҳ” сўзининг луғавий маъноси “қўшиқ”дир. Бу қўшиқлар “Ясна” таркибида бўлиб, Заратуштранинг пайғамбарона даъватлари, Аҳура Мазда ва Заратуштра ўртасидаги руҳий мулоқот, аниқроғи, савол-жавобдан иборат. Бу ҳолат муқаддас ислом динидаги меърож ҳодисасига ўхшаб кетади.

Аввало “гоҳ” сўзи вақт ўлчови маъносига эга бўлган. Заратуштра қўшиқларига нисбатан олганда “гоҳ” сўзи мусиқий маром маъносини англатади. Ҳар бир ритм оралиғидаги вақт аниқ ўлчамли бўлиши кўзда тутилган. Заратуштранинг даъват сўзлари босиқ, ёқимли оҳангда қўшиқ қилиб куйланганда тингловчиларга кучли руҳий таъсир кўрсатган. “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Чоргоҳ” каби мақомларимиз илдизи ўша гоҳларга бориб тақалади. “Авесто” матнларининг тузилишида 7 бўғиндан 17 бўғингача бўлган гоҳлар бор. Буларнинг барчаси бугунги мақомнинг асосларидир.

— Зардуштийларнинг тўрт унсур — тупроқ, сув, ҳаво, оловни соф сақлаш, яъни моҳиятан табиатни асраш ёки “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” ғоялари ҳамон аҳамиятини йўқотмаган. Бу ҳозирги ёшлар тарбиясида ҳам муҳим, деб ўйлаймиз.

— “Авесто” ўз даврида турмушнинг барча соҳаларини қамраган ҳолда инсон, жамият ва табиат ўртасидаги мутаносибликни, яратувчанлик ва эзгуликни улуғлаган. Эзгу ният билан оламни асраш, уни янада бойитиш ҳар бир шахснинг бурчига айланган. Инсон борлиқнинг энг мўътабар зоти, унинг бахтиёр, хотиржам ва фаровон ҳаёти олий қадрият даражасига кўтарилган.

Ҳақиқат — Олий неъмат,

Ҳақ истаги, Ҳақ иродаси,

Ҳақиқатдир Ҳақ ифодаси.

Бу сатрлар зардуштийлик, Мазда Ясна динининг энг улуғ дуоси ҳисобланади. Умуман, барча ёвузликларнинг боши ёлғон. “Авесто”да илгари сурилган илғор ғоялар ҳақиқати, эзгулиги билан боқий. Мана, кундалик ҳаётимизда ҳам кўриб турибмиз: биз туганмас деб ўйлаган сув нафақат ифлосланди, балки етмайдиган даражага борди. Ёки Тошкент шаҳрининг ҳавоси бунчалик ифлосланиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз.

— Ҳозир ҳам дунёда зардуштийлар борми?

— Ҳозир Ҳиндистоннинг Гужарот вилояти, Мумбай шаҳрида икки юз минг нафар атрофида зардуштий яшайди. Айтишларича, улар ҳам дунё бўйлаб тарқалиб, 140 минг атрофида қолибди. Шунингдек, Шероз, Теҳрон, Язд ва Рейда кам сонли зардуштий жамоалар бор. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб Эронда уларга диний бағрикенглик шароити яратилди. Унгача зардуштийларни “зиндиқ” деб аташарди. Шарҳлар орқали ўз динини сақлаганларни шундай дейишади. Зиндиқ — занд — китоб маъносини шарҳловчилар. Улар ўзларининг исломий эмаслигини билдириш учун белларига чилвир боғлаб юрганлар. Бу чилвир ҳам зиндиқ дейилган.

— Маълумки, ўтмиши узоқ тарихга эга бўлган юртимизда зардуштийлар замонидан қолган ёдгорликлар кўп, албатта. Тошкентда ҳам борми?

— Бор. Бирмунча каттароғи Юнусобод даҳасидаги Оқтепада бўлса, Чилонзор Оқтепасидаги ёдгорликда фақат марказий ибодатхона қисмигина қолган. Юнусободда зардуштийлар ибодатхонаси, арк ва унинг атрофида каттагина майдонда турар-жойлар топилган. Археолог Алексей Тереношкин бу ердаги қазув ишларини бошлаб берганди. Кейинчалик унинг ишларини Маргарита Филанович ва бошқа археологлар давом эттирди. Пойтахтимиз марказидаги “Та-та” меҳмонхонасини қурган ҳинд қурувчилар орасида зардуштийлар ҳам келган экан. Улар Оқтепага бориб, ўзларининг маросимларини ўтказишганига гувоҳ бўлганмиз. Чилонзор Оқтепадаги ёдгорлик ибодатхона бўлиб, унга кириш йўли, ўртада оташдон, атрофида устунлар борлиги аниқланган. Кейинчалик кўплаб археологлар бу жойларда қазув ишларини олиб боришди, бироқ ҳали охиригача ўрганилмаган, деб айтиш мумкин.

— Қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур.

Ҳумоюн АКБАРОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 7 =