Биринчи ўзбек ректори

Мунаввар қори Абдурашидхонов таваллудининг 145 йиллиги

Марказий Осиёда етакчи университет ҳисобланган бу олий таълим муассасаси 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У қатор йиллар турли номлар билан аталган. Яъни, 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент давлат университети деб юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорга биноан Тошкент давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек  номи берилган.

Собиқ мустабид тузум барҳам топгач, университетимиз буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек номини олиши замирида бир олам маъно мужассам. Бу кўҳна тарихимиз, улуғ аждодлардан қолган бебаҳо мерослар, илму маърифатга нисбатан адолатнинг тикланиши, бу борадаги асл қадриятлар том маънода қадр топиши эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент давлат университетига “Ўзбекистон Миллий университети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлди. Шундан буён бу олий таълим муассасаси — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.

Мазкур Фармонда Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Тошкент давлат университетининг азалий юксак мавқеини ўз жойига қўйиш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Собиқ мустабид тузум даврида бу университет “доҳий имзо чеккан декрет”га биноан барпо этилган деган сохта гаплар айтилган бўлса, юқорида номи қайд этилган Фармонда Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этилган, тарихий ҳақиқатни тиклаш йўлида залворли қадамлар ташланди.

Модомики, 105 йил илгари юртимизда биринчи университет ташкил этилгани эътироф этилар экан, унинг биринчи ректори — буюк жадид бобомиз Мунаввар қори Абдурашидхонов бўлгани қатор манбаларда қайд этилган.

Адиб, мураббий, муҳаррир, маърифатпарвар, жамоат арбоби, Туркистон жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири сифатида тарихда ёрқин из қолдирган Мунаввар қори Абдурашидхонов 1878 йилда Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Тоҳур даҳаси Дархон маҳалласида мударрис оиласида туғилган. У Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқиган, сўнгра Бухорода таҳсил олган ва Тошкентга қайтгач, фаолиятини давом эттирган.

Қатор манбаларда қайд этилишича, Мунаввар қори ХIХ асрнинг охиридан бошлаб жадид­чилик ҳаракатларида фаол иштирок эта бош­лади. 1901 йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактаб­ларини очади. Бу мактаблар учун 1907 йилда “Адиби аввал”, “Адиби соний” дарсликларини яратади. “Тажвид ал-Қуръон”, “Ер юзи” сингари қўлланмаларни тузиб, нашр этади. Болалар учун қатор шеърий ва насрий ҳикоялар ёзади. У 1909 йили Тошкентда “Жамияти хайрия” уюшмасини тузади ва “Турон” номли жамиятни очади.

1906 йилда дастлабки ўзбек нашрларидан бири “Хуршид” газетасини чоп этишда бош-қош бўлган Мунаввар қори кейинчалик “Нажот”, “Кенгаш” газеталарида бош муҳаррир, “Садойи Туркистон”да эса бўлим муҳаррири бўлиб хизмат қилади. У 1917 йил февраль инқилобидан кейин Туркистонда демократик миллий давлатчиликни тузиш ғоясини илгари сурди. Қўқонда ташкил топган Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлади. Шўро даврида у ўзининг очиқ маърифий ишларини ва яширин сиёсий ҳаракатларини давом эттирди.

1918 йил апрель ойида Туркистон халқ дорилфунунига асос солинади ва 12 майдан бу олий таълим муассасаси тўла-тўкис фаолиятини бошлайди. Бу ўлкада бунёд этилган мазкур дорилфунуннинг биринчи ректори этиб сайланган Мунаввар қори Абдурашидхонов ўша давр маърифати осмонида мисоли бир қуёш бўлгани баайни ҳақиқатдир.

Ўтган асрнинг 20-йиллари ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайиши натижасида Мунаввар қори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ Мунаввар қори Абдурашидхоновни истиқлол ғояларидан қатағон ҳам қайтара олмади. У 1929 йилда қамоққа олинади ва 1931 йил 23 майда отиб ташланади. Унинг хоки Москвадаги Ваганково қаб­ристонида эканлиги ҳақида матбуотда қатор мақолалар ёритилган.

Мунаввар қорининг “Хотираларимдан” номли рисоласи улуғ аждодимиздан ажиб бир меросдир. Унда 20-йилларда миллий озодлик ва истиқлол учун кураш олиб борган “Иттиҳоди тараққий”, “Бирлик”, “Миллий иттиҳод” ва “Миллий истиқлол” каби ошкора ва яширин ташкилотлар тарихи ёритилган.

Хотиранинг биринчи қисми жадидчиликнинг майдонга келишидан 1917 йил февраль инқилобигача бўлган даврни ўз ичига олади. Иккинчиси, 1917 йил февраль-октябрь, учинчиси эса шўро даврини (1917-1929 йиллар) қамраб олган. Китобнинг ёзилиш тарихи ва жойи ҳам ўзгача. Мунаввар қори уни 1929-1930 йилларда қамоқхонада боши узра сиёсий қатағонлик ойболтаси кўтарилиб турган аянчли бир пайтда ёзган экан. Тарихчи олим Сотимбой Холбоевнинг ёзишича, бу рисола миллий озодлик кураши, миллий уйғонишда маънавий куч-қувват ва илҳом манбаи бўлган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, миллий-демократик ҳаракат — жадидчилик фаолияти ҳақида анча кенг маълумот беради.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2008 йилда чоп этилган “Мўътабар зиё маскани (1918-2008)” китобида бу мавзуда кенг маълумотлар берилган. Чунончи, Мунаввар қори Мусулмон халқ дорилфунунини ташкил этиш мақсадида 9 кишидан иборат ташкилот комиссиясини тузади. Унга Мунаввар Қори (раис), Бурҳон Ҳабиб, Исо Тўхтабоев, Содиқ Абдусатторов, Муродбек, Муродхўжа, Мухтор Бакир, Абдусами қори Зиё­боев ва бошқалар кирган эди. Комиссия Мусулмон халқ дорилфунунини ҳам русча Туркистон Халқ дорилфунуни каби уч босқичда ташкил этади: юқори босқич — дорилмуаллимин (ўқитувчилар институти); ўрта босқич — ўрта ҳунар мактаблари; қуйи босқич — бошланғич мактаб­лардан иборат бўлади. 3 май куни Мусулмон халқ дорилфунуни раҳбариятига сайлов бўлиб ўтади. Унда Мунаввар қори раис (ректор), Исо Тўхтабоев ректорнинг биринчи, Бурҳон Ҳабиб иккинчи ўринбосарлари, Абдусами қори Зиёбоев хазинадор, Мухтор Бакир саркотиб этиб сайланади.

Ҳикоя қилинишича, 1918 йил 12 май куни Эски шаҳар даҳасидаги Викула Морозовнинг собиқ дўкони биноси (ҳозирги Ўзбек ёш томошабинлар театри)да Мусулмон халқ дорилфунунининг тантанали очилиш маросими бўлади. Уни Мунаввар қори қисқача кириш сўзи билан очиб, мусулмонлар чоризм даврида рус йўқсиллари билан биргаликда ярим аср қулликда яшагани, бугунги озодлик ва тантана катта талафотлар билан қўлга киритилганлигини айтади. Шундан сўнг бу курашда ҳалок бўлганларга бағишлаб, Қуръони каримдан тиловат ўқилиб, фатво берилади. Мусулмон дорулфунуни Мунаввар қори раҳбарлигида ўз даврининг катта билим масканига айланади. У 15 демократик маданий-маърифий ташкилот вакилларидан уюшган 45 кишилик кенгаш томонидан бошқарилади. Унда ишловчи муаллимлар сони 180 нафарга етади. 1918 йил 31 майдан бошлаб, бу ўқув даргоҳида “Халқ дорилфунуни” газетаси чиқади. У дастлаб ҳафтада бир марта, кейин эса (5-сонидан бошлаб) ҳафтада икки марта чоп этилади. “Халқ дорилфунуни” бутун Туркистон ўлкаси бўйлаб тарқатилар эди.

1918 йил 2 июнь куни Мусулмон халқ дорилфунунининг юқори босқичи — дорилмуаллимин (ўқитувчилар институти) ишга тушади. Унда Абдурауф Фитрат она тилидан, Камол Шамси арифметика ва немис тилидан, Раҳимбоев арифметикадан, Абдураҳмон Исмоилов санъатдан, Ризаев маданият тарихи ва сиёсий иқтисоддан, Мунаввар қори (дорилмуаллимин мудири — ректори ҳам эди) она тилидан дарс беради.

Шу тариқа ҳозирги  Ўзбекистон Миллий университети пойдевори қўйилган.

Мунаввар қори ўзбек миллий театри асосчиларидан бири сифатида ҳам катта обрў ва эътибор топган. У ўз фикрдошлари билан ижодий ҳамкорликда 1914 йилдаёқ “Турон” труппасини тузган эди. Бу труппа беш йил фаолият кўрсатади.

Улуғ жадидчи бобомиз ёш авлодни тар­биялашга катта эътибор беради. Уларга маънавий оталик қилади. Бу ўринда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг 1915 йилда унга ёзган хати диққатга сазовордир: “Ассалому алайкум! Маънавий қори отамиз ҳазратларина!”

Устоз эса ўз шогирди Ҳамзага меҳр ила ёзилган жавоб хатларидан бирида (1916): “Ҳурматли Ҳамза афанди! Эшон ва бойларнинг малъун ва аблаҳликларини очиқдан-очиқ “малъун”, “жоҳил”, “хоин”, “палид”, “нобакор” каби сўзлар ила эмас, қилғон ишларининг ёмонлиги ила кўрсатилса яхши бўлур эди”, — деб маслаҳат беради.

Бу ўринда Мунаввар қори бадиий ижодиёт соҳасида Ҳамзага жуда тўғри маслаҳат беришдан ташқари, шу нарса аниқ сезилиб турибдики, у динга эмас, балки, диндан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган диндорларга қарши бўлган. Мунаввар қори бутун халқ ва айниқса, ёшларнинг имони бут бўлиши билан бирга, ўта хавфли душман — ижтимоий-сиёсий “ялқовлик” ва “нодонлик”дан сиёсий фаоллик ва миллий уйғонишга чақирган эди.

Минг афсуски, бу улуғ зот шўро тарихида “халқ душмани”, “миллатчи” (бир миллатни иккинчисига қарама-қарши қўйиш маъносида), “маҳаллий буржуазия идеологи” деб таърифлаб келинди. Унга нисбатан ёш авлодда нафрат туйғусини тарбиялашга ҳаракат қилинди.

Мунаввар қори бор-йўғи 53 баҳорни кўрди. Шундан 39 йили “инқилоб”дан олдинги чоризм мустамлакачилиги азоби остидаги болалик, балоғат ва фаоллик даври бўлса, қолган 14 йили қизил империя ва ленинча қатағонлик сиё­сати томонидан маънавий хўрланиш замони бўлди. Умрининг охирги икки йилида у ҳарбийлаштирилган сиёсий бошқарма қамоқхоналарида ўз халқи озодлиги ва мустақиллиги учун ўлимга қарши тик туриб курашди. Бизларга насиб бўлган сиёсий ва миллий мустақиллик нашидаси унинг учун улкан армон бўлиб қолса-да, у бу ёруғ кунларнинг келишига комил ишонч билан қарар эди.

Бу улуғ даргоҳга кейинчалик турли йилларда Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Сағди Сирожиддинов, Эркин Юсупов каби машҳур академик олимлар ҳам ректорлик қилганлар. Шу тариқа университетимизда ўзига хос ректорлик мактаби ҳам яралган, десак, муболаға бўлмайди.

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига бир неча бор ташриф буюриб, қатор истиқболли ғояларни илгари сурди. Мазкур ғоялар асосида навбатдаги янги лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар таълим тизимини изчил такомиллаштиришга хизмат қилади. Чунончи, янги авлод ўқув адабиётлари яратиш, уларни таълим жараёнларига кенг тат­биқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш борасида қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Назарий билимларни амалиёт билан чамбарчас боғлаш учун ЎзМУнинг қатор дала-амалиёт майдонлари, ўқув-илмий лабораториялари, ўқув-илмий-тажриба марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда. ЎзМУ илмий мактабларида кўплаб амалий, фундаментал, инновацион, ёш олимларнинг фундаментал ва амалий лойиҳалари устида ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда талаба-ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, грант танловлари ва лойиҳаларида иштирок этиш, хўжалик шартномалари тузиш, бошқа олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун мақсадли илмий кадрлар тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ёш иқтидор соҳибларининг орзу-умидларига эришишлари учун замин яратади.

Ҳақиқий олимнинг сабоғини олган ёшлар илм чўққиларини забт этишларига умид қилса бўлади. Бугунги кунда Миллий университетда кўплаб академиклар, профессорлар фаолият кўрсатмоқда, юзлаб ёш олимлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

ЎзМУда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида санайверсак, анча салмоқли маълумотлар пайдо бўлади. Муҳими, университетимизнинг илм ва маърифат йўлидаги истиқболли йўли шу тариқа самарали давом этаверади.

Бу улуғвор ишлар 105 йил муқаддам университетимизнинг тамал тошини қўйган Мунаввар қори Абдурашидхонов ва бошқа улуғ сиймолар руҳини ҳам шод этажак.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ доценти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =