Биринчи матбаачи

Бу  инсоннинг қилган  иши мўъжиза дегулик эди. Зеро, у Ўрта Осиёнинг маҳаллий кишиларидан етишиб чиққан биринчи матбаачи бўлган. Бироқ уни кимдир эъзозлаб, шарт-шароит яратиб берса, бошқа бир хон зиндонбанд қилиб, бўғизлатмоқчи бўлди. Яхшилар ёрдами билан зулматдан чиқиб, энди иш бошлаганида эса тахтга чиққан янги ҳукмдор уни яна қамоққа ташлаттирди. Кейинги замонлар ҳам осойишта кечмади. Қуйида ана шундай даврларда машаққатли ҳаёт кечирган Отажон Обдаловнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

1876 йил. Хоразм. Маърифатпарвар хон Феруз девонларга тартиб берувчи ҳаттотлар ишини замонавийлаштириш ниятида Эрондан Иброҳим Султон деган матбаачини ишга таклиф этди. Шу тариқа катта пул эвазига қисқа муддатда иш ўргатилди. Кўҳна Аркда эса тошбосма қурилди. Ферузхон  Петро Александровск (Тўрткўл)даги рус-тузем мактабини битириб, Пирнахосдаги “Кошило” ёнида ишлаб юрган Отажон Обдаловни матбаачига шогирдликка берди. Иш қизиб, устоз-шогирд матбаахонада айрим ҳужжатларни, 1876 йили эса илк бор Форобийнинг “Нисобус-сибиён” асарини чоп этишди. Шартнома муддати тугаб, Иброҳим Султон Эронга кетгач, бутун иш Отажонга қолди. У ўзига Муҳаммад Ёқуб, Худирган хаттот, Худойберган муҳркон, Исмоил девонларни шогирд қилиб олди ва матбаахона фаолияти янада қизғин тус олди.

Натижада 1880 йили Навоийнинг “Хамса”, 1882 йили “Чор девон”, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин”, Комилнинг “Девони Комил” каби асарлари тошбосмада чоп этилди. Шунингдек, Ферузхон саройидаги шоирларнинг девони ҳам Отажон Обдалов томонидан нашр қилинди.

Эътиборлиси шундаки, Ферузнинг ёзганлари бир неча жилд девон ҳолига келиб қолган бўлса-да, матбаахонасида ўз асарини чоп эттиришга шошилмади. Форобий, Навоий, Огаҳий асарлари тошбосмада нашр қилинганидан сўнггина 1897 йили ўз ғазалларини китоб ҳолида чоп  қилдирди.

Хўш, халқ Отажон босма, дея атайдиган матбаачининг тошбосмаси қандай бўлган? 1908 йили Хивага келган рус шарқшуноси А.Самойлович бу ҳақда шундай ёзганди: “Феруз 1900 йили тошбосмани Кўҳна Аркдан  Қиб­ла Тозабоғга кўчирган экан. Тошбосма уч хонадан иборат. Биринчи хонада котиб нашр қилинмиш асардан тошбосма сиёҳи билан нусха кўчирган, иккинчи хонада варақма-варақ ёзувли тошга қўйиб босилган ва қуритилган варақлар учинчи хонага, яъни омборхонага ўтказилган. Янги ташкил этилганида, тошбосма фақат битта вараққа мўлжалланган бўлса,1900 йилларнинг бошига келиб, тош ҳаж­ми катталаштирилиб, унга тўртта варақ жойлашадиган бўлган. Тошбосма дастгоҳи қўлда ишлатилган. Иш жараёнини бир уста бошлиқ уч киши бажаради. Бир киши тошбосма дастгоҳининг ғилдирагини айлантириб турган. Иккинчиси  қоғозни алмаштирган, учинчиси эса алоҳида столда валикка бўёқ суртиб туради”.

Шу тариқа иш юритилган матбаахонада 1910-1915 йилларгача қирқдан зиёд китоб чоп этилган. 1910 йили маърифатпарвар Хива хони Феруз вафот этгач, мазкур соҳага оид ишлар ўлда-жўлда қолади. Ҳатто, Исфандиёрхон Отажон Обдоловни исёнкор шоир Аваз Ўтар ғазалларини тошбосмада чоп этгани учун зиндонбанд ҳам қилади. Гарчи у яхшилар  ёрдами билан бўғизланишдан омон қолиб, озодликка чиқса-да матбаахона иши тўхтаб қолган эди. Тараққийпарвар Отажон босманинг жадидларга қўшилганини эшитган Саид Абдуллахон уни 1919 йили яна қамоққа олдирди.

1920 йил. Озодлик. Ҳибсдан чиққан олтмиш тўрт ёшли Отажон босма кексалигига қарамай, шижоат билан ишга киришди. Матбаахонада ишлар жонланиб, энди нафақат китоблар, 1920 йилнинг 8 мартидан “Инқилоб қуёши” газетаси, ҳатто, Хоразм рес­публикасининг шойи, қоғоз пуллари ҳам босиб чиқарилди. 1920-30 йилларда Хивадаги матбаахонада Хоразмнинг ўнга яқин, Қорақалпоғис­тоннинг эса олтита газета-журналлари чоп қилинган.

1929 йили Отажон Обдалов замонавий полиграфия сирларини ўрганиш, тажриба орттириш ниятида Тошкент ва Москвага бориб, иш жараёнини ўзлаштириб қайтади. Ваҳоланки, бу пайтда у 73 ёшга кирганди. Ўзбекистон раҳбарияти унинг матбаачиликка қўшган ҳиссаси, фидойилигини эътиборга олиб, “Меҳнат қаҳрамони” унвони билан тақдирлайди. Отажон Обдалов ҳаётининг олтмиш йилини матбаачиликка бағишлаб, Низомиддин Шамсиддинов, Содиқ Ҳалимов, Дурди Паноев, Оллаберган Раҳимов, Ота Мискинов, Бойжон Отажонов, Мадраҳим Сайдалиев, Қодир Абдуллаев сингари шогирдларни етиштирган. Оллаберган, Жабборберган, Раҳмонқул исмли уч фарзандни вояга етказиб, кексалик гаштини ўтказиб юрган 1937 йилда уни “халқ душмани” дея қамоққа олишади. Ваҳоланки бу пайтда Отажон Обдалов 80 ёшга тўлганди. Бир йиллик қамоқдаги азобу уқубатлардан сўнг  у 1938 йилда 81 ёшида отишга ҳукм қилинади. Аммо нима бўлганда ҳам Отажон босма Ўрта Осиёнинг илк маҳаллий матбаачиси сифатида тарихда қолди.

Умид  БЕКМУҲАММАД,

Хоразм маъмун академияси

катта илмий ходими,

тарих фанлари бўйича

фалсафа доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =