Илмга асосланган, амалиётга йўналтирилган таълим

ёки мақсадимиз малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат

Иқтисодиёт соҳасидаги энг муҳим вазифаларимиздан бири – аграр соҳани янада ислоҳ қилиш ва модернизациялардан иборат. Аграр соҳа иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган тармоқлардан биридир. Оролбўйи минтақасидаги глобал иқлим ўзгаришлари ва экологик муаммолар оқибатида қишлоқ хўжалигида йилдан-йилга илгари кўрилмаган синов ва қийинчиликлар пайдо бўлаётгани аграр соҳага эътиборни кучайтиришни тақозо қилмоқда. Бугун соҳага илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 275-сонли қарори асосида Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Бу қарор нафақат қишлоқ хўжалиги ходимларини тайёрлаш, балки Қорақалпоғистонда олий маълумотли мутахассисларни жаҳон стандартлари даражасида тайёрлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда таълим муассасаси таркибида 6 та техникум, магистратура бўлими, сиртқи бўлим, 3 та факультет ва 14 та кафедра фаолият юритиб, институтда жами 3514 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Таълим сифатини таъминлаш мақсадида асосий штатда 207 нафар профессор-ўқитувчи ўқув машғулотларини олиб бормоқда. Шулардан 10 нафари фан доктори, 88 нафари фан номзодлари (PhD), доцентлар.

Таълим жараёнига чет эл профессорларини жалб қилиш географияси ҳам кенгаймоқда. Жумладан, кейинги уч йилда Қирғизистон, Россия, Вьетнам, Буюк Британия, Япония, Қозоғистон, Туркия каби давлатларнинг профессор-ўқитувчиларидан ўн саккиз нафари институтда дарс берди. Ўқув жараёнига хорижий олий таълим муассасаларидан ўтган ўқув йилида 8 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилди. Жорий ўқув йилида 16 нафар профессор таклиф этиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда Туркиянинг Анқара университети профессори Сулайман Кодал институтимизда сув хўжалиги бўйича дарс ўтиб келмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари қошида мутахассис тайёрловчи кафедраларнинг 14 та филиали ташкил этилган. Уларда илмий тадқиқот институтлари, ташкилот ва корхоналарнинг юқори малакага эга мутахассислари амалий дарс машғулотлари олиб бормоқда.

Институт хорижий олий таълим муассасалари билан “Илмга асосланган, амалиётга йўналтирилган (“science-based”, “practice-oriented”) таълим” тамойиллари асосида қишлоқ хўжалиги таълим соҳасининг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини ошириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини муваффақиятли амалга оширмоқда. Жорий йилда институтнинг 105 нафар талабаси Германия, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикасининг етакчи таълим муассасаларида малака ошириш ва амалиёт дастурларини ўтади. Улар қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз бизнесини ташкил қилиб, қўшимча даромад орттириши учун имконият яратилди. Жорий ўқув йилида эса 150 нафар талабани 3 ойдан 6 ойгача амалиётга юбориш режалаштирилган. Институт талабаларини хорижий давлатларга академик мобиллик дастури асосида юбориш кучайтирилмоқда.

Ривожланган хорижий олий таълим муассасаларининг вакилларини ўқув жараёнига жалб этиш бўйича “QS World ranking” рейтингида 113-ўринда турувчи Япониянинг Тохоку университети билан талаба алмашиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Натижада институтимизда биринчи марта икки нафар талабамиз “МEХТ” гранти асосида магистратурага ўқишга кириб, таълим олмоқда.

Япониянинг Чиба университети талабаси Нагаи Марин 6 ой муддатга ўқишини давом эттириш учун Нукусга келди. Тохоку университети талабаси Юхара Юме эса март ойидан институтимизда ўқишни давом эттирмоқда.

Бугунги кунда институтимиз битирувчиларидан 11 нафари Япония, Италия, Россия, Қозоғистондаги университетларга грант асосида магистратурага кирди.

Япониянинг Чиба, Тохоку ва Электрокоммуникациялар университети, Қозоғистон миллий аграр илмий-тадқиқот университети, М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети, Вьетнам Миллий қишлоқ хўжалиги университети, Порту университети, Қозон давлат аграр университети, Хитойнинг Шинжон экология ва география институти, Тиан Жин қишлоқ хўжалиги университети, Американинг Родес коллежи билан талабалар алмашинуви, академик коллаборация йўналишларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қозоғистон Республикасининг Тараз халқаро инновация институти билан тузилган шартномага асосан институтимизнинг 2 нафар талабаси академик мобиллик дастури бўйича мазкур институтда таҳсил олиб қайтди.

Таълим масканимизда ўқиш халқаро тажрибаларга мослаштирилган ҳолда олиб борилмоқда. Қорақалпоғистонда олий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб олий таълим жараёнининг янги стандартлари ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига ўтилди. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти 2023 йилда 68-ўринни эгаллади, жорий ўқув йилида ушбу кўрсаткичнинг юқори поғоналарга кўтарилишига эришиш мақсадида институтимизда бир қанча амалий ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилда жаҳоннинг кучли 1000 талигига кирган олий таълим муассасаларида 28 нафар профессор-ўқитувчи малака ошириб келди. Ҳозирда хорижий давлатлар олий таълим муассасаларига тажриба оширишга ва стажировкага юбориладиган 30 нафар профессор-ўқитувчиларнинг рўйхати шакллантирилиб, тасдиқланган.

Энг муҳими, бизда таҳсил олган талабалар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилмоқда.

Ўтган ўқув йилида институтни жами 686 нафар талаба битириб, шуларнинг 86 фоизи ишга жойлашиши таъминланди.

Институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ўртасида чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишини янада кучайтириш мақсадида Япониянинг “JICA” ташкилоти билан ҳамкорликда ўтган йили волонтёрлар ёрдамида япон тилини ўргатиш курслари ташкил этилди.

Институт битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида Япониянинг “JETRO” ташқи савдо ташкилоти билан эришилган келишувга мувофиқ япон тилига ўргатиш ва улардан сараланганини Япония давлатига мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш шартномаси тузилди.

Талабаларни илмий-тадқиқот ишига жалб этишда таълимий-тарбиявий хусусиятларига эътибор берилиб, талабанинг мақсадга эришишида ўз кучи ва қудратига ишонишини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ва иқтидорли талабаларнинг ижодий ва илмий салоҳиятини шакллантириш, уларнинг илмга, етакчиликка бўлган иштиёқини оширишга алоҳида эътибор берилган. 2024 йилда 6 нафар талабамиз Президент ва номдор давлат стипендиялари совриндори бўлди.

Таълим муассасамизда “Қишлоқ хўжалиги ахборотномаси” илмий электрон журнали фаолиятини бошлаган. Институт илк марта “Times Higher Education” рейтинг агентлигининг “World University Ranking 2025”да репортёр статусини олишга муваффақ бўлди.

Институтда лаборатория базасининг доимий янгиланиб ва тўлдириб борилиши, зарурий хомашёлар билан таъминланиши, соҳага кириб келаётган янги техника ва технологияларнинг намуналарини таълим муассасаларига мунтазам етказиб берилиши муҳимдир. Германия ҳукуматининг халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ), томонидан 840,8 минг евро грант маблағлари ҳисобидан “Аквакултура синов-тажриба” ва “Балиқчилик” ўқув-лабораторияси ташкил этилиб, балиқчилик йўналиши талабаларининг амалий билимларини мустаҳкамлаш, лаборатория машғулотларини, ишлаб чиқариш, ўқув-танишув амалиётларини, магистр ва докторантларнинг илмий ишларини тўлиқ ўтказиш имконияти яратилди.

Халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида Геоахборот тизимлари маркази ва лабораторияси очилиб, қиймати 65 минг еврога тенг лаборатория ва марказга зарур асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилди.

Барча ўқув-лаборатория хоналари, талабалар турар-жойлари ва ёрдамчи хўжалик бинолари ва институт атрофи кўркам ва манзарали ҳолатга келтирилган. Уч гектар майдонда янгидан боғ ташкил этилди. 0,6 гектар майдонда томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Институтнинг тажриба ер майдонида 20 гектар ерга сув тежовчи технологиялар олиб келиниб фойдаланишга топширилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил куз мавсумида лойиҳа доирасида жами саккиз минг туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан шартнома асосида 2023-2025 йилга мўлжалланган “Қорақалпоғистон маҳаллий қовун навлари генофондини ташкил этиш ва экспортбоп навларининг элита уруғларини тезкор-кўчат усулида етиштириш” мавзусидаги мақсадли инновацион ва 2023-2026 йилга мўлжалланган “Ғўзанинг Оролбўйи тупроқ иқлим шароитига мос, тола сифати жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи ҳамда юқори тола чиқимига эга маҳаллий навларини яратиш ва давлат нав синовига бериш” мавзусидаги мақсадли амалий лойиҳа ҳамда 2024-2025 йилга мўлжалланган “Оролбўйи ҳудудида аҳоли хонадонларидаги чорва молларини озуқа билан таъминлашда кооперация тизимини йўлга қўйиш” мавзусидаги жами 5 млрд сўмлик, шунингдек, институтда ёш тадқиқотчилар ва талабалар томонидан 60 млн сўмлик “ЧорДеҳ” стартап лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Институтимиз олимлари томонидан Халқаро Орол инновацион марказидаги ин-витро лабораториясида илмий-тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йили “Орол бўйи шароити учун экспортбоп сув танқислиги ва тупроқ шўрланишига чидамли интенсив навлар, технологиялар ва янги ресурстежамкор ғоялар жорий этиш” мавзусидаги халқаро илмий-техник анжуман, “Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда техника соҳасидаги янги технологиялар ва лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш” мавзусидаги республика илмий-техник анжуманлари ташкил қилинди.

Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик фаолиятини одилона баҳолаб бориш ва мониторинг қилиш мақсадида КПИ тизими жорий қилинди. (https://kpi.tdaunukus.uz/)

Институтимизда илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият бошлаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу илмий кенгашда 3 нафар ходим илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб чиқди.

Институтимизда профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятини янада такомиллаштириш, ёшларни билимга, илмга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ҳар йили илмий-амалий конференциялар ташкиллаштириш анъанага айланган. Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Collaboration Encourage And Knowledge Exchange For Green Innovation” мавзусида биринчи халқаро телеконференция ташкил этилди.

Институтимизда Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитиш, ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар, комил шахслар сифатида тарбиялаш мақсадида турли хил тарғибот-ташвиқот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Жумладан, иқтидорли талабалардан иборат “Талабалар театр студияси”, “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари, “Умид учқунлари” номли бадиий гуруҳ тузилган бўлиб, ушбу жамоаларга иқтидорли талаба-ёшлар жалб қилинган. 2023 йилда институтимиз тарихида биринчи марта институт ёшларидан тузилган “Қувноқлар ва зукколар” жамоаси Ўзбекистон Республикаси миқёсида ўтказилган мусобақада фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Аграр соҳасини ривожлантириш, жаҳон тенденцияларини ва тажрибасини акс эттиришга мослашган “илмга асосланган, амалиётга йўналтирилган таълим” тамойили асосида ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрлаш асосий мақсадимиздир.

Бердиёр ЖОЛЛИБЕКОВ,

Қорақалпоғистон қишлоқ

хўжалиги ва агротехнологиялар

институти ректори,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 3 =