Қадриятлар қадр топаётган Денов

Инсоният ўтмишини кузатиб шундай хулосага келиш мумкинки, иқтисодиётдаги муваффақиятлар маърифат ва маданиятнинг юксак даражада эканлигидан далолатдир ва айни пайтда иқтисодиётни ривожлантирмай, илмий-маърифий юксакликларга эришиб бўлмас экан. Бу жўнгина фикрга иқрор бўлмоқ учун ҳам иқтисодиёти, ҳам маданияти тараққий этган мамлакатлардаги иқтисодий ва маърифий манзараларни кузатишнинг ўзи кифоядир. Чунки эҳтиёжни қаноатлантирадиган даражада турли илм ва билимларни эгаллаш учун маблағ керак. Уст-бош ва дастурхондан ортиб қоладиган миқдорда маблағ тўплаш учун эса унумли ва самарали меҳнат қилмоқ лозим. Назаримда, мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқариш суръатларининг халқаро экспертлар томонидан эътироф этилаётган даражада ўсишининг асосий сабабларидан бири жамиятимиздаги маънавий янгиланишдир.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги йиллар давомида халқимизнинг маърифий, маданий, илмий салоҳиятини жаҳон андозалари даражасига кўтариш учун сарф қилинаётган маблағларни кўз олдимизга келтирсак, ҳар қандай ҳисобдоннинг ҳам бошини айлантириб юборадиган рақамларни кўрамиз. Энг муҳими, бундай беқиёс харажатлар ҳозирданоқ ўзининг ижобий самараларини бермоқдаки, буни спорт соҳасидаги юксалишлар мисолида кўриб турибмиз.
Баҳодир Жалолов — оғир вазн тоифасидаги профессионал боксчи. Ўзбекистон Республикаси халқаро тоифадаги спорт устаси, икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони. У Ўзбекистон байроғини олам узра кўтарган инсон. “Ўзбекистон ифтихори” ордени соҳиби. Тўғри, дунёда полвонлар кўп, аммо уларнинг ҳеч бири Баҳодир Жалоловга бас кела олмаяпти! Кўз тегмасин!
Энг муҳими, бу каби жадал суръатлар билан юксалаётган ютуқларнинг салмоқли одимларини, маданият ва спортга берилаётган катта эътиборни мамлакатимизнинг марказида ҳам, олис вилоят ва туманларида ҳам яққол кўриш, кузатиш мумкин. Ана шундай гуркираб ривожланаётган музофотлардан бири Денов туманидир.
Истиқлолимиз миллий мафкурамиз қарор топишига кенг йўл очиб берди. Унинг томирлари эса кўп минг йиллик тарихга эга бўлган қадриятларимиздан озиқланади.
Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси сингари Денов ҳам фахрланса арзийдиган зафарли ўтмишга эга.
Археолог ва тарихчилар манбалар ва моддий топилмаларни ўрганиб, Денов шаҳри ва теварак-атроф бундан икки-уч минг йил илгари ҳам ривожланган ҳудуд бўлганлигини асослаб бердилар. Ҳа, боболаримиз маърифат, маданият, иймон ва эътиқодда беназир одамлар бўлишган.
Деновнинг тарихини айтаверсак, катта бир достон бўлади. Шаҳарнинг қоқ марказида бундан олти юз йил илгари қурилган Саййид Оталиқ мадрасаси турибди. Рўпарасидаги эгиз обидани ўтган асрнинг йигирманчи йилларида шўро жангарилари “эскилик сарқити” сифатида бузиб, олти юз йилдан бери қилт этмай турган пишиқ ғиштларни бўлмағур мақсадлар учун ишлатиб юборишган. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас, балки хайрли тасодиф туфайли сақланиб қолган Саййид Оталиқ мадрасасининг истиқлолимиз учун нечоғлиқ аҳамиятли экани ҳақида. Камина унинг тимсолида буюк қадриятларимизнинг завол билмас ҳайкалини кўргандай бўламан.
Денов худди чўллар тугаб, тоғлар бошланадиган минтақага тўғри келади. Ёзи салқин, қиши мўътадил. Шунинг учун бир вақтлар бу ерда шакарқамиш етиштирганлар. Денов хурмоси Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Тўғри, қўшни туманларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам хурмони ўстириш мумкин ва шундай бўлаяпти ҳам. Аммо хурмо бирор жойда Деновдагичалик серҳосил ва ширин бўлмайди.
Деновнинг марказида Дендрарий боғи бор. У ерда қандай дарахтлар ўсмайди дейсиз. “Лола” дарахтини кўриб, бу дунёнинг турган-битгани мўъжиза экан-да, дейсиз. Бир пайтлар Петрарканинг бошига гултож бўлган дафнага бу ерда жайдари ўсимлик сифатида қарашади. Ҳай-ҳай демасангиз, бамбук бир кеча-кундузда беш метрга ўсади. Бир қарашда эътиборни тортмайдиган бу тафсилотлар Деновнинг тупроғи ва иқлими созлигини исботловчи далиллар эмасми?
Тафаккур бобида оламни ҳайратга солган улуғ бобомиз Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” деган китобида истиқомат учун соз ва носоз бўлган манзилларнинг таърифини баён қилади. Соз жойларнинг аломатлари санаб ўтилган саҳифаларни ўқиб, муаллиф шу ўринда Деновни назарга тутмадимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Шу китобда битилишича, соз тупроқ тоғларнинг қандай жойлашуви, шамолларнинг қандай ва қаёқдан эсиши, ичимлик сувининг сифати ўша юрт аҳолисининг нафақат сиҳат-саломатлигига, балки уларнинг қуввайи ҳофизаси, ақлий ривожланишига ҳам жуда сезиларли таъсир қилар, одамларнинг табиатидаги муайян хусусиятлар ҳам шу омилларга боғлиқ экан.
Қаранг, мустақиллик йилларида Деновдан истиқлолимизнинг беш нафар фидойилари — Иброҳим Файзуллаев, Аҳмад Нарзуллаев, Раҳмон Муҳаммадиев, Ҳамза Маҳкамов, Юсуф Зиёевлар Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак шарафли унвонга сазовор бўлдилар.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон халқ бахшиси Боборайим Маматмуродовлар шу замин фарзандларидир. Адабиёт йўналиши бўйича тўрт нафар шоира қиз — Феруза Қурбонова, Шаҳноза Турсунова, Фарида Тошпўлатова, Дилрабо Норқулова Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлди.
Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билишар эди. Раҳматли Назар акадан бир сафар илмий фаолиятининг мазмунини сўрагандим. У киши айтдики, ўта юқори даражадаги иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётган экан. “Агар ижтимоий тараққиёт шундай суръатлар билан давом этаверса, 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани битиради. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қондириш керак бўлади. Қандай қилиб? Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам жуда кам бўлади… Ўшанда одамлар сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа иложи қолмайди. Дунёдаги барча денгиз, уммонларда жамланган сув таркибидаги водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди. Бунинг устига, унинг парчаланиши учун жуда юқори даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қиляпмиз”, деган эди Назар Тўраев.
Денов шаҳрининг кун ботишида Қизилсув дарёси бўйида Денов қалъаси деган манзил бор. Унинг ярмини дарё тошқини ювиб кетган. Ана шу ўпирилишлар чоғи чиқиб қолган буюмларни кўздан кечирган академик Галина Пугаченкова уларнинг милоддан олдинги даврларда ясалганини аниқлаганди. Икки минг йилларга бардош берадиган бу Тупроққўрғонни ота-боболаримиз бунёд этган. Манбаларда Қизилсув дарёсининг таги билан ўтиб қўрғоннинг ичидан чиқадиган лаҳим — ерости йўли ҳақида ҳам гапирилади.
Бундай азамат қўрғонлар, албатта, хўжакўрсинга қурилмаган. Айни ҳақиқат шундан иборатки, Қизилсув ҳам шунча вақтдан бери ўзанини ўзгартиргани ё қуриб қолгани йўқ, қўрғон ҳам эртаклардаги афсона эмас, жойида турибди.
Ўзбекистон Мустақилликка эришгандан сўнг “тарихий хотира” деган ибора бежиз муомалага киргани йўқ. Чунки дарахтнинг эрталабки сояси кечқурунги соясига тенг бўлади. Қадим битикларда “Авлодларнинг биринчи бурчи — ўз аждодлари номини унутилишдан асраб қолишдир. Ўшанда шафқатсиз ва қудратли вақт улар устидан ҳукм юрита олмайди”, дейилади.
Бир минг икки юз йил илгари Култегин тошбитикларига деновликлар доим амал қиладилар, десам, ишонаверинг.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият
ходими.