Анвойи гуллар гўшаси

Наманганда анъанавий халқаро гуллар фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

Тарихий манбаларга кўра, Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига биринчи марта 1933 йили гул кўчатлари ўтқазилган. Манзарали дарахтларнинг экила бошланганига эса 135 йилдан ошди. Бундан ташқари, 1960 йилдан кўплаб кўчаларнинг ўртаси ёки икки четида гулхоналар ташкил этишга киришилган. Бу 1961 йили илк бор Гул байрами — “Гул кўргазмаси” ўтказилишига асос бўлди. Ўшанда “Наманган ҳақиқати” вилоят газетасида эълонлар чоп этилган. Боғ радиоузелида “Гул ва гуллар байрами” мавзуидаги махсус эшиттиришлар эфирга узатилган.

Президентимизнинг наманганлик сайловчилар билан 2017 йилги сайловолди учрашувларидаги тавсияларига мувофиқ гулчилик ҳаракати янгича тус олди. Муқаддам гуллар карвони “Газ-21” автомашиналарида уюштирилган бўлса, 2018 йилдан буён юртимизда ишлаб чиқарилган турли русумдаги техникалар анвойи гуллар билан безатилаётгани эътиборга молик. Нафосат анжумани гул шайдоларини ҳар қачонгидан-да хушнуд этмоқда. Гуллар байрамида сайр этишга ошиқаётган одамлар салмоғи эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Гул байрами — гўзал Наманганнинг ташриф қоғози. У фақат наманганликларга хос бўлган ажойиб бир қадриятки, ҳар йили баҳор фасли сўнгида гулкору боғбонлар юртимиз аҳлинигина эмас, хорижликларни ҳам нафосат сайлига чорлайди. Боғ бетакрор гул композициялари билан тўлади. 16 гектарлик майдонига 100 дан ортиқ композиция учун 10 миллион тупдан зиёд гул экилади. Ҳар бир ландшафт дизайнига 50 турдаги гулдан 100 мингта экилади.

Халқаро гуллар фестивали вилоятнинг ҳаво дарвозаси — халқаро аэропорт ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланади. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, ҳатто юк машиналари, комбайн, трактор, автокрандан тортиб, ҳарбий техникаларгача бўлади. Анвойи гулларга бурканган 200 дан ортиқ техникалар карвони шаҳарнинг марказий Ислом Каримов шоҳкўчасидан Темирйўл вокзали айланма йўли — Амир Темур — Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланади.

Ҳа, вилоятнинг ўзига хос брендига айланиб улгурган гуллар байрами Президентимизнинг шахсий ташаббус ва тавсиялари билан халқаро даражага кўтарилди. Анжуманда ҳар йили 30 дан ортиқ Қирғизистон, Қозоғистон, Корея, Буюк Британия, Туркия, Россия, Америка, Европа, Шарқий Осиё ва МДҲ давлатларидан таклиф қилинган ва юртимизнинг деярли барча ҳудудларидан келган меҳмонлар жам бўлишади.

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов айтганидек, халқаро даражадаги мазкур фестивални ташкиллаштиришдан кўзда тутилган мақсад хорижлик меҳмонларга вилоят, шаҳар ва туманларнинг туризм салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этишдир.

Фестиваль доирасида жаҳон ва миллий эстрада юлдузлари иштирокида концертлар, “Fashion Week-2025” — йирик модалар ҳафталиги, халқаро ва маҳаллий спорт мусобақалари, “Талант шоу”, “Овоз” ва “X Factor” танловлари, илмий-амалий конференция ва семинарлар, катталар ва болалар учун спектакллар ва цирк томошалари, халқаро ҳунармандчилик кўргазмалари, кулги кечалари, “Дунё таомлари Наманганда” — гастрономик туризм тадбирлари, “Лаванда сайли” ва дрон-шоулар ўтказилади.

Бу йил олтмиш тўртинчи марта ўтказиладиган нафосат анжумани гул шайдоларини ҳар қачонгидан-да хушнуд этиши табиий. Гуллар байрамига ташриф буюрувчи маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонлар сафи янада кенгайиши аниқ. Эртакнамо декорациялар, ранг-баранг гуллар, бир-бирини такрорламас композициялар меҳмонларга унутилмас онларни туҳфа этиши шубҳасиз. Бу ердан ўрин олган ҳар бир ландшафт рамзий маънога эга. Масалан, Мингбулоқ тумани майдонида шу ҳудуднинг ўзига хос рамзи — нефть кони акс эттирилади.

Гулчилик — авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадрият. Бу ерда ўнлаб сулолалар гўзаллик яратишдек савобли ишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 200 дан зиёд уста ва ҳаваскор гулчи ўз кўргазмалари билан қатнашади. Тошкент шаҳри, Андижон ва Фарғона вилоятларидан келган кўплаб меҳмон-гулчиларнинг соф рақобатга муносабати эса олдинги йиллардагидан анча фарқ қилади. Улар Наманган гулчилиги юксалаётганини, оммалашаётганини фахру ифтихор билан сўзлайдилар. Гўзаллик ихлосмандлари нафақат ўзимизда, балки Таиланд, Хитой, Голландия, Эрон, Бразилия, Япония, Франция, Италия, Африкадан келтирилган гулу кўчатлардан харид қилишади. Бошқача айтганда, ҳар бир киши ўртача иккитадан гул олганини ҳисобласак, бу байрамнинг ифори бир неча юз минглаб хонадонларга кириб борганини англаймиз.

— Пиру бадавлат нуронийларимиздан жаннатдан энг бебаҳо ва беқиёс хушбўй ифорлар таралиши ҳақида кўп бор эшитганман, — деди “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби, “Миллий спорт мукофоти-2024” маросимида “Йилнинг энг яхши аёл паралимпиячиси” деб эътироф этилган Нурхон Қурбонова. — Ҳар галги фестивалда турфа гулларга зўр қувонч ила боқаман. Улардан ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё этадиган даражада таралаётган ёқимли бўйларни боболаримиз ифодалаган жаннат ифорига қиёслайман. Шундай бебаҳо неъматни етиштирувчи гулчиларга ҳар қанча тасаннолар айтсак, уларни қанчалар улуғласак арзийди.

…Баҳор нафаси гуллар шаҳри Наманганни чиройга буркамоқда. 25 майдан 29 июнгача давом этадиган Халқаро Фестиваль меҳмонларга ёрқин гуллар, гўзаллик ва нафосат, ажойиб тадбирлар ва унутилмас таассуротлар оламини тақдим этишга шайланмоқда. Анвойи гулларнинг мўъжизавий сеҳри ва баҳорнинг шаффоф нафасидан баҳраманд бўлишни хоҳласангиз, албатта, гуллар шаҳри – Наманганга қадам ранжида қилинг!

Қосимжон АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =