Фидойи олимнинг ибрат мактаби

Юрт тараққиёти, миллат маънавияти ва келажак авлод тафаккури юксалишида илм-фан аҳли, хусусан, фидойи олимларимиз беқиёс ўрин тутади. Улар нафақат илм дунёсидаги ютуқлари, балки ватанпарварлик, камтарлик, меҳнатсеварлик каби инсоний фазилатлари билан ҳам жамиятга ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шундай эл дарди билан яшайдиган, бутун фаолиятини ёш авлод тарбиясига, миллий илм-фанимизни ривожлантиришга бағишлаган фидойи инсонлардан бири — Фарғона давлат техника университети технологик машиналар ва жиҳозлар кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор Расулжон Тожиевдир. Унинг ярим асрлик илмий-педагогик фаолияти, Ўзбекистон олий таълим тизими ривожига қўшган ҳиссаси, яратган ихтиролари ва тарбиялаган шогирдлари бутун мамлакатимиз таълим соҳаси тарихида унутилмас из қолдирган.

Техника фанлари доктори, профессор Расулжон Тожиев 1945 йил 18 апрелда Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тугатганидан сўнг ўша пайтларда янги ташкил этилган, юқори малакали кадрларга эҳтиёжи катта бўлган Фарғона политехника институти (ҳозирги Фарғона давлат техника университети)га йўлланма бўйича ишга юборилган. Ўз иш фаолиятини шу институтнинг “Машина-механизмлар назарияси ва машина деталлари” кафедраси ассистенти лавозимида бошлаган. У илмга интилиши, ишга масъулият билан ёндашиши билан жамоада ҳамда талабалар ўртасида ҳурмат-эътибор қозонди. Ёш олим ўз билими ва малакасини ошириш мақсадида Украинага – Киев муҳандис-қурилиш институти аспирантурасига йўл олади.

Фарғонага қайтгач, политехника институтининг “Корхоналарнинг механик жиҳозлари” кафедрасида ассистент лавозимида ўз меҳнат фаолиятини давом эттирди. Украинада хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, академик Ю.А.Ветров раҳбарлигида “Ишлаш муддатини ошириш мақсадида резина-матоли конвейер ленталарининг чарчаш хоссаларини тадқиқ қилиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, техника фанлари номзоди илмий даражасини олди. 1987 йилда эса унга доцент илмий унвони берилди.

1993 йилда Россия Қаҳрамони, Россия Фанлар академияси академиги, техника фанлари доктори, профессор Ю.И.Краснощеков раҳбарлигида “Тупроққа контактсиз таъсир кўрсатишнинг механик-технологик ечимларини тадқиқ қилиш, ғўзага юқори самарали ишлов бериш мақсадида газодетонацион агрегатлар яратиш” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, техника фанлари доктори илмий даражасини олган. Профессор Расулжон Тожиев Фарғона политехника институти ўқув ишлари бўйича проректор, ректор лавозимида самарали фаолият олиб борган.

У институт раҳбари лавозимида ишлаган  йиллари жаҳон андозаларига мос объектларни барпо этди, институт моддий-техника базасини мустаҳкамлади. Соҳалар бўйича етук мутахассислар тайёрлашни ўзининг олий мақсади деб билди ва шу мақсад йўлида куч-ғайрат ва заковат билан меҳнат қилди. Турли масъулиятли лавозимларда меҳнат қилишига қарамасдан, талабаларни ўқитиш ишларига катта масъулият билан ёндашди. Янги педагогик технологиялардан, ўқитишнинг техник воситаларидан, ахборот-коммуникация ютуқларидан самарали фойдаланди.

Ҳа, Расулжон Тожиев илмий мактаб яратган олим. У газодетонацион тўлқин энергиясидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича қатор илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириб, ГДРП-1, ГДРП-2, ГДРП-3 қурилмаларини яратди. Газодетонацион тўлқин энергиясидан фойдаланиб, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, қатқалоқни юмшатиш, ғўза баргини тўкиш, пахта териш машиналари яратиш ишларини амалга оширди. Яратилган янги қурилмалар қатор ривожланган хорижий мамлакатлар, жумладан, Австралиянинг Сидней кўргазмаларида намойиш этилиб, ноёб қурилма сифатида эътироф этилди ва муносиб тақдирланди.

Жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари билан манфаатли ҳамкорлик таълим сифатини янада яхшилашга хизмат қилди. Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Озарбайжон, Болтиқ бўйи республикалари, Жанубий Корея, Буюк Британия, Ҳиндистон, Бельгия, Малайзия, Германия, Чехия каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари олий ўқув юртларида бўлиб, тажрибасига таянган ҳолда, ўқув жараёнига ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратди. Натижада электрон ресурсларни яратиш бўйича институтда 200 дан ортиқ электрон ишланмалар яратилган. Ўнлаб ажойиб ғояларни амалга оширди.

Унинг раҳбарлигида 2 та фан доктори (DSc), 9 та фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), 70 магистр тай­ёрланди. Ҳозирда 14 та шогирди докторлик диссертацияси устида ишламоқда. Шогирдларидан бири Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди. Устознинг хорижий ва республика журналларида 550 дан зиёд илмий мақолалари эълон қилинди. Тажрибали олим 28 та ихтиро муаллифи ҳисобланади. У янги педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда талабалар учун дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг замонавий авлодини, электрон ўқув адабиётларини яратиш ишларига ҳам ўзининг катта ҳиссасини қўшиб келмоқда. Домланинг 18 та дарслик, 25 та ўқув қўлланма, 16 та монографияси, 90 дан ортиқ услубий ишланмалари чоп этилган. Улардан ўқув жараёнида ва илмий фаолиятда кенг фойдаланилмоқда.

“Google scholar” платформасидаги иқтибослиги 1260 та, “Hirsch index” кўрсаткичи 20, “ResearchGate” платформасидаги иқтибослиги 26 та, “Research Interest Score” кўрсаткичи 12.3 га тенг. “Қурилиш машиналари” номли дарслик китоби 2001 йилда “Устоз” жамғармаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши дарслиги” кўрик-танловида 2-ўринни, “Метрология, стандартлаштириш ва сифат назорати” номли ўқув қўлланмаси 3-ўринни, “Механизациялашган ишлар технологияси” номли дарслиги Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ўтказилган танловда 1-ўринни эгаллаган.

Ўз ишига фидойи, мустаҳкам эътиқодли, масъулиятли, талабчан ва ғоятда самимий инсон  Расулжон Тожиев олимлар ва талабалар орасида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовордир. Беминнат устоз Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим тизимида бюджетдан ташқари маблағлар ишлаб топиш бўйича “Энг тадбиркор раҳбар” деб эътироф этилган. Жаҳон илм-фанини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун у киши халқаро “Суқрот” олтин медали билан мукофотланган.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида улкан ҳисса қўшиб келаётган профессор Расулжон Тожиевнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани — унинг кўп йиллик самарали меҳнати, илм-фан ва таълим соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссасига берилган юксак эътирофдир.

Заҳматкаш олим, фидойи инсоннинг фаолияти нафақат ёшларга ибрат мактаби, балки жамиятимиз учун фидойилик намунаси бўлиб хизмат қилаверади.

Ўктам АБДУЛЛАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 20 =