Энг садоқатли дўст ва устоз!

Юртимизда “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги V Республика

“Китобхонлик ҳафталиги” давом этмоқда

Китоб. У – энг садоқатли дўст. У – муаллим, у – устоз! Зеро, ҳар бир эзгу калом қалбдаги туғёнлар инъикоси, ифодаси. У нафақат кўнгил кечинмаларини ифодалайди, балки халқнинг тарихидан, бугунидан, эртасидан сўзлайди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йилдан буён мамлакатимизда ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиб келинмоқда. Куни кеча Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида V Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда турли давлат идоралари раҳбарлари, адиблар, ахборот-кутубхона мутахассислари, жамоатчилик фаоллари, китобхонлар иштирок этди.

Ҳафталик очилиш маросимида сўзга чиққан АОКА директори Асаджон Ходжаев сўнгги йилларда мамлакатимизда ноширлик-матбаа фаолияти, ахборот-кутубхона хизматларини янада яхшилаш, китоб тарғиботини кенгайтириш, мутолаа маданиятини ошириш, таржима йўналишини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.

– Китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида 60 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларида капитал-қурилиш ишлари амалга оширилиб, замонавий хизмат кўрсатиш талаблари асосида китобхонларга фойдаланиш учун топширилди. Жумладан, 18 та ахборот-кутубхона маркази янгидан қурилди, – деди А.Ходжаев.

– 2025 йилда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган яна 50 номда янги асарлар яратилади. Бундан ташқари, бевосита Агентлик ташаббуси билан “Буюклар болалиги” номли ижтимоий буюртмалар лойиҳаси таъсис этилиб, унда юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, мутафаккир ва адиблар, шоирларнинг болалиги ҳамда уларнинг шахс сифатидаги фазилатларини очиб берувчи янги бадиий асарларга буюртма берилди. Шу кунга қадар мазкур лойиҳа асосида 15 дан ортиқ асарлар яратилди, – деди АОКА раҳбари ўз сўзида.

Ҳафталик доирасида республика бўйича 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Dream park” истироҳат боғида ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида “Ноширдан китобхонга” тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ўтказилади.

Бундан ташқари, шу йил 25-26 апрель кунлари Ёзувчилар уюшмасининг “Паркент ижод уйи”да ташкил этиладиган ноширлар ва муаллифлар учрашувида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилганлиги алоҳида таъкидланди.

Китобхонлик ҳафталиги 21 апрелдан 27 апрелга қадар давом этиши белгиланган. Унинг доирасида юртимиз бўйлаб китоб тақдимотлари, китоб ярмаркалари ва турли адабий кечалар ўтказилмоқда.

Хусусан, 22 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Маърифатга жонини тикканлар” мавзусида давра суҳбати ва Станислава Вайнейкененинг ўзбек тилига таржима қилинган ва юртимизда чоп этилган “Палангалик қочқин аёл хотиралари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу асарнинг ёзилганига бир асрдан ошган бўлса-да, бизга номаълум бўлиб келаётган эди. 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Турсунали Қўзиевнинг ташаббуси билан асар ўзбек тилига Мадина Арипова, рус тилига Инга Павлова ва Ричардас Гаруолис томонидан таржима қилинди. Китоб мустабид тузум даврида ўзбек халқи бошидан кечирган воқеликларни тасвирлаган қимматбаҳо манба ҳисобланади. Ушбу асар муаллифлари литвалик шифокор, олим, жамоат арбоби Людас Вайнейкис ва хотиранавис адиба Стасе Вайнейкене бўлиб, улар 1914 йилдан 1921 йилга қадар Туркистонда сургунда бўлишган. Улар Ўрта Осиёнинг кўплаб ҳудудлари қатори Ўзбекистонда ҳам яшаган. Шу боис асардан халқимиз тарихига оид воқеалар, шунингдек, тарихчилар томонидан кам ўрганилган мақолалар ва материаллар, бетакрор суратлар жой олган.

Тадбирда сўзга чиққанлар китобда тилга олинган даврда юз берган ҳодисалар, солномалар, мемуарлар, эсдаликларни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Турли миллат вакиллари – ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ва туркманларнинг урф-одатлари ва анъаналари тасвирланган мазкур китоб ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

“Бугунги халқаро тадбирда иштирок этаётган турли касб эгалари, ёшларни кўриб, халқимизнинг китобга эътибори нақадар юксаклигини кўришимиз мумкин. Китоб узоқ Литвадан узоқ Туркистонга келган шифокор ва унинг оиласининг Ўрта Осиёга сафари ҳақида. Ҳар куни рўй берган воқеаларни шифокорнинг аёли қоғозга тушириб борган. Бу асар бизнинг халқимиз учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади”,  – деди китоб тақдимотида Турсунали Қўзиев.

Адабий анжуман халқаро даражада ўтказилиб, унда Литвадаги вакиллар, хусусан, китоб муаллифининг набираси ва Литвадаги музей, кутубхона ходимлари, юртимиздаги қатор музейлар ва ҳокимликларнинг масъуллари билан онлайн тарзда фикр алмашилди. Бундан ташқари, тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, таржимонлар, адабиётшунослар, тарихчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, кутубхоналар ҳамда маданият марказлари вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Гулнора Шерматова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 3 =