Бухоролик ўтюрак жангчи қасамёди:

“Бир кун келиб, ўзлигимиз устунлари — кўҳна қалъаларимиз,

миллатимиз уйғониши учун курашамиз!”

Мен архивларни, улардаги сарғайиб кетган қоғозлар яширган ҳақиқатларни ошкор қилишни, кўзларимни ёшлантириб, димоғимни ачиштирувчи, юрагимни куйдирувчи маълумотлар суронини яхши кўраман. Бир сескантириб, сўнгра ҳушёр торттирувчи аждодларимиз қолдирган васиятларни ўқиб, руҳиятимни қайтадан ростлашни ёқтираман… Бу ғира-шира маъво мозий билан бугунимиз ўртасидаги энг муҳим ришталарни бизга тортиқ этишини назарда тутсак, ўзлигимиз устунларини бағрига босиб, ўз вақти-соатини кутиб ётган бу даргоҳ шаббодаларини кўзимга сургим келади. Шундай қилиб, биз илғаган навбатдаги юртдошимиз ҳақиқатларини ҳикоя қилишга киришмоқчиман…

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Марказий архивида 33-фондга тегишли материаллар орасида майор, икки марта “Жасорат учун” медали, “Қизил Юлдуз” ордени, Биринчи ва Иккинчи даражали Улуғ Ватан уруши орденлари соҳиби Мажид Ғаниевга тегишли маълумотлар ҳам сақланади. Бу маълумотларга назар ташлашдан олдин, келинг, қаҳрамонимиз ўз қўллари билан ёзган мана бу “биография”га диққат қилайлик. Ушбу таржимаи ҳол 1938 йил 25 март куни Ўзбекистон ЛКСМ (Ленинчи ёшлар коммунистик иттифоқи) марказий қўмитаси Деҳқон ёшлари бўлими мудири Мажид Ғаниев томонидан қайд этилган.

Мажид Ғаниев 1913 йили Бухоро вилоятининг Вобкент туманида деҳқон оиласида туғилган. 1930 йилларнинг бошида Бухоро қишлоқ хўжалик техникумини тугатиб, шу ерда МТСда агроном бўлиб ишлаган. Кейинчалик Мажид Ғаниев комсомол ишига жалб қилинади. У Самарқанд вилояти Фориш туманида республика комсомол идораларида масъул лавозимларда ишлайди. 1935 йилдан то 1937 йилгача Ўрта Осиё ҳарбий округига қарашли ҳарбий мактаб курсанти, 1938 йили Ўзбекистон ЛКСМ Бухоро обкомининг биринчи котиби, 1939 йили ЛКСМ Самарқанд вилояти биринчи котиби вазифаларида хизмат қилган.

 * * *

Мажид Ғаниев бир қарашда Ўзбекистон ЛКСМнинг нуфузли лавозимида ишлаётган энг фаол ёшлардан ҳисобланса-да, унинг юрагида миллатпарварлик ғояси кучли эди. Албатта, у каби шижоатли, ватанпарвар ва билимли ёшлар биринчилардан бўлиб урушга отландилар.

Душманга қарши қақшатқич жанглар бориши учун Қизил Армиянинг энг олдинги сафларига, махсус разведка отрядларига энг билимли, жасур ва зийрак жангчилар саралана бошлади. Мажид Ғаниев ҳам оғир артиллерия мактабида малака оширгач, Қизил Армия Бош қўмондонлик захира қисмининг 68-махсус разведкачи артиллерия дивизиони командири ўринбосарлигига қабул қилинади. Аввалроқ, 1942-1943 йилларда у Москва ва Сталинград шаҳарларини ҳимоя қилишдаги жангларда олдинги сафларда қатнашди. Кўрсатган жасорати учун “Қизил Юлдуз” ва “За оборону Сталинграда” медаллари билан тақдирланган.

Генерал Собир Раҳимов сабоқлари

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, майор Мажид Ғаниевнинг Оғир артиллерия мактабида олган сабоқлари генерал Собир Раҳимовнинг маслаҳатлари ва насиҳатлари билан муҳим аҳамият касб этади. Генерал Раҳимов ҳам Мажид Ғаниевнинг доимо чақнаб турадиган кўзлари, ўткир саволлари ва зийраклигига алоҳида эътибор билан қарар, юртдошининг ҳар бир саволларига батафсил жавоб беришга ҳаракат қилар эди. Собир Раҳимов генерал бўлишига қарамай, ҳамиша оддий аскарлар билан суҳбат қилишга, уларнинг фикрларини билишга иштиёқи баланд эди. Ҳар қандай жангларда олдинги сафларни эгаллаган, “Темир генерал” дея таърифланган бу улуғ жангчининг ҳар бир сўзи Мажид Ғаниевга катта куч ва ғайрат бағишлаган.

Сабоқлардан сўнг қаҳрамонимиз Қизил Армия Бош қўмондонлик резервидаги 68-махсус разведкачи артиллерия Қизил орденли дивизионига катта куч ва шижоат билан кириб келди. Дивизион командири Павел Бутенев ва дивизион штаби бошлиғи Иван Богачевлар жасоратли ўзбек йигитининг дивизион командирига сиёсий масалалар бўйича ўринбосар сифатидаги саъй-ҳаракатлари ва билимига жуда катта баҳо беришган. Шу боис қаҳрамонимиз ўз қатъияти ва жанглардаги фаол иштироки ва ташаббуслари учун 1943 йилда икки марта “Жасорати учун” медали, 1945 йилда эса Биринчи ва Иккинчи даражали Улуғ Ватан уруши орденлари билан мукофотланади.

Ушбу дивизион жангчиларининг уюшқоқлиги ва ҳарбий тактикасини бошқа ҳарбий бўлинмадаги жангчилар ҳам катта қизиқиш ва фахр билан кузатар эдилар. Айниқса, бу машҳур дивизион бўлимнинг Германия пойтахтига қадар олиб борган афсонавий жанглари тилларда достон бўлади. Шу боис 1945 йилда Бош қўмондонлик резервидаги 68-махсус разведкачи артиллерия дивизиони Қизил Юлдуз ордени билан тақдирланади.

Суратларга муҳрланган қонли ғалаба акси

Ўша долғали йиллар тафти ва ҳароратини ҳис қилиш мақсадида Мажид Ғаниевнинг фотоальбомини варақлаймиз. Мана бу фото остига шундай ёзувлар қайд этилган: “Мазкур фото 1943 йил ёз фаслида Москвада олинган”. Бу пайтда Мажид Ғаниев Олий Артиллерия мактабида ўқиган. Расмда у генерал Собир Раҳимов, майор С.Нуритдинов билан бирга тасвирланган. Навбатдаги суратда 2-белорус фронти дивизияси командири, артиллерия генерал-майори Шлепин билан махсус топшириқни муҳокама қилаётган чоғи муҳрланган. Сарғая бошлаган бу расмда эса 2-белорус фронти бошлиғи, генерал-полковник Боголюбов билан қаҳрамонимиз қизғин муҳокамага киришган пайти акс этган… Ушбу суратда 1942 йил охирида Сталинград жангида қатнашган Мажид Ғаниев тасвирланган.

1945 йилда Мажид Ғаниев конверт ичидаги хатга қўшиб юборган расм четига мана шундай ёзув битилган: “Онажон, хотира учун Германия чегарасидан олинган расмни юборяпман. Ҳаракатдаги армия. Мажиджон”. Албатта, бу расмни паҳлавон ўғлининг йўлларига нигорон боққан онажониси кўзларига суриб йиғлаган бўлса керак…

Ва ниҳоят… Не-не заҳматлар, машаққатлар, қонли курашлар эвазига келган ғалаба шодликлари акс эта бошлади. Масалан, мана бу расмда дарахтга осиб қўйилган матоли паннода масрур жангчилар кўксидан отилиб чиққан ҳаяжонли сўзлар ёзилган: “Қизил армия жангчилари! Мана шу ердан фашист газандаларининг ини бошланмоқда. Охирги ва ҳал қилувчи ҳужум учун олға!!!”

Рейхстаг девори… Бу манзилга етгунича жангчиларимиз не-не ёнган деворлар, бегуноҳ одамлар жасадларига қазилган чуқур хандақлар, ўйламай қўйилган қадамларни ютиб юборадиган одамхўр ботқоқликлар оралаб етиб келишган. Ҳа, бу ғалаба не-не жонлар эвазига келмади дейсиз… Қаҳрамонимизнинг 1945 йил 9 май қувончлари акс этган расмига боқиб ана шу бой берилган фурсатлар, бахтлар ва қалблар изтиробини туйдик.

Кейинчалик Мажид Ғаниев ушбу расмларни қўлига олган чоғларида оловли жанглар сурони яна қайтадан бошланаётгандай ҳаяжонланар, жон берган сафдошлари тушларида уни таъқиб қила бошлар эди. Шу боис фарзандлари ҳар гал расмлар альбомини кўришни таклиф қилганида бир қалқиб кетар, бу расмлар унинг юрагидаги жароҳатлар акси эканини янада чуқурроқ ҳис қиларди. Ва фарзандларини бағрига босиб шундай деган: “Биз сизлар учун, она юртимиз, миллатимиз келажаги учун ҳам душман билан курашишга қасамёд қилганмиз. Мана кўрасизлар, ўзлигимизга, албатта, қайтамиз! Бу ғалабани эса сизлар нишонлайсизлар. Қонли жангларнинг, ҳалол курашларнинг ажри шундай бўлса, ажаб эмас!”

Альбомнинг сўнгги варағидаги мана бу расмда Ғалаба кунига Бош қўмондонлик резерви 68-махсус разведка артиллерияси Қизил юлдуз орденли дивизионига алоҳида табрик йўллаган чоғи акс этган. Ўша пайтда Мажидбек барча сафдошларим шодликдан сакраб қувонса керак деб ўйлаган. Бироқ ўзи ҳам, сафдошлари ҳам юракларидан тошиб келган изтиробни тўхтата олмай тўйиб-тўйиб йиғлаган эди. Ҳа, урушда ҳеч ким ғалаба қозонмайди. Унинг жароҳатлари, ютқизиқлари, сабоқлари иккала томонни ҳам бирдек яралаган, мағлуб этган бўлади.

“Эл дарди менинг дардим, қувончи ҳаётимдир”

Урушдан кейинги йилларда собиқ СССР таркибига кирувчи ҳар бир давлат иқтисодини кўтариш, турмуш фаровонлигини яхшилаш, албатта, осон кечмаган. Бу жабҳа ҳам урушдаги танг ҳолатлардан асло қолишмас, ҳар бир инсондан, айниқса, раҳбарлардан жуда катта фидойилик ва ташаббускорликни талаб қилар эди. Мажид Ғаниев айни фронтда ҳам ўз жонбозлиги ва зукколиги билан эл-юрт олқишига сазовор бўлди. Қайси бир ташкилотда ишламасин, оддийлиги, камтарлиги ва одамохунлиги билан ҳурмат қозонди.

У 1946 йилда Совет Армияси сафларидан кейин Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ҳарбий бўлими мудири ўринбосари, сўнгра Ўзбекистон Компартияси Тошкент қишлоқ округ қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. Кейинроқ Тошкент вилоят партия қўмитаси қишлоқ хўжалиги бўлими мудири ҳамда Тошкент вилоят ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. 1952-1955 йилларда эса Олий партия мактабида ўқиган, сўнгра Ўрта Чирчиқ тумани партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинланган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қаҳрамонимиз Тошкент вилоятидаги “Тошкент денгизи” номи билан машҳур сунъий денгиз қурилишида раҳбарлик қилиб, бош-қош бўлган фидойи юрт фарзанди ҳисобланади.

Мажид Ғаниев 1956 йилдан Сирдарё вилоятидаги “Гулистон” ихтисослаштирилган давлат хўжалиги директори бўлиб ҳам ишлади. Шунингдек, Ўзбекистон ССР Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ҳам ўз раҳбарлик иқтидорини намоён қилди.

“Зандани” — Мозий қўнғироғи уйғотар бизни…

Мақола тайёрлаш жараёнида бир бухоролик юртдошимиз Мажид Ғаниев хотирасига бағишлаб китоб нашр этаётганини эшитиб қолдик. Дарҳол пайсалламай муаллиф суҳбатига ошиқдик.

— Мажид Ғаниев катта акам Карим Муқимовнинг яқин дўсти бўлган, — деди Йўлдош Муқимов (китоб муаллифи). — Акамнинг вафотидан сўнг Мажид ака менга ҳам акалик, ҳам устозлик қилган. Саёҳатларимдан бирида Бельгияда Буюк ипак йўлига бағишлаб музей борлигини эшитиб, ўша масканга шошилдим. Музейда сўғдликлар “парча” деб атайдиган матони кўриб қолдим. Матода “Занданича” деб игнада тикилган ёзув борлигини кўриб жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки устозим Мажид Ғаниев менга кўҳна Занданича ва Маликработ қалъалари ҳақида гапириб берган эди. Ахир ўша қимматбаҳо мато парчаси Зандани қалъасида тўқилган эди. Бу мато парчаси икки буюк саҳро — Қизилқум ва Қорақум туташган жойда сақланиб қолган. Ва мен беихтиёр Мажид Ғаниевнинг бу кўҳна қалъа ҳақидаги ҳикоясини эсладим. “Биласанми, Зандани сўзи нимани англатади? Қадимги сўғд тилида “Қўнғироқ садоси” маъносини англатади. Ҳа, ҳа, туя бўйинларини безаб турган қўнғироқлар иккита катта чўл чегарасида мунтазам жаранглаб турганини тасаввур қиляпсанми?” деган эди кўзлари порлаб… Мен бу гаплардан Мажид Ғаниев ўз юртини қанчалар қаттиқ яхши кўришини ҳис қилганман.

Суҳбатдошим ўз хотираларини сўзлар экан, менинг-да қулоғим остида Буюк ипак йўли бўйлаб чалинаётган карвон қўнғироғи жаранглай бошлади. Бутун умр Буюк ипак йўлини туташтирган қалъалар суронини ҳис қилиб, кўҳна цивилизация кўпригини, ўз миллати, юрти тарихи қадрланишини, ўзликка борадиган йўлни топишни истаб яшаган, курашган миллатимизнинг жонкуяр фарзанди қалбини тинглагандек бўлдим.

— Мажид Ғаниев туғилган Вобкент қўрғонидаги баланд минора қадимда карвонлар учун маёқ вазифасини ўтаган экан, — деди суҳбатдошим ўз ҳикоясида давом этиб. — Мажид ака учрашувларимиздан бирида Хўжа Насриддин туғилган Ширини қишлоғи ҳам, дунёга ибн Синони берган Афшона қишлоғи ҳам Зандани қўрғони яқинида эканини таъкидлаб ўтган эди. Унинг ҳикояларини тинглаб, Бухоро гўшаси марваридлардан ясалган маржон каби ноёб ва муқаддас маскан эканига ишонганман. “Биз томонда Ҳамро Маҳмудов исмли халқ оғзаки ижоди билимдони бор. Сен уни албатта топгин ва Хўжа Насриддин ва барон Мюньхаузеннинг диалогларидан иборат “Ҳамма жойда хўроз бир хил қичқиради” деб номланган ҳазилларини бир тинглаб кўргин. Аканг Карим Муқимов, Ҳамро Маҳмудов ва мен жуда қалин оғайнилар бўлганмиз. Балки ўша ҳазилларни тўплаб бир китоб нашр қиларсан…

Йўлдош Муқимовнинг айтишича, сўнгги учрашувлардан бирида Мажид Ғаниев катта ишонч билан шундай деган: “Дунё тартиби ва фаровонлигининг асоси бу йўлдир. Мана кўрасан, шундай вақтлар келадики, бизнинг авлодларимиз қадимги Зандани ва Маликработ қалъаларини тиклашади. Яна Буюк ипак йўли бўйлаб туялар бўйнидаги қўнғироқлар садоси янграй бошлайди. Яна бу кўҳна қалъалар Шарқ ва Ғарбни боғлагувчи кўприкка айланади”.

— Мажид Ғаниев жуда тўғри айтган экан, — деди Йўлдош Муқимов. — Мана, айни пайтда Маликработ қалъаси тикланмоқда, кўп ўтмай Зандани қалъаси ҳам тикланса, ажаб эмас. Ҳа, эзгу ниятлар, албатта, ўз ижобатини топар экан. Мен ҳам дунёнинг икки қувноқ донишманди ҳақидаги китобимни бошладим. Мен бу китобимни Бухоронинг ўтюрак ва миллатпарвар фарзанди Мажид Ғаниевнинг порлоқ хотирасига бағишладим. Шунингдек, бу китобга акам Карим Муқимов ва Ҳамро Маҳмудовларнинг ажойиб ҳикояларини ҳам, албатта, жойлайман.

Демак, Иккинчи жаҳон урушининг 80 йиллиги арафасида яна бир жасур курашчининг, толмас жангчининг ёрқин хотираси архив сиртмоқларидан қутулиб, бугунги авлод қалбига кириб боради.

Нодир СУВОНОВ,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + ten =