Ватан учун, миллат учун қалқон бўлган ўғлонлар

9 МАЙ – ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ

(Мустақиллик йилларида тинчлик-осойишталик йўлида ҳалок бўлган инсонлар хотирасига)

Мустақиллик йилларида

                 қурбон бўлган ўғлонлар,

“Қурбон бўлган” дегим келмас,

                 қўрғон бўлган ўғлонлар.

Эл тинчию омонлиги,

                 эрк-саодат йўлида,

Ватан учун, миллат учун

                 қалқон бўлган ўғлонлар.

Гар Ватанга айланмаса

                 ундай кўнгил кўнгилмас,

“Ҳалок бўлган” деган сўзга

                 кўнгиллар ҳеч кўникмас.

“Ҳалок бўлган” дегим келмас,

                 бу ўғлонлар ўлганмас,

Шудринг бўлган, шамол бўлган,

                 осмон бўлган ўғлонлар.

Ҳар боласи ҳушёр юртда

                 қораймас ҳеч қуёшлар,

Юзларига шом пардасин

                 тортмайин тоғу тошлар.

Ота уйда лаганларда

                 қолди сузилган ошлар,

Насибаси тирикларга

                 армон бўлган ўғлонлар.

Жаҳолату қабоҳатга

                 тик бордингиз бериб жон,

Номингизни ёд айлар ҳар кўча,

                 ҳар бир хиёбон.

Саҳарлари самолардан

                 мўлтирайсиз нигорон,

Осмонларда зор-интизор

                 Чўлпон бўлган ўғлонлар.

Бировлари чимилдиққа

                 кириб ҳам улгурмаган,

Бировлари ёр кўзига

                 тўйиб ҳам термулмаган.

Бировлари фарзанд кўриб,

                 ўғил тўйлар қилмаган,

Ўз юртига қошу кўзу

                 мижгон бўлган ўғлонлар.

Бировингиз – Жалолиддин,

                  Бобурсиз бировингиз,

Тирикликдан сўролмасдан

                  ҳали дил сўровингиз.

Бурч-садоқат сарҳадида

                  жонингиз – гаровингиз,

Бурч йўлида жисму жони

                  ўлпон бўлган ўғлонлар.

Сиз барҳаёт ўғлонларсиз,

                  сиз ҳеч қачон ўлмаган,

Ўн саккизга, йигирмага,

                   ўттизга ҳам тўлмаган,

Бу ҳаётда ўн гулидан

                   бир гули ҳам сўлмаган,

Ному ёди мангу боғу

                    бўстон бўлган ўғлонлар.

Ул “Иккинчи жаҳон…” деган

                    урушда нолам кетган,

Менинг беш юз минг лоламу

                    беш юз минг болам кетган.

Ҳар бир кетган болам билан

                    бир буюк олам кетган,

Қўрғошинзор кўкси рўйи

                    жаҳон бўлган ўғлонлар.

Жоним болам, бу менинг ҳам

                    фарзимдир, ҳам қарзимдир,

Айни пайтда фарзандларга

                     мактубим дил арзимдир.

Ватан – мангу мактабимдир,

                     менинг мангу дарсимдир,

Умри ибрат мактабида

                     ирфон бўлган ўғлонлар.

Шараф бўлсин шундай умр,

                     шундай фидо ҳар жонга,

Ватан номи буркангайдир

                     абадий шараф-шонга.

Шеърлар айтсам номингиздан

                     Олий Бош қўмондонга,

Матонати минг бир шеъру

                      достон бўлган ўғлонлар.

Хотиранинг ранги мовий –

                      зангор осмон ранглидир,

Ватан учун жон берганлар

                      қадри доим шонлидир.

Она Ватан байроғида

                      ой, юлдузлар мангудир,

Мана шундай порлоқ давру

                      даврон бўлган ўғлонлар.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон халқ шоири

 

“Халқ сўзи” газетасининг

2025 йил 6 май, 91-сонидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =