Ёруғлик йўлидаги умрлар

Бир томчи сув ойна устида қалқиб турибди. У тиниқ, шаффоф. Кимёгар кўриб, шу бир томчи сувда қанча элемент борлигини ўйлайди. Оғир бемор учун лабларини намлашга етгудек. Қуш кўриб, чанқоғини босишга чоғланади. Ойнанинг ўзи эса “қанийди, бағримга ёйилса, янада ялтирар эдим” деяётгандек. Сувнинг тилини билгувчи, қадрига етгувчи олим эса унинг қудратини шундай ифодалаган.

 

Томчи сув деб ғофил бўлма,

тошни тешади,

Томчилардан дарё ҳосил бўлиб тошади.

Томчиларда денгиз акси, ҳаёт рамзи бор,

Қадрласанг, қут-барака, ризқинг ошади.

 

Ушбу тўртлик сув хўжалиги бўйича олим Аброр Қодиров қаламига мансуб. У бутун умрини халқнинг сувга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, бунинг учун сувдан асраб-авайлаб фойдаланиш, қадрига етишдек шарафли ишга бағишлаган инсон. Қанийди, бугун ҳар биримиз олимга ўхшаб томчи сувда ҳаёт деб аталмиш улуғликни, муқаддасликни кўра олганимизда эди.

Аброр Қодиров 1930 йилда ўқитувчи оиласида таваллуд топган эди. Тошкентдаги 11-мактабни олтин медаль билан тугатди. Сўнг Ўрта Осиё политехника институтида ўқишни давом эттирди. Ёшлигидан сувнинг меҳрига мафтун бўлган. Ўша пайтларда ариқларда шарқираб оқаётган, дов-дарахт, экинларга жон ато қилаётган “оби ҳаёт” ёнидан шунчаки ўтиб кетолмасди. Унинг товуши қўшиқ бўлиб эшитиларди гўё. Бўлғуси олим шу сеҳрни англагани сайин касбига меҳри ортиб борди. У 1953 йили олий таълим масканини тугатиб, гидротехник муҳандис мутахассислигига эга бўлди. Меҳнат фаолиятини гидроэнергия лойиҳа бирлашмасида бошлади. Кўп ўтмай, ҳар соҳада ўзини кўрсатган иқтидорли муҳандисни институтнинг гидротехник қурилиш кафедрасига ишга таклиф қилишди. Бу ёш мутахассисдаги ишончни, касбига меҳрини, сувнинг сеҳрини билишга қизиқишини кучайтирди. Ўқиди, ўрганди, изланди. номзодлик диссертациясини ёқлади. Аввал кичик, кейин катта илмий ходим бўлди. “Сув — ёруғлик”, – дейишган ота-боболаримиз. Илмда ҳам, ҳаётда ҳам йўли ёруғ бўлиб борди. Кўнглига муҳаббат инди, оила қурди.

Рафиқаси Тўлқинойнинг қадами ҳам қутлуғ келди. Ўзи архитектор бўлишига қарамай, одоб-ахлоқли, имонли қизга уйланишдан бахтиёр эди. “Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир”, дейдилар. 1963 йили олимни сув муаммолари ва гидротехника институтининг гидравлика лабораториясига мудир қилиб тайинлашди. Аброр ака катта илм масканида ўз вазифасини давом эттирди.

Олим ўзидаги масъулиятни янада кучлироқ ҳис қилди, чунки оила деб аталмиш муқаддас қўрғони, дуогўй онажони, ҳар лаҳзада ютуқ ва эзгулик сари илҳомлантирувчи рафиқаси бор. Онасининг ҳар куни қиладиган дуолари Аброр акани яна ва яна изланишга, сув соҳасини ўрганишга, ирригация тизимларини ривожлантиришга ундарди. Тўлқиной ўз лойиҳалари билан шаҳар кўркига ҳисса қўшиб, илмий иши, изланишларига маслакдош бўлишга уринарди. Оила, рўзғор, раҳбарлик билан бирга ўз устида изланишдан, илм конидан дур теришдан чарчамасди.

Пойдевори меҳр-муҳаббатдан, севги-садоқатдан иборат оила қўрғони мустаҳкам бўлди. Аҳил ва ибратли оилага омад ва баракот сувдек ёруғлик билан оқиб келаверди. Ўғил ва қиз дунёга келди. Яхшиларга йўлдош бўлиш, оилани муқаддас билиб эъзозлаш, онани қадрлаш, касбу корга меҳр қўйиш бахт-саодат келтирди.

Фидойи инсон яна институт кафедра мудири, директор ўринбосари, директор лавозимларида сидқидилдан меҳнат қилди. Институт қошида илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил қилингач, фан соҳаси бўйича шу бирлашма директори ўринбосари бўлиб ишлади. Кўп ўтмай, гидромелиоратив тизимдан фойдаланиш бўлимини бошқарди.

Аброр Қодиров меҳнат фаолияти давомида юзлаб илмий мақолалар ёзди. С.Тоҳиров, Ш.Бобожонов, М.Мухторов, Б.Тўлапова каби ўнга яқин шогирдларига илмий раҳбарлик қилди. Олим томонидан яратилган “Ўзбекистон ирригация тарихидан очерклар”, “Сув ва этика” каби қатор китобларида сувни исроф қилмаслик, уни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини тарғиб қилди. Аму-Бухоро канали иншоотлари қурилишида ҳам олимнинг ихтиролари муҳим ўрин эгаллади. Айниқса, унинг “Исломда сув ва сувдан фойдаланишга муносабат” китоби ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.

Аброр ака камтар, дўстпарвар, оилапарвар одам эди. Бу хислатлар Тўлқиной опада ҳам мужассам. Гўё улар олтин узукка ёқут кўз қўйгандек эдилар. Аллоҳ томонидан берилган вазминлик, чуқур мушоҳадалилик ва донолик неъмати бу инсонларга бўлган ҳурматни яна ҳам оширади. У дренаж ва ирригация бўйича халқаро комиссияда фаолият кўрсатди, республика ҳудудлари учун суғориш сувини тақсимлаш ва бошқариш билан боғлиқ масалалар ечимини топишда билимдонлигини намоён этди.

Буларга эришишда Аброр акага оиладаги тинчлик-хотиржамлик, айниқса, Тўлқиной опанинг (катта лавозимда — Ўзбекистон архитекторлар уюшмаси раиси бўлиб ишласа-да) кўнглидаги садоқати, оилага меҳри, саранжом-саришталиги ёрдам берарди.

Қўшни яшаганимиз боис бу воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Уларнинг кечки пайт биргалашиб айланиб юриши, чеҳраларидаги самимият, “сен” эмас, бир-бирларини сизлаб гапириш, бир сўз билан айтганда, бахтиёрликдан далолат эди. Қўни-қўшнилар ҳам  улардаги ирода ва бардош нақадар кучли бўлганлигини ҳавас билан эслашади. Аброр ака йиқилиб оёғи синганда шифохонада олти ой даволаш жараёнида опа ёнларида бўлиб, парвариш қилди. Чинакам вафоли аёл сифатида ибрат бўлди.

“Кўнгил боғи сув қадар тиниқ бўлган одамлар кўпайсин, — деган эди Аброр Қодиров.  — Чунки улар сув каби ёруғлик бахш этади”.

“Яхшидан ном қолади”, дейди халқимиз. Чиндан-да, улар ўтиб кетишган бўлсалар ҳам, қўни-қўшнилар бу оила, аҳил эру хотин номларини, ибратомуз фазилатларини тез-тез тилга олишади. Биз яшаётган уй лойиҳасини ҳам Тўлқиной Қодирова яратган экан. Демак, улар — яхши одамлар биз билан яшамоқда.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − twelve =