Халқаро ҳамкорлик — юксалиш омили

Олий таълим соҳасидаги халқаро алоқаларнинг мақсади талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун имкониятларни кенгайтириш, хорижий мамлакатлар университетлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро тажриба ва ресурслар алмашинуви орқали таълим сифатини ошириш, глобал дунёқарашга эга мутахассисларни тайёрлашдан иборат. Бундай алоқалар таълим жараёнини халқаролаштириш, маданий алмашинув ва халқаро муҳитда ишлаш учун зарур бўлган компетенцияларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Андижон давлат университети фаолиятида халқаро ҳамкорликни яхшилашга, кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу таълим сифатини сезиларли даражада ошириш, инновацион тадқиқот ва таълим усулларидан фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш академик алоқаларни мустаҳкамлаб, хорижий талабалар ва профессор-ўқитувчилар сонини оширмоқда. Университетимизнинг таълим бозоридаги рақобатбардошлиги ва жаҳон миқёсида ўз брендини тарғиб қилишга ёрдам бермоқда.
Хорижий ҳамкор университетлар билан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, шубҳасиз, хорижий грантларни жалб этиш ва натижаларни нуфузли халқаро журналларда чоп этиш учун янги имкониятларни очади. Турли мамлакатлардан келган талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасидаги маданий алмашинув таълим тажрибасини бойитади ва бағрикенглик ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиради. Бундай ҳамкорлик Андижон давлат университетида глобал муаммоларга мослашишга ва талабаларни замонавий дунёнинг ўзгарувчан шароитларига тайёрлашга ёрдам бераётганлиги яққол сезиляпти. Умумий қилиб айтганда, халқаро ҳамкорлик университет учун таълимни модернизация қилиш, илмий ривожланиш ва жаҳон таълим маконига интеграциялашув жараёнида муҳим роль ўйнамоқда.
Таълим муассасаларини ривожлантиришнинг муҳим босқичи халқаро ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади. Шу ўринда Андижон давлат университети ҳам жаҳон таълим маконида ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган “2025-2030 йилларга мўлжалланган халқаролаштириш стратегияси”ни ишлаб чиқди. Ушбу стратегия университетнинг жаҳон таълим маконидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган асосий мақсад ва вазифаларни белгилайди.
Таъкидланганидек, замонавий шароитда миллий олий таълим тизимлари глобал жараёнлар ва тенденциялардан, жаҳон меҳнат бозори талабларидан ташқарида ривожлана олмаслиги тобора аён бўлмоқда. Шу муносабат билан таълимни жаҳон стандартларига мослаштириш давлатнинг мақсадли сиёсатига айланиб бормоқда.
Университетнинг миссияси — соҳадаги етакчи олий таълим муассасаси сифатида инновацион ғояларни яратиш, шакллантириш ва амалга ошириш, рақамли иқтисодиёт, педагогика, ахборот технологиялари, экология, табиий фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар каби турли йўналишларда рақобатбардош илм-фанни талаб қилувчи маҳсулотларни яратишга қодир олий маълумотли мутахассислар ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашга қаратилган ўқув ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширишдан иборат.
Андижон давлат университетининг “Халқаролаштириш стратегияси”га мувофиқ, асосий мақсадларимиздан бири дунёнинг етакчи университетлари ва илмий марказлари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришдан иборат. Бу нафақат тажриба ва билим алмашиш, балки қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради, бу эса университетдаги илмий тадқиқотлар даражасини сезиларли даражада оширади. Ушбу мақсад доирасида университет халқаро конференция, семинар ва форумларда фаол иштирок этишни режалаштирган.
Ҳозирги кунда университет 18 та мамлакатнинг 68 та давлат олий таълим муассасаси билан икки томонлама ҳамкорлик шартномалари, ўзаро англашув меморандумлари ва битимларни имзолаган. Ушбу ҳужжатларда белгиланган келишувлар натижасида 2024 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар 176 нафар талаба ва профессор-ўқитувчилар хорижий ҳамкор университетларда академик алмашинув дастурларида, халқаро илмий-амалий конференциялар, симпозиумлар, таълим форумлари, малака ошириш ва стажировка ўташ дастурларида иштирок этдилар. Университетнинг ўқув жараёнига жалб этилаётган хорижий профессор-ўқитувчилар сони 21 нафарни ташкил этади.
Халқаро ҳамкорликлар асосида университетимиз бир нечта нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2019 йилдан бошлаб Беларусь Республикасининг Полоцк давлат университети билан 2 та таълим йўналиши бўйича, Россия Федерациясининг Мордовия давлат миллий тадқиқот университети ҳамда 2020 йилдан Томск давлат миллий тадқиқот университетлари билан жами 4 та таълим йўналиши ва 1 та магистратура мутахассислиги бўйича, шунингдек, 2022 йилдан Туркия Республикасининг Эге университети билан 1 та таълим йўналиши бўйича қўшма таълим дастурлари асосида ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунгача ушбу дастурлар асосида 2 нафар магистр, 80 нафар бакалавр Андижон давлат университети ва хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларини муваффақиятли якунлади. Айни вақтда қўшма таълим дастурлари асосида жами 66 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Хорижий университетлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган халқаро грант лойиҳалари илмий тадқиқотлар олиб бориш, тажриба алмашиш, илғор инновацион технологияларни таълим жараёнига жорий қилиш, халқаро илмий журналларда натижаларни чоп этиш учун янги имкониятлар очмоқда.
Осиё тараққиёт банки томонидан 140 минг АҚШ доллари ҳажмида молиялаштирилган “ИРЕНЕС” халқаро лойиҳаси амалга оширилиб, университетнинг физика-математика факультетида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича замонавий тажриба-синов илмий лабораториясига Испания, Россия, Германиядан замонавий илмий-техник жиҳозлар олиб келинган ҳамда Оксфорд илмий-тадқиқот марказига масофавий уланган. Ушбу лабораторияда ҳозирда университетнинг илмий изланувчилари томонидан тадқиқотлар олиб борилмоқда.
2023 йилдан 2026 йилга қадар Европа Иттифоқининг “Эрасмус+” дастури томонидан молиялаштирилган “101083216-ECAMPUZ-European World Talent Camp for Uzbekistan Scientists in Food Science and Technology-ERASMUS-EDU-2022-CBHE” лойиҳаси Ўзбекистонда озиқ-овқат соҳасида “Барқарор ўсиш ва иш ўринлари” билан боғлиқ миллий устуворликларни ҳал қилиш, салоҳиятини ошириш, барқарор воситаларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган. Лойиҳанинг умумий ҳажми 717355 еврони ташкил этади.
Европа Иттифоқининг “ERASMUS-EDU-2022-CBHE” дастури доирасида амалга оширилаётган “ECAMPUZ” лойиҳасида иштирок этаётган Андижон давлат университетининг 8 нафар талабаси, илмий-тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилари Испаниянинг Экстремадура университетида, Даниянинг Копенгаген университетларида ташкил этилаётган ўқув тренингларида иштирок этмоқда.
Университетда “Халқаролаштириш стратегияси”да халқаро таълим стандартларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Айни кунда хорижий университетларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилинмоқда.
Европа Иттифоқининг “Эрасмус+” дастури доирасида “Олий таълим потенциалини ошириш” йўналишида 2023 йилда ўтказилган халқаро танловда университетимиз томонидан миллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда тақдим этилган “101128871-DEBSEUZ-ERASMUS-EDU-2023-CBHE development of the targeted educational program for bachelors in solar energy in Uzbekistan” (“Ўзбекистонда Қуёш энергияси бўйича бакалаврлар учун мақсадли ўқув дастурини ишлаб чиқиш”) мавзусидаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг бажарилиш даврида, яъни 2023-2026 йилларда Андижон давлат университетидаги “Қайта тикланувчи энергия манбалари” бўйича мутахассислар Италиянинг Турин политехника университети, Португалиянинг де Эвора университети ва Испаниянинг Мадрид политехника университетларида ташкил этилган малака ошириш дастурларида иштирок этмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда “Қуёш энергияси” йўналишида бакалаврлар тайёрлаш ва мутахассисларни касбий қайта тайёрлаш бўйича инновацион ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш, Европа университетлари тажрибасига таянган ҳолда бакалавр босқичи учун 12 та янги фан дастурлари яратиш, 7 та Ўзбекистон ОТМларида 1 тадан инновацион лабораториялар ташкил этиш, йиллик ўқув-илмий конференциялар ўтказиш ҳамда профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни Европадаги ҳамкор университетларда малака оширишларини ташкил этишдан иборат.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Андижон давлат университетининг 2025-2030 йилларда халқаролаштириш стратегиясининг амалга оширилиши ҳам университетда таълим сифатини ошириш учун янги имкониятлар яратади. Жаҳон таълим ҳамжамиятига муваффақиятли интеграция университетнинг замонавий таълим бозорида рақобатбардошлигини оширишнинг калити бўлади.
Бахтиёржон АКБАРАЛИЕВ,
Андижон давлат
университети ректори,
техника фанлари доктори.